Олтинсой

Сурхондарё вилоятининг Олти̇нсой тумани. Табиий бойликларга бой, сув манбалари билан машҳур бўлган бу маскан тарихий жиҳатдан ҳам, туризм салоҳияти жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Айниқса, Қўтирбулоқ каби ноёб булоқларнинг мавжудлиги одамларнинг саломатлиги ва хорижий сайёҳларнинг қизиқишини ошириб келмоқда. Қуйида Олтинсойнинг номланиш тарихи, табиатининг шифобахш манбалари ва туристик имкониятлари хусусида икки оғиз сўз юритмоқчимиз.
Олтинсой. Бу номнинг ўзиёқ бу ернинг қадимдан қандай бебаҳо бойликка эга бўлганини эслатади. Маҳаллий аҳолининг ривоятларига кўра, бу ҳудуддан оқиб ўтувчи сойлари чиндан ҳам конларга бой бўлган, сув йўллари бойлик келтирган, сойларда ҳатто олтин қум заррачалари аниқланган. Сойлар бўйида қад ростлаган чинорлар, шабада билан шовуллаган булоқлар бу гўшага гўзаллик ва файз олиб келган. Ҳозир ҳам бу гўша ана шундай бой ва сеҳрли!
Олтинсой ҳудудида жойлашган Қўтирбулоқ — бу ҳудуднинг энг ноёб булоқларидан бири. Унинг энг ажралиб турувчи жиҳати — бу сувнинг баҳор фаслида атиги икки ой давомида оқиб келиши ва айнан шу вақт мобайнида юзлаб одамларнинг келиб бу сувдан катта идишларга йиғиб, уйларига олиб кетишидир. Аҳоли орасида бу “Худонинг каромати билан чиқадиган оби раҳмат” дея эътироф этилади.
Тиббий текширувлар ва халқ тажрибаси асосида аниқланишича, Қўтирбулоқ суви организмдаги қанд миқдорини меъёрда сақлаб туришда фойдалидир. Айнан шу сабабли бу сув қандли диабетдан азият чекаётган беморлар учун шифобахш восита ҳисобланади. Сурхондарёнинг бошқа ҳудудларидан, ҳаттоки Тошкентдан ва қўшни давлатлардан ҳам бу мўъжизавий сувни ичиш учун кўплаб одамлар келиб туради.
Қўтирбулоқ ва шу каби бошқа булоқлар – Чинорбулоқ, Заркамар сойлар – нафақат маҳаллий аҳолининг ҳаёт тарзини бойитади, балки бу ерга ташриф буюрувчилар учун ҳам руҳий покланиш, дам олиш ва саломатликни тиклаш манбаи ҳисобланади. Бу эса Олтинсойни зиёрат туризми ҳамда соғломлаштирувчи саёҳат йўналишлари учун ёрқин ҳудудга айлантиради.
Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи, тоғ ёнбағрида жойлашган сайр йўлакчалари, Олтинсой табиатининг бетакрор манзаралари — буларнинг барчаси туристлар учун нафақат кўнгил очиш, балки маънавий озиқа олиш имконини ҳам беради.
Бугун Олтинсойни шунчаки бир туман эмас, балки табиат, тарих ва шифобахш манбалар уйғунлашган ноёб макон сифатида эътироф этиш мумкин. Бу ерда экотуризмни ривожлантириш, сув манбаларини илмий асосда ўрганиш, улар атрофида эко-ҳовлилар, соғломлаштирувчи дам олиш масканлари қуриш орқали Олтинсойни халқаро туризм харитасига киритиш мумкин.
Айниқса, Қўтирбулоқ суви, ўзининг табиий шифобахш хусусиятлари билан олтинга тенг сув деб тан олинмоқда. Унинг таъсири фақат танага эмас, балки руҳга ҳам фойдалидир. Бу сув билан боғлиқ ривоятлар, шифо топган инсонлар ҳикоялари Олтинсой тарихини янада бойитмоқда.
Агар сиз Олтинсой томон йўл олсангиз, Қўтирбулоқ сувидан ичиб кўринг — бу сизнинг танангиз ва қалбингизга бирдай шифо бўлади. Олтинсой тумани ҳақида гап кетганда, фақат унинг табиий бойликлари ёки тарихий номи эмас, балки у ердаги одамларнинг қадриятга содиқлиги, табиатга ҳурмати ва яшаш маданияти ҳақида ҳам сўз юритиш лозим. Бу маскан ҳар жиҳатдан ўзига хос: у ерда яшовчи одамлар булоқ сувини оддий сув эмас, балки Худонинг эҳсони, табиатнинг мўъжизаси сифатида қадрлайдилар. Ҳар баҳор кириб келиши билан бу ҳудудда табиат уйғонади, булутлар тоғ бағрида тўпланади, ва аллақачон оғзаки ривоятларга айланиб улгурган булоқлар яна сув бера бошлайди. Айнан шу пайтлар Қўтирбулоқдан сув оққани эшитилган заҳоти бутун маҳалла аҳли ҳаракатга тушади.
Бундан ташқари, Қўтирбулоқ атрофида ҳосил бўлган ижтимоий ҳаёт ҳам эътиборга лойиқ. Бу булоқ одамларни нафақат шифо, балки дўстлик, қўшничилик, ҳамжиҳатлик руҳи билан бирлаштиради. Ҳар йили сув пайдо бўлиши олдидан маҳалла ёшлари ва оқсоқоллари томонидан умумхалқ ҳашари уюштирилади: йўллар тозаланади, булоқ атрофи ободонлаштирилади, ёнгинасига супа, соябонлар, дам олиш ўринлари тайёрланади. Бу ҳолат, албатта, Олтинсойнинг жамиятида табиатни қадрлаш билан боғлиқ ижтимоий бирликни кўрсатади.
Олтинсой — улуғ зотлар қадамжоси. Бу ерда авлиё шоир Сўфи Оллоёр қадамжоси бўлиб, минг-минглаб, миллионлаб юртдошларимиз, юртимизга келадиган меҳмонлар учун зиёратгоҳга айланган. Туманда Хўжаипок ота булоғи ва зиёратгоҳи ҳам мавжуд. Бу булоқ суви ҳам турли касалликларга шифобахш бўлиб келаётгани сир эмас. Умуман, Олтинсой ўзининг танти, меҳнаткаш одамлари ва табиат ато этган сирли ва тенгсиз бойликларига эга беқиёс гўшадир.
Гулираъно НАЗАРОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси.