Гап фақат чизиқлар ҳақида эмас!
Ёки жарималар халқчилми?
Бу дунёда ҳаммамиз ҳам йўловчимиз. Пиёдами, жамоат транспортидами, автоуловни бошқарган ҳолдами, ишқилиб, йўлда юрамиз. Ана шу йўллар, йўлларда юришнинг, албатта, ўз маданияти, қонун-қоидаси бор. Бўлиши ҳам керак!
Юртимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар, йўл ҳаракати қоидалари ва айрим қонунларга киритилган ўзгаришлардан келиб чиқиб, шу муборак Рамазон ойида бўлса ҳам бир-икки оғиз мулоҳазаларни ўртага ташлашни лозим деб топдик.
Яқинда Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят, жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги ПҚ–1033-сон қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган, шу жумладан, қўпол қоидабузарликлар содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан транспорт воситаларини такроран бошқарганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўллаш, шунингдек, сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ишлайдиган транспорт воситалари иштирокидаги ҳодисалар бўйича алоҳида моддаларда маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра қайта-қайта қонунбузарлик қилиш натижасида тўпланган жарима баллари бир йил ичида 12 баллга етган ҳайдовчилар камида 6 ойга, кўпи билан 3 йилгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этиладиган бўлди. Ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган шахс ўзбошимчалик билан яна рулга ўтирса, бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Тегишли қонун Сенатда маъқулланган.
12 балл. Битта қоидабузарликка 2 баллгача жарима ҳисобланиши мумкин. Демак, бир йил давомида 6 марта қоида бузилса, ҳайдовчи “праваси”дан маҳрум бўладими? Ўйлаб кўринг, бу қанчалик адолатли?
Энди ана шу масалага ҳукумат қандай қарайди? Ахир 30-40 йиллик тажрибага эга ҳайдовчи ҳам йил давомида беш-олти марта йўл қоидасини бузмайди деб ҳеч ким кафолат беролмайди-ку. Тўғри, қонун — ҳаммага баробар. Лекин бош мақсад — одамларни жазолаш эмас, йўл қоидалари маданиятини мустаҳкамлаш эмасми? Шу боис, кўпчилик ҳайдовчиларнинг фикрича, жарима баллари битта қоидабузарликка 0,5 баллгача ҳисобланиши мақсадга молик ҳисобланади. Яна йўл қоидаларига амал қилиш бўйича: айтайлик, светофорнинг чироғи липиллаб ёниб турган пайтда “сариқ”да ўтган ҳайдовчи ёки тақиқловчи белги бўлишига қарамай, зарурат туфайли тўхтаган, ёхуд йўл чизиғини босган ҳайдовчини қаттиқ жазога тортиш ҳолатлари қанчалик тўғри?
Албатта, транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмай туриб рулга ўтирган, йўлнинг қарама-қарши тарафидан машина ҳайдаш сингари қўпол қоидабузарликларга жиддий чора белгиланганига ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас.
Ҳайдовчи ҳеч қандай авария ҳолатларини келтириб чиқармаса ёки светофорнинг қизил белгисида тўхташ чизиғини озгина босиб тўхтаган бўлса, нега унга жарима жазоси белгиланиши керак? Ахир бу қоидалар кўпгина давлатларда, мисол учун, ривожланган Туркия, Ҳиндистон сингари мамлакатларда ҳам йўқ-ку?! Қолаверса, чизиқни босса нима қилади?!
Яқинда “Маданият ва маърифат” телеканалида шу мавзуда яхши бир суҳбат-кўрсатув бўлди. Унда бир қатор ЙҲХБ вакиллари зўр бериб янги қонун-қоидаларни маъқуллаб чиқишди. Ўртага ташланган айрим саволларга “оғриниб” жавоб қайтаришди. Гўё фақат улар ҳақ, ҳайдовчилар, йўловчилар барибир ноҳақ.
Адолатли фикр, муносабат бундай бўлмайди! Сир эмас, ҳамон эсимизда: бир неча йиллар аввал кундуз кунлари ҳам автомобилларнинг чироқларини ёқиб юриш тартиби қаттиқ ҳимоя қилинган эди. Ана шунда кўплаб юртдошларимиз бу қоида умуман бизга тўғри келмаслиги, иқлимимизнинг туманли эмаслиги, айниқса, ёз пайтлари 40-50 даража иссиқ бўлиши ҳақида куюниб эътироз билдиришганда ҳам бирорта ЙПХ ходими халқнинг фикрини “тўғри” демади. Худди шунингдек, автомобилларнинг ойналарини қорайтиришга ҳам зўр бериб қарши муносабатда бўлишган. Ҳатто қайсидир бир кимсанинг “ойнаси қорайтирилган машинада фарзандингизни олиб юрсангиз, ҳаммаёқ қоронғи, қўрқинчли бўлади” деган тутуруқсиз гапини кўпчилик хали-ҳануз истеҳзо билан эсласа керак. Лекин катта миқдорда пул тўланса, ойнаси қорайтирилган автомашинада юриш мумкин экан. Хайрият, бу масалани кейинчалик ҳукумат ижобий ҳал қилди.
Ҳайрон қолади киши. Дунёнинг энг катта шаҳарлари йўлларида ҳам бизнинг пойтахтимиздагидек тақиқловчи белгилар кўп қўйилмаган бўлса керак. Катта дўконлар, бозорлар, ўқув даргоҳлари, умуман, биронта кўча четига автомобилингизни қўйиб кетишингиз мумкин эмас. “Парковка”лар эса деярли йўқ. Хўш, ҳайдовчилар автоуловларини қаерга қўйсин? Ҳатто такси хизматларидан фойдаланилганда ҳам ҳайдовчилар дод дейишади. Айтайлик, Алишер Навоий кўчасига “Яндекс” хизматидан фойдаланиб машина чақирсангиз, автоуловнинг кутиб туришига жой йўқ. Бу муаммо ҳам адолатли ҳал қилиниши керак. Йўл четидаги сариқ чизиқларни ҳеч бўлмаса тенг ярмига камайтириш, керак-нокерак жойлардаги тақиқловчи белгиларни олиб ташлашнинг пайти келмадими?
Йўлларнинг носозлиги, айниқса, баҳор ойларидаги ўйдим-чуқурларнинг кўплиги ҳатто авария ҳолатига олиб келаётир. Бу ҳам жиддий масала. Аввало, йўллар талаб даражасида бўлиши, кейин қоидабузарларни жазога тортиш адолатдан бўлмайдими? Нима эмиш, йўллардаги носозликлар ёки бошқа сабаблар туфайли жаримага тортилганда фуқаролар судга мурожаат қилиши керак экан. Битта жарима деб судма-суд юришга вақтни одамлар қаердан олсин?!
Эътирозлар жуда кўп. Уларнинг кўпини эса ноўрин деб бўлмайди. Ҳукуматимиз йўл ҳаракати хавфсизлигига доир кўплаб қоидаларнинг амалда халқчиллигини таъминлашга янада жиддий эътибор қаратади деган ўйдамиз.
Қолаверса, одамларни рози қилиш, уларнинг манфаатини ҳамиша қўллаб-қувватлаш Президентимизнинг доимий сиёсати, талабидир.
Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ,
журналист.