Миллатни китоб асрайди

ёхуд маънавиятсизлик касали хуружи ҳақида

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан бугун юртимизнинг деярли барча ҳудудларида тинимсиз тадбирлар ўтказилаяпти.  Ёзувчи – шоирлар, санъат аҳли, етук олимлардан иборат “Маънавият карвони” Ватанимизнинг олис қишлоқларида бўлиб омма, айниқса, ёшларимиз орасида миллат ва келажак бутунлиги борасида тинимсиз тарғибот олиб бормоқда. Албатта, кимдир  бундай мафкуравий юришларнинг фойдаси бормикан, деган ўйга бориши ҳам табиий. Шундай иштибоҳ туғилиши, яхшилик ва эзгулик ташвиқоти самара беришига шубҳа пайдо бўлиши ҳам бугун оммани жалб этишнинг энг самарали йўлини излаб топишга эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатади. Албатта, бу нарса осонмас. Ҳаммамиз билиб турибмиз, нафақат бизда, балки бутун дунёда одамийлик деган азалий қадрият саналган туйғулар топтала бошлагани, одамзот ўзлигидан узоқлашиб бораётгани, ҳаёт устуни — АХЛОҚ деган тушунча оёқ ости бўлаётгани сир эмас.  Бугун дунёни ахлоқ қутқаришига шубҳа қилмаган, бундан ўзга чора йўқлигига ишонган  қалб кўзи очиқ қавм барча эзгу туйғуларнинг ўзаги  китоб ва  адабиёт, деган хулосага келиб бўлди. Шунинг учун ҳам элимизда ўтказилаётган барча маърифий тадбирларнинг ҳам моҳиятига  китоб ва китобхонлик, халқни китобга қайтариш мақсади сингдирилган.

Очиғи,  қўлимизни, онгу шууримизни  телефон банд этиб, бизни ўзига тобе этиб олган ҳозирги кунда КИТОБ ҳақида гапириш кулгили туюладигандай. Чунки, ҳамманинг қўлида телефон. Ҳамма телефоннинг ичига қайтмайдиган бўлиб кириб кетаяпти: фақатгина бизнинг ўзбеклар эмас, барча шаҳарларда, барча ўлкаларда турфа одамларнинг аҳволи шу — телефонга термулиб қолган: кўчада, хиёбонда, ошхонада, тўйда, таъзияда, автобусда, метрода, кемада, самолётда… Ҳамма жойда хўроз бир хилда қичқираяпти.

Олдинлари китобга термулишган, китоб ўқишган, ҳаётини нурлантиришган, бугун эса умрини телефонга едиришаяпти. Интернет яхши албатта, узоғимизни яқин, фурсатимизни чақин қилди, лекин одамзот тайёр эмас экан бунга… Ўзимизни ўзимиздан узоқлаштирди, қалбимиз ҳиссиётлари музлаб бормоқдаки, бунга бандилик оқибатида, яхши – ёмон қоришиқ абгор дунёнинг аҳволи тасаввуримиздан эзгуликка эш тушунчаларни сиқиб чиқармоқда.

Кўчада кетаётган кекса муаллим юраги ҳуруж бериб, йўл четида йиқилиб қолган кезда мактабдан қайтаётган “ўқувчилар” қўл телефонга тасвирга олишиб, синфдошлар “телеграм тўдаси”да тарқатиб юборишди… Наҳотки, ҳузурланадиган, томоша қилиб завқланадиган ҳол шу? Наҳотки, раҳмсиз, шафқатсиз, чаёнсифат, илонсифат газандаларни тарбия қилаётган бўлсак? Икки хотин жанжаллашаяпти, бир-бирини савалашаяпти, Худо урган барзанги бу манзарани завқланиб телефонга оляпти ва дунёга кўз-кўз қиляпти. Ориятга ўт тушдими, эркакнинг ғурури ё номуси йўқолдими, билмайман, билмайман, нима бўлаяпти? Даҳшатли томони, буни лавҳа қилган эргумроҳ шу аёлларнинг шармандалигидан одамлар завқланади, деб ўйлайди… Бундай бедодликларни истаганча топиш мумкин; бўй етган ойимчаларнинг ҳамма жойини кўз-кўз этиши-ю, оғизни ҳаром қиладиган шаллақиликлардан тортиб, бировнинг кўрпа-тўшагигача ташқарига олиб чиқиш, на эркакка, на аёлга ярашиқли иш эмас. Буни англаш имконидан ҳам мосуво бўлганга ўхшайдилар. Ақлимизни интернет еб бўлди, дейин десангиз, ахир интернетдан эзгулик йўлида, илм-маърифат йўлида фойдаланиш мумкин эди-ку, нега шу аҳволга тушиб қолдик, деган ўй ич-этингизни кемиради. Агар сизнинг ақл ва дидингиз ювиқсизлик гирдоби ичида қолиб кетмаган бўлса, албатта, шундай ўйлайсиз…

Куни кеча тишни даволайдиган клиникада бўлдим. Одам кўп экан, навбатга турдим. Галим келишини кутаяпман. Чарм ўриндиқда ўтирган кўйи қўлтелефондан кўз узмаётган  беш-олти ёшлар чамасидаги қизалоқни кузатдим. Мен бир соатдан кўпроқ вақт кутдим, қизалоқ ҳам телефондан бош кўтармади, онаси тишини кўрсатгани кириб кетгану, қизининг қўлига шу матоҳни бериб, овуниб ўтирсин деган, албатта. Ҳайрият, она шўрлик оғзини ушлаб чиқиб келди. Қизалоққа кетамиз маъносида қўл узатди, қаёқда, қизалоқ рўпарасида онаси турганини пайқамади ҳам. Она уни турткилагач, ўзига келди – ё келмади, ўрнидан туриб атрофга аланг-жаланг бўлиб қаради ва ҳардамхаёл ортидан эргашди. Ишонасизми, қизалоқ қаердалигини, бу ерда нега ўтирганини ҳам унутиб қўйган эди…

Ўзимни тутиб туролмадим: “Мен қизингизни бир – икки бор гапга солмоқчи бўлдим, у эътибор қилмади. Тишингизни даволатишдан олдин қизингизнинг кўзини, руҳиятини ҳам даволатинг, у ҳеч нарсани, айни дам Сизни ҳам кўрмаяпти, қаердалигини ҳам унутиб қўйган, у бу дунёда эмас ҳозир…”, – дедим. Аёл менга эсхонаси чиқиб, олайиб қаради. Ангоридан “Жинни бўлганми, бу одам?”, деган маънони уқдим. Нимадир деб тўнғиллади, лекин унинг гапини бу ерда ёзолмайман. Аёл фақат бир гапни тўғри айтди, сен аввал ўзингни уйингдагиларингни тузат… Тан олайлик, деярли ҳаммамизнинг уйимиизда шу аҳвол, болаларимиз, невараларимиз ўзимизга қўшилиб телефонни еб – ютишмоқда.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Европанинг қайсидир бир шаҳрида тирбанд автобусда китоб ўқиётган болакайнинг суврати берилди.  Қалб кўзи очиқ одамлар учун, бутун дунёда Яхшилик, Эзгулик, Одамийлик ва Ҳайрат тимсолида намоён бўлди у. Ҳа, биз шу аҳволга келдик; китоб ўқиётган болакайни кўрсак, ҳайратланиб қарайдиган бўлдик… Аслида бу ҳам фожиадир, шундай эмасми?

Баъзида менга ўзингиз ҳам ҳикоя, у-бу нарсаларингизни шу телефон орқали жойлайсиз-ку, қўлтелефон бўлмаса, интернет бўлмаса, биз Сизнинг ёзганларингизни ўқимасдик-ку, деган иззагап қилишмоқчи бўладилар. Мен асарларимни китоб ҳолида ҳам чиқаришим мумкин, фақат телефонга термулган омма дунёда адабиёт, яхшилик ва эзгулик деган нарсалар ҳам борлигини билиб турсин, ҳеч бўлмаса, кимдир ўқийди-ку, деган фикрда интернетга ҳам жойлайман. Аминманки, бугун ижтимоий тармоқларга кимдир ўқиса ўқимаса-да, қалб ҳарорати сезилиб турган адабий асарлар, шеър ва мақолалар, таржималар жойлаётган зиёлиларимизда ҳам шундай фикр бор.

Нимадир қилиш керак-ку, китобсизлик касалига йўлиққан жамиятда ўзига шон-шуҳрат топиш илинжида эмас, балки, шу одамлар адабиёт ва абадиятдан баҳраманд бўлсин, руҳий тиниқликни йўқотиб қўймасин, деган мақсадда минбар топган адибу шоир, таржимон ва журналистлар, олимларимизга таъзим қиламан. Худога шукр, озми кўпми булар оммани нурга юзлантиришга уринмоқдалар ва бунга умид қилмоқдалар… Бу ўринда барча адабий-маънавий сайтлар, маърифий тармоқларга ташаккур айтаман. Ўзим кўриб-билиб, ўқиб бораётган замондош зиёлиларимизнинг хайрли ишлари гарчанд жаҳолат бўронига қарши қўлда шамчироқ кўтариб чиққан дарвешни эслатса-да, унинг нури зулумотни ёритишига ишонаман.

Тармоқ дунёсида зиёли, кўнгил нури сўнмаган замондошларим — ижод дунёсини қисмат деб билган кўплаб устозларим, қадрдонларим, укаларим ва сингиларимни кузатиб бораман. Улар адабиёт ҳеч қачон ўлмайди, яшайди, миллатни маънавият асрайди деган ақидага ишонишади. Мен ҳам ишонаман! Улар барча эзгулик эшиклари қулфига китоблар калит бўлишига-да ишонишади. Мен ҳам ишонаман. Ҳамон китоб нашри йўлида тер тўкаётган, бири икки бўлиши даргумон ноширларимизга таъзим қиламан.

Китоблар ҳеч қачон, ҳеч кимга юк бўлмайди. Чунки, китобларда дунёнинг юки, дунёнинг моҳияти бор. Улар бугун дунёни қутқариб қолиши мумкин. “Дунёни болаларга берайлик, ҳеч бўлмаса бир кунгина болаларга берайлик…”, деган шиор билан улғайган катта авлод вакиллари эндиликда, бу тагдор тушунчанинг моҳияти ўзгарганини ҳам сезиб турибмиз. Майли, дунёни болаларга бермайлик, фақат қўлимиздан келадиган иш, болаларимизнинг қўлидан қўлтелефонни олиб қўяйлик, шунинг ўзи етади. Бунинг учун ўзимиз қўлимизга китоб олишимиз керак, албатта…

Яна бир гап;  таълим тизимининг тепасида турганлар ўйлаб кўришар,  эҳтимол,  болалар нашрларини текин қилиш керакдир,  ҳеч бўлмаганда, ҳар бир синфга биттадан ўқувчиларнинг газета-журнали кириб борса,  муаллим шу нашрлардаги шеър ва ҳикоялар,  мақолалар юзасидан ҳам уйга топшириқлар берса,  балки болаларимизда китоб ўқиш кўникмаси шаклланармиди…  Ахир ўша нашрларда миллат мафкураси,  қадриятларимиз,  давлат сиёсати моҳияти болаларбоп тилда акс эттирилади-ку? Ҳар ҳолда бола бу дунёда шундай ўқийдиган нарсалар ҳам борлигини, дунё фақат телефондан иборат эмаслигини  англармиди,  дейсан-да киши. Яна бир орзу,  Ўзбекистонда бир кунни КИТОБ КУНИ деб белгилаш керакмикан. Ўша куни ТВ,  Радио,  барча сайтлар эрталабдан китоб ҳақида гапирса,  ота-оналар,  бобо-момолар ўша куни уйига фарзандлар ҳамда набиралар учун китоб кўтариб келса,  майли,  бозортўрва ё дўконхалтамизда сабзи-пиёз билан бирга бир донагина болалар учун китоб бўлса, ҳеч ким уйга қуруқ қўл билан кирмаса, фарзандлар учун китоб олиб келса,  муаллимми, дўхтирми, амалдорми,  ҳокимми ё вазирми, хуллас, Президент айтгандан кейингина ўқиган мактабига китоб совға қилганларнинг (эсингиздами?!) бари-барининг қўлида ҳеч бўлмаса  ўша кун  биттагина китоб бўлса, телевизор тўхтовсиз гапирса, радио гапирса, сайтлар бонг урса, хуллас, китоб совға қилиш кунини муқаддас бир байрамдай ўтказсак…

Китоблар бизга дунёни қутқариб қолишни ўргатади. Кимдан ё нимадан? Албатта, инсондан, дунёни инсондан қутқариб қолиш, яъни инсонларга инсон бўлиб яшашни ўргатади. Бизга бошқа нима керак? Сиз дунёни қутқаришга уринманг, ўзингизни ўзингиздан, яъни Инсонни Инсондан қутқаришни ўрганинг, шунинг ўзи етади. Шундагина Сиз дунёни қутқарасиз! Нимадан дейсизми? Ахлоқсизлик, фаҳш, ёвузлик, очкўзлик, ҳасад, хиёнат, сотқинлик, жамики урушлардан… Дунё жойида турибди, лекин бугун Инсон ўз жойи — инсонийликни тополмаяпти.

Ер шари — умумий уйимиз.

Китоблар эса шу уйнинг чироқларидир!

Қўчқор НОРҚОБИЛ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 1 =