Доимо ҳушёр бўлайлик!
Маълумки, бугунги кунда соҳа йўналишида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан жойларда турли тадбирлар олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қонун-қоидаларини тушунтирган ҳолда, уларга риоя этишга, ёнғиннинг олдини олишга эътибор қаратишдан иборат. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, олов билан курашиш фақатгина ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
“Ўз уйингни ўзинг асра” шиори ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила, ҳар бир корхона ва муассаса жамоасига тааллуқли. Аҳолига ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш борасида, чунончи, очиқ алангадан фойдаланаётганда эҳтиёткорлик чораларини кўриш, электр ва газ асбобларини доимо соз ҳолда тутиш, қўлбола асбоблардан фойдаланмаслик, белгиланган жойларда чекиш зарурлигини эслатиб ўтамиз. Ушбу қоидаларга ҳар доим риоя қилиб борилса, йиллаб тўпланган мол-мулкни, уй-жойни сақлаб қолиш, қолаверса, ҳар бир фуқаро ўзининг ва яқин кишиларининг ҳаётини ҳам асраб қолган бўлади. Болаларимизга тўғри тарбия бериб, Ватанимизга содиқ, ҳар томонлама етук инсон бўлиб камол топишига ҳисса қўшиш ҳар биримизга катта масъулият юклайди. Шундай экан, ҳамиша фарзандларимиздан насиҳатимизни, ҳаёт учун керакли сабоқларимизни аямаслигимиз керак.
Ҳеч ким ўз фарзандининг ногирон бўлиб қолишини истамайди, албатта. Ёнғин эса бир неча сонияда инсонларни мол-мулкидан, яқинларидан ҳам ажратиб юборадиган бир офатдир. Содир бўладиган ёнғинлар неча-неча инсонларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Бу эса бепарволигимиз, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслигимиз оқибатида рўй бериши мумкин.
Ушбу масканларда ёнғин содир бўлса, тез вақт ичида кенг майдонларга тарқалиб, инсонлар ҳаётига хавф туғдириши ва давлат мулкига катта моддий зарар етказиши мумкин.
Қурилаётган, қайта таъмирланаётган ва ҳозирда фаолият кўрсатаётган бино ва иншоотларда ёнғинга қарши чора-тадбирларни тўла-тўкис бажарсак, содир бўладиган ёнғинларнинг олдини олган ва ўз хавфсизлигимизни таъминлаш, юртимиз равнақи йўлида ҳиссамизни қўшган бўламиз.
М. РИСБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Маъмурий биноларидан фойдаланиш бошқармаси биносида ЁХТТЭ 2-бўлинмаси кичик инспектори, кичик сержант.