Кўнгил одами

Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлганлар орасида иқтидорли журналист, шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси Абдунаби Бойқўзиевнинг ҳам борлиги мени ғоят хурсанд қилди. “Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёим!..”, “Ўзбекнаво” юлдузлари”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Чўли ироғим”, “Беш сўмлик кеккайиш” каби ўнлаб шеърий, публицистик, ҳажвий китоблар муаллифи бўлган заҳматкаш ижодкор меҳнатларининг муносиб эътироф этилиши таҳсинга лойиқ эди. Давлатимиз раҳбари имзо чеккан Фармонни ўқирканман, шу кунларда 70 ёшни қаршилаш арафасида турган бу ажойиб инсон билан боғлиқ хотиралар беихтиёр хаёлимда жонлана бошлади.
Ўша куни университетда дарслар ҳар галгидан эрта тугади.
— Дўстлар, бунақаси ҳар доим ҳам бўлавермайди. Келинглар, кинога ёки паркка борамиз, кейин бирон кафеда ўтирамиз, — дея мурожаат қилди старостамиз Мақсудали ака. — Ҳадемай сессия тугайди. Яна ҳаммамиз ҳар қаёққа тарқалиб кетамиз. Бугун бир яйрайлик.
— Зўр бўларди, шундай қилайлик, — таклифни бир овоздан маъқуллашди қийқиришиб курсдошларим.
Биз ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида сиртдан ўқирдик. Ҳар гал кузги ёки баҳорги сессияга келганимизда, дарслар, имтиҳонлар билан бўлиб, шаҳар айланишга деярли вақтимиз қолмасди. Ҳозирги вазият айни муддао эди.
— Сизлар бемалол бораверинглар. Норбой ака билан иккимизнинг борадиган жойимиз бор. “Совет Ўзбекистони” газетаси (ҳозирги “Ўзбекистон овози”)га бориб, Абдунаби Бойқўзиев билан учрашиб кетмасак бўлмайди, бир жойданмиз ахир, — деди кутилмаганда курсдошимиз Аҳмадали Қўлдошев “бизга узр” дегандек маънода.
Бу қандай учрашув эканки, курсдошлар биргаликда ҳордиқ чиқаришидан ҳам муҳимроқ, деган ўй хаёлидан ўтган сабоқдошларим ўшанда бу икки “ўйинбузуқи”га ҳам ҳавас, ҳам ажабланиш билан қараб қолишганди.
Ўтган асрнинг 80-йилларида “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) отахон газета ҳисобланиб, у ерда ишлаш ҳар бир журналистнинг орзуси эди. Энг қизиғи, мен ўша пайтдаги республика Марказий Комитети нашриёти босмахонасида айнан шу газетанинг саҳифаловчиси бўлиб меҳнат қилардим, яъни газета котибияти билан ҳамкорликда қўрғошинга қуйилган мақолалардан газета саҳифаларини тайёрлаб, босишгача бўлган жараённи олиб борардим. Дарров баланд бўйли, келишган, истарали, хушчақчақ Абдунаби Бойқўзиев кўз олдимга келди.
Бир бинода ишлаганимиз учун гоҳ-гоҳ йўлларимиз кесишиб турарди. Лекин у мени танимас, мен эса табиатимдаги тортинчоқлик боис, ташаббус кўрсатишга истиҳола қилардим.
Адашмасам, 1990 йилларнинг сўнгги ойларида Абдунаби ака таҳририятда кўринмай қолди. Билсам, тажрибали ходимлар қаторида янги ташкил бўлган “Халқ сўзи” газетасига ишга ўтган экан.
Йиллар бир-бирини қувлаб ўтаверди. Энди мен меҳнат қилаётган нашриёт “Шарқ” деб атала бошланди. Фаолиятимда ҳам унча-мунча ўзгаришлар юз берди. Йигирма йиллик қадрдон газета тайёрлаш цехидан нашриётнинг Бош таҳририятига муҳаррир бўлиб ишга ўтдим. Бир куни бош муҳарриримиз Аҳрор ака Аҳмедов менга бир қалин жилдда қўлёзма тутқазиб:
— Бу ишни ўзингиз олиб борасиз, — деди. Сўнг ортидан қўшиб қўйди: — Муаллифи нозиктаъб инсон.
Жилд юзига кўз югуртирдим. “Абдунаби Бойқўзиев. “Дилхирож туйғулар”. Лоп этиб кўз олдимга курсдошим Аҳмадали ака келди. Қаранг-а, шунга ҳам йигирма йилдан ошибди. Вужудимда ажиб бир эврилиш ҳис қилдим. “Абдунаби ака билан танишиш фурсатлари шу кунларга насиб қилган экан-да”. Хонамга кириб, жилдни очдим. Одамнинг қандайлигини унинг тутумига қараб ҳам билса бўлади. Қўлёзма дид билан тартибланган эди. “Аҳрор аканинг гапида жон борга ўхшайди”, дедим ичимда.
Шу кундан қўлёзмани ўқишга киришдим. Киришдим-у ундан чиқолмай қолдим. Тўпламга танланган публицистик мақолалар, эсселарнинг ёзилиш услуби, бири иккинчисини такрорламас воқеалар жонли, тушунарли, мароқ билан ўқиларди. Бу фазилатлар муаллифнинг салоҳиятидан, билим доирасининг кенглигидан, бадииятни чуқур англашидан ва катта тажрибага эга журналист эканлигидан далолат бериб турарди.
Шундай қизғин иш кунларининг бирида хона эшиги аввал тақиллаб, сўнг оҳиста очилиб, остонада Абдунаби Бойқўзиев кўринди.
— Ассалому алайкум!
Ўрнимдан беихтиёр туриб кетдим.
— Ва алайкум ассалом, келинг, Абдунаби ака.
Биз эски қадрдонлардек илиқ сўрашдик.
— Бош муҳаррир қўлёзмам сиздалигини айтди. Эшикдаги ёзувга қараб кириб келавердим, Қодиржон.
— Адашмадингиз, Абдунаби ака.
— Қўлёзмангизни атайин ҳамюртингизга топширдим, ака, деди Аҳрорбек, ё ҳазиллашдими?
— Тўғри айтибди, мен Марҳаматданман.
— Эй, Муҳаммад Юсуф билан бир жойдан экансиз-да.
Шундай, бирпас у ёқ-бу ёқдан гаплашдик. Бир-биримиз билан танишгандек бўлдик. Албатта, қўлёзма ҳам ёддан чиқмади.
Кетиш арафасида Абдунаби ака шундай деб қолди:
— Қодиржон, ойда бир йиғилишиб турадиган давра ташкил қилсак, деган режа бор. Сизга, менга ўхшаган маънавият соҳасининг одамлари бўлади. Агар қўшилсангиз яхши бўларди.
Дабдурустдан қилинган бу таклифга мен нима деб жавоб беришимни билмай:
— Унақа давраларга кўпам хушим йўқроқ, — дедим ўзимни тортиб.
— Майли, сиз ўйлаб кўринг, дарров “йўқ” деманг, ҳали вақт бор. Бу ҳозирча бир яхши ният.
Шундай деб, Абдунаби ака хайрлашиб хонамдан чиқиб кетди.
Ўйланиб қолдим. Нима қилсам экан? Балки, шунчаки гапириб қўйгандирлар? Агар яна шу мавзу очилса, “йўқ” деб қўя қоламан. Тўғрисиям, бундай йиғинлар мен учун бегонадай эди.
Ниҳоят, қўлёзмани ўқиб тугатдим. Анча-мунча саволлар йиғилиб қолди. Бу табиий, уларни муаллиф билан ҳал қилса бўлади. Лекин мени ўйлантиргани бошқа масала. Салмоқлигина бир мақолани китобдан олиб қўйиш лозим эди. Вазият шуни тақозо қиларди. Бош муҳаррирга тушунтирдим. Энди муаллифга ҳолатни айтиш керак. Энг оғири ҳам шу эди. Журъат топиб, бор гапни айтдим. Уни қабул қилиш Абдунаби акага осон бўлмади. Ўшандаги менинг аҳволим ҳам ҳавас қилгулик эмасди.
— Мақолани китобга киритмаслигингиз сабабини менга асослаб беринг. Мени ишонтиринг, — деди ўзини аранг босиб Абдунаби ака.
Талабнинг бу оҳангда кўндаланг қўйилишини тўғри тушуниб турардим. Мен қилган бундай “қисқаришга” ҳеч бир муаллифнинг шунчаки рози бўлиб кетавериши мумкин эмасди.
— Мақола китобнинг кейинги тақдирига хунук таъсир қилиши мумкин. Ҳар қалай, ноширлик сизга бегона эмас-ку. Бош муҳаррир билан ҳам гаплашиб кўринг, — маслаҳат берган бўлдим. Абдунаби ака ҳозирги ҳолатида мақоласининг ҳимояси учун ундан каттаси билан ҳам тортишишга тайёр эди.
Абдунаби ака кетди. Ичим хижил бўлди. Ўзим истамаган ҳолда бир инсоннинг дилини ранжитиб қўйдим. Яна кимни денг, узоқ йиллар ўзим ҳавас қилиб юрган инсонни. Начора, нашриёт муҳаррири ҳаётида шунақа воқеалар ҳам бўлиб тураркан-да.
Ниҳоят, китоб нашрдан чиқди. Бу муаллиф учун ҳам, муҳаррир учун ҳам қувончли воқеа. Ахир янги чиққан китоб ойлаб, баъзида йиллаб қилган меҳнатларинг меваси-да. Бир-биримизни табрикладик. Лекин кўнглимда оз бўлса-да, бир ғашлик бор эди. Абдунаби ака билан китобни тайёрлаш жараёнида тортишдик, баҳслашдик, менга нисбатан асл муносабати ўзгармадимикин? Шу ўй хаёлимдан ўтаркан, бирдан: “Етти-саккиз кишилик давра қилсак, бир пиёла чой устида ижодий суҳбатлар қурсак”, деган таклифи ёдимга тушди. Шунча ишдан кейин Абдунаби ака менга бу таклифни яна қилармикин ёки?..
Орадан анча-мунча вақт ўтди. Бир куни кутилмаганда ишхонамга Абдунаби ака яна кириб келди. Кайфияти чоғ. Салом-аликдан сўнг менга:
— Қодиржон, яна ўша гап. Даврамиз деярли шаклланиб бўлди, нима дейсиз, чиройли, дилтортар адабий давра бўлади, — деди.
Мен аллақачоноқ рози эдим. Китоб тайёрлаш жараёнидаги тортишувлар учун, шунга қарамасдан мен ҳақимдаги фикри ёмон томонга ўзгармаганлиги учун, бу гапларга бир неча йил бўлган эса-да, ўзига кўнгил яқин олиб, шу даврага чин дилдан таклиф қилгани учун, хуллас, кўнгли тоза, самимий, тўғрисўз, қатъиятли, энг муҳими, ишончли инсон бўлгани учун ҳам мен рози эдим.
2010 йилнинг баҳор кунларида биринчи “гап”имизни Абдунаби ака ўзи яшаётган кўп қаватли уйнинг пастидаги қулайгина масканда ташкил қилди. Шунга ҳам ўн беш йил бўлай дебди…
Мен билган Абдунаби ака ана шунақа инсон. Тилагим: Оилангиз, фарзандларингиз, набираларингиз, дўстларингиз, мухлисларингиз бахтига омон бўлинг!
Қодиржон ҚАЮМОВ,
“Шарқ” нашриёт матбаа
акциядорлик компанияси
Бош таҳририяти катта муҳаррири.