Шинжон: узумини енг, боғини сўранг

Шинжон Уйғур автаном районининг денгиз сатҳидан 159 метр пастликда жойлашган, улкан қозонни эслатувчи Турфон шаҳри. Сув тақчил, ёз чилласида ҳарорат +60 даражага етади. Шу жойда одамлар узум етиштиради.
Жамият ҳаёти кенг қамровли, воқеа-ҳодисалар ривожи тез, ахборот оқими шиддатли, муҳим янгилик ва ўзгаришлар деярли ҳар куни содир бўлади, бинобарин, ОАВ нечоғлиқ фаол бўлмасин, баъзи янгиликлар, маънавий тарбия йўналишидаги айрим бепарволиклар эътибордан четда қолиши ва кейинчалик чуқур илдиз отиб, жиддий касалликка айланиши мумкин. Шу боисдан ҳам кейинги йилларда дунё матбуотида бирор муаммони ҳар тарафлама ўрганиш, сабаб ва оқибатларини очиб бериш, мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш журналист суриштируви сифатида муҳим вазифага айланди. Мутахассислар бундай суриштирувлар натижасида ёзиладиган мақолаларни жамиятнинг ривожи билан бевосита боғламоқдалар.
Матбуот жамиятнинг демократик институтларидан бири экан, жамият ўз олдига қандай вазифа қўйган бўлса, матбуот олдида ҳам айни шундай вазифа туради. Бундан англашиладики, ижтимоий-сиёсий тузуми турлича бўлган жамиятларга мансуб ахборот воситаларининг вазифаси бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Буни ривожланган ва тараққий топган мамлакатларнинг матбуоти билан миллий ривожланиш йўлига энди-энди қадам қўяётган мамлакатларнинг матбуоти мисолида аниқ кўриш мумкин.
Англияда матбуот неча асрлардан бери мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг таркибий қисми, таъбир жоиз бўлса, кўзгуси ҳисобланади. Франция ёки Бельгияда, борди-ю, кимдир журналистлар тарқатган хабарнинг тўғрилигини шубҳа остига олсалар, журналистлар маълумот манбаини ошкор қилишлари шарт эмас, эътирозга сабаб бўлган хабарни ошкор қилишдан аввал ундаги маълумотларнинг тўғрилигини текшириб кўрганлари ва тўғрилигига ишонч ҳосил қилганларини исботлаб берсалар бўлди. Даниялик журналистлар мамлакат қонунларида кўзда тутилганидек, бирор жиноят иши тўғрисида ёзмоқчи бўлсалар, суд ҳукми кучга киргач ва жиноятчи жазо муддатини ўтай бошлаганидан кейингина бу хусусда фикр-мулоҳаза билдиришлари мумкин.
Швецияда журналист суриштируви билан шуғулланиш жамият ҳаётида фахрли ишлардан бири ҳисобланади. Бу иш билан марказий газета-журналларнинг мухбир ёки репортёрлари, вилоятлардаги ижодкорлар фаол шуғулланади. Улар бирор-бир сирни очишга муваффақ бўлишса, мақола ёки репортажларини газета-журналлар таҳририятларига мўмай пулга сотишади. Бу жанрнинг ютуғи ҳам, камчилиги ҳам шунда. Чунки журналист суриштируви билан кўп ҳолларда профессионал журналистлар эмас, кўпчиликка маълум бўлмаган бирор сирни ошкор этиб, ном қозониш илинжида бўлган ҳаваскорлар шуғулланади.
Россияда бу жанрнинг жамоатчилик эътиборига тушишида собиқ иттифоқнинг тарқаб кетиши билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий вазият, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошидаги ялпи криминал ҳолат, мамлакат бўйлаб ҳукм сурган бошбошдоқлик сабаб бўлди дейиш мумкин. Бу даврда эълон қилинган кўплаб мақолалар, айниқса, телекўрсатувлар машаққатли журналист суриштирувининг натижасида юзага келган.
Кейинги пайтларда шаҳар, мамлакат, қитъа, дунё миқёсида “Гўзаллик танловлари”ни ўтказиш ва ғолиб деб топилган қизларга “Москва маликаси”, “Россия маликаси”, “Осиё маликаси”, “Африка маликаси”, “Дунё маликаси” тожини кийгизиш одат тусини олди. Журналист Борис Соболев бу дабдабали, кўзни қамаштирувчи тадбирлардан қандай мақсад кўзда тутилишини, бундан кимлар манфаатдор эканини аниқлайди, гўзаллик конкурсларида иштирок этган қизларнинг аянчли, баъзи ҳолларда фожиали тақдири билан қизиқади. Масалан, журналист анъанавий “Москва гўзали” танловини таҳлил қилар экан, ғолибларни аниқлаш, тожни кимга кийгизиш қайси талаб ва тамойиллар асосида амалга оширилишини кузатади. Маълум бўладики, гап номзод қизларнинг гўзаллиги, ақл-идрокида эмас, талабгорларга ҳомийлик қилаётган ҳомийларнинг чўнтагида экан. Совринли ўринлар кимошди савдосида бўлганидек, бозорга қўйилади: 500 минг доллар, 1 миллион доллар, 2 миллион доллар, 3 миллион евро ва ҳоказо. Очиқ-ошкора савдо. Пулини тўланг, марҳамат, сиз айтган қиз ғолиблик шоҳсупасида! Шу кундан бошлаб унинг инон-ихтиёри сизнинг қўлингизда.
Журналист суриштируви ўзбек матбуотида нисбатан янги йўналиш дейилади. Журналист таҳририят топшириғи билан мақола ёки очерк ёзишга киришар экан, тегишли суриштирув ўтказади: мавзуга дахлдор одамлар билан суҳбатлашиб, уларнинг мулоҳазаларини эшитади, раҳбарларни тинглайди, тегишли ҳужжатлар, ҳисоботлар билан танишади. Шундай йўл тутиб ёзилган мақолалар оз эмас. Демакки, бу йўналишни матбуотимиз учун бутунлай янги деб бўлмайди. Таниқли журналистлар Ҳабибулла Олимжонов, Бекқул Эгамқулов, Абдунаби Ҳайдаров, Ёқубжон Хўжамбердиев, Камол Матёқубов, Сафар Остонов, Муҳаммаджон Обидов, Дадахон Ёқубов, Дилмурод Қирғизбоев, Элвира Тухватуллина ва бошқа ҳамкасбларимизнинг чуқур жиддий таҳлилли чиқишлари фикримизга далил бўла олади. Бугун бу фаолиятнинг энг яхши намуналарини “Kun.uz”да, ЎзА сайтида, Зуҳриддин Исомиддинов, Муҳтарама Улуғова, Ҳаким Сатторий, Умид Бекмуҳаммад, Гулчеҳра Жамилованинг “Ишонч”, “Hurriyat”, “Маърифат” газеталарида эълон қилинаётган мақолаларида кўриш мумкин.
“Журналист суриштируви” ибораси кенг маъноли ижодий фаолият тури бўлиб, фақат суриштириш, бирор жойдан камчилик топиш, аниқлаш ва ошкор қилишдангина иборат эмас. Журналист мамлакат, жамият, одамлар ҳаётида мавжуд, аммо эътибордан четда қолаётган ижобий воқеалар, фактларни чуқур ўрганиши, матбуот, телевидение ва радио орқали тарғиб қилиши, бошқаларга намуна қилиб кўрсатиши зарур. Таниқли тележурналист, касбига доир ўзига хос маҳорат мактаби яратган Муҳаммаджон Обидов муаллифлигида суратга олинган “Шинжон: Турфон мўъжизалари” ҳужжатли фильмини томоша қилар эканман, кўнглимдан шу фикрлар ўтди. Матбуотда, асосан, хабар, янгилик бирламчилик қилади, аммо бугунги журналистикада ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий таҳлил, воқеа-ҳодисалар, натижаларни қиёсий ўрганиш жиддий аҳамиятга эга.
Муҳаммаджон қалами ўткир, ҳаракатчан, ташаббуссиз туролмайдиган касбдошларимиздан бири. Телевидениеда узоқ йиллар тер тўкиб, репортаж, интервью, ҳисобот, таҳлилий лавҳа, фельетон жанрларида самарали ижод қилди. Бўлажак журналистлар учун ўнга яқин амалий қўлланма китоблари чоп этилди. Бугунги фаол журналист учун зарур бўлган муҳим хусусиятлар — журъат, қатъият, тезкорлик, ҳозиржавоблик, бирламчи манбалар билан ишлаш, ишонтириш, воқеа-ҳодиса моҳиятини фикрлар хилма-хиллиги асосида очиш, мантиқий хулоса ва бошқа жиҳатлар орқали ёш қаламкашларга намуна кўрсатди. Унинг олис-яқин хорижий мамлакатлардан тайёрлаган туркум телерепортажлари, ютуқлар билан бирга камчиликларни ҳам жиддий ўрганиши, халқимизнинг тинч-тотув ҳаётига хуружлар чоғи жасорат билан репортёрлик қилгани чиндан ҳам ибратлидир. Шу маънода ушбу ҳужжатли фильм журналист касбдошимиз истеъдодининг яна бир янги қиррасини очди, десак, муболаға бўлмайди.
Фильмнинг мавзуси оддий. Шинжон Уйғур автаном районининг денгиз сатҳидан 159 метр пастликда жойлашган, улкан қозонни эслатувчи Турфон шаҳри. Сув тақчил, ёз чилласида ҳарорат +60 даражага етади. Шу жойда одамлар узум етиштиради. Фильмда кўрсатилганидек, турфонликлар бу ишни деҳқончилик санъатининг юксак чўққисига кўтаришган. Тасвирчи Элёр Олимов экранга олиб чиқилаётган ҳар бир кадрга ўзига хос маъно-мазмун бахш этгандай. Бошловчи (Муҳаммаджон Обидов) ҳар бир факт, ҳар бир тасвирга жон бағишлагандай суҳбат олиб боради. Турфонликларнинг коризлар ёрдамида ерости сувларидан фойдаланишдаги ноёб тажрибаси, маҳсулотни сақлаш ва экспорт қилиш маҳорати томошабинда жиддий қизиқиш уйғотади.
Дарвоқе, коризлар… Ерости сувларини йиғиш ва ер юзасига чиқариш учун қуриладиган бу ноёб иншоотларнинг тарихи ғоят қизиқарли. Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиё, Марказий Осиёнинг тоғли ва тоғолди зоналарида ўз вақтида кўплаб қазилма коризлар бўлган. Бухоро, Самарқанд, Навоий вилоятларидаги коризларнинг сони икки юздан ортиқ бўлган. Йигирманчи асрнинг 20-йилларигача кориз сувларидан экинларни суғоришда фойдаланилган. Коризларни бир-бирига улашда ер ости сувлари сатҳида рўй берадиган ўзгаришлар, жой рельефидаги нишаблик махсус асбоблар ёрдамида аниқ ҳисоблаб чиқилган. Қудуқларнинг чуқурлиги 12-15 метрдан бошланиб, 60-70 метргача борган. Қудуқлар сувли қатламга туташадиган лаҳим орқали бир-бирига табиий ҳолда бирлаштирилган. Масалан, Нуротадаги “Мастон” номли коризнинг 280 та қудуғи бўлган. Қисқача айтганда, коризлар ёрдамида ерости сувларидан фойдаланишни бепоён чўлларда қурилган сардобалар каби яқин ўтмиш аждодларимизнинг энг муҳим ихтироларидан бири дейиш мумкин. Қарангки, бу усул Турфонда сақланиб қолибди, янада ривожланибди. Кориздан коризга ўтаётган сув шовқинида олис ўтмишнинг овозини эшитгандай бўлади киши.
Ҳужжатли фильм яратишда маълум чегараланиш бўлади — ҳар бир фикр аниқ фактга, натижага, кўрсаткичга асосланиши керак. “Турфон мўъжизалари”да ҳам шундай: маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, узумзорлар, оилавий боғбончилик, ҳосилни сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва ҳоказолар ғоят жонли кўрсатилган. Аммо муаллиф шу билангина қаноатланиб қолмайди. Фильмда Турфоннинг бугунги умидбахш кунлари унинг олис ўтмиши билан чамбарчас боғланиб кетган. Муҳаммаджоннинг бундан бир неча йил аввал Хитойдан тайёрлаган кўрсатувларининг бирида қадимда Фарғонадан Хитойга олиб кетилган учқур отлар ҳақида ғоят қизиқарли тафсилотлар ҳикоя қилинган эди. Бу гал ҳам ўзига хос тарихий фактга дуч келамиз: олис ўтмишда хитойликлар водийдан отлар билан бирга… серҳосил узум кўчатларини ҳам олиб кетишган экан. “Бугун Турфон далаларида мўл ҳосил бераётган янги-янги узум навлари, балки, ўша Фарғонадан олиб кетилган кўчатларнинг авлоди эмасмикин?” дея мушоҳада юритади бошловчи. Эҳтимол, шундайдир, чунки фильмни кўрган томошабинда халқлар тарихида бир-бирига боғлиқ ҳолатлар кўп бўлганига, бугун турли соҳаларда бир-биримиздан ўрганадиган нарсалар кўплигига ишонч пайдо бўлади. Чунончи, турфонлик боғбонлар кориз сувидан тежамкорлик билан фойдаланиш, ҳосилни сифатли қуритиш йўлларини топишибди. Олтиариқлик узумшунослар бугун новдасидан узилган узумни баҳор ўтгунча ҳам худди кеча узилгандай сақлашади. Ердан унумли фойдаланишади. Бир жойга бир қоп-ярим қоп тупроқ тўкилиб қолган бўлса, устига сув қуйиб, ўғитлаб, шу ерга ҳам бир нима экишади. Шундай экан, фильмдаги фарғоналик фермер Исоқжон Бойматов билан турфонлик Акбар Ғофур юзма-юз ҳам учрашсалар, икки юрт боғбонлари ўзаро тажриба алмашсалар, айни муддао бўлар эди.
“Шинжон: Турфон мўъжизалари” ҳужжатли фильми Ўзбекистон-Хитой муносабатлари кенг маънода юксалиб бораётган, борди-келди алоқаларига йўл очилаётган, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитойни ўзаро боғлайдиган темир йўл қурилиши бошланаётган бир пайтда эфирга узатилди. Мутасаддилар фильмда ўртага ташланган жўяли таклифларга эътибор берадилар, жойларда унинг намойиши ташкил этилади, деган умиддамиз.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ