Олимнинг шарафли йўли

Таниқли олим, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам талабчан адабиётшунос, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Сувон Мелининг кўплаб илмий ва илмий-оммабоп мақолаларини турли вақтда, турли газета ва журналларда ўқигандим, анжуманларда эшитгандим. Лекин юз марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал, деган мақолда катта ҳикмат борлигига яна бир марта ишонч ҳосил қилдим. Мен олимнинг “Сўзу сўз” (2020) китоби ва “Глобал талқин поэтикаси” (2020) монографиясини қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Уларда, айниқса, “Сўзу сўз”да олимнинг асарлари бир жойда яхлит жамлангани айни муддао бўлган, чунки бу ҳолда тасаввур ҳам яхлит бўлади.

Глобал замон келди. Ҳар бир миллат, давлат (олим, раҳбар, ёзувчи тадбиркор ва ҳоказо) жаҳонга чиқишни истайди, ўзининг бутун салоҳиятини, интеллектуал қобилиятини, кучу қудратини дунёга кўрсатишни орзу қилади. Бу замон талабидир. Бу нарса барчага катта масъулият юклайди.

Шу масъулиятни англаб, ҳис қилганлардан бири Сувон Мели бўлди. Глобал фикрлаш жоиз, дунёвий тафаккур сари интилиб бориш лозим, бир сўз билан айтганда, дунёга тенглашиш даркор. Ҳа, бизлар ўзимизни дунё кўзгусига солиб кўришимиз керак. Мана шу маънода Сувон Мелининг “Сўзу сўз”и айнан бугуннинг зарур китоби мақомидадир. Катта-кичик мақолалар, ҳатто хотираларгача, шунчаки варақни тўлдириш учун китобга киритилган эмас. Ҳар бирининг ўз вазифаси, мақсади бор.

Сувон Мели кўп ўқийди, глобал фикрлашга ҳаракат қилади ва бунинг уддасидан чиқади. У ўзбек адабиёти ютуқларини жаҳон адабиёти контекстида кўришга интилади, қиёслайди. Муқояса — адабий асарларга баҳо беришнинг адолатли йўли. Чунончи, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи билан Вильям Шекспир “Қирол Лир” трагедиясининг бир-бирига тегишган жойларини (довул — ел) нозиклик билан илғайди. Платон — Пушкин — Ҳамид Олимжон каби ижодкорлар ўртасига кўприк солади. Данте — Навоий — Абдулла Орипов ижодларидаги муштаракликни тадқиқ қилади.

Ўқувчи “Навоий оламида сайр”нинг ниҳоятда мазмунли бўлганини кўради. “Байт мумтоз шеъриятимизда илк бадиий бутунликдир”, деб ёзади олим. “Сеҳрга чулғанган сўз”ларни ўқиб ҳайратланади. Айниқса, “Муножот” таҳлили ва унга боғлиқ турли қарашлар фактлар билан келтирилгани эътиборли.

“Шеър: сўз фалсафаси” бўлимида шеърий сўз, шеър таҳлилига бағишланган мазмунли мақолалар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. “Назария. Муаммо. Тадқиқот” бўлимига йиғилган мақолалар ўқувчига яхшигина билим беради. “Комик катарсис”, “Вақт фалсафаси”, “Бой ила хизматчи” ёки тикланган нусха муаммоси”, “Янги танқид”, “Адабиёт дарвозаси”, “Таҳлил ва талқин ёхуд адабиётшуносликда “Қўшжонов мактаби” каби мақола ва тадқиқотлар далилларга бойлиги билан ажралиб туради. Улардан чиқадиган хулосалар кишини ўйлантиради. Чунончи, “Янги танқид” мақоласида Ғарб адабиётшунослигидаги бир оқим ҳақида фактик материаллар асосида фикр юритади. Улар ўқувчи учун янгиликдир. Фақат, фикримизча, сўнгги мақолада муддао етарли очилмагандек, уни ҳали давом эттириш керакдай таассурот қолади. Чунки мавзу катта, мақола хамир учидан патирдек, ҳолбуки, ўқувчи уни ростакам тадқиқот сифатида кўришни, “Қўшжонов мактаби” моҳиятини, ҳаётбахш анъаналарини билишни истайди.

“Бой ила хизматчи” ёки тикланган нусха муаммоси” тадқиқотида адолатли ва савоб ишга қўл уради. Бу чиндан ҳам тадқиқотчи олимнинг насибаси. Гап Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг машҳур “Бой ила хизматчи” драмаси тақдири устида кетмоқда. Олим бу ҳақда икки мақола ёзди, драманинг тарихи, қўлёзмасининг йўқолгани, режиссёр ва суфлёр нусхалари, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Комил Яшин тиклаган ҳозирги мавжуд нусха, у ҳақдаги хилма-хил фикр-мулоҳазаларни синчиклаб ўрганди, кўп аниқликларга эришди.

Орадан йигирма икки йил ўтиб, Сувон Мели академик Матёқуб Қўшжоновга бағишлаб ёзилган “Домла” хотирасида яна шу мавзуга қайтади (ҳали олимнинг кўнгли тўлмаган кўринади) ва драма ҳақидаги баҳс-мунозаралар драманинг кейинги тақдирига дахл қилмаслиги зарурлигини уқтириб, шундай ёзади: “…1939 йилда Комил Яшин томонидан тикланган “Бой ила хизматчи” ХХ аср ўзбек адабиётидаги, шубҳасиз, энг сара драматик асарлардан бири. Фақат асарнинг муаллифи — Ҳамза ва Комил Яшин, яратилган санаси — 1918; 1939 йил, деб кўрсатилса, олам гулистон. Шунда асарнинг таржимаи ҳоли узил-кесил ойдинлашади” (“Сўзу сўз” китоби, 460-бет).

Бу жуда адолатли хулоса, буни қўллаб-қувватлаш лозим. Бу адабиётимизни фақат бойитади.

Кейинги вақтларда ғалати бир нарса урф бўлиб қолди. Тарихимизда, адабиётимизда аллақачон далилланган, исботланган, муқим деб қабул қилинган айрим ҳақиқатлар, воқеа-фактлар, шахслар чинлигига шубҳа билдирилган қарашлар пайдо бўлмоқда. Бунинг икки нохуш томони бор: биринчидан, ўқувчини чалғитиб қўяди, иккинчидан, тарихимизга ишончсизлик туйғусини уйғотади.

Мисолларга мурожаат қиламиз. Мирзо Улуғбек ва унинг ўғли Мирзо Абдулатиф воқеаси. Гўё Мирзо Улуғбек ўлимида Мирзо Абдулатифнинг айби йўқ эмиш… Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида ўқиймиз: “Абдулатиф Мирзо — савдойи мизож ва васвасий табъ ва девонасор киши эрди. Мундин ўзга дағи ғариб турфа бадфеъллиқлари бор эрдиким, зикридин беҳижоблиқ лозим келур. Ўтар дунё маслаҳати учун донишманд ва подшоҳ отасин ўлтирди. Ҳар ойинаким, салтанат Шируяга қилғонча анга вафо қилди…” Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да Абдулатиф Мирзо ҳақида: “Бу беш кунлик дунё деб қари отасини шаҳид қилди”, деб ёзади. Бу ерда кимга ишониш кераклиги изоҳсиз ҳам аён ва равшан. Албатта, биз Навоий ва Бобур сўзларига ишонамиз.

Яна. Тарихий китобларда, чунончи, Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”си, Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихи” асарларида Амир Темурнинг Кеш вилоятида Хожа Илғор қишлоғида туғилганлиги ёзилган ва илмий-тарихий муомалада шундай қабул қилинган. Айрим тадқиқотчилар эса Амир Темур Хожа Илғор қишлоғидамас, Занжирсарой деган ер (асли Сароймулкхонимнинг отаси мўғул хони Қозон Султонхон қурдирган сарой)да дунёга келган, деб ёзишиб, машҳур тарихчилар фикрини шубҳа остига оладилар. Бу, албатта, тўғри эмас.

“Сўзу сўз” китобига кирган “Ардоқ” номли мақолада муаллиф йирик тилшунос олим Фаттоҳ Абдуллаевнинг “Бобурнома”да Андижон шаҳри ҳақида келтирилган: “Эли туркдур. Шаҳр ва бозорисида турки билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам билан росттур. Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким Ҳирида нашъу намо топибдур, бу тил биладур”, — сўзларига, яъни Бобур фикрига муносабатан шубҳа билдиргани ҳақида ёзади, ҳатто, тилшунос олимнинг саккизта далилини келтириб, “Фаттоҳ Абдуллаевнинг хулосалари анчайин оғирдир”, дейди ва бу фикрни ўзи ҳам ёқлашини билдиргандай бўлади. Йирик тилшуноснинг фикрича, Навоий ўз асарларини Андижон шевасида ёзмаган бўлиб чиқмоқда… Бу фикрга, албатта, қўшилиш қийин. Қалам — бу кенг маънода адабий тил дегани. Бобур Мирзо бор-йўғи Навоий асарларининг тили адабий тилда, Андижон шевасида ёзилган демоқда. Бобур Мирзо бошқа жиҳатлар бўйича сўз юритаётгани йўқ… Чунончи, Навоий асарларининг мураккаблиги, диалектал жиҳатдан ранг-баранглиги, унда кўп шевалар унсурлари борлиги, лекин уларнинг Андижон шевасида йўқлиги, Навоийнинг Андижонда бўлмаганлиги ва ҳоказо-ҳоказолар ҳақида “Бобурнома” муаллифи тилшунос олим билан баҳс олиб боришни ният қилмаган… У бошқа шаҳарлар қатори, Андижон шаҳрининг (қасаба эмас!) умумий таърифини бера туриб, уни эли ва тили ҳақида маълумот бериб ўтмоқда, холос… Қиёс қилинг:

Навоий:

Кеча келгумдир дебон ул

сарви гулрў келмади,

Кўзларимга кеча тонг отгунча

уйқу келмади.

(ХV аср)

Навоийдан олдин Хоразмий ёзади:

 

Бўйинг сарву санобартек, белинг қил,

Вафо қилғон кишиларга вафо қил.

(ХIV аср)

 

Лутфий:

Сенсан севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма,

Қондур жигарим, хоҳ инон, хоҳ инонма.

(XIV-XV асрлар)

Атоий:

Ул санамким, сув қироғинда

паритек ўлтирур,

Ғояти нозуклигидин сув била

ютса бўлур…

(XIV аср)

Шоҳ Ғариб Мирзо:

Қайси бир гулчеҳра ул гул барги

хандонимча бор,

Қайси бир шамшод қад сарви

хиромонимча бор.

(XV аср)

 

Бобур:

Лабинг қалбимни қон қилди,

кўзимдин қон равон қилди,

Нечун ҳолим ёмон қилди,

мен андин бир сўрорим бор.

(XVI аср)

 

Бу — Андижон шеваси. Андижон шеваси адабий тилимизнинг асосларидан бири. Мумтоз шоирларимиз Хоразмий — Хоразмда, Лутфий — Ҳиротда, Атоий — Балхда, Шоҳ Ғариб Мирзо — Ҳиротда, Бобур — Хуросон ва Ҳиндистонда яшадилар, бунга Олтин Ўрдада истиқомат қилган шоир Сайфи Саройини ҳам қўшиш мумкин. Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, нафақат Навоий, балки Хоразмий, Лутфий, Атоийлар ва бошқалар ҳам Андижон шевасида ижод қилишган бўлиб чиқмоқда. Бу тарихан тўғри ҳам. Амир Темурнинг буюк салтанати мулки бўлган бу шаҳарларда турклар кўпчиликни ташкил қиларди. Бобур Мирзо ўша давр турк тили манзарасини, Навоий асарларининг нечоғлик кенг тарқалганини ҳаққоний кўрсатиб берди. Алҳосил, манзара шундай экан, бошқача ёзиши мумкинмиди?.. Албатта, йўқ! Бобур Мирзо бировнинг ҳимоясига муҳтож эмас. Бобур Мирзо — ҳаққоний, тўғрисўз, принципиал олим ва тарихчи. Шу туфайли, Навоийнинг айрим асарларига ҳам танқидий кўз билан қараган жойлари маълум, Ҳусайн Бойқаро девонининг бир вазнда эканини салбийроқ оҳангда таъкидлаб ўтганлиги ҳам шуни кўрсатиб турибди. Чунки у ҳаётда ҳамма нарсага, жумладан, ўз ижодига ҳам адолат билан ёндашарди. Бунга мулоҳаза қилиб, кейин ёндашиш керак.

Мазмунли “Сўзу сўз” китобида “Ҳазиллашманг Даҳо билан” номли мақола бор. Унда Сувон Мели Навоийнинг бир байтига Абдурауф Фитратнинг қараши хусусида муносабат билдириб, улуғлар шахсига, ижодига жуда эҳтиёткорлик билан ёндашишни эсга тушириб, бизларни ҳушёрликка чақиради.

Биз ҳам Бобурнинг Андижон шеваси ҳақида айтган сўзларига шубҳа билдирган тилшунос олимга, етмиш ёшини нишонлаётган таниқли адабиётшунос ва олим Сувон Мели сўзидан улги олиб: “…бир донишманд кулибгина айтганидек, ҳазиллашманг даҳо билан…” деймиз.

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси,

Давлат мукофоти лауреати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − five =