Маънавиятли қалбларда ёмонлик бўлмас

Эндиликда медиамаҳсулотлар ахлоқсизликни тарғиб қилмаслиги учун “маънавий экспертиза”дан ўтказилади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасановнинг маълум қилишича, бу тартиб Маънавият ва маърифат маркази, АОКА, Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Миллий медиа бирлашмасининг биргаликдаги қарори билан тасдиқланган.

“Бугун шиддатли даврда ахборотлар кўлами ва оқими кенг. Медиамакон замонавий, қизиқарли ва долзарб мавзудаги хилма-хил медиамаҳсулотлар билан тўлдирилмоқда. Лекин уларнинг барини ҳам сифат ва мазмун жиҳатидан миллийлигимизга мос ва хос, тарбиявий аҳамияти юқори деб бўлмайди. Шу боисдан ёшлар тарбиясига ва миллий менталитетимизга рахна солувчи медиамаҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш ва уларнинг софлиги, миллий ахлоқимизга мослик даражасини таҳлил қилиб бориш анча муҳим”, — дейилган бу ҳақдаги хабарда.

Демак, теле- ва радиоканаллар, ижтимоий тармоқлар учун тайёрланаётган медиамаҳсулотлар, хусусан, сериал, мультфильм, кино, қўшиқ ва клипларни маънавий экспертизадан ўтказиш тартиби жорий этилади. Қайд этилишича, ҳозирга қадар маънавий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқлаб бўлинган. Унга мувофиқ,  маънавий экспертиза гуруҳининг асосий вазифалари белгиланган.

Жумладан, соҳа мутахассисларидан таркиб топган гуруҳ томонидан Ўзбекистон ҳамда хорижда ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилаётган медиамаҳсулотларнинг давлат сиёсати, давлат рамзлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга зид, инсоний фазилатларга таҳдид солувчи ахлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб қилувчи ҳолатлар мавжуд ва мавжуд эмаслиги ўрганилади.

Медиамаҳсулотларнинг ёшлар тарбияси ва миллий менталитетимизга таъсири баҳоланади. Ёшлар тарбияси ва миллий менталитетимизга рахна солувчи медиамаҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилади. Бундай медиамаҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклифлар киритиб борилади.

Марказ томонидан тайёрланган видеороликда эса ахлоқсизликни тарғиб қилувчи медиамаҳсулотлар сифатида сериаллар, клип ва турли блогерлар томонидан тайёрланган видеолар кўрсатилган.

“Маънавий экспертиза” лойиҳасининг тўлиқ ишлаши ва жамиятда кутилган натижани бериши учун эса Марказ барчани ҳамкорликка чорлаган.

“Ахлоқсизлик ва тарбиясизликлар тарғиб қилинган медиамаҳсулотларни аниқлаш, намойиш қилиш ва кенг тарғибот қилиш бўйича билдирилган ҳар бир фикр, мулоҳаза ва таклиф қимматли. Зеро, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни азалий миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш барчамизнинг асосий вазифамиздир”, — дейилган мурожаатда.

…Аслида, маънавият йиллар, асрлар давомида сайқалланиб боради. Маънавиятга қанчалик кучли эътибор қаратилса, шунчалик юксалаверади. У одамларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатида, фикр тарзида, ўй-хаёллари тилида сўзга айланганида намоён бўлади. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, бугун маънавият масаласи айрим кимсалар томонидан кўп бора “Маънавият керакми?” деган иддаоли чиқиши билан ўзининг ҳамон долзарблигини кўрсатмоқда.

Айтиш жоизки, маънавият “оммавий маданият”дан сабоқ берди. Унинг мазмунию мақсадларини кўрсатди. Чунки “оммавий маданият” бир кўринишда беозор, ёқимли. Унинг асл мақсади йиллар ўтгач намоён бўлади. Бирдан. Оғриқли. Ҳаракатларимизда. Турмуш тарзимизда. Тақлид туфайли. Илмсизлик сабаб. Эътибор қилсак, либосларимиз ўзгарди, ҳаётимизда ғарбона тарз устуворлик қила бошлади, эр-хотин муносабати, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги оқибат, силайи раҳм… Бу рўйхат узун. Булар – йўқотганларимиз. Сақлаб қолганларимиз ҳам бор. Ривожлантирганларимиз ҳам.

Энг муҳими, маънавият бу масалаларда бизга онгли ёндашувни ўргатди. Шуниси муҳим. Зеро, битта бўлса ҳам, онгли қабул қилинган эзгу амал бардавом бўлади. Шунга кўра, фуқароларда ёт ғояларни тарғиб қилувчи фильмлар, сериалларга нисбатан негатив муносабат шаклланди; китоб танлаш маданияти мустаҳкамланди; дунё халқларидан ўрганиш баробарида уларга маънавият, маданият улашишни ҳам ўзлаштирдик. Зеро, халқимиз бунга муносиб, ҳақдор. Санъатда устуворликка эришган ғарб мусиқаси, санъати ўрнини азалий мақом эгалламоқда. Бунга юртимизда нишонланаётган халқаро мақом фестиваллари ёрқин далил бўла олади. Баркамол қалб инъикоси, нидоси, муножоти бўлган мақомни халқимиз тинглашга, англашга тайёр. Интиқ.

Яна бир жиҳати шуки, маънавият бизга тарбиянинг нелигини ўргатди. Шарқ ва Ғарб қиёс қилинганда, таълим ва тарбиянинг муддати муҳим ҳисобланади. Чунки таълим, яъни илм ўрганиш ва ўргатиш одам боласи учун бир умрлик. Ислом динида суннат ва ҳатто фарз саналади. Аммо тарбия масаласи ўзгача. У Ғарбда балоғат ёшида амалда тўхтайди. У ёғига ёшларни “ҳаётнинг ўзи тарбиялайди”. Шарқда тарбия — бир умрлик иш. Бу юртларда тарбиячининг ўзи ҳам тарбияланувчидир. Ҳатто кексаларимиз набираларига қараб ўрганади, ҳаёт тарзини белгилайди. Халқимиздаги “одобни одобсиздан ўрган” ҳикмати ҳам шундан. Бинобарин, ҳаё, илм, имоннинг ҳудуди — катталиги, ҳажми, кўлами, одоб-ахлоқ даражаси тарбиянинг муддатига боғлиқ. Шунинг учун Шарқ ҳаёда, илмда, эътиқодда — маънавиятда пешқадам. Шу боисдан айтиш мумкинки, ҳозир шарқона ҳаё Ғарб учун таҳдид, улар қабул қилиши мушкул одатдир.

Яна бир муҳим томони, маънавият аждодларимизни танитди. Шу пайтга қадар уларни соф манбашунослик, матншунослик жиҳатидан ўрганар эдик. Энди алломаларимизнинг илмий меросига мурожаат кучайди. Уларни ҳаётга кенг жорий этиш йўллари изланмоқда. Биргина мотуридия таълимотининг ёрқин вакили, таниқли теолог Абу-л-Муин Насафийни олайлик. “Бундан минг йил олдин жаҳолатга қарши маърифат билан курашган аллома” ўз даврида бугуннинг бузғунчи ғояларига қарши самарали курашиш йўлларини ўргатиб кетган эди. Асарларида исёндан қайтариб, илмга тарғиб қилган аллома мероси қайтадан тирилди гўё, асарлари шарҳ ва изоҳлари билан таржима қилинди. Ҳаёти ва илгари сурган илғор ғояларига бағишланган, бирламчи манбаларга таяниб, суратга олинган ҳужжатли-бадиий фильм халқимиз эътиборига ҳавола этилди.

Кўриниб турганидек, Абу-л-Муин Насафий сингари юрти, дини, халқи учун жон фидо қилган юзлаб, балки минглаб алломаларимиз илмий меросини илмий асосда изчил ўрганиш, улардан кенг халқ оммаси, айниқса, ёшларимизни хабардор қилиш долзарблик касб этмоқда.

Маънавият исрофни эслатди. Исроф ҳам турлича. У молу дунёда ҳам, илмда ҳам бор. Ортиқча харажат ҳам, ноўрин сарф ҳам исроф. Ҳадисларда келтирилганидек, зиёфатнинг ёмони муҳтожлар қолиб, қорни тўқлар жамланганидир. Илмни ҳар кимга ўргатиш ҳам, бефойда илмга ружу қўйиш ҳам исроф. Демак, шогирд танлаш ҳам маҳорат ва ақл ишидир. Юксак маънавиятли инсон буларнинг барчасига тафаккур билан ёндашади. Тўй ва маросимларни камхарж қилади. Ўғлини ориятли қилиб тарбиялаб, келиннинг сепига кўз тикмайди.

Бизнингча, фитначи, жоҳил инсонлар билан бефойда баҳсу мунозарага киришиш вақт ва илм исрофи бўлса керак. Балки бундайларни шунчаки унутиш, асоссиз сўзларини эътиборга олмаслик, тингламаслик мақсадга мувофиқдир. Унинг ўрнига эзгу ишларга рағбат қилиш, вақтини илмга сарф қилиш мақсадга моликдирки, маънавият шундан куч олади.

Маънавият оила маданиятини ислоҳ қилди. Яхши ва ёмон хулқ оилада шаклланади, тарбия этилади. Унинг раҳбари — тарбиячиси бор. Оила раҳбарининг маънавиятию маданияти — қолган аъзолар учун ибрат, намуна. Оила маънавияти шунинг учун керак-да. Аслида, ҳар бир оила аъзосининг бурч ва вазифалари, мажбуриятлари аниқ белгиланган. Қадриятларимиз билан тартибга солинган. Уларга кўра, ота — раҳбар, она — тарбиячи, фарзандлар — ўрганувчи, итоат этувчи, ҳурмат қилувчи, тингловчи… Кексалар — дуогўй. Ёши улуғларда жамланган узоқ йиллик ҳаёт тажрибаси ёшларга аталган. Ёшларнинг куч-қуввати, хизмати эса катталарга. Бугун шуни англадик. Оилада фарзандлар ҳурматдан хизматга ўтди. Шу сабаб кексаларимиз иззатда, уйнинг тўрида.

Маънавият шу аснода динни англатди. Дин бошқа, эътиқод, ихлос бошқалигини билдик. Ҳар қандай дин даъвоси ҳам мукаммал имон эмаслигини тушундик. Диний масалаларга онгли ёндашув шаклланди. Бунда буюк аждодларимиз меросига таяндик. Хусусан, самарқандийлар, бухорийлар, термизийлар, шошийлар, фарғонийлар, насафийлар, уструшонийлар, субахийлар… қолдирган беназир илмий мерос муҳим. Улар орқали исломнинг асл ҳақиқатини англадик. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳозир дин борасидаги ўзгача таҳдидлар тобора кўпаймоқда. Аҳли зиё, маънавият вакиллари бу таҳдидларни чуқур англайди, қарши кураш йўлида бирлашади. Бунга ишонамиз. Демак, маънавият аҳли олдидаги вазифалардан яна бири ижтимоий тармоқ орқали кенг тарғиб қилинаётган мафкуравий таҳдидларга ўринли, асосли курашишдир.

Маънавият шукрни тарғиб қилади. Шукр ҳар кимда бор ва турфа. Раҳбарнинг шукри — унинг адолати, ходимники — итоати, ота ва онанинг шукри — масъулиятни ҳис этиши, фарзандники — хизматга шайлиги, олимнинг шукри — билганларини бошқаларга етказиши, огоҳлантириши, тарбия қилиши, жоҳил (илмсиз)ники — ўрганишга жаҳд қилиши… Хуллас, ҳар ким ўз бурчига садоқат кўрсатиши — шукр. Бундан ташқари, маънавий шукр ҳам бор. У қадриятларни эъзоз билиш, илмга рағбат қилиш, ўтганларга ҳурмат, келажак авлодга масъулиятли бўлишдирки, бу барчага бирдек тегишли.

Ҳар жабҳада бўлгани каби маънавий соҳада ҳам ечимини кутаётган муаммолар бор. Уларни бартараф этиш миллат равнақи, жамият тинчлиги учун зарур. Шукрни зиёда қилиш учун даркор. “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр”, дейди доно халқимиз. Дунёга боқайлик. Маънавиятдан кечганлар аҳволига назар солайлик. Маънавиятни қадр қилгани боис тараққий этганлардан ҳайратланайлик. Зеро, ҳайратдан маънавият пайдо бўлади. Маънавият мустаҳкам жой олган қалбда эса ёмонлик бўлмайди!

Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − fifteen =