Умрлар гулшани

(тарихий роман-эсседан парча)

Соҳибқирон Амир Темурга бағишланган “Улуғ салтанат” роман-эпопеяси ва бошқа қатор романлар, шеърий асарлар муаллифи, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али яқинда “Умрлар гулшани” номли янги тарихий роман-эссесини ёзиб тугатди. Халқона руҳда, ўзига хос услубда ҳужжатларга суяниб ёзилган, аниқ фактларга асосланган, ҳазил-мутойиба, юмор ҳисси билан йўғрилган бу асар яқин ўтмишимиздан ҳикоя қилади. Асарда келтирилган шахслар барчаси ҳаётда бор кишилардир. Қуйида асардан бир парча берилмоқда.

Роман-эссе тўлалигича “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинмоқда.

ОТАМ ПИШИРГАН ОШ

Баҳорнинг охирлари, қимизак олма энди пишган паллалар… Рафиқам Манзурахон, қизларим Наргиза, Нодира, Дилбарлар (Азиза ва Комронлар ҳали туғилмаган) “Жигули” машинамда Тошкентдан эрталаб йўлга чиқиб, Қўқонда, баъзан Янгиқўрғонда, ўзимизга маъқул хушманзара ерларда тўхтаб, дам олиб, асрга қолмай она Бешкал қишлоғимизга кириб борамиз.

Йўлимизда Учкўприкда, Бувайдада яхши ораста қассобхоналар бор. Дўконлар кўп. Уйга бозорлик қилиб оламан. Ўнта нон, тўрт-беш килодан шакар, конфетлар, ўн килодан ун, гуруч, беш шиша писта ёғи, ўн юмалоқ кўк чойни машинага солиб қўяман. Ва албатта, гўшт дўконидан танлаб тўрт-беш кило (битта сон) қўй гўшти, икки кило думба ёғи оламан. Манзурахон танлашади. Отам қўй гўштини ниҳоятда яхши кўради. Айниқса¸ қўй гўштили юпқа шўрвани жуда ёқтиради.

Бир куни отам расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васалламдан шундай нақл сўйлаб берганди:

— Йиғинда саҳобалардан бири расули акрамдан: “Дунёда ниманинг гўшти ширин?” — деб сўрабди. Пайғамбаримиздан: “Энг ширин гўшт илвасинники!” — деган жавоб бўлибди. Шунда менга ўхшаган шошқалоқроқ саҳоба: “Илвасин, дедилар… Қўй гўшти-чи, расулуллоҳ, қўй гўшти?..” — деб юборибди. “У… дори-ку… гўштмас…” — дебдилар пайғамбаримиз хотиржам. Саҳоба ҳайратда қотиб қолган экан.

— Яхши келдингизми, ўғлим? — сўради отам. — Йўлда қийналмадингизларми? Раҳима, набираларингга қара!.. Хўш… нима олиб келдингиз, ўғлим?

— Бозорлик қилдим, отажон… Гўшт олдим, қўчқор гўшти. Қуйруқ ёғидан ҳам келтирганман.

Отамнинг чеҳраси очилди:

— Баракалла, ўғлим! Гўштни опке! Бир ўзим кесиб берай…

Мадаминжон дарров дастурхон ёзди ва гўшт тахтани келтирди.

Отам ёнидан ўзининг дандон сопли пичоғини чиқариб, ихлос билан гўштни майдалай бошлади. Ишни саранжом қилгач, онамга тузлаб қўйишни тайинлади ва думба ёғига ўтди. Қуйруқдан парча-парча кесиб: “Ма!.. — деб ҳаммамизга биттадан узатди. — Буни еб олинглар, болаларим, чайнаб ўтирманг, шундай оғизга солиб ютиб юборсанглар, бўлди. Бу — куч, қувват дори!” — деди отам. Бу одатимиз эди, болалигимизда ҳам шундай қилардик, шу йўсинда қўйнинг қуйруқ ва чарви ёғларининг кўпини еб юборганмиз.

Бир ойдан кейин келганимда, йўлда аксига олиб, қассобхоналарда яхши қўй гўшти учрамади. Мол гўшти олишимга тўғри келди. Қуруқ келиб бўлмайди. Билмайман, отамга ёқадими, йўқми… Келганимиздан отам жуда хурсандлар.

— Нима билан келдингиз, ўғлим? — деб сўради ҳар галгидай.

— Шу… келаётсам… яхши қўй гўшти йўқ экан-да… — дедим хижолат. — Борлари ҳам янгимас, таровати йўқолган, кўкариб қолган гўштлар… Бир-икки жойдан сўрасам, ҳали сўймадик, тушдан кейин бўлади, дейишди. Лекин ёнгинада яшнаб турган янги мол гўшти кўзга ташланди… Шундан тўрт кило олдим-да, ота.

— Бўпти, насиба-да… Ўзларинг кесиб қўяверинглар!..

Отам гўштга қараб ҳам қўймади.

Кейин бирдан ўрнидан туриб: “Қани, ўғлим, бу ёққа юринг-чи”, деди-да, мени уй орқасида бўй чўзган бир туп олма дарахти томон бошлади. Уни “Отамнинг қимизак олмаси” дер эдик. Олмалар пишиб, тугаган пайт. Лекин дарахтнинг энг тепасида тўрт дона пишиб етилган қип-қизил олма кўзни олгудай товланиб турарди.

Отам олмани кўрсатиб, деди:

— Бу сизларнинг олмангиз-да, сизларнинг ризқингиз, иншооллоҳ!

— Бизнинг ризқимиз?..

— Ҳа-да!.. Олма туккандан бери қўриқчилик қиламан, қишлоқнинг болалари шу ерда, олмага таъм кирди, дегунча, кесак отиб тушириб еб кетишади. Аммо айтиб юриб, шу тўртта олмани сақлаб келяпман…

— Узоқ умр кўринг, отажоним! — дедим кўнглим бўшашиб.

Отам уйнинг орқасида бир жойга яшириб қўйган узун ёғочни олди-да, олмаларни секин туртиб пастга тушира бошлади. Барчасини ерга тушишга қўймай ўзим илиб олдим.

Отам олмалардан бирини топ-тоза қилиб артиб менга узатди:

— Ўғлим… шу олмани еб олинг… Мен бир кўрай…

— Еб ола қолинг, ўғлим!

Ортимга қарасам, онам турибди, нарироқда Манзурахон…

— Отангиз уйда йўқ вақтларда олмаларга мен қараб турардим-да… Мен ҳам нечта шумтакаларни қувганман бу ердан!

— Хўп, отажон! Хўп, онажоним!

Қорним тўқ бўлса ҳам, иккита олмани паққос туширдим. Олмалар бир ширин эдики, бундай мева фақат отанинг боғида пишишига фавқулодда имон келтирдим.

Қолган икки олмани Манзурахонга узатдим…

— Аллоҳга шукур! Ота-онамизнинг умрлари узоқ бўлсин, илоҳим! — деди рафиқам қўлини кўксига қўйиб…

Эртасига эрталаб отам: “Ўғлим келди, ўзим гуручи ўрмалаб кетадиган бир қулинг ўргилсин қўлбола ош пишириб берай”, деб қолдилар.

Ўчоқ олдида турган онам буни эшитиб, ёнидаги Раҳима опамга шивирлади: “О-ов, кап-катта одам, жим ўтирсалар бўлмасмикин… овора бўлмай… Ошни ўзимиз ҳам пишираверардик… Энди ҳеч ким тинчимайди…”

Отамнинг қарори қатъий эди. У ош ҳаракатини бошлаб юборди, ҳамманинг вазифасини белгилаб берди:

— Азамат ўғлим. Пулни ол, югур, дарров Собиржон қассобдан бир кило қўй гўшти, бир кило ёғи билан сотиб олиб кел! Раҳима қизим, қозонни ювиб юбор! Рустамбек, ҳов ўтинларни бу ёққа опке, ўчоққа ўт ёқасан. Солиҳабону, Мадаминжон уканг билан сабзини тўғраб келинглар. Абдужалил, сен пиёзни тайёрла!

Қассобхона ҳам узоқ эмас, шундоқ муюлишда. Азамат олиб келган гўшт-ёғни отамнинг ўзи ошбоп қилиб тўғраб чиқди.

Ўчоқда ўт гуриллаб ёнмоқда. Ёғ қозонга солинди, кўп ўтмай жизза ликопчага олинди. Гўшт ташланди, кейин пиёз… Отам капгирда қўзғаб турибди. Жиз-бизнинг ёқимли ҳиди атрофга тарала бошлади.

Бир пайт отам капгирни қидириб қолди:

— Капгир қани? Ким олди капгирни? Мана шу ерда турувди… Раҳима қизим, сен кўрмадингми?.. Э… топинглар капгирни! Гўшт куйиб кетади ахир! Истопилло!..

Ҳаммамиз ҳар ёққа тирқираб, капгирни қидиришга тушиб кетдик. Ҳатто сўрида ўтирган Хосият отин энам билан онам ҳам капгирни ахтара бошладилар. Капгир, ер ютиб кетганми нима бало, ҳеч қаерда йўқ эди!

Отам бўғилганча ўрнидан туриб кетган, кўзлари олазарак бўлиб атрофга қарарди. Аммо капгир топилавермасди.

Бирдан зийрак Солиҳабону қичқириб юборди:

— Отажон! Отажон! Капгир белингизда турибди! Ана! Белбоғингизга қистириб қўйибсиз! Ана капгир!

Отам дарҳол қараб, капгирни оларкан:

— Ким капгирни бу ерга қўйди?.. — деди. Кейин жилмайди: — Яхшики, қўйибман, шу ерга қўймасам, капгир йўқолиб қолиши аниқ эди…

Ҳамма хайрият дегандай хўрсиниб қўйди. Отам тезда қозонни кавлай бошлади.

— Куёвингиз қозон қолиб, нақ дунёни қовуриб юборай дедилар-а! — деди онам Хосият отин энамга қараб. — Хайрият, топилди. Шунга ошни ўзимиз қиламиз, девдим-да…

Зирвак тайёр бўлиб, гуруч солинди. Орада отамнинг: “Сувни опке!”, “Ўтни торт!”, “Раҳима, тузини кўриб бер!”, “Солиҳабону! Дам товоқни тайёрла!” — деган сўзлари эшитилиб турди. Ҳеч ким тиним билмади. Ниҳоят, бутун уй пиширган ошга дам қўйилди…

Отам елпинганча сўрига келиб ўтирди.

— Раҳима! Энди бу ёғи сенга… Ўн беш минутда ош тайёр бўлади, ўзинг бузасан! — деди отам қилган ишидан мамнун. — Ҳов, сафардан мен олиб келган катта чарх товоқ бор-ку, ўшанга солгин ошни, тушундингми?

— Хўп бўлади! — жавоб қилди онам.

Чарх товоққа ярашиб турган ош чиндан ҳам хуштаъм, ширин чиқибди. Ҳаммамиз маза қилиб едик. Таъми оғзимизда қолди.

— Ош ниҳоятда ширин бўлибди, отажон! — мақтадим мен самимий. Бошқалар ҳам миннатдорлик сўзларини айта бошлади.

Отам ошдан қўлини тортиб, сочиққа артар экан, секин ўзини орқага олди ва мамнун деди:

— Ҳа, ошда ҳам ош бор-да! Ўзинг пиширган ошга не етсин!..

ОТАМНИНГ ТЎРТ ҲИКОЯСИ

Биринчи ҳикоя

Уч ака-ука бор эди, тўнғичи Алимшо, ўртанчаси Салимшо, кенжаси Ҳалимшо. Эртуққан деган бир баҳодирнинг Алимшода иши бор эди, уни қидириб юраркан, катта пайкалда соч-соқоли буткул оқариб кетган, қаримсиқ бир йигитнинг кетмон чопаётганини кўрди. У Ҳалимшо эди. “Ёш йигит… сочлари оқ…” — деди ўзига ўзи Эртуққан ва салом берди.

— Алимшо акани қидираётгандим…

— Мен Ҳалимшо… Кенжалари бўламан, — деди йигит. — Ҳов анови ерда кўриниб турибди-ку, пайкалда юрган Салимшо — ўртанча акам. Шундан сўрасангиз, аниқ айтиб беради.

Ҳалимшо шундай деди-ю, ишини давом эттирди.

Эртуққан Салимшонинг олдига борди, мақсадини тушунтирди. Салимшо соч-соқолига оқ оралаб-ораламаган ёшамолроқ бир киши эди.

— Сиз ўртанчамисиз оилада? — сўради Эртуққан.

— Ҳа, ўртанчиман. Алимшо акам — каттамиз. У янги қишлоқда уй қилган, ўша ерда яшайди. Бир қишлоқ ўтиб борасиз. Шу ердан ҳам қарасангиз кўринади.

Эртуққан Салимшо билан хайрлашиб йўлига кетаркан, ўйлади: “Нега Ҳалимшо ука бўла туриб, соч-соқоли буткул оқариб кетган-у, ўзи қаримсиқ, акаси Салимшонинг соч-соқолига эса битта-иккита оқ оралаган, холос, ёш кўринади… Бунинг сири нимада экан?…” У жуда қизиқиб қолди.

Алимшо Эртуққанни ҳурмат билан кутиб олди, олдига дастурхон ёзди. Ош ҳам тортилди. Эртуққан қараса, Алимшо ака ёш йигитлардай ҳаракатчан, соч-соқоли мумдай қоп-қора, пешонасида билинар-билинмас бир-иккита чизиқни демаса, биронта ажин йўқ… Қирчиллама йигит дегулик. Эртуққаннинг яна таажжуби ортди…

Унинг келишдан нияти Алимшодан озроқ қарз олмоқчи эди, бу иш ҳам битди. Алимшо Эртуққанга айтганини берди. Кейин дунёнинг ишларидан гаплашиб ўтирдилар. Эртуққан ака-укалар ўртасидаги тафовут сири нимада эканини билишни истарди. Нега катта ака Алимшо ёш кўринади-ю, Ҳалимшо — кенжа ука қариб қолганга ўхшайди? Ҳатто Салимшо ҳам бир қараганда Алимшодан улуғроқ…

Унинг саволига Алимшо дабдурустдан жавоб бермади, кулиб қўйди-да, хотинини чақирди. Хотин кириб салом берди. У ёшига нисбатан ёш кўринадиган хушрўй, очиқ чеҳрали аёл эди.

— Хотинжон, томга чиқинг, меҳмонларга атаб алоҳида ажратиб қўйилган қовунлар бор. Битта яхшисидан олиб тушинг. Бир қовун ейлик…

— Хўп бўлади! — деди хотин ва ортига тисарилиб чиқиб кетди. Кўп вақт ўтмади, хотин бир қовун олиб келди. Алимшо қовуннинг у ёқ-бу ёғини айлантириб кўрди ва кўнгли тўлмай хотинига қайтариб берди:

— Сал дурустроғини қарангиз, яхши қовунлар бор, дедим-ку. Тўғри келганини олиб чиқибсиз, шекилли… Бошқасини олиб чиқинг!

Хотин индамай қовунни олиб чиқиб кетди. Бироздан кейин янгисини келтириб эрига тутди:

— Бу ёмон эмас… — деди Алимшо қовунни салмоқлаб кўриб. — Лекин бундан ҳам яхшилари бор… Ё қоронғида кўринмаяптими? Яхшироқ қараш керак. Танлашни билмаяпсиз, хотинжон. Эринмай ичкарироқларни қарангиз!..

— Хўп бўлади! — деди хотин ярим жилмайиб. — Яхшироқ қарайман.

Хотин учинчи марта қовун олиб чиққанда, Алимшо хурсанд бўлиб кетди:

— Мана, бу бошқа гап! Яшанг, хотинжон! Дидингизга қойил! Энди асилини топибсиз! Қовунмисан-қовун экан! Худди шунақасини айтган эдим-да!

Алимшо қовунни сўйиб, тиликлади. Маза қилиб едилар.

Эртуққан ҳайрон эди: “Алимшо унинг саволига жавоб бермади-ку?”

— Ҳалиги саволингизга қайтсак… — Алимшо худди Эртуққаннинг фикрини билиб тургандай, хотиржам деди. — Ҳалимшонинг қариб кетганига сабаб — унинг хотини… Келин жуда рашкчи, ҳатто уйда девордан ҳам рашк қилади. Укамнинг қулоғи тинчимайди, тушунтириш қийин, икки кунда бир жанжал… Кўнгиллар хуфтон. Ажрашиб кетай деса, яхши кўради. Бешта боласи бор. Тақдирга тан бериб юрибди… Салимшони ҳам Худо хотиндан қисди. Уй тутишни билмайди, уйда ҳамма нарса қўқиб ётади, пала-партишлик кўп, тозаликка эътибор бермайди, айтсанг ҳам қилмайди. Ҳамма нарса очиқ-сочиқ… Рўзғордаги кўп иш Салимшонинг ўзига қолган. Хамир қоради, тандирга нон ёпади, ҳатто чучварани ҳам ўзи тугади… Укажоним жуда андишали одам, тоза инсон, бирон гапнинг исини чиқармайди. Шундоқ рўшнолик кўрмай ўтяпти-да…

— Шунақа денг? Ҳим-м… — деди Эртуққан…

— Ўз хотинини ошкора мақтаган эркак номуссиздир, — сўзини давом эттирди Алимшо. — Хотинни мақташ лозим, фақат унинг ўзига, ҳеч кимнинг йўғида… Ҳар қанча яхши гапингиз бўлса, унинг ўзига айтинг ёки қулоғига шивирланг… Хотиннинг пошшоси ким — унинг ёстиқдоши! Эрнинг ширин сўзи — хотинга мукофот!

Эртуққан Алимшонинг сўзларига қойил қолиб ўтирарди. Бағоят адолатли гаплар!

— Мен ҳаётимдан мамнун одамман, Худога шукр, — давом этди Алимшо. — Мен ҳақимда савол берганингизда, жавоб қилмадим. Жавоб хотинимнинг тутумида кўринсин, дедим. Хотинимга қовун олиб чиқишни буюрдим. Икки марта қовуннинг бошқасини олиб кел, деб қайтардим. Ҳатто яхшироқ қараш керак, деб койидим. Учинчисида: “Мана, буниси бошқа гап!” — дедим, маъқулладим. Ҳолбуки, томда бор-йўғи битта қовун бор эди, холос! Битта қовун! Лекин хотиним бир марта ҳам ранжиганини сездирмади. Уч мартада ҳам бирон эътироз билдирмай, битта қовуннинг ўзини олиб келиб, олиб кетди… Чунки у менинг ҳамма ҳаракатим меҳмон ҳурмати учун, меҳмон иззатини жойига қўйиш учун қилинаётганини яхши фаҳмларди… Бандасига ҳамиша яхши хотин ато этсин!

Эртуққан ҳайратда қараб турарди.

Иккинчи ҳикоя

Марғилонлик бой-бадавлат одамнинг Арслон деган тилаб олган ёлғиз ўғли бор эди. Ўғли вояга етгач, уйли-жойли қилди.

— Ўғлим! — деди бир куни ота. — Бошқа шаҳарларга бориб саройлар барпо қилинг, қанча пул кетса, шунча берай…

Ота ўғлининг келишган, тоғни йиқитадиган, келбатли эканидан хурсанд, аммо ақли, фаҳму фаросати қанчалар ўткирлигини пинҳона синаб кўрмоқчи бўлди.

Арслон катта шижоат билан ишга киришди. Самарқандга бориб номдор меъморларни излаб топди, ажойиб бир сарой қурдирдики, Амир Темур саройларидан қолишмас эди. Кейин Тошкентга йўл олди, у ерда ундан ҳам каттароқ иморат солдирди. Шу тариқа Хивада, Қўқонда, Термизда данғиллама бинолар бунёд этди. Ҳамма жойда одамлар ҳашаматли саройларни кўриб таҳсинлар айтишар, “Меъморига раҳмат!” деб дуолар қилишарди.

Кўнгилдаги режаларни битиргач, Арслон: “Отамнинг сўзларини ерда қолдирмадим, анча ишлар адо этдим, турли шаҳарларда саройлар солдирдим”, дея мамнун она шаҳрига қайтди.

Отаси Арслонни соғиниб қолган эди, кўриб кўзларига ёш келиб, бағрига босди.

— Баракалла, ўғлим! — деди ота. — Энди бир бориб сиз қурган саройларни кўриб келайлик.

Ота-бола учқур отларда Самарқандга келишди. Ота қараса, чиндан ҳам ажойиб бир сарой экан! Пештоқлари офтобда ярқирайди, маҳобатли гумбази кўкка соя солади. Тўрт томонида тўрт минора осмон тоқига бош қўйган… Аммо… саройда ҳеч ким йўқ, кимсасиз, фақат қушлар чуғурлашиб ҳовлини тўлдирган, бемақсад шамол ғувиллаб яйраб у ёқдан-бу ёққа елади. Ҳужраларнинг дарчаларига ўргимчаклар тўрлар сола бошлабди…

Ота бино маҳобатидан лол қолди, аммо бошқа сўз демади.

Тошкентдаги сарой ҳам мақтовларга сазовор, ақлни шоширадиган қилиб қурилган эди. Зўр қуриб қўйибди. Бу ерда ҳам қушлар ҳукмрон, гоҳ гумбазга қўниб, гоҳ миноралардан кўкка учади… Лекин кимсасиз, тирик жон кўринмасди…

Ота эринмасдан Хива, Қўқонга, охирида Термизга борди. Ҳамма жойда ҳашаматли қасрлар кўкка бўй чўзиб турибди, ҳайратдан отанинг тили боғланиб қолди чоғи. Лекин ҳамма жойда иморатлар кимсасиз, одам йўқ… Ҳужраларда ғир-ғир шамол эсар, пештоқларга қушлар ин қуриш ҳаракатида эди.

Арслон кўнглида: “Отам биноларни кўриб бениҳоя қувонди, ҳайратланганидан ҳатто таърифлашга ҳам сўз топа олмай қолди”, деб ўйлади. Ахир ҳазилакамми, у кечалари ухламай, не-не кунларни машаққатларда ўтказди, елди-чопди, бир лаҳза тиним билмади. Ҳамма жойда кўрганлар “офарин”дан бошқа сўз айтганлари йўқ.

Ота индамай Ҳаким ат-Термизий мақбарасига йўналди. Термиз ота қадамжосини зиёрат қилиб бўлгач, узоқ Қуръон тиловат қилди, дуолар ўқиди. Ўғлининг ақли қосирлигидан, фаҳму фаросати етмаганидан ичида афсус чекди, лекин бу ҳақда оғиз очмади. Арслонга деди:

— Ўғлим, зўр саройлар қурибсиз… Жуда маҳобатли бинолар бўлибди… Тўғри. Аммо мен саройлар деганда, бундай биноларни назарда тутмагандим. Яхши дўстлар орттирасиз, деб ўйлагандим. Зеро, яхши дўстлар орттирмоқ — йигит кишининг бахти-омади. Самарқандда, Тошкентда, Хивада, Қўқонда, Термизда яхши дўстларингиз бўлса, уларнинг уйлари кечаси-ю кундузи сизнинг очиқ олтин саройингизга айланади. Сиз қурган саройлар вақтлар ўтиб нурайди, вайрон бўлади, хароба ҳолга келади. Дўстларнинг уйлари эса обод бўлиб, нурга тўлиб боради… Мен бу шаҳарларда дўстларингиз хонадонларида меҳмон бўлишдан умидвор эдим, уларнинг ҳурмат-зъзозларини кўраман, деб ўйлагандим. Ҳеч қачон эскирмас ва нурамас олтин сарой — дўстларнинг уйи, хонадонидир!

Арслоннинг боши эгилиб қолибди. Пул топиб ақл топмаган, деб шуни айтадилар.

Учинчи ҳикоя

Вояга етган ўғлини уйламоқчи бўлган бир донишманди оқил ота ёнига ўғлини олиб, келин қидирар, қаерда кўҳлик қизлар бўлса, ўша томонга йўл соларди.

Донишманд кўчада борар экан, бир сулув қизга назари тушди… Чамаси, жуда яхши келин бўлади. Бўй-басти ҳам мос, муносиб. Ўзи гулдай, чеҳраси ойдай… Қизга яқин қолганда, ўғлининг юзига бир шапалоқ урди. Йигит юзини ушлаб қолди. Бундан таажжубланган қиз:

— Нега уряпсиз, ота? — деб сўради. — Ё… айтганингизни қилмайдурми?

— Йўқ, қизим, айтганимни қилади, — жавоб берди ота.

— Айтганингизни қилса, яхши-ку… — ҳайратга тушиб деди қиз…

Ота ўйлади: “Йўқ, бу қиз менга келин бўлолмайди”.

Йўлда давом этдилар ва аввалги қиздан ҳам гўзалроқ санамга дуч келдилар. Бир қошиқ сув билан ичиб юборгудек қиз эди. Қизнинг олдида тўхтар-тўхтамас, ота, ҳе йўқ, бе йўқ, ўғлининг юзига бир шапалоқ тортиб юборди.

— Нега урасиз, ота?

— Ураман-да…

— Нима… айтганингизни қилмайдими?

— Йўқ, айтганимни қилади…

— Ие… айтганингизни адо этса… Маъқул эмасми?

Ота хаёлидан кечди: “Йўқ, мен қидирган қиз асло бу эмас!”

Ота “ноумид — шайтон” деди-да, йўлида давом этди. Кун иссиқ. Йўлда чинор тагига қараб бурилдилар. Иттифоқо, шу ерда, сояда бир ҳурлиқо қиз қўлида гулдор елпиғич, офтобдан жон сақлаб, нафас ростлаб ибо билан елпиниб турарди. Қизнинг рўпарасига бориб-бормай, донишманд ота, одатдагидек, ўғлининг юзига шапалоқ туширди.

Қиз дарҳол эътибор берди:

— Нега ўғлингизни урасиз, ота? Айтганингизни қилмайдими?

— Йўқ… Доим айтганимни қилади… Айтсам қилади… — деди донишманд ота.

— Яна бир уринг, ота! — деди тап тортмай ҳалиги қиз…

— Нимага? — ялт этиб қизга қаради ота!

— Яна бир уринг! Қачонгача сизнинг айтишингизни кутиб туради? Ўзининг ҳам калласи бўлиши керак-да! — гапни чўрт кесиб ташлади қиз!

Донишманд отанинг ақли бирдан ёришиб кетди. Чунки у излаган келинини топган эди!

Тўртинчи ҳикоя

Отанинг ёлғиз ўғли Тошкентда катта олий ўқув юртида ўқир эди. Кўпдан ўғлини кўргани шаҳарга боришни, унинг ўртоқларини йиғиб, чойхонада палов буюриб, яхшилаб меҳмон қилишни ўйлаб юрарди. Болалар қўй ёғи, қўй гўштида ош емаганларига ҳам хийла бўлгандир. Агар қўй ёғида ош еб турмаса, болаларнинг ичаклари юпқариб кетади ахир.

Ота синчковлик билан Эски Жўва бозоридан етарли масаллиқ қилди, ошпазга нималарнидир тайинлади. Дастурхон патир нон, узум, мева-чевалар, ширинликларга тўлди.

Ўғилнинг дўстлари ўн кишича бор эди. Ҳаммалари хурсанд катта сўрига жойлашишди.

Ош пишгунча чой ҳўплаб, мевалардан олиб, гурунглашиб ўтиришди. Ота талабаларни гапга солди, ўқишлари, баҳолари билан қизиқди. Ким қаердан келганини, ўқишни битиргач, нима қилишларини сўраб-суриштирди. Кейин бир латифа бошлади:

— Қорни оч Афанди лаганга қўл чўзиб ошдан бир олган экан, лагандаги “Яна олинг!” — деган ёзувга кўзи тушибди. “Ие!” — дебди-да, ҳайрон бўлиб такрор қўл узатибди: “Яна бир олинг!” — деган ёзув чиқибди. Учинчисида катта ошам олиб қараса: “Лаган қолсин!” — деган сўзлар ярақлаб кўринибди!

Хохолаган кулги овози жаранглади. Ҳаммада кайфият кўтарилди.

Шу палла иккита катта лаганда гуручлари дона-дона бўлиб пишган ош келди. Шинавандалар буни “Ошмисан, ош!” — деб таърифлайдилар. Ошнинг буғи кўтарилиб турар, иштаҳани баттар оширарди.

Талабалар олдиларидаги қошиқларни артишиб, ош ейишга шайландилар. Енгини шимараётган отани кўриб, ўғли қошиқ узатаркан, секин шивирлади:

— Отажон… Ошни қўлда еманг… Ўртоқларим олдида хижолат тортаман… Қошиқда олинг…

— Э, ўғлим-эй! Бу қошиқ нечта оғизга кириб чиққан экан, Худо билади… Қўлим эса фақат ўзимнинг оғзимга кириб чиқади! Қани, ошдан олайлик!

Беғубор кулги овозлари атрофга таралди. Ҳамма қошиқларни бир четга қўйиб, лаганга қўл узатди.

БИЗНИНГ ҚИШЛОҒИМИЗ

Бизнинг қишлоғимиз ўз номи билан Бешкал. Эмишки, бир пайтлар юрт оқсоқоли Йўлдош Охунбобоев қишлоғимизга келиб: “Қишлоқ номини ўзгартириш керак. “Бешкал” бўлмайди, “Бешгул” денглар! Каналнинг тагидаги “Бештентак” қишлоғиниям айтдим, ўзгартиришсин”, — деб тайинлаган экан раис Раҳмат каттамга. Иттифоқо, ўша пайтлар Бештентак қишлоғидан Бешкалга келин тушган экан. Шўх аёллар:

Бештентакдан Бешкалга

Келин тушди, ёр-ёр, —

деб ёр-ёр айтишган экан ҳаммани кулдириб.

Дўстим Тўлан Низом билан иккимиз буни ўзгартирмоққа киришдик. У “Нозли Бешгул қишлоғим” деб шеър тўқиди, мен эса “Бешгул” достонини ёздим… Лекин “Бешкал” номи ўзгармай қолаверди. “Бештентак” — ҳозир ҳам ўша “Бештентак”…

Бешкалликлар “кал” лақабини оғир олишмайди, бу ном бизларга ёпишиб қолган. Уларнинг бир фазилати — бу ҳазилларни самимий тушунишларида.

Тўғри, каллар бор, туғма, ўйма кал ёки темиратки оқибатида пайдо бўлган каллар… Лекин Бешкалда ундайлар йўқ, аммо тепакаллар бор. Тепакал бўлиш эса ақлнинг кўплигидан нишона, дейишади Бешкалнинг донишмандлари, чунки соч чидамай тўкилиб кетади-да…

Гапнинг пўсткалласини айтсак, Бешкал одамлари кал эмас, фақат қишлоқларининг номи “кал”, ўзлари эса “сал”… Уларга “кал” лақаби сингишиб кетган. Ҳаттоки “кал” демасанг, хафа бўладиганлари ҳам топилади.

Биз — ака-укалар, қариндош-уруғлар орасида ҳазил-мутойиба жуда кучли эди. Аския руҳидаги бундай гурунглар айнан бизларга хос. Тошкентдан келганимда, албатта, ҳамма йиғиларди, бундай йиғинлар ота уйимизда, Мадаминжонникида, баъзан Райимберди акамникида бўларди. Райимберди акам: “Шоир укажоним кулчатойни яхши кўради, ўзим меҳмон қиламан”, дер, ҳар доим келишимга уйида қадимий таомлардан тансиқ кулчатой пиширтирар, бутун қариндош-уруғларни чақиртирарди.

Даврада фақат нуфузли “каллар” — Райимберди акам, Абдуқаҳҳор акам, Абдусалом, Абдуғофир, Рустамбек, Мадаминжон, Азамат, Абдужалил, имкон топишса, Ҳабибулла, Иброҳимжон, Ҳумоюнлар ҳам қўшилиб қолишарди. Муҳим жойи, давра бировнинг устидан эмас, ўз устидан куларди. Бу ерда беғуборлик биринчи ўринда. Чунки мард одам ўз устидан кула олади, ўзига бошқа одам кўзи билан қарай олади.

— “Кал” деганда тушуниш керак-да, лекин кўп калларнинг ўзи ҳам буни тушунмайди, — сўз бошлади Райимберди акам ўзини куюнгандай қилиб кўрсатиб. — Бошида ўзи кал бўлмайди. Сочларини силлиқ тараб юришади. Уйланиб, бир-иккита фарзанд кўргандан кейин каллик фасли бошланади… Одам Ато билан Момо Ҳавонинг энг суюмли фарзандларигина каллик мартабасига эришганлар…

— Ҳамма ҳам кал эмас… Тўғри… — сўзга қўшилди Абдуқаҳҳор акам. — Кўплар қандай кал бўлсам экан, деган орзуда юради. Калликни ҳам Худо беради! Ҳамма ҳам бунга эришавермайди… ҳа-а… етганлар етади…

Кулги кўтарилди.

Сўзга аралашдим:

— Калларнинг ниҳоятда ақлли эканларини одамлар қаердан билсин? Тарихдан ўқидим. Ҳатто халифалардан Усмони Зун-нурайн, Умар розияллоҳи анҳу, ҳазрат Али ва Марвон каби муҳтарам зотлар ҳам каллик мартабасига ноил бўлмишлар. Халифа Умар ибн Абдулазиз эса ғирт ярғоқ кал эканлар…

“Каллар улуғ!”, “Каллар зўр!” — деган овозлар эшитилди. Ҳамма хурсанд бўлиб кетди.

— Калларнинг тоифаси кўп… — сўзини давом эттирди Райимберди акам кулгидан ўзини тўхтатолмай. — Масалан, тоза каллар, дейишади, яъни палаги тоза каллар… Таърифи узун. Ундан кейин яғир каллар… Яна сал кал тоифаси ҳам мавжуд. Энди… чала каллар бор, ўзи калмас, лекин ўзини “калларданман”, деб даъво қилиб юрувчилар…

Қаҳқаҳа кўтарилди.

— Иброҳимжон билан Ҳумоюнлар экан-да… — дея Мадаминжон қаҳ-қаҳ отди. Кулгига кулги уланди.

— Каллар ҳақида сўз очганда, гапни инсоф юзасидан ҳурмат қилиб, катталардан бошлаш керак, — донишмандона босиқ сўз қотди Абдужалил. — Катта каллар бор, хизмат қилиб қўйган, обрў-эътиборлари жойида… Бундай мартабага осонлик билан эришмаганлар. Мана, Райимберди акам, Абдуқаҳҳор акам, Муҳаммад Али акам, Абдусалом акам… уларга қўшилиб келаётган умидли ёш каллардан Абдуғофир акам, Мадамин акам… У ёғига Ҳумоюн ҳам қўшилай-қўшилай деб турибди…

Ҳовлини қийқириқ тутди.

Абдуқаҳҳор акам кўзларини артаркан, бир йўталиб олди ва жиддий гап бошлади:

— Чакки калмас Абдужалил ҳам, у ярғоқ кал, тўғри айтди, ёшларимизга ҳам ақл кириб боряпти, бундан қувониш керак… Биласизларми, калларнинг неча хили бор?

— Ие! Ҳали хиллари ҳам борми?

— Йўғ-э! — деган ҳайқириқлар эшитилди.

— Бор! — ишонч билан давом этди Абдуқаҳҳор акам, у ўта ҳазилкаш, учига чиққан каллардан эди. — Мен хилларини ўрганиб чиқдим. Ўн икки хилини топдим ҳозирча…

— Ўн икки хилини?.. — Абдусалом “қўйсангиз-чи”, дегандай Абдуқаҳҳор акамга қаради.

— Мана, қаранг, — деди Абдуқаҳҳор акам, — чўнг кал, дўнг кал, тақир кал, пашша қўнса, тийғаниб кетади, чиччанг кал, инжиқ кал, гаранг кал, таранг кал ҳам бор… Кейинги пайтларда кар кал тоифаси кўпайиб бормоқда, карис кал, бу — Азамат… у чайир кал ҳам. Мадаминжон — шиппанг кал, тез ҳаракат қилади, Абдужалил энди у, умуман, аввалбошдан кал, ғирт кал. Қаттиқ кал, мулойим кал, қайсар кал — энди буни биласизлар, бу борада Рустамбекдан ўтадигани йўқ… Тажанг кал… Бунга ўзим номзодман… Ҳеч кимга бермайман. Яна сипо, сертавозе кал бор… Бу — албатта, Райимберди акам… Энди ҳар бирингиз ўз тоифангизни билиб олдингиз, деган умиддаман…

Гуриллаган кулги кўтарилди. Айримлар ётиб олиб қорнини ушлаб юмалаб кулишарди. Баъзилар бир-бирига: “Сен қайси калдансан?”, “Тоифанг нима?” — деб қитмир саволлар беришарди.

— Бир кун Мадамин акам менга гапириб қолди, — гапга аралашди Ҳабибулла. — “Шу, Абдужалилга қўнғироқ қиламан, ҳеч эшитмайди-да…” Мен дедим: “Э, ака! Билмайсизми, Абдужалил акам ўша машҳур гаранг Абдураҳмон сўфининг жуда суюмли невара куёви бўлади ахир!”

Тағин кулги янгради.

— Қадимда подшолардан бири фуқароларининг ақли-фаросати қандай эканини пинҳона синамоқчи бўлибди, буни Аҳмадқул акамдан эшитгандим, — Райимберди акам гапни тугатмоқ пайида сўзни қадимдан олди, чунки бу ёғи вақт тиғиз: кулчатойнинг шўрваси пишган, Буойша келинбувимиз гўштларини, шапалоқ хамирини олиб келмоқчи бўлиб турибди, унинг устига, қоринлар ҳам сурнай чалмоқда. — Фармон билан мамлакатнинг кунчиқишидан бир одамни, кунботишидан иккинчи одамни олиб келдилар. Қаҳратон қиш эди, ҳар иккисига қирқтадан кўрпа берилди ва очиқ ҳавода совуқда ухлаб, тунни ўтказиш шарт қилиб қўйилди. Ақлсизи қирқта кўрпани тўшаб, тепасига чиқиб ётди ва тезда совқотиб пастга тушиб, уйга кириб жон сақлади. Ақллиси эса битта кўрпани ерга ёзиб, қолган ўттиз тўққизини устига ташлади ва эрталабгача маза қилиб ухлади…

— Ақлли экан, яшаворсин-э!

— Ака! — деди қув Абдуқаҳҳор акам ёшли кўзларини артаркан. — Мабодо… ўша ақлли одамнинг кимлигини суриштириб кўрмадингизми?

— Йўқ… Нимайди? — сўради Райимберди акам…

— Суриштириб кўринг, ўша албатта кал бўлиб чиқади!

Ҳамма қийқирганча хохолаб кулиб юборди.

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси,

Давлат мукофоти лауреати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − 2 =