Воҳанинг нуфузли маёғи

(“Chag‘oniyon” газетаси ва Денов босмахонаси тарихидан)
Тарихни объектив тарзда ўрганиш, холисона таҳлил ва талқин этишда ўша давр оммавий ахборот воситалари материаллари муҳим манба ҳисобланади. Чунки улар ўз даврининг воқелигини бевосита ёритган ва ушбу жараёнларда иштирок этган ёки кўрган ва эшитган муаллифлар томонидан баён қилинган. Бу жиҳат эса оммавий ахборот воситалари тарихини ва унинг манбавий аҳамиятини ўрганиш нақадар долзарб эканлигини англатади.
Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, Сурхондарё вилоятида газетачилик ўзига хос тарихий йўлни босиб ўтган. XX асрнинг 30-йилларида совет ҳокимияти Сурхондарё округида ҳам ўз мафкурасини тарғиб қилиш мақсадида маҳаллий матбуотни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратади. Табиийки, бу жараён воҳа ижтимоий ҳаётида тарихий аҳамиятга эга муҳим воқелик эди.
1932 йилнинг март ойидан Жарқўрғон туманида “Чегара зарбдори”, апрель ойидан Паттакесар (1933 йил 8 январдан буён Термиз) туманида “Қизил чегара”, Денов туманида “Қизил Денов”, Сариосиё туманида “Сариосиё ҳақиқати”, май ойидан Бойсун туманида “Қизил меҳнатчи”, Шеробод туманида “Колхоз овози” сингари дастлабки газеталар чоп этила бошланди.
Деновда 1932 йил 2 апрелдан лотин алифбосида кичик бир варақ ҳажмда нашр этила бошланган “Қизил Денов” газетаси муҳаррирлигини август ойигача туман партия қўмитасининг масъул ходимлари бажаришган. 1932 йил 12 августдан Ҳалимжон Боқиев газета муҳаррири этиб тайинланади.
“Бир варақ, яъни икки саҳифалик газетада фақат икки киши ишлардик. Шароит йўқ, ҳатто оддий ёзув машинкаси бўлмаганлигидан материалларни қўлёзма тариқасида босмахонага топширардик. Газета чиқариш қийин эди, яқин ва узоқ қишлоқларга бориб, мақола тайёрлаб келардик”, деб ҳикоя қилганди газетада масъул котиб, муҳаррир бўлиб ишлаган Мамаражаб Ҳайдаров (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин).
Деновда газета ташкил этилиши баробарида босмахона ҳам ишга тушган. Томига қамиш тўшалиб, лойсувоқ қилинган пахсали икки хонадан иборат бинонинг бир хонасида газета таҳририяти, иккинчисида эса босмахона жойлашган бўлган. “Босмахонада газета саҳифаларидаги барча ҳарфлар битталаб қўлда терилган. Тайёр бўлган саҳифалар бўйи 6, эни 3 метр бўлган босиш ускунасининг катта ғилдирагини қўлда тўрт маротаба айлантириш орқали чоп этилган. Қоғоз кесиш ҳам қўлда бажарилиб, бунинг учун чархга ўхшаган қўлбола мосламадан фойдаланилган. Электр йўқлигидан барча ишлар чироқлар ёруғида бажарилган”, — деб ёзганди 1965-2012 йилларда “Чағониён” газетасида турли вазифаларда ишлаган истеъдодли журналист Абдуқаҳҳор Ҳодиев (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) 2002 йилда нашр этилган “Саодатли карвон” номли тўпламда.
“Қизил Денов” газетаси муҳаррири Ҳалимжон Боқиев 1937 йилгача, Қашқадарёдан тажрибали матбаачи Турсун Комилов келгунга қадар босмахона директори вазифасини ҳам бажариб келган. Вилоятда биринчи бўлиб ташкил этилган ушбу босмахонада “Қизил Денов”дан ташқари Сариосиё туманининг “Сариосиё ҳақиқати”, Бойсун туманининг “Қизил меҳнатчи” газеталари ҳам чоп этилган. Босмахонанинг ҳам бор-йўғи икки нафар ишчиси бўлиб, лотин алифбосидаги ҳарфларни битталаб қўлда териб бўлишгач, улардан бири тайёр саҳифани чоп этиш учун ускунага қоғоз ташлаб турса, иккинчиси босиш ускунасининг катта ғилдирагини айлантириб турган.
“Чағониён” газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган иқтидорли журналист Савриддин Истамов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) Денов босмахонасининг илк ишчиларидан бири, қирқ йилдан зиёд ушбу корхонада меҳнат қилган Мисси Холиқназаров билан 1982 йилда бўлган суҳбатини эслаб, “Саодатли карвон” номли тўпламда шундай ёзган эди:
— 1933 йил мен босмахонада ишлай бошлаганимда 16 ёшда эдим, — деб ҳикоя қилган эди Мисси ака. — 3-4 йил ишимиз ривож топмади. “Қизил Денов”дан ташқари Сариосиё ва Бойсун туманлари газеталари ҳам шу ерда чоп этиларди. Газета саҳифаларидаги ҳамма ҳарфлар қўл билан териларди. “Айсберг” номли қўлбосма чоп этиш дастгоҳини юргизиш катта кучни талаб қиларди. Унинг ғилдирагини айлантириш учун навбатма-навбат ишлардик. 1937 йили босмахона ишини ривожлантириш учун Қарши шаҳридан Турсун Комилов деган киши келди. У киши директор бўлган йиллари ишимиз анча ривож топди. Директорнинг турмуш ўртоғи Хадича Абдулина ҳам билимдон полиграфчилардан бири эди. Яхши эслайман, 1965 йили босмахонага “Н-4” русумли ҳарф терадиган линотип машинаси олинганда корхонамизда байрам бўлиб кетганди…
“Қизил Денов” газетаси 1934-1935 йилларда “Зарбчи колхоз” ва “Колхоз учқуни”, 1935-1962 йилларда яна “Қизил Денов”, 1962-1991 йилларда “Ғалаба учун” номлари билан нашр этилган. 1992 йилнинг 1 январидан “Чағониён” номи билан аталиб келинмоқда. Қарийб 93 йилни ортда қолдирган газета не-не машаққатли ва синовли даврларни, албатта, жонкуяр, фидойи, маърифатли кишилар ҳамда муҳаррирларни кўрди.
Ҳалимжон Боқиевдан сўнг турли йилларда Қобилжон Холматов, Турсун Комилов, Саттор Ёдгоров, Амина Насибулина, Иззатулло Розиқов, Анвар Остонақулов, Мамаражаб Ҳайдаров, Аҳадулло Пўлатов, Қирғизбой Камолов, Қурбон Норқулов газетага муҳаррир ва айни бир пайтда босмахонага раҳбарлик қилишган бўлса, 1978-1990 йилларда Абдиназар Хидиров, 1990-2013 йилларда Зойир Мамажонов, 2013-2023 йилларда Сирожиддин Мамажонов бош муҳаррир бўлишди. 2023 йилдан буён Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Феруза Тўраева газета бош муҳаррири лавозимида фаолият юритмоқда.
“Чағониён” 2001 йилгача ҳафтада 2 марта 4 саҳифада 12 минг нусхагача, 2001 йилда ҳафтада 1 марта 8 саҳифада 8 500 нусха, 2002-2010 йилларда 16 ва 24 саҳифада 16 300 нусхагача, 2011-2018 йилларда 12 саҳифада 8 500 нусхада чоп этилган. Газета турли йилларда А-2, А-3, А-4 форматларда туман, вилоят, Қарши босмахоналарида, Тошкентдаги “Шарқ” нашриёт-матбаа корхонасида нашр этилган.
Албатта, одамнинг умри унинг ёши билан ўлчанмагани сингари оммавий ахборот воситаларининг, чунончи, газеталарнинг салоҳияти — қуввати унинг адади билан белгиланмайди. “Чағониён” газетаси мазмун-мундарижаси бой, ўқишли, халқ руҳига яқин ва унга нафи тегадиган бўлгани учун ҳам энг оммабоп газеталар қаторидан жой олди, тиражи йилдан-йилга кўпайди, довруғи вилоятдан ошиб, бутун мамлакат бўйлаб ёйилди. Бунда эса унга 1990-2013 йилларда бош муҳаррирлик қилган, ўзбек журналистикасида ўзига хос ижод мактабини яратган забардаст журналист ва адиб Зойир Мамажоновнинг хизматлари беқиёс.
Газетада турли йилларда Тошқўзи Муллаев, Ҳайдар Зокиров, Аҳмад Тўраев, Шомил Шокиров, Тожиддин Раззоқов, Абдуқаҳҳор Ҳодиев, Каромат Аҳмедова, Шоймардон Расулов, Савриддин Истамов, Шарифа Алиева, Шаҳодат Шаропова, Исматулла Ҳалимов, Искандар Халилов, Зарифжон Хидиров, Эгам Дўст, Нормурод Темиров, Саодат Норқулова, Бахтиёр Олломуродов, Шарофиддин Шамсиддинов, Абдумалик Ҳайдаров, Эшмамат Тўраев, Шодмонқул Саломов, Шуҳрат Азизов ва номлари санаб ўтилмаган яна кўплаб фидойи журналист-ижодкорлар меҳнат қилган.
Менгзиё Сафаров, Аббос Малик, Хуррам Мақсадқулов, Тоғай Мурод, Низомжон Парда, Мелиқул Ханжар, Чоршанби Деҳнавий, Гуландом Тоғаева, Очил Аслонов, Хуррам Райимов, Холбиби Эргашева, Насрулло Холмуродов каби таниқли ёзувчи ва шоирлар, Бойсундан Собир Ёдиков, Термиздан Маҳмуд Абулфайз, Олтинсойдан Алимардон Бўронов, “Халқ сўзи”нинг вилоятдаги мухбири Олимжон Усанов, “Ахборот” дастуридан Жўрақул Турсунов, “ЎзА”да фаолият кўрсатган Чори Тўхтаев, Искандар Хўжаев каби қалами ўткир ижодкорлар газета билан ҳамкорлик қилишган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тоштемир Турдиев ҳозирда ҳам “Чағониён”чиларнинг ардоқли устози.
1958 йилда Денов, Шўрчи ва Узун туманлари босмахоналари бирлашди. “Босмахоналарни бирлаштириш учун Шўрчи ва Узун босмахоналарининг ҳарфларини Деновга мен олиб келганман. Шундан сўнг босмахона билан таҳририятга битта раҳбар тайинланди. Муҳаррир Изатулло Розиқов раҳбар бўлдилар. Ўшанда қўлда ҳарф териш цехига ҳеч ким топилмагани учун мен бошлиқ бўлдим. 1964 йилдан линотип цехи ишга тушди, линотип металини эритиш билан бирга омбор мудирлигини ҳам бошқардим. Кейинчалик таҳририят билан босмахона яна иккига бўлинди. Босмахонага Шароф Темиров директорлик қила бошлади. Иззатулло ака эса муҳаррир. Босмахона ишчиларидан Мисси Холиқназаров, Хадича Абдулина, Фанзия Забирова, Мунаввара Юнусова, Галина Чернецкая, Галия Фозилаҳмедовалар билан биргаликда ишлаганмиз”, деб эслайди Денов босмахонасида 1954-1958 йилларда директор, ундан кейин то 1968 йилгача турли вазифаларда ишлаган Назифа Галиева “Чағониён” газетасининг 2002 йил 20 декабрь сонида.
1959 йилда босмахона ва таҳририят учун нисбатан қулайликка эга бўлган янги бино қурилди. Вақт ўтиши билан оғир қўл меҳнати бироз камайиб, унинг ўрнини ўша замоннинг янги техникалари эгаллай бошлади. 1965 йилда босмахонага “Н-4” русумли ҳарф терадиган линотип машинаси ўрнатилиб, газеталарни босмага тайёрлаш жараёнига сарфланадиган вақт анча қисқарган бўлса-да, бу ишга ўта масъулият билан ёндашиш талаб этилган. Чунки мақолалар матнини териш учун машинада аввал қўрғошин эритилган, сувдек суюлиб қолган қўрғошин кичкина ҳарфлар қолипчаларига қуйилиб, матрица ясалган. Газетанинг бир қатор ёзуви — битта матрица бўлган. Энг ёмони — шу бир қаторда бирорта имловий хато ўтиб кетса ёки қолипга қўйилган металл, яъни бутун газета саҳифаси тўкилиб кетса, ҳамма иш бошқатдан қилинарди.
1976 йилда Республика давлат матбуот қўмитаси ташаббуси билан босмахона ва таҳририят учун кенг ва муҳташам, анча қулайликларга эга бўлган янги бино қуриб берилди. Ёш ва ғайратли мутахассис Муҳаммади Жўраев директор этиб тайинланди. Янги бинога линотип, чоп этиш, қоғоз қирқиш каби ўша даврнинг энг янги техникалари келтириб ўрнатилди.
1982-1983 йилларда вилоят матбуот бошқармаси қўллаб-қувватлови билан босмахонага Ленинграддан 5 та линотип, 3 та офсет машинаси ва бошқа техникалар олиб келиб ўрнатилгач, Қашқадарё ва Сурхондарё босмахоналари ичида биринчи бўлиб Деновда барча матбаа маҳсулотлари офсет усулида чоп этила бошланди, иш сифати ва унумдорлиги кескин ошди. 1992 йилда корхонада муҳр ва тамға цехи ишга туширилди. 1997 йилда компьютер маркази ташкил этилиб, газеталар замонавий компьютерларда терилди. Термиздаги вилоят босмахонасида юқори босма усулда чоп этилаётган ўнга яқин газеталар Деновда офсет усулида чиқариладиган бўлди.
2002 йилдан босмахоналарни хусусийлаштириш жараёни бошланди, Денов босмахонаси ҳам масъулияти чекланган жамиятга айлантирилди. 2014 йилга келиб мавжуд ускуналар маънавий эскиргани, босмахонани техник жиҳатдан янгилаш ҳаётий заруратга айлангани сабабли унга Германия технологияси асосида ишлаб чиқарилган, қиймати 273 минг АҚШ доллари бўлган, 4 хил рангли, соатига 16 минг босма табоқ газетани чоп этиш қувватига эга “Ротостар” матбаа ускуналари жамламаси келтириб ўрнатилди. Шу тариқа вилоятдаги аксарият газеталар Денов туман босмахонасида рангли ва сифатли чоп этиладиган бўлди. Бу эса аксарият газета муҳаррирларининг газета чоп эттириш учун Тошкент, Самарқанд ва республиканинг бошқа вилоятларига сарсон бўлиб боришларига барҳам берди.
Шу тариқа Денов босмахонаси “Чағониён” газетаси билан бақамти узоқ тарихий-тадрижий йўлни босиб ўтди. Унга энг узоқ — 44 йил раҳбарлик қилган фидойи инсон Муҳаммади Жўраевнинг босмахона равнақи йўлидаги хайрли ишлари бугун ўзбек матбааси солномасини безаб турибди. Ҳозирда “Денов босмахонаси” МЧЖ фаолиятини ота касбининг давомчилари бўлган Фахриддин ва Отабек Жўраевлар бошқариб келишмоқда.
“Чағониён”дагилар эса ҳамон белни маҳкам боғлаб, халқ хизматига шай. Газета туман ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ва илмий ҳаётига доир долзарб воқеликларни ҳозиржавоблик билан турли адабий шаклларда оммага етказиб келмоқда.
Заҳириддин ТЎРАЕВ,
Сурхондарё вилояти Ахборот ва оммавий
коммуникациялар бошқармаси бошлиғи.