…иш эрур ёрлиғ иш!

Бу дунёда нима осон – дўстни душманга айлантириш осон. Икки дўст орасига нифоқ тушдими, тамом, энди уларни муросага келтириш учун баъзан, ҳатто, ўн йиллар ҳам камлик қилади.
Нима, ҳаётда буни кўрмадикми, бевосита гувоҳи бўлмадикми? Ё ҳозир ҳам кўриб, билиб турганимиз йўқми?
Келинг, тарихни титкилаб, кимларнингдир руҳини безовта қилиб ўтирмайлик-да, бугунга очиқ кўз билан тик боқайлик. Нима, тарихан яҳудий билан араб қардош, қариндош, оға-ини эмасмиди? Ёки рус билан украин эт билан тирноқ эмасми? Исроил ва Фаластин можароси, Россия ва Украина уруши не-не бегуноҳ инсонлар, ҳатто, йўргакдаги фариштадек покиза гўдакларнинг ёстиғини қуритмаяптими?
Сабаблар, омиллар, даъволар, иддаолар қандай бўлишидан, ҳатто, ким ҳақу ким ноҳақ эканидан қатъи назар, ҳар қандай қуролли муҳорабадан охир-оқибат оддий халқ, минг-минглаб, миллионлаб одамлар жабр кўради. Шундай экан, урушни оқлаб бўладими? Тарихда бирор уруш оқланганми ўзи? Ҳар қанча оқлаганингиз билан, урушнинг оқибатлари, кўргуликлари, жабрлари йўқолмайди-ку! Ҳалок бўлганлар тирилиб ҳам келмаслар.
Инсоният XXI асрда, эҳ-ҳе, қандай-қандай илмий-технологик юксакликларга кўтарилди.
Буларнинг бари одамларнинг кам меҳнат қилиб, кўп маҳсул олиши, алал-оқибат, ўзини бахтли, турмушини фаровон, ҳаётини мазмунли қилишига замин тайёрламайдими?
Шунга қарамай, дунёда уруш хавфи бартараф этилгани йўқ. Бундан ҳеч бир давлат, ҳеч бир халқ бехавотир ҳам эмас. Ер, ҳудуд, мол-мулк, бойлик, ҳатто, гап талашиш ҳамон давом этаётибди, баъзан, ҳатто, авжига чиққан, ҳам дегинг келади.
Энди ёруғ гаплардан айтсак, куни кеча Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари иштирокида бўлиб ўтган тарихий учрашув, бунда имзоланган ҳужжатлару эришилган ютуқлар ҳақида расмий маълумотлардан ҳаммамиз яхши хабардормиз. Очиғи, уч давлат халқи шу кунларда ана шу шукуҳ кайфияти билан яшаяпти, дейиш ҳам мумкин.
1991 йили Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллигини нишонлаш мамлакатимиз истиқлолининг биринчи ойига тўғри келди. Ўзбекистон миллий боғида баҳайбат ҳайкал қад ростлади. Шу ҳайкал айвонининг гирдига шоирдан шундай бир ҳикмат битиш керак эдики, у ҳар тарафлама бизга ёруғ йўлни кўрсатиб туриши зарур эди. Шоир ўзи назму насрда жами 100 минг байт ёзганини таъкидлаган. Ана шунча катта меросдан энг муносиб икки сатр топиш керак эди. Топилди:
Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиғ иш!
Бу ердаги “ёрлиғ” сўзи “дўстлик” маъносида келган. “Эй олам аҳли, билингларки, душманлик иш эмас, шунинг учун бир-бирларингизга дўст бўлинглар, дўстликни иш деса, бўлади”, деб ўгит беради буюк мутафаккир шоир.
Давлатимиз ўз олдига жуда катта мақсад қўйган. Бу – тезроқ ривожланган давлатлар сафидан ўрин олишдек буюкдан-буюк вазифа. Шу йўл билангина қарийб бир ярим асрлик мустамлака оқибати бўлмиш асрий қолоқликдан чиқамиз, кўкрагимизга шамол тегади, косамиз оқаради. Лекин бунинг учун аввал бутун дунё билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик тизимини яратиб олишимиз даркор.
Ўзбекистон Республикаси Пркезиденти Шавкат Мирзиёев давлат ва халқ олдига масалани ана шундай тарзда кўндаланг қўйиб келяпти.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг, аввало, ён қўшниларимиз билан яхши муносабатлар ўрнатишга қаратилган ташаббускорона ғояси амалга оширила бориши Марказий Осиёнинг ўзидагина эмас, бутун дунёда тарихий ислоҳот, туб бурилиш, доно сиёсат сифатида баҳоланмоқда.
Камина Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги Қирғизон қишлоғида туғилганман. Бу “Қирғизлар” дегани. Табиийки, ўзбекларнинг қирғиз уруғи номига қўйилган. Лекин шу қирғиз, эҳтимол, икки минг йил бурунги тарихда бўлса ҳам, ҳозирги қирғиз халқи билан қариндош-уруғдош-да. Бир шеъримда:
Болаликда Бухорони дунё билдим,
Бухоро ҳам Қирғизондан бошланади.
Ўзга ерда йиғлолмайман азада ҳам,
Қирғизонда тўйда кўзим ёшланади.
Қирғизонда қирғиз эмас, ўзбек яшар,
Тожиклардан фахр билан қиз олади.
Қирғиз уруғ тарқалгандир шу қишлоқдан,
Билса, Чингиз Айтматов ҳам лол қолади, –
деб ёзган эдим. Яшириб нима қилдим, отам ҳам, каминанинг ўзи ҳам, ҳатто, бир ўғлимиз ҳам тожикка уйланган.
Бевосита қонида ўзбегу тожигу қирғизнинг қони жўшиб турган қайси киши куни кеча юз берган уч давлат ўртасида буюк бирликдан ич-ичидан қувонмайди, дейсиз?
2010 йили май ойидаги Ўш воқеаларида неча минглаб кишилар мамлакатимизга қочоқ сифатида ўтган эди. Ўша пайтда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бўлган Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукумат вакиллари ва республика жамоат ташкилотлари раҳбар ходимларидан иборат катта гуруҳ то ана шу қочоқлар эсон-омон ўз юртига қайтгунига қадар Андижон вилоятида бўлганмиз. Бу учинчи қўлнинг икки қардош-қондош эл ўртасида олов чиқариш учун қилган қутқуси эди, албатта.
Ёки ўтган йилларда Тожикистон билан Қирғизистон чегараларида отишмалар бўлмадими?
Энди шуларни куни кеча Хўжанддаги ўзаро дўстлик олий даражада, аср-асрлик аждодларимиз руҳига мос бир миқёсларда, дўстона, шодиёна тарзда ўтказилган тадбирларга бир қиёс қилайлик.
Бунинг ташаббускори ким? Табиийки, мамлакатимиз Президенти! У кишининг Худо берган инсонпарварлиги, оқиллиги, муроса-мадораси, тажрибаси, энг муҳими, некбинлиги фақат мамлакатимиз халқигина эмас, Марказий Осиё учун ҳам жуда-жуда қўл келяпти.
Ўзи Ўзбекистон Марказий Осиёда географик жиҳатдан беш давлатнинг ўртасида жойлашган. Тожикистон Туркманистон ё Қозоғистонга, Қирғизистон Туркманистонга мамлакат кечиб ўтади.
Марказий Осиёдаги беш мамлакатнинг тўрттаси – туркий тилли давлат. Ўзбек билан тожик эса – азал-азалдан эт билан тирноқ. Марказий Осиёнинг уч туркий тилли давлати халқи, очиғи, тожикларга ўзбек оғасининг биродари сифатида қарайди. Шундай экан, Марказий Осиёда Ўзбекистон ҳар тарафлама ҳамкорликларнинг марказида турувчи ҳалқа давлат бўлиши – шарт ва зарур.
Дунёнинг некбин кучлари Марказий Осиёдаги бу бирликка кўз тикиб турибди. Бу ерда беш дўст давлатдан иборат бир ўзига хос минтақавий ҳамкорлик юзага келаётгани ҳар қандай катта лойиҳаларни амалга оширишга умид пайдо қилади.
Марказий Осиёдаги тўрт туркий тилли давлат билан Озарбайжон ва Туркия ҳудуд жиҳатидан бевосита боғланиб кетади. Туркий давлатлар ташкилотининг равнақи учун ҳам, аввало, Марказий Осиёда бирлик, тинчлик, осойишталик ва барқарорлик керак.
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаралар билан боғлиқ муаммоларнинг ўзаро ҳурмат, дўстлик, келишув асосида ҳал этилиши учун оқилона сиёсий йўл очилгани, Наврўздек қадим умуммеросимизнинг бугун чинакамига бизни бирлаштирувчи муҳим маънавий кучга айланганини олқишламай бўладими? Булар – бир пайтлар фақат орзу қилиш мумкин бўлган ишлар.
Ер юзида қайси давлат равнақ топган бўлса, бунга, аввало, бирлик-биродарлик орқасидан эришган.
Бирлигимизга кўз тегмасин!
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият
ходими.