Зиёлилар кўпми?
Бу гал муқаддас каломдаги “зиё” ҳамда “нур” сўзларига диққатни тортмоқни ихтиёр қилдик. Зеро, тилимизда бу икки сўз аксарият синоним сифатида қўлланилади ва ҳар иккаласида ҳам “ёруғлик” маъноси устувор. Дейлик, ўчоқда ёнаётган ўтин ҳам ёруғлик таратади, ундан яқин-атроф нурафшон бўлади. Энди тасаввур ва муҳокама доирасини кенгайтирамиз: ой тўлишган кечада қирда гулхан ёқиб, олов атрофида ўтирганлар ойни эътироф этишадими ёки ҳароратни? Ўчоқнинг ёруғи айни пайтда кўкда порлаб турган ойга яқинми ёки ҳозирча “ётоғида дам олаётган” қуёшгами? Беихтиёр жавобга “Қуёшга!” деган сўз келади (негаки, сезгиларимиз офтоб тафтини туйяпти). Хўш, гарчи ой ва қуёш ҳам ёруғлик таратса-да, уларнинг фарқи ҳақида ўйлаб кўрганмизми? Бу юмуш хаёлга келмаган бўлса-да, ички туйғу ўчоқдаги олов қуёшга яқинлигини тасдиқлади. Нега? Чунки қуёшда ҳам, оловда ҳам ҳарорат бор. Демак, муқаддас каломларда ҳам таъкидланганидек, ҳам ёруғлик, ҳам ҳарорат таратувчи қуёш — зиё манбаи; фақат ёруғлик сочувчи ой эса нур манбаидир. Зиёда ёруғлик ва ҳарорат, нурда эса фақат ёруғлик мавжуд. Бизнингча асосий ўзига хослик ва тафовут ана шунда.
Гарчи тилимизда бу икки сўз маънодош ҳисобланса-да, бироқ орада жуда катта ҳиссий-услубий тафовут мавжуд. “Нурли чеҳра” билан “қалби эиёли” иборасида сифатловчиларнинг ўрнини алмаштириб бўлмайди, бу таърифлар шундай қабул қилинади. Худди шунингдек, “нур улашди”, “зиё улашди” деган гаплар ҳам деярли тенг маънони ифодаласа-да, айнан тенг эмас. Аммо бу фарқни унча-бунча одам сезавермайди ва унча-бунчада фарқланмайди ҳам. Хуллас, узоқ маънибозликдан кўзланган мақсад — тилимизда “Зиёли” деган сўз бор. Шу калима қандай маъноларни ташийди, у ифодалайдиган тушунчалар қаторида бугун долзарб бўлиб турган масалаларга дахлдорлик қирраси борми, умуман, зиёли ким ва унинг жамиятдаги вазифаси нималардан иборат, сингари мавзуларда фикр юритиш, жамоатчилик муносабатини билишдир.
Яқин ўтмишимизда шу сўзга муқобил тарзда “интеллигент” калимаси фаол қўлланган, лекин ўша давр луғатларида унинг таржимаси сифатида “зиёли” маъноси кўрсатилмаган экан. Маълум бўладики, бу сўз ҳам қатағонга учраган “жабрдийда”лардан экан. У ўтган асрнинг 60-йилларидан урфга кирганга ўхшайди. Негаки, 1956 йилда тарихда биринчи ва охирги марта чақирилган катта машварат ҳам “Ўзбекистон интеллигенциясининг I съезди” деб аталган. Агар бу икки сўзнинг келиб чиқиши (ясалиши)га эътибор берадиган бўлсак, “интеллигент” сўзининг ўзаги “интеллект” — лотинча “ақл” сўзидан, “зиёли” эса форсча “зиё” сўзларидан ясалган. Мабодо “интеллигент” ва “зиёли” сўзларининг маъно доираларини чамалайдиган бўлсак, кейингиси анча катта тушунчаларни қамраб олганини, кенг маъноларни ифодалаганини сезиш қийин эмас.
“Ақл”ни инсон тафаккурининг борлиқни акс эттириш қуввати дейиш мумкин ва ақлда туғма хусусият устувор бўлади (одам ақлли ва ақлсиз — ногирон бўлиб дунёга келиши мумкин). Шунга кўра интеллигентлик туғма ато этилади, тарзида нисбий хулоса чиқарса бўлади. “Зиё” эса кенг тушунча, унинг ўзагида, юқорида таъкидлаганимиздек, ёруғлик ва нур маънолари бўлганидек, ижтимоий юкламаси ҳам ниҳоятда салмоқли. Интеллигент — ақлий меҳнат кишиси (шу туфайли “зиёли” сўзини ҳам “человек умственного труда” деб таржима қилишган, шарҳлашган), ҳолбуки, халқимиз “зиёли” деганда фақат ақлли меҳнат кишиси ёки маърифатли зотни эмас, балки ҳар жиҳатдан ибратли, бир сўз билан айтганда, “ўзидан ёруғлик ва ҳарорат” таратаб юрувчи мўътабар шахсни, сўзи ўтадиган кайвонини, жамоатчиликнинг энг обрўли одамини тушунган. Зиёлилар ҳам ўзларини шунга яраша тутишган, юртдошларининг чинакам эътирофларига сазовор бўлишга интилишган. Хуллас, жамиятимизда зиёли бор жойда ҳам ёруғлик, ҳам ҳарорат бўлган.
Зиёлилик ижтимоий табақа ёки касб эмас, балки жамиятнинг бутунлай ихтиёрий, лекин қатъий талаблар асосида туҳфа этадиган эътирофи, эътибори. Ҳар қандай саводли ёки маърифатли одам зиёли бўлавермайди ёхуд зиёли рутбасини олиш учун қандайдир ўқув юртини тугатиш, махсус талабларни бажариш (имтиҳон топшириш маъносида) шарт эмас. Зиёлининг ўзига хос ахлоқий “кодекс”и жамият фаолияти давомида шаклланган. Унга кўп талаблар қўйилган ва… хуллас, у ҳамма ибрат оладиган, ҳар ишда оқил ва тадбиркор одам бўлган. Бундай кишиларни жамиятимиз олдин ҳам, ҳозир ҳам кўплаб тарбиялаб етиштирган, улар қишлоқнинг, туманнинг, вилоятнинг, юртнинг тиргаги, устунлари бўлишган. Бундай кишиларнинг обрўсини йиллар тўфони ҳам йиқита олмайди, уларнинг хайрли ишларини ҳеч ким унутмайди ҳам.
Каминанинг тасаввурида тарихдаги ана шундай зиёли зотлардан бири сифатида шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари гавдаланади. Ёки улуғ Алишер Навоийни ўзидан зиё таратган буюк зот дейиш мумкин (лекин шеърияти қанчалик исёнкор ва оташнафас бўлмасин, шоир Машрабни “зиёли” деб аташга иштибоҳ туямиз. Нега?). Яқин тарихимизда ҳам “қуёш бўлишни истамай, бир камбағалнинг кулбасини шамчироқ бўлиб ёритиб ўтган” зиёлилар кўплаб топилади. Бундай зотларнинг хизматлари кўлами турлича бўлмасин, мавқелари ҳаминқадар бўлмасин, ўз зиёларини атрофга таратиб ўтган, аниқроғи — зиёларидан атроф ёруғлик ва ҳарорат олган. Улар “Тириклик зулматининг мағлуб бўлиши йўлида” бир тарам зиё таратган бўлсалар, қуёш қавмидан ҳисобланадилар ва миннатдор авлодлар хотирасида “зиёли” сифатида яшайдилар.
“Зиёли” тушунчаси атрофида муҳокама айланаверади, мулоҳазалар туғилаверади, бу “можаро” жонли ҳаётда зиёлининг тирик тимсолини топиш, учратиш миннатидан ҳам ошиб тушади. Олға босаётган карвон бир йўлбошчига эҳтиёж сезганидек, жамият ёруғ кунларнинг зулматлари — турли икир-чикирлари ўз ечимини топишда шундай зотларга кучли эҳтиёж сезаверади. Ва баногоҳ талотўмларга тўла замонларда зиёлилар етарли бўлганми, бугун ҳам улар кўпми, деган савол айланаверади.
Худди шундай савол билан 10-15 йиллар олдин давримизнинг бир қанча фаол зиёлиларига саволнома тузиб мурожаат этган эдим. Айниқса, ўша йиллар ҳар қандай мавзуда буюртма берилса, бажариб ташлайдиган маърифий дастгоҳ даражасига кўтарилган бир муҳтарам олимдан фикрларини билишни жуда истагандим. Ҳатто 3-4 телефон қоқиб, безовта ҳам қилган эдим. Аммо “дастгоҳ”дан баногоҳ “Бир қитмир журналист менга ҳаммага маълум саволлар билан мурожаат қилаверади” деган жавоб чиқиб келганди. Муддао эса зиёлининг оддий одамлар ва раҳбарлар олдидаги вазифаларининг чегарасини билиш эди, бу ёқмагани аниқ бўлган.
Ростдан, балки замонлар оша бир савол кўндаланг турар: жамиятда зиёлининг ўрни қаерда? Қўлида катта имкониятлар бор (масалан, бойлар) табақаси билан энг оддий шафқатга муҳтож муҳмал одамлар ўртасида зиёли қандай ўринни эгаллаши керак, унинг мавқеи, яъни табиий (қонуний) вазифаси нимадан иборат? Бундоқ ўйлаб кўрилса, қўйилган саволларга жавоблар нафақат зиёлининг кимлигини аниқлаб беради, балки унинг кимлигига ҳам баҳони тайинлайди. Ҳар жиҳатдан таъминланган табақага осойишталик керак, у шу зайлда яшаб (қитмирроқ қилиб айтганда, “давру давронини суриб”), узоқ йиллар кун кўрса (яъни айшини сурса), шу кифоя. Оддий эътиборга (шикоят аризасига имзо қўйдиришга ҳам муҳтож) қатлам эса дасти узунлардан шафқат умид қилади (унинг хатига таъна-дашном ёки жарималарсиз муборак имзонинг чекилиши ҳам унга илтифот). Муносабатларнинг ана шундай манзарасида ҳаммаси инсоф даражасида иш тута оладими (бой ҳалол ризқ билан озиқланадими, муҳтож қийинчиликсиз мақсадига эришадими)? Афсуски, йўқ. Мабодо шундай бўлганда, куч тузилмаларига, турли қонунларга эҳтиёж қолмасди.
Энди асосий саволни қўйсак бўлади: хўш, ана шундай издиҳомда ёруғлик ва ҳарорат қуввватига эга бўлган ЗИЁЛИнинг ўрни қаерда ёки у ўзини қаерда ҳис қилади? Эътиборли томони — ана шу саволнинг жавоби бугун (ҳар доим ҳам!) жамият қиёфасида асосий мезон бўлиб келган. Зиёли муҳтожнинг ҳаққини ҳимоя қила оладими, инсофсиз зўравоннинг гирибонидан ола биладими? Бир сўз билан айтганда, баландпарвоз ибораларда таърифланганидек, ҳақиқат ҳимояси учун майдонга туша оладими?
Азалдан инсоният эришган қадриятларда адолат устуворлиги учун кураш юксак инсоний фазилат сифатида улуғланган. Шуниси борки, ҳамма тирик одам атрофидаги воқеаларга парво қилавермайди. “Оч қорним — тинч қулоғим”, “Менга деса, дунёни сув босмайдими, кулбам қуруқ бўлсин” сингари қарашлар аксарият кўпчиликнинг ҳаётий меъёри. Қолган бир ҳовучгина ҳушёр одамларнинг ҳаммаси ҳам адолат истагида бўлмайди, муроса йўлини танлайди ёки ихтиёрий эмас, зўрга тан беради. Жуда озгина ҳақпарастлар эса… доим қадр топавермайди. Ҳатто жамиятда ахлоқий меъёрлар вайрон бўлиб бориб, таназзулга кетилаётгани аниқ бўлган шароитда ҳам зиёлилар ўртада, сув айирғичдек намоён бўладилар. Уларга ижтимоий эҳтиёжнинг кучлилиги шундан. Айни пайтда бу ижтимоий эҳтиёж кучли тарзда намоён бўлмоқда. Омма (оломон) зиёлининг сўзини кутмоқда. Бу ўринда зиёлилик ҳақпарастликдан ҳам юқори турувчи мавқе касб этаётир. Негаки, ҳақпараст одам ҳам ўз мақсадига етишиши учун куч ишлатиши мумкин, турли воситалардан фойдаланади… Аммо унинг фаолиятига ҳам тўғри баҳони зиёли қўяди.
Агар ана шундай юқори талаб билан ёндашилса, бугунги кунларимизда ЗИЁЛИЛАР КЎПМИ? Балки уларнинг оз-кўплиги жамиятнинг қиёфасини белгилаётгандир. Адашишлар, чалғишларнинг сабаби шундадир. Негаки, одамни, демак, жамиятни ФИКР бошқаради. Шундай ҳолни тасаввур қилинг: бир одам ёмғир тагида шалаббо бўлиб турибди. Унга ёпинчиқ олиб бориб беришди, тураверди. Сув, нон тутишди, тураверди. Хуллас, калласига ёмғирдан қочиб, панага ўтиш керак, деган ФИКР келгунча тураверди. Мана шу жўн мисолнинг ўзи ҳам одамнинг уст-бошини ўзгартиришдан, қорнини тўйдиришдан олдин фикрини ўзгартириш кераклигини тасдиқлаб турмаяптими? Зиёли қавми ана шу миссияга йўналтирилган табақа!
Демак, жамият қандай бўлса, зиёли шундай бўладими ёки зиёли қандай бўлса, жамият шундай бўладими? Бу сўроққа жавоб беришдан олдин, юқорида таъкидланганидек, ҳақиқий зиёлилар борми, бор бўлса, уларнинг мавқеи (уларга жамиятнинг, демак, давлатнинг эътибори) қандай, деган саволларга жавоб топиш керак бўлади. Зиёли ва жамият ҳодисаси бир-бирига ички занжир билан боғланган яхлит узвийлик. Зиёли жамиятдан ташқари бўла олмайди, жамият зиёлисиз мукаммал эмас. Табиий, масаланинг муҳокама йўналиши энг юқорига бориб етаяпти: давлат қандай зиёли (уларни чин ёки сохта дейишга ҳали бор)га буюртма бераяпти? Ўша жавоб бериш эриш туюлган анкета саволлари қаторида шундай сўроқ ҳам бор эди: “8. Жамият зиёлига қандайдир даражада буюртма бериши ёки фаол ҳаётга жалб этиши мумкинми? Умуман, кейинги йигирма йил давомида бу борада қандай тенденциялар кўзга ташланди ва Сизнинг уларнинг натижаларига муносабатингиз қандай?”
Бу саволга ўшанда ҳам, ҳозир ҳам жавоб бериш осон эмас. Биринчидан, жамиятнинг қиёфаси ҳам, кайфияти ҳам ўзгариб туради. Замонлар бўлган — кетмон билан канал қазилган ёки ҳамма соқол ўстиришга ружу қўйган. Ана шундай беқарорлик шароитида энг муҳим эҳтиёж нимада бўлган? Иккинчидан, жамиятнинг табиати қандай: у энг замонавий талаблар асосида ривожланаётган юқори босқичдами ёки ҳали халқ манфаатлари тўла юзага чиқмаган, ижтимоий муносабатлар шаклланмаган ибтидоий босқичдами? Муҳокаманинг энг юқори ва энг қуйи чегарасида жами сўроқларга жавоб топиш учун аниқ бир ҳаракат лозим бўлади. Ана шу қўзғатувчи ҳаракатни биз анчадан бери турли штрихлар билан суратини чизаётган зиёлилар амалга ошириши талаб этилади! Мана, гап нимада?! Йўл излаган оломон қоронғи ўрмонда адашиб қолади ва танида эркинлик ҳисси жўш урган йигитлардан бири юрагини суғуриб, унинг ёруғи ва ҳароратида халқни зулматдан қутқаради. Вазиятнинг бадиий ифодаси шундай бўлган ва буни 120 йил олдин янги адабиётнинг асосчиси баралла иншо этган эди. Мен саволлар тақдим этган зотларда бундай жасорат эмас, уни эслашга ҳафсала ҳам бўлмаганини йиллар ўтиб тушунганман.
Орадан бир асрдан кўпроқ вақт кечган, моддиятда, техник тараққиётда одамзод мислсиз ютуқларни қўлга киритган бўлса-да, ана шу космик парвозлар қанотида худди чигирткадек яшириниб, ўша ибтидоий манзара яшаб қолаверар экан, яъни ҳар доим Данколарга эҳтиёж бор. Фақат бугун бошқа бир кўринишда ва манзарада. Эътибор беринг: йўл бўйидаги бир тандир кабоб ошхонасида ҳар куни уч юз қўй сўйилиб, ўчоққа осилар экан. Унга навбат тор тоғ йўлида 3-4 чақиримга чўзилган. Ўрмонда адашганлар-ку босқинчининг зулмидан қочиб, кейин йўл топа олмай қолганлар; куппа-кундузи қорин, аниқроғи, нафс қутқусида ҳил-ҳил пишган этга нашаванд бўлгандек узун навбат қаторлари орасида адашиб юрганларнинг фожиаси ундан ўн-юз баравар баттар эмасми? Одам фақат қорин ғамида шундай кўйларга тушиши жоизми? (Ахир ҳаётда бошқа завқ оладиган воситаси йўқ-да!) Инсонки, бизнинг замондошимизки, шу даражага тушган экан, ким (лар)дир юрагини аланга қилиб, оломонни бу жаҳолатдан — нафс уммонидан қутқариши лозим эмасми? Юз йиллар олдин жадид боболар қон қусиб такрорлаган ҳолат — “бу халқ маърифатга ошга тургандек навбатга турганида эди”, бугун дунё унинг илкида бўлмасмиди? Ахир қандай даҳолар ана шу тупроқда кўз очиб, улғайиб, дунёни олган-ку! Эҳ, босқинлар, бўлинишлар, репрессия-ю коррупциялар гулдек ватанни не ҳолга солди-я? Бу изтиробни кимлардир юрагидан ўтказаётгандир…
Жамият бошқарилиши қийин бўлган оғир карвон. Унинг эҳтиёжларини қондирадиган воситалар унинг бағрида пайдо бўлиб, дунё юзини кўриб, амалиётга киришгунча йиллар, ўн йиллар осонгина ўтиб кетади. Масалан, яқин тарихда рўй берган октябрь тўнтариши (1917 йил)нинг юзага чиқиши учун 40-50 йиллар талаб қилинган (ҳаракат 1861 йилда крепостной ҳуқуқ бекор қилиниши билан бошланган, дейиш мумкин). Аммо йўли жуда узоқ бўлган қуёш зиёсига, ҳароратига эса ҳар доим эҳтиёж бор. Жамиятда кечаётган ўзгаришларни таҳлил қилиб, тўғри йўналишга даъват этувчи зиёлилар эса ҳар доим фаол бўлмоқлари тарихий зарурият. Агар миллатнинг зиёлилари бўлмаса. демак, бу кулбанинг чироғи ўчган, унинг тириклик оламида яшаши мумкин эмас. Ҳаракат — борлик, мавжудлик; ҳаракатсизлик эса йўқлик, йўқолиш. Ҳеч ким ўзича йўқолишни хоҳламайди!
Ҳаким САТТОРИЙ