Онг ёришсин, қалблар уйғонсин!

Сиёсатни тушиниш, иқтисодни юксалтириш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш учун ҳам инсонлар маърифатли, маънавиятли бўлиши лозим. Тафаккури зиё билан ёришган, миллий қадриятлардан хабардор, меҳр ва саховат каби инсоний туйғулардан озиқланган кишиларгина пешқадам бўлишади.

“Маърифат улашиб” лойиҳаси ана шундай эзгу мақсадлар учун ташкил этилмоқда.

Талабалар ва ўқувчилар билан ўтказган учрашувларимизда муассаса раҳбарлари ҳам иштирок этишмоқда.

Бу бизга куч, рағбат беради. Учрашув, суҳбатларнинг ҳар лаҳзасида ўзимизни маърифий дарс ўтаётган устоздек ҳис қилдик.

Халқаро Ислом академиясида ўтган учрашув ҳеч қачон эсимдан чиқмаса керак. Режиссёр тарафидан саҳналаштирилган, талабалар театр студияси томонидан “Жадидлар армони” спектакли янгича ёндашувлари, талабалар маҳорати, воқеаларни юракдан ўтказиб ижро этилди. Усмон Носир: “Совқотдим, бунча совуқ бу дунё, бунча совуқ…” дея фарёд чекаётган пайтда ёнимда ўтирган ҳамроҳим шоир Ботиржон Эргашев:

— Ростдан совқотиб кетяпман, ичимга муз киргандек бўлди, — деди, унинг овозида чиндан ҳам титроқ бор эди.

Спектакль тугагач, академия ректори Музаффар Комилов ҳозиргина кўрганимиз — миллатимиз ойдинларининг халқимиз онгини ёриштириш, ҳақини танитиш, қуллик нима, эрк нима англатиш йўлида олиб борган жасоратли курашлари учун тортган изтироблари таассуротида турган олим бир неча дақиқа сукутда қолди. Ректор биз билан Қорасаройдаги мактабларга боргани, ўқувчилар рўпарасида маърифатдан сўз айтгани ҳам қимматли бўлди.

Тиббиёт академиясининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори биз борган мактабларда лойиҳа доирасида ўз ташаббуслари билан ўша ҳудуддаги аҳоли учун тиббий кўрик ташкил қилди. Халқимиз учун бундай иш манфаатли.

Фарғона олий таълим масканларидаги учрашувларда эса минбарда маърузачи, тўпланганлар тингловчи бўлишдек анъанавий усулдан қочдик. Фарғона озиқ-овқат технологиялари ва муҳандислик институти, Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалларида бўлган учрашувларда кўпроқ талабаларни суҳбатга тортдик, ёшларнинг маънавий-маърифий оламларига қизиқдик. Улардаги эркин фикрлашни кўргимиз келди. Айрим талабаларнинг фикрларидан эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз:

 Гулгинахон АБДУРАЗЗОҚОВА:

—Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали компьютер инжиниринги ва сунъий интеллект факультети талабасиман. Оддий оиланинг фарзандиман. Отам Муроджон Абдураззоқов тадбиркор, онам Чаросхон Султонова нафақада. Мактабни тугатгач, дастлаб ҳуқуқ соҳасида ўқидим. “Бу соҳада ишлаганлар тўкис яшайди”, тарзидаги нуқтаи назар онгимда ўрнашиб қолгани учун шу соҳани танлаган бўлсам керак. Бироз вақт ўтгач, ахборот технологияларига қизиқиб қолдим ва соҳамни ўзгартирдим. Бу — тўғри танлов бўлганлигини менинг ҳозиргача эришган ютуқларим исботлаб турибди. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия номзоди, Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирлиги стипендияси номзоди бўлдим. “Йил талабаси” танловида иштирок этиб, “Йилнинг энг фаол тадбиркор талабаси” номинацияси ғолиби деб топилдим.

 Нафосатхон ИБРОҲИМОВА:

— Мен Гулгина билан ҳамкурсман. Курсимизда ўртача ўқийдиган талабанинг ўзи йўқ. Умуман, бизнинг соҳамизда ўртамиёна мутахассис бўлиш мумкин эмас. Соҳанинг ўзи билимсизликни кўтармайди. Мен ҳам “Йил талабаси” кўрик-танловининг “Ўз мутахассислиги бўйича йилнинг энг билимдон талабаси” номинацияси ғолиби бўлдим. “Мирзо Улуғбек ворислари” кўрик-танловининг республика босқичи фаол иштирокчиларидан бириман ва бу ғолиблик учун каттагина пул мукофоти олдим…

Талабаларни тинглар эканмиз, Фарғонада ўтган талабалик давримимиз эсга келади. Биринчидан, худди шу кунларда пахта “фронти”дан эндигина қайтиб, совуқдан ёрилиб кетган қўлларимизни даволаш билан банд бўлардик. Иккинчи тарафдан, янги йилдан сўнг бошланадиган (пахтадаги кунлар, йўқотилган вақт ҳисобига) олти паралик дарслар, ундан сўнг кун оралатиб келадиган имтиҳонлар юки босиб келарди. Компьютер, сунъий интеллект деган терминлар бизга бегона эди.

Ёшларнинг ўзларига бўлган ишончини кўриб, Учинчи Ренессанс орзуси ҳақиқат эканини хис қилади киши.

Дониёрбек ИСРОИЛОВ:

— Озиқ-овқат технологиялари ва муҳандислик институтининг туризм йўналишида таълим оламан. Тўрт йил репетиторларга қатнаб ўқишга кирганман. Биз — ёшлар ҳозир ҳаракатдан, ўқиш, ўрганиш йўлидаги интилишдан тўхтамаслигимиз кераклигини биламиз. Ҳозирги кунгача инглиз, турк, рус тилларини яхши гаплаша оладиган даражада ўзлаштирдим. Ўз соҳам бўйича юртимизда ишламоқчиман. Сайёҳлик хизматини яна ҳам юқори даражага кўтариш учун хизмат қилмоқчиман.

Назокат АБДИРАСУЛОВА:

— Мен ҳам озиқ-овқат технологиялари ва мухандислик институтининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида таълим оламан. Табиатга беписандлик инсониятга катта талафотлар келтириши мумкинлигини яшаётган ҳаётимиз тобора кўрсатмоқда. Шу ҳақиқат бу соҳага жонкуярлар кераклигини тақозо қиляпти. Дарахт, қушлар, сув, ҳавони асрашга одамларни ўргатиш қаҳрамонлик эмас. Бу — юрак, кўнгил, бурч иши.

…Гулхан атрофидаги мушоиралар ҳам, талаба ёшлар иштирокида ўтган “Заковат” интеллектуал ўйинлари ҳам, дарахт ўтқазиш маросимлари ҳам, спорт йўналишида таҳсил олаётган чемпионлар билан савол-жавоблар, мактаб ўқувчилари билан учрашувлар кўпроқ ҳайратга солди. Ёшларимиз анча фаоллашган. Иккинчидан, қизлар шеър ёдлаган, ашула айтган, рақсга тушган… бунга ўрганиб қолгандик. Шукр, ўғил болаларимиз ҳам Чўлпон, Қодирий қиёфаларида давра ўртасига чиқишди. Жадид оталарни таниш бошландими, демак уйғонишга келдик, деяверинг. Ҳар бир учрашув маърифат йўлларининг бир бекати сифатида кўнгил дафтарларимизга ёзилиб қолди.

Аммо гоҳ маърифат улашганимиз, гоҳ маърифат олганимиз бу лойиҳа доирасидаги учрашувларга бор имкониятлардан фойдаланилди, деб бўлмас. Маълум бир сана муносабати билан тайёрланган кечага бизнинг тадбирларимизни қўшиб юбориш ҳоллари ҳам бўлди. Бу — “ўтдими, ўтди” тарзидаги муносабат борлигини кўрсатади.

Бу лойиҳанинг мақсади онгни ёриштириш. Қалбларга маърифат орқали миллатпарварлик, ватанпарварлик уруғларини сочиш.

Биз — зиёлилар бу лойиҳада иштирок этишни ўзимизга юклатилган вазифа, халқ ва Ватан олдидаги эзгу бурч, деб тушунмоғимиз керак, албатта.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + four =