“Уй”ини тополмаётган гаплар
Бугунги кунда оилалардаги нотинчлик, ажримлар сонининг кўпайиши нафақат индивидуал муаммо, балки жамиятнинг асосий ижтимоий муаммоларидан бирига айланди.
Ижтимоий тармоқларда оилавий зўравонлик ва хотин-қизлар ҳуқуқларининг поймол этилгани ёритилаётган контентлар, оммавий хабарларнинг аксарияти оилаларни мустаҳкамлашдан кўра жабрдийдаларга оилавий муаммолардан “ажраш-да, қутул” каби маслаҳат ва кўрсатмалар беришга хизмат қилаётгандек гўё.
Маълумот учун: ижтимоий тармоқларда 2500 дан зиёд оилавий зўравонлик ва хотин-қизлар ҳуқуқларининг поймол этилишига оид контентлар аниқланган. Бу эса бизни оила ва жамият муносабатлари таҳлили ҳақида бироз жиддийроқ мулоҳаза юритиш кераклигидан огоҳлантиради.
Оила — ҳаёт мактаби, маънавий ахлоқ шаклланишининг бош манбаи бўлиши билан бирга миллатнинг маданий меросини авлоддан-авлодга етказувчи энг муҳим институт ҳамдир. Демак, ижтимоий тармоқларда деярли кўпчиликнинг “жонига тегиб улгурган” маиший ва ижтимоий муаммоларни тарғиб этувчи контентларнинг таъсир доираси оила институтининг келажагига яхшигина соя солаётганини унутмаслигимиз керак.
Халқда шундай гап бор: муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Бугун “майда-чуйда” кўринаётган оилавий муаммолар ва уларга ечим топишнинг “замонавий” усуллари глобаллашув даврида оила қадриятларининг трансформацияга учрашига, миллий қадриятларни емиришга хизмат қилади.
Тўғри, оилада, айниқса, хотин-қизларга зўравонликни ҳеч қандай шаклда оқлаб бўлмайди. Аммо баъзан оиладаги оддий келишмовчилик, муросасизликни зўравонлик сифатида талқин қилиш, унга барҳам беришда мутлақо нотўғри ёндашувларни тарғиб қилишни ҳам тўғри деб бўлмайди.
Оила мустаҳкам қўрғонга айланиши учун бир неча йиллар сабр-тоқат, қаноат, ўзаро қўллаб-қувватлаш, шукроналик керак бўлади. Эр-хотин муносабатлари бир-бирини тушуниш ва қадрлаш орқали пишиб, сайқал топиб боради.
Шундай экан, бугун замонавий ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган оила масалалари, жумладан, эр-хотин, ота-она, фарзанд, келин-куёв, қуда-анда муносабатларини ёритишга халқимизнинг минг йиллик қадриятлари, ўзига хос хусусиятлари ва фазилатларидан келиб чиқиб ёндашсак, айни муддао бўларди.
Афсуски, юқорида айтиб ўтганимдек, бугун ижтимоий тармоқларнинг оилавий ҳаётга таъсири икки томонлама кузатилмоқда: бир томондан, муаммоларни ёритишда ва жамиятни огоҳликка чақиришда самарали восита сифатида, иккинчи томондан, замонавий турмуш тарзи, истеъмолчилик маданиятининг ривожи ва индивидуализмнинг кучайиши натижасида ёшлар ўртасида оила ҳаётнинг маркази деб эмас, балки шахсий эркинликка тўсқинлик қилувчи омил сифатида акс таъсир этмоқда.
Келинг, Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги даврни эслайлик. Аёллар, ёш келинчаклар “қора хат” олишган бўлса-да, умрларининг сўнгги кунига қадар умр йўлдошларига, уларнинг хотираларига садоқат билан яшашди. Урушдан ногирон бўлиб қайтган эрларига бир оғиз қаттиқ гап айтишдан андиша қилишди. Фарзандларини тарбия қилишда ва оёққа турғизишда эр-хотин бирдек меҳнат қилишди. Бироқ уларнинг ҳеч бири йўқчиликдан, рўзғор камчиликларидан нолишмади. Аксинча, матонатлари билан авлодларга ҳанузгача ибрат бўлиб келишмоқда.
Назаримда, ижтимоий тармоқларда бонг ураётган “оилавий зўравонлик”лар кўпроқ “комфорт” ҳаёт тарафдори бўлган ёшларга хос мулоҳазаларни илгари сурмоқда. Зеро, оиладаги гендер тенглик, зўравонлик тушунчаси одамийлик, ирода, матонат каби фазилатлар негизида тарбиялансагина оилаларимиз мустаҳкам бўлади.
Шу ўринда яна бир гап: оилавий муаммолар азалдан енг ичида ҳал этиб келинган. Чунки оилада эр-хотиндан ташқари фарзанд, ота-она, яқин қариндошларнинг ҳам ор-номуси, қадрияти ҳимоя қилинади. Оилавий муаммо ҳақида жамиятга жар солишдан аввал етти ўлчаб бир кесиш, адолатли қарор қабул қилиш нафақат ўзимиз, яқинларимиз, балки халқимиз учун адолатли муносабат бўлади.
Элёр МЕЙЛИМУҲАМЕТОВ,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази биринчи тоифали мутахассиси.