Ўтиб борaётгaн умр…

Вақт умримиз сониялари каби тўхтовсиз ҳаракат қилади. Олдинга ва фақат олдинга… Кимдир уни беҳудага, яна кимлардир муваффақиятга эришиш ва кўплаб изланишлар йўлида сарфлайди. Ўзи учун янгидан-янги имкониятлар эшигини очади. Биз уларни “Вақтдан ўзган одамлар” деймиз. Улар ҳаётини илм-фанга, кашфиётлар қилишга, кўп билим олишга бағишлайди. Улар тўхташ ҳақида деярли ўйлашмайди. Барча фикрлар айнан муваффақиятга қаратилган бўлади. Бироқ, интернет асрига келиб бу ҳолат тубдан ўзгарди. Барчасини сунъий интеллект эгаллаб бормоқда. Бу ҳаттоки бизнинг фикрлаш доирамизни ҳам том маънода сустлаштириб бормоқда.
Афсуски, ҳозирги вақтда кунимизнинг асосий қисми интернет орқали ўтади. Ҳаттоки бу ҳол ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлаги сифатида ўрнашиб қолгани айни ҳақиқатдир. Оддий бир ҳаётий мисол, кундалик ҳаётда фойдаланадиган ижтимоий тармоқ мессенжерларидан “Telegram” ёки “Instagram”ни олайлик. Бир киришда қанча муддатгача вақт сарфлайсиз? Бир кунда-чи? Унда, асосан, нималарга кўпроқ вақт ажратасиз? Шу саволни ўзингизга бериб кўринг-чи! Бир кунингизни интернет, ижтимоий тармоқлар, умуман, телефонсиз ўтказишни тасаввур қилиб кўринг. Aлбатта, зерикарли… Чунки биз ёшлар унга анчагина боғланиб қолганмиз. Aсосий ва қўшимча ишларимиз ҳам интернет билан узлуксиз алоқадор. Бироқ мана шу интернет асрига келиб меҳр-муҳаббатни, яқинларни йўқлашни, ҳаттоки табрикларни ҳам “онлайн” улашмоқдамиз. Aвваллари яқинларнинг каттагина давраси, ўчоқда тайёрланган мазали ошлар, таомлар, беғубор кулгилар бўлса, ҳозирга келиб видеоқўнғироқ орқали кўришув, меҳмондорчилик, тўёналар ҳам тўғридан-тўғри карта рақамларга юборилади. Китоб ўқишлар “замонавийлашиб” кетган. Aслида, китобнинг ўзини олиб, унга меҳр қўйиб, ўша ҳолатнинг ичига кириб ўқишга нима етсин!
“Вақт бамисли қилич кабидир. Aгар сен уни кесмасанг, у сени кесади”, деб бежиз айтишмаган. Мана шу ўтиб бораётган сониялар бизнинг ўзимиз яшаб турган ҳаётимизда ким эканлигимизни, жамиятдаги ўрнимизни белгилаб беради. Ҳаёт оппоқ саҳифа кабидир. Шундай экан, уни беҳуда сарфлаб, қора нуқталарга тўлдириб юбормайлик.
Муроджон МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси.