Мен англолмаётган ҳақиқатлар

Ҳар йили баҳор келади. Қирлар, адирлар, ҳамма ёқ гуллаб-яшнайди. Кимнинг боғи бўлса, янада серҳосил кўчатлар ўтқазиб, кўнглини кўтаради. Орзу, ҳавас — инсонни юксакларга етаклайди.

Лекин мени бир нарса ажаблантиради. Қалбимни, бутун вужудимни қийнайди. У ҳам бўлса ҳар йили экилаётган ва бир неча ой ўтиб қуриб қолаётган арчалар. Минглаб, ўн минглаб, ҳатто миллионлаб кўчатлар экилади, экилади, экилади… Ҳар йили шундай. Балки эски замондан қолган ҳисоб учундир, билмадим. Ўтган ўн беш, йигирма йил ичида экилган арчаларни ҳисобласак, халқнинг қанчадан-қанча пули кўкларга совурилганини ҳис қиласиз. Лекин сарфланган маб­лағнинг ҳисобига етолмайсиз. Буни на раҳбарлар, на экологик олимлар, на шу ишга мас­ъул мутасаддилар ўйлайди. Ҳамма гўё томошабин. Агар шунча маблағ бирортасининг чўнтагидан чиқса бормиди, унда вазият бошқача бўларди.

Бу пуллар, бу маблағлар камбағалларга бўлиб берилса эдими, эҳтимол, биз тилга олган муаммога боғлиқ вазирликнинг ҳам кераги бўлмай қоларди.

Бизнинг иқлим шароитимизга мос, йиллар, асрлар бўйи синовдан ўтган қайрағоч, гужум, тол сингари ҳам фойдали, ҳам ёзнинг жазирамасига чидаб бера оладиган дарахтлар экса бўлади-ку!

Бу ёғига энди инсоф берсин. Арчада айб йўқ, яхши дарахт. Лекин унинг ҳам ўсиб-унадиган жойи, замини бор…

* * *

Тоғам қишлоқда яшайди. Бутун авлодлари шу қишлоқда яшаб ўтишган. Қутлуғ номини ҳам ҳеч ким унутмайди. Лекин қиш­лоқ бор-у, номи йўқолиб кетган бўлса-да, ҳамон “қаерликсан?” дейишса, ўша қадимий қишлоғининг номини тилга олади. Қишлоқнинг номи қадимдан шундай аталган, шўро замони билан ҳечам алоқаси йўқ.

Бир-икки йил ичида шундай воқеа юз берди. “Опен бюджет” деган ҳаракат оммалашди. Биласиз, қишлоқда бир йўл бор, бу йўл сизни қиш­лоқнинг у бошидан бу бошига етказади. Шу денг, бир маҳалла “Опен бюджет”га қатнашиб, ўз ҳудудига тегишли қисмини асфальт қилдирмоқчи бўлди. Уларга тегишли ҳудуд йўлнинг ўрта қисмида эди. Кураш бошланди. Ҳамма нарса ишга солинди. Дўконларда ўтмай ётган ёғ ҳам қолмади. Сим карталар анқонинг уруғига айланди. Охири ютишди.

Ғолиб маҳалла йўлнинг ўзига тегишли ҳудудининг бир километрлик қисмини асфальтлатди. Бундан 50-60 йил муқаддам қуриб, асфальтланган йўлнинг боши ва охири ўйдим-чуқур жойлардан иборат бўлиб қолаверди.

Мени йўлни таъмирлаш учун курашган маҳалланинг “Опен бюджет”и қизиқтирмайди. Бироқ ташаббусли бюджет асосида таъмирланадиган ишлар бутун бошли маҳаллада эмас, балки беш-олтита бўлакларга бўлиб амалга оширилиши нимага керак экан? Ахир бир қиш­лоқ фуқаролари ҳамиша бирлашиб, ҳамма бир оила фарзандидай яшар эди. Муаммоларни барча бақамти ечишарди. Қадимий қиш­лоқнинг ҳам номи бор эди. Энди эса қанчадан-қанча маблағ сарфлаб маҳаллалар ташкил этилди. Уларнинг бир-бирлари билан ким ўзарга фаолият юритиши оқибатида баъзан бир ариқнинг сувини бўлиб-бўлиб олиш учун ўзаро ёқалашишига ҳам тўғри келмоқда. Бу муаммога чек қўйиш вақти келмадими?!

* * *

Тил — миллат қалби, бойлиги, ғурури. Тилсиз миллат бўлмайди, Ватан ҳам. Ўзи туғилган заминни жон-дилдан севиш, ҳимоя қилиш, келажак авлод учун авайлаш — ҳар бир фуқаронинг бурчи, виждон амри.

Мустақиллик йўлида Ўзбекистоннинг биринчи қонуни ҳам Давлат тили ҳақида бўлган. Бунга эришиш осон бўлмаган. Жадидлар бошини тиккан, шоирлари жонини берган ўзбек тили ўтган асрнинг 80-йилларининг охирида фидойи ва жасоратли ватанпарварларнинг кураши билан ушбу қонун қабул қилинган ва кучга кирган. Бу қонунни ҳаётга татбиқ этиш осон бўлмаган. Ҳали ҳам кураш давом этмоқда.

Лекин мени ҳайратга соладиган нарса — айрим зиёлиларимиз рус тилини ёмонлаб оғиз кўпиртириб гапиришади-ю, амалда эса батамом бошқача. Баъзи “популист” зиёлиларнинг оиласини олиб қарасангиз, уйда бемалол русча сўзлашишади, болалари, неваралари русча мактаб­­га боради, уйларида фақат Россия телевидениесини томоша қилишади.

Бундай иккиюзламачиларни нима деб аташга ҳайронсан. Улар ўзларининг ўзбек эканликларини шу билан исботлашса керакдир, балки.

Мен тилни ажратишдан йироқман. Зарурат бўлса, ўрганинг, қанча кўп тил билсангиз, шунча яхши. Лекин ўзбек тилини асло эсдан чиқарманг, иккиюзламачилик қилиб, бошқа тилларнинг устидан кулманг. Тил — бу миллат бойлиги, ўзаро мулоқот воситаси. Уларни ўз ўрнида эъзозлаб, фахрланиб юринг. Ўзбеклигингиз — бу йигитларга бошига дўппи кийиш, қизларга атласдан кўйлак кийиш билан кифояланмайди. Ортиқча ваъзхонлик қилиш эса — обрўни тўкади, холос.

Жаббор РАЗЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 4 =