Сўз мусаввири

Шоира Хосият Рустамова ижодига чизгилар

Шеър — бу кўнгил кечинмаси, ҳайрат, муҳаббатдан туғилган туйғулар тасвири.

Шоирнинг ботини қанчалар пок бўлса, тасаввурлари шаффоф, ҳислари гўзал, шеърлари ҳам яшовчан бўлади.

Таниқли ўзбек шоираси, Ўзбекистон ва Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Хосият Рустамова ижодида олам ва одам, замин-у замон, табиатнинг ёрқин тасвири, аёл қалбининг нозик хилқатлари мавзулари устунлик қилади.

Франц Кафка ёзганидек: “Кимки гўзалликни кўра билиш қобилиятини сақлай олса, ҳеч қачон қаримайди”.

Гўзаллик, аслида, нисбий тушунча. Аммо шундай гўзаллик борки, у ҳеч қачон ўзгармайди. Бу қалб гўзаллигидир.

Хосият Рустамова ҳам ана шундай гўзал қалбли шоира.

У табиатни, инсонларни севади. Шеърларининг мазмун-моҳияти бош мавзуси ҳам табиатдир. Қушлар, дарахтлар орқали инсонларни ва табиат ўртасидаги ҳолатларни тасвирлайди. Қалбни нима гўзаллаштиради?

Албатта, эзгулик, яхши амаллар, биринчи навбатда муҳаббат, Яратганнинг гўзал яратиқларини севиш орқали қалб янада гўзаллашади.

 

Ишон, Сени хафа қилмайман бошқа,

Кеч бўлса ҳам чиқдим. Қоп-қора адир.

Бир осмон юлдузни кўтариб бошга —

Сенинг йўлларингда турибман ахир.

 

Ушбу сатрларда табиатнинг тароватини сўзларда жаранглатиб, аёл қалбининг нозик кечинмаларини ёрқин рангларда тасвирлайди шоир.

Бу ҳолат, бу жараён, бундай кечинма фақатгина муҳаббатга мубтало бўлганларгагина таниш…

Сўзнинг сеҳри, асл шоирнинг маҳорати, поэтика мўъжизаси, фикр қудрати Хосият Рустамова ижодида яққол намоён бўлади.

Баҳор келиши биланоқ осмоннинг чеҳраси очилиб, қуёшнинг юзида табассум порлаб, бутун борлиқда ҳаёт ҳарорати сезилади.

Ушбу шеър орқали кўз ўнгимизда баҳорнинг дилбар қиёфаси жонланади:

 

Босар нозик ниҳолларни ғам,

Ёқмас ғарблик қушларнинг хулқи.

Баҳор эшик қоқиши билан

Еру кўкнинг очилар қулфи…

 

Ижод аҳли мудом эзгу ўйлар, самовий хаёллар оғушида ўзининг сирли оламида яшайди.

Аслида ҳам ҳақиқий шоирлик мана шу…

Менсиз ҳушдан кетар дарахт-у борлиқ,

Шамол кимнинг тутиб ўйнар сочидан.

Мен кетсам — тун ўлиб қолади аниқ,

Мен кетсам — ой ўлиб қолар очидан.

 

Шамол шоиранинг сочидан тортиб, эркалаб ўйноқлайди, дарахт унинг дарддошига, ой эса сирдошига, тун содиқ дўстига айланади.

Чинакам поэтик манзара, шоирона ўхшатиш.

Инсон зоти борки, мудом муҳаббатга муҳтож, унинг асири.

Дунёни ушлаб турган ягона куч ҳам муҳаббат.

 

Кўзимнинг ёшлари ювиб ғуборни —

Йиғлагим келганди ўшанда ичдан.

Айта оласанми,

Эсингда борми,

Қандай шароб эди мен ичган?

Қанча совуқ сувга юзимни чайдим,

Шунда ҳам кўринар ранглар фақат оқ.

Бошим айланмаса, маст бўлмасайдим —

Бу дунёда қолмасдим узоқ.

 

“Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи” деганларидек, ҳаёт доим бизни қувончлар билан сийлайвермайди. Инсон бошига синовлар келганида, ўзини яхшироқ англайди. Дунёга нима учун келгани, нима мақсадда яшаётгани хусусида мулоҳаза юритади.

Ҳаёт аталмиш неъматнинг улуғлиги, инсон отлиғ шарафга лойиқ кўрилганлигимиз, бизларга берилган умрни яшаб ўтишимиз ҳақида сўз боради.

“Шоирнинг боши айланиши”, тириклик неъматидан воз кечиб кетолмаслиги ҳам ҳаётга бўлган улкан муҳаббатидан далолатми?

Қайдам. Сўз шоирнинг қисмати дейишади…

Шоирнинг шеърлари ҳаётида ҳам акс этади.

Аллоҳ бу борада Хосият Рустамовага жуда сахийлик қилган.

 

Мен бормаган жойларга —

Шеърларим борар ҳали.

Шоира асарлари шу пайтгача ўттиздан ортиқ мамлакатларда чоп этилиб, дунё юзини кўрди.

 

Ҳеч нарсаси йўқ одамларнинг,

Умиди бор эртанги кундан,

деб ёзади шоира бир шеърида.

 

Ҳар биримиз бу ҳаётда орзулар билан, эзгу хаёлларимиз умиди билан яшаймиз. Фақатгина умиднинг ўзи билан эмас, кўзлаган мақсадга эришиш учун бугундан ҳаракатни бошлаб, муваффақиятлар мевасига умид боғласак, тўғри бўлади.

Ушбу сатрлар шеърхонни чуқур ўйга толдиради, тафаккур қилишга ундайди.

 

Жонимни ичяпман томчи-томчилаб.

Тўкилиб боряпман хазонлар каби,

Ям-яшил боғларни кўриб тушимда.

Айт, мени кимлардан

Асрадинг, Раббим!

Қаерга кетяпман шу кетишимда?!

 

Хосият Рустамованинг ижодига назар солар эканман, нафақат катта истеъдодга, балки ҳақиқий улуғ шоирларга хос юксак қалбга эга эканини-да англаш мумкин. Шоира ўзбек шеъриятига самовий нафас берувчи, сўзлар орқали инсон руҳиятининг энг туб жойларига етиб борадиган кучли шеърлар яратган беназир ижодкордир.

Хосият Рустамова шеърлари оддий ҳаётий тафсилотлардан илоҳий ҳисларга қадар кенг қамровли — сўзларнинг сеҳрини кашф этиб, инсон қалбига етиб борадиган ўзига хос хосиятли овозга эга. Унинг ижоди фақат мазмуний теранлиги билан эмас, балки қалбан нафислиги билан ҳам ажралиб туради. Бу шоиранинг ҳар бир сўзида, ҳар бир сатрида юракнинг юксак меҳр ва муҳаббат билан тўлиб-тошиши сезилади.

Одатда, буюк шоирларнинг қалби дарё каби кенг, уммон каби чуқур бўлади. Хосият Рустамова ҳам улкан қалби ва юксак истеъдоди билан ажралиб туради — инсонларга меҳр ила, яқинлари ва мухлисларига чин дилдан эҳтиром-ла яшайди.

Шоира Хосият Рустамова менимча,  шеъриятининг яна бир устувор жиҳати — уларнинг ҳар бир мисраси ичида яширинган чуқур фалсафийлик бўлиб, сўзлар орқали инсонни ҳайратда қолдиришни, дунёни янгича нигоҳда кўрсатишни моҳирона уддалашидадир!

Гўзалликка, муҳаббатга талпинаётган Хосият Рустамованинг ижод ва ҳаёт йўллари муҳаббатдек улуғвор бўлсин.

Жаҳонгир НОМОЗОВ,

ЎзЖОКУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + three =