“Кобра одам”
ёхуд илонларнинг дўсти
Ўзбекистон халқ табобати академияси аъзоси, илон овловчи Алишер Ёрматов Самарқанд вилояти, Нуробод туманидаги тоғли Жом қишлоғида яшайди. Касби ветеринар врач бўлган бу инсоннинг уйида ҳозирда 50 дан ортиқ заҳарли илонлар бор.
Биз у киши билан бундан қарийб 10 йилча аввал, илонлари билан Самарқандга келиб, шаҳарнинг марказий истироҳат боғида томоша ташкил қилганида танишган эдик. Ўшанда заҳарли илонлар ва уларнинг ғаройиб чиқишларини томоша қилиб, бу одамнинг фавқулодда қобилиятига қойил қолгандик.
Аммо таниқли ёзувчилардан бири таъкидлаганидек, айнан шунақа ғайриоддий инсонлар дунёни безатади.
Қуйидаги фактга этибор беринг. Биргина 2001 йилнинг 6 ойида қаҳрамонимизни нақ етти марта заҳарли илонлар чаққан! Аммо шунга қарамай, у кўзойнакли илон — кобраларини янада кўпроқ севиб, уларга доимо ғамхўрлик қилади.
“Илонлар — менинг ҳаётимнинг маъноси…”
Ёрматовдан: “Илонларни боқиш сизнинг севимли машғулотингизми?” деб сўрашганида, у ҳеч иккиланмасдан: “Илонлар — ҳаётимнинг мазмуни”, деб жавоб берган.
Унинг уйида айни пайтда 50 дан ортиқ заҳарли илон, шу жумладан, 30 га яқин кобра бор. Алишер ака уларни шунчаки боқибгина қолмай, том маънода илонлар билан яшайди, гаплашади, нафас олади. Нисбатан унинг кобралари эркиндир. Қаҳрамонимизнинг ўзи уларни тутади, ўстиради, ўқитади.
Алишер аканинг илон овлайдиган асбоблари жуда оддий: таёқ ва сумкадан иборат. Ҳатто махсус кийими ҳам йўқ. Бу машғулот, тўғрироғи, севимли машғулоти энди унинг оиласига ҳам кириб келган: қизи Дилафрўз ва кенжа ўғли Нурбек мустақил равишда кобра билан шуғулланишади.
Ёрматовлар оиласи илгари атрофи чўл билан ўралган тоғолди қишлоқларидан бирида яшаган. Улар яшаган совхоз чорвачилик хўжалиги бўлиб, у ерда қоракўл қўйлари боқилган. Ёш Алишер болалигидан илон томоша қилиш учун даштга борарди. Кобралар ва гурзиларнинг нафас олиши, айниқса, бошини кўтарганда вишиллашини кўриб у чексиз завқланарди.
Ота-онаси ўғлини уйга киритишмади
Алишернинг ота-онаси дастлаб уйдаги илонлар қаердан келганини тушуна олмадилар. Алишер чўнтакларига ҳар хил майда жониворларни солиб, уйига олиб келарди. Шунда улар ҳақиқатни билиб қолишди ва ўғли чўнтагидаги ҳамма нарсани силкитиб чиқариб ташламагунча, уйга киритмадилар.
Бошқа қариндошлари ҳам уларнинг уйига келса, қўрқишарди. Шунда Алишернинг отаси ўғли учун ҳақиқий “божхона текшируви”ни ташкил қиларди. Аммо бола эртасига 10 километрлик “кичик айланма” йўл босиб, яна даштга борар ва илонлар билан яна чўнтакларини, сумкасини тўлдирарди.
Катталар болада қандайдир ғайриоддий касаллик бор деган хулосага келишди ва уни шаҳарга шифокорларга олиб боришди, аммо шифокорлар боладан ҳеч нарса топа олишмади. У жуда яхши ўқир, мутлақо соғлом эди…
Алишер аканинг айтишича, илонлар ҳар доим у кишини ўзига тортадигандек туюлади, у киши қаерда пайдо бўлса, бир нечта оёқсиз жондор дарҳол у ерга судралиб борарди. Қаҳрамонимиз, айниқса, кобраларни яхши кўради. Ҳатто улар билан бирга эмаклайди, бошини кўтариб, ёноқларини шиширганида улар билан ҳатто шивирлаб гаплашади.
У кишининг сўзларига кўра, илондан инсон мутлақо қўрқмаслиги керак.
— Сиз жуда диққат билан, қимирламасдан илоннинг кўзларига қаранг, – деди Алишер ака. — Шунда у ҳам сизнинг кўзларингизга қарайди. Биз гўё сеҳрлангандек бир дақиқа бир-биримизга шундай қараймиз, кейин мен қўлим билан унинг энсасига жуда секин, бир неча марта мулойимлик билан ураман. Кобра дарҳол бошини пастга туширади, унинг даҳшатли кўринишидан ҳеч нарса қолмайди. У энди итоаткор. Уни қўлга бемалол олиш мумкин.
Орзуси Гиннеснинг Рекордлар китобига кириш
Алишер Ёрматовдан нима учун айнан кобраларни танлаганлиги сўралганда, у шундай жавоб беради: “Кобралар энг гўзал рақсга тушадиган, мафтункор, ақлли, мулойим, жозибали ва энг муҳими, марддир. Улар ҳатто трактор босиб кетишидан ҳам қўрқмайдилар. Бошини мағрур кўтариб ўлимга ҳам тик боқишади”.
Алишер ака билан суҳбатлашганимда, илонларнинг барча турларидан унинг хабардорлиги, бу ҳақдаги чуқур илмий ва амалий билими мени ҳайратда қолдирди.
Алишер ака кобралари билан ўйнаса, беихтиёр ҳинд илон ўйнатувчиларини эслайсиз. Циркдаги томошалардан фарқли ўлароқ, у ҳеч қандай ҳолатда илонларнинг тишларини олиб ташламайди ва уларнинг заҳарини шприцлар билан зарарсизлантирмайди.
Ёрматов фармацевтика қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, дори воситалари ишлаб чиқариш учун уй ҳайвонларидан заҳар олади ва шу заҳар билан беморларни даволайди. Унинг шахсий кутубхонасида Россия ва дунёнинг бошқа давлатларида чоп этилган илмий ва тиббий китоблар мавжуд. Беморларни даволашда у шифокорлар ва мутахассислар билан маслаҳатлашади.
Суҳбат давомида маълум бўлишича, Ёрматовнинг иккита орзуси бор: Гиннеснинг Рекордлар китобига кириш ва ўзининг илонлари билан халқаро саҳнага чиқиш.
Илон ҳам яхши сўзнинг гадоси…
Муаммолар ҳақида сўрасангиз, Алишер ака илон заҳарининг шифобахш хусусиятлари юқори бўлишига қарамай, ҳозиргача ҳеч ким унинг фаолиятига ҳомийлик қилишни ўз зиммасига олмагани ва кўпинча у тайёрлаган дориларнинг моҳияти беморларга яхши етиб бормаётганини айтади.
Бу ғайриоддий одамнинг ёрдами билан соғлиғини яхшилаганлар, миннатдорчилик билан уни “Доктор Кобра”, баъзилар эса “Кобра одам” деб чақиришади.
— Мен кобралар билан ўйнайман, айниқса, ёнимда яшайдиганлари билан. Мен уларни даштдан жуда кичик пайтида олиб келганман, улар ҳатто овозимни ҳам фарқлашади, – дея давом этади Алишер Ёрматов. — Мен уларга яхши сўзлар айтаман. Улар тинглайдилар, меҳрни яхши кўрадилар. Лекин улар билан мен ёлғиз шуғулланаман. Агар хотиним мен билан келса, ҳаяжон бошланади. Илоннинг жаҳли чиқади. У мени хотинимдан том маънода рашк қилади.
Бир куни ҳатто рашкчи илонни тинчитмоқчи бўлганимда, у қўлимдан тишлаб ҳам олди. Кобралар яхши мавжудотлардир. Мен ҳар доим айтаман: илонларни ўлдирманг. Негадир айрим одамлар илонни кўрганларида, дарҳол қўлларига тош ёки таёқ олиб, уни ўлдиришга ҳаракат қилишади. Агар одам унга тегмаса, илон ҳеч қачон одамга тегмайди.
Бу жондор, аввало, Аллоҳнинг ижоди, дунёмизнинг битта зарраси. Бундан ташқари, илоннинг инсон саломатлиги учун фойдаси жуда катта. Илоннинг тиббиёт тимсолига айлангани ҳам бежиз эмас. Дарвоқе, яна бир гап. Масалан, мен кобра заҳарини ичаман. Албатта, жуда кичик дозада. Балки, шунинг учунми, 71 ёшда бўлишимга қарамай, ҳозиргача ҳеч қандай касаллик билан оғримаганман.
Қонимда илон заҳри борлиги учун у чаққанида заҳари менинг танамга унчалик салбий таъсир қилмайди. Энди мен ўғлим ва қизимга ҳам шу заҳардан бера бошладим. Менимча, кобра заҳри менинг соғлиғимни сақлаб турибди, шунинг учун у бошқа одамларга ҳам ёрдам бериши мумкин.
У ҳақиқатан ҳам ғайриоддий инсон
— Алишер Ёрматовни нафақат Самарқанд вилоятида, балки унинг чегараларидан ташқарида ҳам билишади. У илонларнинг, айниқса, кобраларнинг табиати, характерини тушунади, яхши билади, – деди Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети табиий фанлар факультети зоология кафедраси ассистенти, герпетолог Темур Абдураупов. — У ҳақиқатан ҳам, ғайриоддий инсон.
Мутахассисларнинг фикрича, республикамизда, асосан, тоғли ва чўл ҳудудларида заҳарли илонларнинг беш тури — Марказий Осиё кобраси ва гурзиси, Паллас шарқий илони, қум эфаси мавжуд. Улар тухум қўйиш орқали кўпаяди.
Илонлар она қорниданоқ заҳарли бўлиб туғиладилар. Минтақамиз илонлари ўртача 15 йилдан 25 йилгача яшайди, баъзан эса Марказий Осиё кобрасининг узунлиги икки метргача етади.
Илонларнинг заҳари, албатта, шифодир. Кобра заҳри тиббиётда жуда қадрланади. Шунингдек, у трансплантологияда, трансплантация қилинган донор аъзоларни жонлантиришда қўлланилади. Онкологияда эса кобра заҳрининг баъзи таркибий қисмлари саратон ҳужайраларининг тузилишини бузиши мумкин.
Кобра заҳри орқали юрак хуружи ва инсультнинг олдини олиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Анъанага кўра, илон заҳри артритни ҳам даволаш учун ишлатилган.
Кобра заҳри қон томирларини кенгайтириш, тўқималарда метаболик жараёнларни тезлаштириш ва оғриқни камайтиришдан ташқари, қон томирлари деворларини мустаҳкамлашга ҳам ёрдам беради.
— Заҳарли илонларни сақлаш осон иш эмас, ҳамма ҳам буни қилишга журъат қилавермайди, чунки баъзида бу ҳаёт учун ўта хавфли бўлиши мумкин, – дея давом этади А.Ёрматов. — Бундан бир йил аввал мен, ўғлим Нурбек ва набирам Шаҳзодни Ўрта Осиёдаги энг заҳарли илон — гурзи чақиб олди. Шифокорлар бизнинг ҳаётимиз учун жуда узоқ вақт курашдилар ва бизни ўлимдан қутқардилар, бунинг учун биз улардан ҳамиша миннатдормиз. Ўзим шифокор бўлсам-да, касалликларни даволашда замонавий тиббиётнинг ўрни борлигини ҳеч қачон инкор этмайман. Шунга қарамай, мен илонларни жуда яхши кўраман. Улар — менинг дўстларим. Мен уларга қарашдан чарчамайман. Ўғил-қизим кўмагида кобра заҳаридан дори-дармонлар тайёрлаб, беморларни даволайман. Ҳозир “Эко-зоо-тур” номли оилавий корхонамиз бор, унга катта ўғлим Шерзод раҳбарлик қилмоқда.
А. Ёрматовдан қачон ва нима учун касал бўлганини ҳам сўрадик. У бу саволга ярим ҳазил билан жавоб берди: “Менинг касал бўлишга ҳам, қаришга ҳам вақтим йўқ”.
Қишлоқдаги ҳайвонот боғи
Самарқанд-Қарши автомобиль йўли бўйида жойлашган Нуробод тумани “Жом” фуқаролар йиғини ҳудудида Алишер ака ўз маблағи ҳисобидан ташкил этган ҳайвонот боғи жойлашган. Унда бўри, тулки, туяқуш, товус, қуён ва 10 дан ортиқ илон ҳамда қуш турлари мавжуд. Айни пайтда бу жой маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган масканга айланган.
Бундан ташқари, ҳудудга яқин-атрофдаги мактаб ўқитувчилари биология ва зоология фанларидан очиқ дарсларни ҳам айнан шу ерда ўтказмоқда.
Ҳайвонот боғига А.Ёрматовнинг иккинчи ўғли Нурбек раҳбарлик қилади, халқ табибининг ўзи ва унинг тўнғич ўғли Шерзод илон заҳридан тайёрланган дори билан беморларни даволайди. Республикамизнинг деярли барча ҳудудларида ҳафтанинг маълум кунларида беморлар қабул қилинади.
* * *
Эслатиб ўтамиз, яқинда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ижодий жамоаси ушбу ғаройиб инсон ҳақида “Ўлим билан ўйин” деб номланган 2 қисмли бадиий фильмни суратга олди, унда Алишер Ёрматовнинг ўзи бош ролни ижро этди. Киноасарда, шунингдек, таниқли актрисалар Тўти Юсупова ва Мадина Мухторовалар ҳам иштирок этишган.
— Фильмнинг бир эпизодини суратга олиш жараёнида битта илон йўқолиб қолди, – деб эслайди табассум билан Алишер ака. — Ҳеч ким хонага киришга журъат эта олмади. Ҳамма қўрқиб кетди. Кейин мен чироқни ўчиришни сўрадим. Сўнг қоронғида хонага кириб, дарҳол чироқни ёқдим. Шундай қилиб, тезда йўқолган кобра топилди.
Эл саломатлиги йўлида қилинган шарафли меҳнат зое кетмади. Жорий йилнинг август ойида Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтган IХ Бутунжаҳон Халқаро табобат анжуманида Алишер Ёрматов “дунёнинг энг яхши табиби” деб топилиб, тегишли сертификатга эга бўлди. Россия Федерациясининг халқ табобати уюшмаси эса уни Гиппократ орденига тавсия қилди.
Яқинда тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига кўра, республика халқ табиблари орасида биринчи бўлиб Алишер Ёрматов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Ёрмамат РУСТАМОВ