Ўқитувчи улуғланган асар

Урганч давлат педагогика институти ректори, педагогика фанлари доктори Феруза Мадраҳимованинг “O‘QITUVCHI QADRI” номли китоби кўпчилик зиёлилар, китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Зиёли оилада туғилган, болалигидан илмга қизиқиш уйғонган, бир дунё китоблар орасида улғайган Феруза ўзини китобдан айро ҳис қила олмасди. Таниқли педагог, эл-юрт ҳурматидаги олим бўлган Рўзимбой отасининг ярим кечагача нималарнидир ёзиб ўтириши, жавонлар тўла китоблар-дафтарлар… Буларнинг бари унда ҳам болалигидан илмга ихлос ва ҳавас уйғотди.

Университетда таҳсил олаётган пайтидаёқ ўзининг зийраклиги, билим олишга бўлган иштиёқи билан ўқитувчилар назарига тушган талаба қизнинг Зулфия номидаги Давлат мукофотини олганлиги нафақат олий даргоҳ жамоасини ва курсдошларини, балки ота-онаси-ю яқинларини ҳам беҳад шодлантиргани табиий.

Мустақил ҳаёт. Янги оила, фарзандлар… келинлик юмушлари… хуллас, ҳаётнинг турли икир-чикирлари ҳам уни изланишдан бир зум бўлса ҳам тўхтата олмади.

Анча ёш бўлса ҳам илм йўлини танлаган Феруза Мадраҳимова бир қатор монографиялар ва қўлланмалар ёзишга улгурди. Ниҳоят, унинг меҳнатлари катта бир китоб ҳолида дунё юзини кўрди. Мазкур китоб билан танишиб чиққанимиздан сўнг “O‘QITUVCHI QADRI” — бугунги кунда энг керакли бир асар эканлигига иқрор бўлдик.

Мазкур китоб юзасидан бўлиб ўтган тақдимотда асарга жуда юқори баҳо берилди. Чунки китобдаги бугунги кун ўқитувчиси ва унинг қадр-қиммати ҳақидаги фикрлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади…

— Феруза Мадраҳимова муаллифлигида чоп этилган бир қатор илмий асарлар, монография ва дарсликлардан хабаримиз бор эди. Барча педагоглар учун янгилик бўлган — “O‘QITUVCHI QADRI” нафақат илмни улуғлайди, балки таълим соҳасини, ўқитувчилик касбининг салоҳияти ва жозибасини, шарафли, аммо машаққатли томонларини ҳам кўра олганлиги, ҳаётий таҳлиллар асосида гўзал манзаралар воситасида воқеликлар ифода этилганлиги билан ҳам бениҳоя қадрли, — деди Урганч давлат университети профессори Дилшод Ғойибов.

Дарҳақиқат, ўқитувчилик — юксак эътирофга лойиқ бўлган, энг мўътабар касб. Мазкур китоб мамлакатимизда ўқитувчининг қадр-қиммати, нуфузи ва обрўсини улуғлайдиган асар. Унда ўзимизнинг таълим тизимига оид ислоҳотлар кенг ёритилганлиги, хорижий тажрибалардан мисоллар келтирилганлиги билан ҳам янада аҳамиятли.

 

“Матбуот, матбаачилик, ноширлик: тарих ва бугун”

Хоразм вилоятида “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида юқоридаги номдаги янги китоб нашрдан чиқди ва унинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси ташаббуси билан нашрдан чиққан мазкур китобни воҳа журналистлари мамнуният билан қарши олдилар.

Ушбу китобда Хоразм матбуоти ва матбаачилиги, оммавий ахборот воситаларининг узоқ йиллик фаолияти, вилоятда нашриёт-матбаа тизими, босма нашрлар, телевидение ва радио, кутубхона ва китоб дўконлари ҳамда халққа ахборот етказиш ва зиё тарқатиш борасида олиб борилаётган кенг кўламдаги ишлар ҳақида сўз юритилиб, Хоразм матбуотининг узоқ тарихий йўли тасвирланади.

…1874 йил. Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз халқни саводхон қилиш, китоб нашр этиш ишларини амалга ошириш мақсадида матбаачилик билан шуғулланаётган мамлакатларга қизиқади ва Шарқда биринчи матбаа Эронда пайдо бўлиб, китоб нашр қилиш бошланганлигини билиб олади. Хоннинг ташаббуси билан Хивага Швейцариянинг Женева шаҳрида ишлаб чиқарилган тошбосма дастгоҳ Эрондан олиб келинади. Эронлик Иброҳим Султон исмли матбаачи Ферузнинг таклифи билан Хивада илк тошбосма фаолиятини йўлга қўяди. Шу тариқа Хоразмда жаҳон маданиятининг турли дурдона асарлари нашр этила бошланди.

Саройда ташкил қилинган “Подшоҳи замон типолитографияси”нинг илк маҳсулоти 1876 йилда Абу Наср Форобийнинг “Нисоб ус-сибён” (“Болалар насибаси”) номли фалсафий асари литографик усулда босмадан чиқади. Бу катта шов-шувга сабаб бўлади. Иброҳим Султоннинг хон билан тузган шартнома муддати тугаганлиги боис у Эронга қайтиб кетгач, шу соҳага қизиқиб қолган Отажон Абдалов Хивада ягона матбаачи бўлади. Отажон босма деб ном олган бу киши энг аввало бадиий асарларни чоп этади.

Отажон Абдалов матбаачилик билан бирга рус, форс, араб тилларини ҳам мукаммал ўзлаштирган зиёли инсон бўлган. Унинг саъй-ҳаракати билан 1880 йилда Алишер Навоийнинг “Хамса” асари (“Ҳайрат ул-аброр”) ҳамда “Чор девон”, Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин” (“Ошиқлар тумори”) асари чоп этилади. Шу тариқа воҳада босма асарларни чоп этиш йўлга қўйилади.

“Хоразм матбуоти, матбаачилик, ноширлик: тарихи ва бугуни” китобида ана шундай қизиқарли воқеаларни ўқиш мумкин.

— Хоразмда ташкил қилинган дастлабки босмахоналар ҳамда Хоразм матбуотининг асосчилари, Хоразмнинг биринчи журналистлари, матбаачиликдан чиққан журналистлар ҳамда жадид ижодкорлар ҳақида тўлақонли маълумотлар берилган, — деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчонова. — Бу изланишларимизнинг дебочаси, эндиликда китобнинг иккинчи қисмини ҳам тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз.

Энг муҳими, воҳа журналистларининг ҳаёти, фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи китоб қўлдан қўлга ўтиб, қизиқиш билан мутолаа қилинмоқда.

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 10 =