Номи абадийлаштирилган шахсларни яхши биламизми?

Ўзбекистоннинг тимсоли деганда юртдошларимиз кўз ўнгида Самарқанддаги Регистон меъморий мажмуаси гавдаланса, ажабмас. Фараз қилинг, сиз Регистон атрофида яшайсиз ва ҳовлидан чиққанингизда бир сайёҳ сизга мурожаат қилиб, шу ерда яшашингизни билганидан сўнг, шаҳар кўрки бўлган бу муҳташам обидалар қачон ва ким томонидан бунёд этилганини сўраганда жавоб беролмасангиз, унда қандай таассурот қолдирасиз? Шу атрофда яшаб турган самарқандликнинг ҳар куни кўзи тушадиган дунёга машҳур осори атиқа ҳақида маълумотга эга эмаслиги уни ажаблантириши аниқ ва афсонавий шаҳар билан бирга биз учун ачинарли бўлган бу ҳолат ҳам унинг хотирасида муҳрланиши шубҳасиз.

Нодавлат Турон фанлар академиясининг Самарқанд минтақавий бўлимидан телефон қилишиб, бўлим жойлашган бинода кутубхона ташкил этилгани ва унинг очилиши маросимига ўнтача нуронийни таклиф этишимни илтимос қилишди.

— Улар невараларини ҳам олиб келиши мумкинми? — сўрадим кўнглимга келган бир фикрни амалга ошириш имконияти туғилганини ўйлаб.

— Албатта!

Бу ерда кўп бўлганман. Шаҳарнинг “Намозгоҳ” маҳалласи маркази ёнида жойлашган ушбу ташкилот томонидан ўтказилган турли соҳада юқори натижаларга эришган инсонларни тақдирлаш маросимларида иштирок этиб, унинг жамоатчилик асосида фаолият юритиши ва олиб бораётган хайрли ишларидан озми-кўпми хабардор эдим. Шунинг учун қилинган илтимосга жавобан маҳалла раисидан белгиланган кунда ўнта нуронийни мактаб ўқувчиси бўлган неваралари билан таклиф этишини сўрадим.

Тадбир жуда кўтаринки руҳда ўтди, болажонлар шеърлар айтиб, барчага завқ улашишди. Менга сўз беришганда, нуронийларни нега атай шу маҳалладан танлаганим ва улардан неваралари билан келишларини сўраганим сабабини ҳам айтиб бердим. Биринчидан, минтақавий бўлимнинг ўз ҳудудида экани маҳалла учун фахр — эл-юртда ҳурмат қозонган инсонлар бу ерга ташриф буюришади. Иккинчидан, минглаб китоблар бўлган кутубхонадан маҳалла аҳли фойдаланиши мумкин. Кейин бўлимга ташриф буюрган маҳалладагилар кўрганларини ён-атрофга маълум қилишади. Маҳаллада бўлим борлиги ҳақида кўпчилик хабардор бўлади. Четдан кимдир келиб, маҳалладаги бирор кишидан бўлимнинг қаердалигини сўраса, у елка қисмай, унинг қаердалигини кўрсатади. Шуни эътиборга олиб, маҳалла раисидан минтақавий бўлим ўзлари яшайдиган ҳудудда эканини ҳар бир оила билиши учун тегишли иш олиб боришини сўрадим.

Демак, обидалар атрофидаги маҳаллалар аҳолиси ҳеч бўлмаганда сайёҳлар сўраб қолса, уялиб қолмаслик учун ўз ҳудудидаги қадамжолар ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиши керак бўлади. Бу маълумотлар албатта, фақат кимгадир айтиб бериш учун эмас, аждодлар қолдирган мерос ҳақида билиш, ундан фахрланиш, уларни кўриш учун минглаб чақирим наридан келаётганлар ўз ташрифлари билан давлат ғазнасини бойитаётгани, тарихимизга ҳаваси келиб, олам-олам таассурот билан юртига қайтиши, умуман, бизни ғурурлантириш, эъзозлаш ва эҳтиёт қилиш учун ҳам керак.

Ўзбек адабиёти намояндаларидан бирининг номи берилган маҳалла ҳудудидаги мактабда ўтказилган “Уч авлод учрашуви” иштирокчиларидан буюк ёзувчи қачон ва қаерда туғилгани ҳақида сўрадим. Учрашув қатнашчиларининг баралла жавоб беришларини кутгандим. Афсус, ҳеч кимдан садо чиқмади. Бу жуда ачинарли, уятли ҳолат эканини айтдим ва маҳалла раисидан ва мактаб директоридан ёзувчининг сурати ва у ҳақида қисқача маълумот ёзилган пешлавҳани маҳалла ва мактабга кириш жойларига ўрнатишларини илтимос қилдим. Токи ким маҳалла ҳудуди, мактаб ҳовлисига қадам қўйса, кўзи унга тушсин ва эл-юртимиз фахрланадиган зот ҳақида маълумотга эга бўлсин. Ҳеч вақт ўтмай, маҳалла раиси менга телефон қилиб, узр сўраган ҳолда, ёзувчининг сурати ва у ҳақда маълумотлар туширилган пешлавҳа маҳалла маркази биносининг кўринадиган жойига ўрнатилганини маълум қилди.

Хурсанд бўлдим. Кошки, атоқли шахслар номи берилган кўчаларнинг бошланишида уларнинг сурати, амалга оширган ибратли ишлари ҳақида қисқача маълумот акс этган кўргазмали материаллар бўлса, улар тарихимизни яхшироқ ўрганишга хизмат қилган бўларди.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ,

“Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 5 =