Касбга муҳаббат

ёки армони йўқ журналист ҳақида
Йиллар ўтгани сари одамлар орасидан бир нарсани излай бошладим. Бу — муҳаббат. Аввало, ўзига, қолаверса, Ватанига, она халқига, атрофидаги одамларга, жамоасига ва, энг асосийси, касбига муҳаббат. Зотан, юраги муҳаббат билан тўйинган киши кўп нарсаларга қодир ва тайёр бўлади. Агарки касбига муҳаббат қўйган инсондан бирор юмуш сўралса, ҳар қандай вазият ва ҳар қандай шароитда ҳам у дастлаб хизмат бурчини устун қўяди. Шахсий манфаат ва бошқа нарсалар кейинги даражада туради. Бу хислат эса, айниқса, бугунги кунда ниҳоятда қадрланади ва шундай бўлиши ҳам лозим.
Шу маънода Тошкент вилоятида чоп этиладиган “Машъал” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Толиб Ҳакимов жуда катта ўрнак мактабини яратиб келмоқда. Эҳтимол, бу ном кўплар учун маълум ва машҳур бўлмаслиги мумкин. Дарҳақиқат, ҳозир таниқлиликнинг мезонлари бир оз ўзгарган. Агарки касбига, сўзига, ирфоний эътиқод ва шахсий қадриятларига содиқ одамлар жамиятда машҳур бўлганида, Толиб Ҳакимов давримизнинг энг таниқли инсонларидан бири бўларди.
Ҳамкасбимизни қирқ йилдан буён бир газетада, бир жамоада — бир даргоҳда меҳнат қилаётгани учун касбига содиқ, матбуотга садоқатли журналист демоқчи эмасмиз. Тўғри, чиндан ҳам Толиб Ҳакимов қирқ йилдан бери бир жойда ишлайди. Қирқ йилдан буён унинг “йўл харитаси” ўзгарган эмас. У бош муҳаррирлик қилаётган газета Тошкент вилоятидаги энг илғор нашрлардан бири. Нурафшон шаҳри ва Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимликлари муассислигидаги ушбу ижтимоий-сиёсий нашрда эълон қилинаётган материаллар ҳам мазмунан, ҳам географик нуқтаи назардан, қолаверса, дизайн жиҳатидан ҳам мамлакатимиздаги туман газеталарига намуна сифатида кўрсатишга арзигулик.
Умрининг қирқ йилини матбуотга бағишлаган ва бир марта бериладиган ҳаётининг бу вақтини бир газетада ўтказаётган қадрдонимиз Толиб Ҳакимов 2011 йилда “Машъал” газетасига бош муҳаррир этиб тайинланди. У газета ишини янги босқичга олиб чиқиб, матбуотчиликнинг энг сўнгги ютуқларини таҳририятга олиб келди, амалиётга татбиқ қилди. Хусусан, саккиз саҳифали газетага рангли саҳифалар қўшилди, ижодий жамоага қулай шароитлар яратилди, матбаа сифати ҳам ошди. Ўтган йиллар мобайнида газетхонлар билан яхши алоқа йўлга қўйилди. Муштарийлар ўз изҳорларини, фикр ва таклифларини севимли газетасига ёзадилар, таҳририят эса ўз вазифаси — таҳрир ишини адо этиб, уни матбуот орқали эълон қилади. Энг муҳим гап — таҳрирда. Чунки ҳозирги кунга келиб жузъий иқтисодий қийинчилик ва молиявий муаммолар билан андармон бўлиб юрган газета муҳаррирлари кўп ҳам таҳрирга аҳамият қаратмай қўйди. Бунинг оқибатида замонавий журналистикада таҳрир оқсай бошлади, савия саёзлашди. Бугунги кунда газета ва газетхон ўртасидаги айрим нуқсонлар ва “мажбурий обуна” деган сунъий ёрлиқ туфайли бир қанча таҳририятлар аҳволи танг бўлиб турган бир пайтда “Машъал” газетасининг адади чакки эмас. 2024 йил мобайнида бу газета қарийб уч минг нусхада чоп этиб келинмоқда. Маҳаллий газета учун бу ёмон кўрсаткич эмас. Мана шу хайрли ишларнинг бошида Толиб Ҳакимов турибди. Шу боис уни касбига содиқ ва фидойи журналист десак хато бўлмас.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш лозимки, раҳбарлик — йўғон бўйинбоғни бўйинга боғлаб, йиғилишларда савлат тўкиб юриш дегани эмас. Таъкидланганидек, Толиб Ҳакимов — истеъдодли ижодкор. Унинг муаллифлигидаги бир қанча танқидий-таҳлилий, ҳажвий мақолалар кўп марта кенг муҳокамаларга, туман миқёсида баҳсларга сабаб бўлган. Аммо ҳар доим муаллиф ўз мақсадига эришган. Таҳлилий мақола ёрдамида ҳолат рўйирост кўрсатилган, танқидий мақола орқали вазият яхшиланган. Толиб Ҳакимовнинг ҳажвий-журналистик асарлари алоҳида мавзу. Унинг шогирди, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Отабек Исроилов яқинда “Адабиёт зиёси” газетасида босилган мақоласида шундай ёзган:
“Ўтган аср 80-йиллари охирида “Машъал” газетасининг 1 апрель сонида чиққан бир мақолани шарҳламоқчиман.
Ушбу мақолада қадимий Тўйтепа шаҳридаги кўҳна тепаликлардан бирини қазиётган йигитларнинг дафинага дуч келганлиги ва ушбу дафинадан топилган қимматбаҳо гавҳар ва тангалар — хазинанинг қиймати тўғрисида сўз боради. Ушбу топилма тумандаги масъулларга топширилгани, уни тадқиқ этиш учун нафақат Тошкентдан, балки ўша вақтдаги марказ — Москва ҳамда дунёнинг бошқа бурчакларидан олим ва тадқиқотчилар ташрифи кутилаётгани ҳамда бойлик кучайтирилган тартибда қўриқланаётгани айтилади. Мақоланинг ниҳоясида эса газета чоп этилган кунга ишора қилиниб, бу 1 апрель ҳазили эканлиги маълум қилинади.
Эҳтимол, бир журналистнинг енгил юмори ёки хонада зерикиб ўтирган пайтида тўқиб-бичгани ҳангомаси сифатида бу мақолага юзаки қаралиши мумкин. Бироқ ўша вақтдаги вазият нуқтаи назаридан ёндашилса, мақола муаллифининг катта дарди зоҳир бўлади. Ахир ўша вақтда тарихий масканларга эътибор йўқолган, оломон билган ҳолича Тўйтепа тепаликларидан шахсий манфаати йўлида фойдаланаётган эди.
Табиийки, бу мақола кўплаб шов-шувларга сабаб бўлиб, муҳокамаларни юзага келтиради ҳамда журналист истеъдодини кўрсатиб беради”.
Юбилярнинг яна бир ҳамкасблари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари Маъмуржон Бозоралиев ва Анора Каримова ўтган ҳафта “Тошкент ҳақиқати” газетасида босилган мақоласида бундай ёзган:
“Бу йигит яқинда ҳарбий хизматдан қайтган тўйтепалик ёш журналист Толиб Ҳакимов бўлиб, “Ҳовузнинг қопқоғи” сарлавҳали фантастик жанрда танқидий мақола ёзиб келган ва уни “Машъал” газетасида чиқариш истагида экан.
Дарвоқе, ўша кезлари туман маркази Тўйтепанинг қоқ ўртасида катта бир сунъий ҳовуз бўлар эди. Ёнғин хавфсизлиги учунми, ё экзотика учунми, ёки бошқа мақсадда қурилганмиди — бунисини билмасдик. Аммо ўша сунъий ҳовуз ташландиқ ҳолатга келиб қолган, у хунук кўринишидан ташқари одамларга, айниқса, ўйинқароқ болалар учун жиддий хавф туғдирарди.
Фантастик мақолада муаллиф ҳеч ким эътибор бермай қўйган бу сунъий ҳовузга ҳатто ўзга сайёраликлар ҳам жуда қизиқиб қолганлиги, уни одамлар нима учун қуришганию, энди нима учун қаровсиз ташлаб қўйишганини астойдил билиш мақсадида тун ярмида “учар ликопчалар”да Тўйтепанинг қоқ марказига қўниб, бу “сирли объект”ни ўрганганлиги ва, алалхусус, бу ҳовузга қопқоқ ўрнатиб кетишгани ҳажв қилинади.
Бу ғайритабиий воқелик акс этган мақола газетада эълон қилингач, анча шовшувларга сабаб бўлди. Бир оз вақт ўтгач, бу ташландиқ ҳовуз текислаб ташланди”.
Шу икки мақола ва ундаги фикрларни далолат қилиб келтирган ҳолда айтиш мумкинки, Толиб Ҳакимов — юморнинг етук устаси.
“Машъал” газетасида бош муҳаррир давом эттираётган бир анъанани алоҳида қайд этиш жоиз. Бу — адабий соат. Вазирлар Маҳкамасида “Ҳукумат соати”, ҳудудий ҳокимликларда “Ҳокимлик соати”, ҳатто шифохоналарда “беш дақиқа” деган мажлислар ўтказилади. Жумладан, барча газета таҳририятларида ҳар ҳафта аввалида адабий соат йиғилишлари ўтказилар, бунда газетанинг ўтган ҳафта мобайнида чоп этилган сонлари таҳлил қилинар, ютуқ ва камчиликлар юзма-юз муҳокама қилинар ҳамда янги ҳафта режасига тартиб берилар эди. Айни кунларда аксарият газета таҳририятларида бу анъана йўқолаёзди. Бироқ “Машъал” газетасида бундай адабий соат йиғинлари Толиб Ҳакимов раислигида ҳар ҳафта ўтказиб келинади. Бу мажлисбозлик эмас, билъакс, “Машъал” газетаси эришаётган ютуқларнинг омилларидан биридир.
Толиб Ҳакимов — дуо олган йигит. Нафақат ота-онасидан, балки устозларидан ҳам. Нуроний ёшга етган отасига меҳрибон, эъзоз билан хизматда, оилада ҳам ака-укаларига ўрнак бўлган бўлса, жамоада устозларини эъзозлаб, янги авлод журналистларига, ҳамкасбларига намуна. Ҳозир ҳам умумхалқ байрамлари арафасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими билан ҳамкорликда журналистика фахрийларини йўқлашдан, улар билан доимий мулоқот қилишдан чарчамайди, бу ишни асло канда қилмайди.
Бош муҳаррирдаги дадиллик, шижоат, меҳнатсеварлик, бағрикенглик каби фазилатлар ҳаммада ҳам учрайвермайдиган хислатлардир. “Халқ сўзи” газетасининг Тошкент вилояти бўйича ишлаётган кезларим. Вилоят марказининг Нурафшон шаҳрига кўчирилиши муносабати билан кўчада қолдим. Пойтахтдан кўчган барча-барча ташкилотларни бино ёки хона билан таъминлаш мушкул масала эди. Шунда Нурафшон шаҳрининг қоқ марказидаги қўш қаватли “Машъал” газетаси бош муҳаррири Толиб Ҳакимов менга таҳририятдан жой берди. Хонани тўла жиҳозлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими фаолияти қайта йўлга қўйилганида ҳам бошпана масаласи кун тартибидаги биринчи вазифа эди. Шунда ҳам Толиб Ҳакимов кўмагини аямаган. Таъбир жоиз бўлса, Т.Ҳакимов раҳбарлик қилаётган идорада бўлим фаолияти қайта туғилган, қайта жонланган эди.
Шу йил Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига мувофиқ Толиб Ҳакимов “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. “Дўстлик” ордени билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида эришган катта ютуқлари, Ўзбекистон халқининг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорлигини ривожлантирганликлари учун мукофотланадилар. Албатта, Толиб Ҳакимов ҳам миллатлар ва давлатлараро дўстликни ардоқлайди, ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшиб келмоқда. Аммо, айтишни истардимки, у — энг аввало, дўстликни эъзозлайдиган, қадрини биладиган инсон.
Мақола аввалида касбга муҳаббат ҳақида сўз очган эдик. Йиллар давомида турли ташкилотларда меҳнат қилиб, кўпчилик билан танишганман, бирга ишлаганман. Агарки ходим ўз ишини севмаса, касбига муҳаббат қўймаса, натижадорликка эришиш жуда оғир кечади. Бундай ходим жамоага ортиқча юкдек гап. Толиб Ҳакимов эса ўзидаги касб муҳаббатини жамоадошларига, шогирдларига ҳам сингдира олган муҳаррир, раҳбардир.
Ўзидан яхши фарзандлар, яхши ном, яхши шогирдлар қолдираётган инсоннинг бу дунёда армони бўлмайди, албатта. Шу маънода ўзининг камолот ёшига пешвоз чиққан олтмиш ёшли муҳаррирнинг ҳам армони йўқ десак хато қилмасак керак. Омон бўлинг, ижодий ютуқлар бардавом бўлсин, қадрли ҳамкасб биродаримиз!
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган
ёшлар мураббийси.