Талабалар ишга жойлашди

“Карьера ва очиқ эшиклар куни” орқали етти юздан зиёд талаба ишга жойлашиш учун йўлланма олди
Фарғона давлат техника университетида битирувчилар бандлигини таъминлаш ҳамда абитуриентларни олий таълимга жалб қилиш мақсадида “Карьера ва очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди.
Тадбирда университет ректори Ў.Саломов сўнгги йилларда ҳар бир олий таълим муассасаси битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича алоҳида тизим шакллантирилаётганлигига тўхталиб ўтди. Шунингдек, мазкур тадбир орқали талабалар, битирувчилар, иш берувчилар ва кадрлар агентликлари ўртасида очиқ мулоқот майдони яратилганини ҳам қайд этди.
Мазкур тадбир икки қисмда ташкиллаштирилди. Биринчи қисмида “Очиқ эшиклар куни” доирасида мактаб битирувчилари университетда талабаларнинг сифатли таълим олишлари учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Унда Фарғона вилоятида мавжуд 70 дан ортиқ умумтаълим мактаби ва техникумларнинг 2 минг 300 нафардан ортиқ битирувчилари иштирок этишди. Шунингдек, университетнинг муҳандислик таълими йўналишида таҳсил олувчи юқори курс талабалари мутахассислик фанларидан якуний назорат ишларини лойиҳа кўринишида мактаб битирувчилари ва университет мутахассислари иштирокида ҳимоя қилишди.
Тадбирнинг иккинчи қисми “Карьера куни”га бағишланиб, унда университет битирувчи курс талабалари иштирок этиб, ишлашга эҳтиёжи бўлган бир ярим мингдан ортиқ талаба-ёшлар турли корхона-ташкилотларда ташкил этиладиган суҳбатда қатнашиш учун рўйхатдан ўтказилди.
— Университетимизда ҳар йили анъанавий тарзда меҳнат ярмаркаси ташкил этилади, — деди енгил саноат ва тўқимачилик факультети талабаси Мадина Маъмурова. — Ушбу ярмарка биз, талабалар учун катта имкониятлар эшигини очади. Бу йилги тадбирда тенгдошларим қаторида мен ҳам ўз мутахассислигим бўйича доимий иш ўрнига эга бўлдим. Ҳозирда вилоятимиздаги етакчи ва нуфузли корхоналардан бири — “Наримтекстил” МЧЖда ўз соҳам бўйича ишга жойлашганимдан беҳад мамнунман. Бу каби амалий имкониятлар биз ёшлар учун катта рағбат, келажакка ишонч бағишлайди.
Ярмаркага 120 дан ортиқ ташкилот, корхона ва тадбиркорлик субъектлари жалб қилинди. Талабаларга шаҳар ва туман бандликка кўмаклашиш марказлари ўзларининг мингдан ортиқ бўш иш ўринларини таклиф этишди.
Ярмарканинг ўзида 278 нафар талаба ишга жойлашди ва 700 нафардан ортиғига ишга жойлашиш учун суҳбатга йўлланма берилди.
Шоҳсанам ЭШМАТОВА,
Фарғона давлат техника университети матбуот котиби.