Гап кўрган одамлар

Ўтган асрнинг 60-йилларида бир гуруҳ ҳамқишлоқлар Ховос туманининг янги очилган “Фарҳод” хўжалиги 5-бўлимига кўчиб келдик. Ҳаммаёқ бўзалам. Юмронқозиқлар инларидан чиқиб, бизларни кузатади-да, бир зумда кўздан ғойиб бўлади. Янги жойда чодир-чаманимизни ўрната бошладик. Кимдир омонат чайла тиклади, бошқа биров ертўла қазиди. Шу ер бизнинг абадий қўналғамизга айланди. У пайтларда электр чироғи қайда дейсиз? Оқин газ қайда дейсиз? Одамлар шунчаки тирикчилик — тирриқчилик учун курашиб яшашарди. Лекин бир нарса устувор эди: ҳамқишлоқлар ниҳоятда одамохун, аҳил-иноқ, меҳр-оқибатли эди.

Ўшанда эсимда қолган бир воқеа ушбу битикни ёзишимга туртки берди. Кўп куттирмай, қиличини қайраб қиш келди. Ҳамқишлоқлар гап-гаштак ташкил қилишди. Гапдошлар орасида ёши улуғлар ҳам, ўрта ёшлилар ҳам, навқиронлар ҳам бор эди. Ҳар ҳафтада навбати билан гапжўралар уйма-уй кўчиб юришарди. Гап навбати бизникига келганида, бир уй одам йиғилди. Тўрдан жой олган Худойқул амаким Ҳаққулов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) гап-гаштакнинг раиси экан. Биз, болалар хизматда эдик. Обиёвғон тановул қилингач, қизғин суҳбат бошланиб кетди. “Суҳбат у ёқ, бу ёқдан, гоҳ бошдан, гоҳ туёқдан” (Абдулла Орипов сатри) деганларидек, аввал ҳамқишлоқлар баҳорда амалга ошириладиган юмушлар, деҳқончилик ва чорвачиликни йўлга қўйиш ҳақида гаплашишди. Кейин китобхонликка ўтилди. Яссавий бобомизнинг “Ҳикматлар”ини падарим ёқимли овозда ўқидилар. Кексалар ёшларга турли панд-насиҳатлар қилдилар. Гап-гаштак охирида Худойқул амакимнинг айтган бир насиҳати қулоғимга муҳрланиб қолди:

— Оға-иниларим, гап-гаштакни биз фақат овқат ейиш, қорин тўйғазиш учун ташкил қилмаганмиз. Бу ўзига хос тарбия, меҳр-оқибат мактаби ҳамдир. Кўча-кўйда юрганингизда гап-гаштакдан олган яхши хулқ-атворингизни намоён қилинг. Теварак-атрофдагилар: “Булар гап кўрган экан десинлар!”

Дарҳақиқат, ўша пайтлари радио, телевизор деган матоҳлар анқога шафе эди-да. Қиш ўтиб, баҳор эшик қоққач, гапдошлар бир муштга айланиб, ҳашар йўли билан иморатлар тиклашди, тўй-тўйчиқлар қилишди. Гўзал қишлоқ барпо бўлди. Бола кўнглимда ўша пайтдаги гап-гаштак меҳр-оқибат, гўзал хулқ-атвор йўғрилган қадрият сифатида онгу шууримда нақшланиб қолган.

Мақоламизга факт йиғиш асно бир неча китобларни кўздан кечирдик. Гап-гаштак халқимизнинг қадим қадриятларидан бири эканлигига амин бўлдик. Бу маросим мамлакатимизнинг турли гўшаларида турлича номланаркан. Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида “гап”, “навбат”, жанубий вилоятларда “гаштак” (“гапи гаштак”), “халфана”, Хоразмда “қатор зиёфат”, “ўтиришма”, “гурунг” номи билан юритилар экан. Бундан ташқари, “гап”нинг ўрталиқда масаллиқ тўплаб тайёрланадиган турлари — “тўкма” ва “халфана” ҳам мавжуд. Бироқ гап-гаштак ҳақида бирорта махсус китоб битилганига гувоҳ бўлмадим. (Бу ҳақда қаранг: 12 жилдлик “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси”, II жилд, 570-571-бетлар: 5 жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, I жилд, 485-бет).

Албатта, даврлар ўтиши билан бу миллий қадриятимиз мазмунан бойиди, моҳиятан янгиланди. Илгарилари, асосан, қишлоқларда қиш фаслида тенгқурлар гап ўйнаган бўлсалар, бугунги кунга келиб синфдошлар, курсдошлар, маҳалладошлар, касбдошлар ўртасида ушбу удум бутун йил давомида амал қилмоқда. Кейинги пайтларда ҳожилар ўртасида ҳам гап ўйнаш урфга айланиб бормоқда. Ҳатто хотин-қизлар ҳам гап ейишнинг (гендер тенглик деб ўйласалар керак-да) кифтини келтиришмоқда.

“Гап”нинг жуғрофияси кенгайгани сари айрим ибратли жиҳатлари заха емоқда. Яқинда бир ҳожи отанинг “гап”ида бўлдик. Уларнинг “гап”ида битта қўчқор сўйиш мажбурият экан. Тўрт хил оби таом тайёрланди. Пишириқ ва мева-чеваларни айтмаса ҳам бўлади. Ҳангомалари ҳам ўзига яраша: қуюқ-суюқ. Ўйланиб қолдим: “гап”нинг харажатларини қисқартириб, ортганини етим-есирларга берилса, савоби чандон ортиқ бўлмайдими?! Ахир маҳаллаларда қозони ҳафталаб гўшт кўрмайдиган оилалар исталганча топилади. Ҳажга борган одамнинг бели бақувват эканлигини биламиз. Отнинг калласидек тўлови бор. Маккаи мукаррама, Мадинаи мунавварадан қайтгач, муборак динимизнинг арконларини астойдил бажариш ҳожиларнинг вазифаси эмасми? Демак, масъул идоралар ҳажга отланаётган кишиларнинг маънавий дунёсини ҳам яхшилаб кўрикдан ўтказсалар, нур устига нур бўларди. Ҳожилар кўпайгани билан жамиятимизда маънавий иқлим соғломлашмаса, не фойда?!

Гап-гаштакнинг обрў-эътиборини улуғлаган воқеаларга ҳам гувоҳмиз. 1998 йилнинг кузида Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон Гулистонда бир қўчқорнинг бошини олиб, сирдарёлик шоиру шуароларни чорлаганча гап-гаштак ташкил қилдилар. Навбат тарзда ташкил этилган гап-гаштак адабий гурунг шаклини олди. Ҳар навбатда янги ёзилган асарлар ўқилиб, ўрталиқда муҳокама қилинадиган бўлди. Чиройли ёзилган асарлар китоб ҳолида чоп этишга тавсия қилинди. Тўра аканинг ўзлари, хусусан, Ҳасан Абдувоҳидов, Абдуғани Абдураҳмонов, Бахтиёр Ўтанов каби сирдарёлик шоирларнинг илк китобларига сўзбошилар ёзиб берди. “Тўра Сулаймон гап-гаштагида” Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолари, адабиётшунослар, филология фанлари доктори Анқабой Қулжонов, филология фанлари номзоди Умрзоқ Ўлжабоев, фалсафа фанлари номзоди Равшанбек Маҳмудов, машҳур фельетончи Саминжон Султонов, адиблар Ҳамроқул Ризо, Мухтор Носир, Жўра Умарқулов ва бошқалар бор эди. Кези келганда, гап-гаштакка сирдарёлик аёл ижодкорлар ҳам меҳмон сифатида таклиф этиларди.

Гарчанд Тўра ака 2005 йил оламдан ўтган бўлсалар-да, ҳали-ҳамон гап-гаштак давом этмоқда. Халқ шоирининг ворислари, профессор Қозоқбой Йўлдош, шоир ва олимлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолари Ҳаёт Шодмон, Илёс Қувондиқов, Турсунбой Раҳмонов каби ижодкорлар “Тўра Сулаймон гап-гаштаги”ни давом эттиришмоқда.

Яхши иш улги бўлар, деганларидек, Тўра аканинг гап-гаштагига таассуб қилиб, биз, сирдарёлик журналистлар ҳам шундай удумга қўл урган эдик. Ҳар ойда бир ўтадиган гап-гаштагимизда бир гапдошимиз жаҳон адабиётининг бир дурдона асарини ўқиб, маъруза тайёрлаб келарди. Оби таомдан кейин ўша гапдошимиз ўқиган китобидан олган таассуротлари билан ўртоқлашарди. Бир ой миёнасида биз ҳам ана шу китобни мутолаа қилиб келардик. Қараб турибсизки, қизғин баҳс-мунозара бошланарди. Фикрлар тўқнашарди. Ақлимиз чархланарди. Ана шу тариқа жаҳонга машҳур адиблар Габриэль Гарсиа Маркес, Эрнест Хемингуэй, Рабиндранат Тагор, Нажиб Маҳфуз, таниқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов, ўзимизнинг севимли ёзувчиларимиз Абдулла Қодирий, Чўлпон, Одил Ёқубовларнинг асарларини ҳижжалаб таҳлил қилганмиз. Айниқса, Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” романи устидаги тортишувларимизда фикрларимиз бир тўхтамга келмай бўлиниб кетганди. Зеро, у пайтлари мавлононинг бирорта асари она тилимизга ўгирилмаган эди-да. Мутаржим Одил Икром таржимасидаги 6 жилдлик “Маънавий маснавий”ни мутолаа қилгач, бул зотнинг руҳий олами чексизлигига иймон келтирдик. Энди шу асар муҳокама қилинса, бутунлай бошқача фикрлар айтган бўлардим.

Халқимиз — ўта донишманд. Оддий маросимларни ҳам фалсафага, маъно-мазмунга тўйинтиради. Гап-гаштакнинг асл моҳияти — инсонларни яхшиликка, меҳр-оқибатга, якдилликка, маърифат ва маънавиятга ундаш сақланиб қолган. Тўғри, тўқликка шўхлик қилган баъзи гуруҳлар гап-гаштакни маишатга айлантираётгани ҳам бор гап. Улар билан маҳалла-кўй, кенг жамоатчилик шуғулланиши керак. Нима учундир менинг онгимга болалигимда Худойқул амакимдан эшитганим: “Гап-гаштак — тарбия ўчоқларидан бири. Гап кўрган одамлар бошқача бўлади”, деган айтими муҳрланиб қолган. Ўзим ҳам гап кўрган одам эканлигимдан фахрланиб юраман.

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × four =