“Муаллим десалар мени, қанийди…”

ёхуд ўқитувчилик касбидан саодат топган жийдакапалик Ҳабибулло ҲАЙДАРОВ ҳақида мухтасар ҳикоя
Тўрақўрғонда турли лавозимларда ишлаган Ҳабибулло Ҳожиматов деган узоқ йиллик қадрдонимиз бор. Ёши етмишдан ошган бўлса-да, олимлар илмини амалиётга жорий қиладиган уруғчилик тажриба даргоҳига раҳбар.
У киши билан Тўрақўрғондан бориб Наманган шаҳрига кираверишда, йўл бўйидаги идорасида учрашишга келишган эдик.
У ерда ёшлари элликлар чамасидаги, кўз қарашларидан раҳбарлик нафаси сезилиб турган киши ҳам Ҳабибулло акани кутаётган экан.
У салом-аликдан сўнг, Ҳабибулло ака эрталаб докторга кўриниб, ҳадемай келиб қолишини айтди.
— Кўзимга иссиқ кўриняпсиз, қаердадир учрашган бўлсак керак-а, – дедим янги танишимга.
— Мен ҳам сизни танигандай бўлиб турибман, Носир Отахонов ҳақида китоб ёзгансиз-а? Устознинг дала шийпонида бир марта кўришгандим, шекилли?
Қойил! Айрим кишиларда хотира – эслаб қолиш қобилияти жуда кучли бўлади. Бу киши “Чинор шохидаги синчалак” китобим қаҳрамони, фозилларга хос ҳаёт кечириб, ўзидан гўзал хотиралар қолдириб кетган олим Носир Отахоновнинг шогирди Ойбек Ҳайдаров экан. Китобда устози билан Шаҳрисабздаги “Оқсарой” майдонида тушган расми ҳам бор экан.
Тасодифий учрашув бўлса-да, суҳбатимиз дарров қовушиб кетди. Носир Отахоновни эсладик. Ойбекнинг ўзи ҳам уруғчилик соҳаси илм аҳлларидан экан. Таъбига маъқулроқ гаплар айтдим, шекилли, тезда дўстлашиб қолдик. Дўст тутиниш ҳам тирикликнинг фазилати ахир!
Ойбекнинг айтишича, отаси Ҳабибулло Ҳайдаров ҳам газетага, китобга меҳри жуда баланд киши. Китобимни ўқиганида “шу китобни ёзган киши билан бир учрашсам, яхши бўларди” деб ният қилибди. Ўзиям ўн бир йилча аввал чиққан китобчамнинг кекса мухлиси билан кўришиб суҳбатлашиш руҳиятимга қанчалар қувват беришини тасаввур қилиб, завқланиб кетдим.
Ойбек Ҳайдаровга янаги сафар Наманганга келганимда, албатта, отаси билан учрашишга ваъда бердим…
Хуллас, ўтган ҳафта Наманган вилояти ҳокимининг таклифига кўра 64-халқаро гуллар фестивали очилиши маросимида иштирок этдим. Бу ҳақда газетамизда мақола ҳам берилди.
Ушбу сафар кунлари Ҳабибулло Ҳайдаров билан учрашиш мақсадида Наманган шаҳридан Уйчининг Жийдакапа қишлоғи томон йўлга чиқдик. Ҳамроҳим Рўзимуҳаммад инсон руҳиятини яхши тушунадиган, дилкаш инсон экан. “Қумтепа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Наманган кўчасида истиқомат қилувчи Ҳайдаровлар хонадонидамиз.
— Хайрият, домла уйга келибди, — деди Рўзимуҳаммад очиқ дарвозадан кўриниб турган, ҳовлининг этак томонидаги қора “Tracker”га ишора қилиб. —Ҳабибулло ака етмиш беш ёшга кираётган бўлса-да, жуда ғайратли. Тиним билмайди. Эрталаб сизнинг боришингизни айтгани қўнғироқ қилганимда, асалариларидан хабар олгани даласига кетган экан.
* * *
— Бугун омадли кун экан, юзидан нур ёғилиб турган инсон билан кўришиш насиб этди, — дейман Ҳабибулло акага. Назаримда, соч-соқолига оқ тушган бу нуроний билан аввал ҳам кўришгандекман. “Яхшиликни очиқ чеҳралилардан кутинг” деган муборак ҳадиси шариф ёдимга тушиб, кўнглим янада кенгайиб кетгандек бўлди.
Наманганда ёши каттароқ кишилар ялангбош юришмайди. Эркакларнинг бошида дўппи, аёллари рўмолда. Тиббий тадқиқотларга кўра, бошида кийими борлардан кўра, ялангбош юрганлар бош билан боғлиқ беморликларга кўпроқ дучор бўлар экан. Миллий дўппимиз кишиларни салобатли ва файзли қилиб кўрсатади.
Устоз-муаллимга ярашиб турган бош кийимни кўриб, хаёлдан ўтди бу гаплар. Энг муҳими, ёруғ юз билан суҳбат қурмоқ, суҳбатларда яхшилик ва одамийлик хислатларининг устун бўлиши — асосий маъни.
Суҳбат аввалида:
— Қишлоғингизда жийда кўплиги учун номи “Жийдакапа” дейилган бўлса керак-а? — дея қизиқдим.
— Бу ном тўрт юз йиллик тарихга эга, — деди Ҳабибулло ака. — Айтишларича, бир пайтлар дарё бўйларида ёввойи жийдалар кўп бўлган экан. Одамлар жийдадан қурилган капаларда яшаб, деҳқончилик қилишган. Ҳозир ҳам биз томонларда жийда дарахтлари кўп.
— Ўқувчиларимдан бири анчадан бери чойга таклиф қилиб юрувди, хўп десангиз, сизнинг баҳонангизда ўша ёққа борсак, — деди Ҳабибулло ака.
Қўшни Норин туманидаги Жўжа қишлоғида дала ҳовлига ўхшайдиган мўъжазгина жойда полвонкелбат бир киши бизни кутиб олди. У — Машраббой Комилов — “Қобилжон Муштарий” фермер хўжалигининг раҳбари.
— Наманганда Машраб исмли кишилар кўп бўлади-а! — деб унга юзландим.
— Туғилишимдан икки кун аввал онамнинг қорнида йиғлабман, шунинг учун Машраб деб исм қўйишган экан, — деди мезбон.
— Машраббой ўқувчилигидан адабиётга, шеъриятга, спортга қизиққан, — деди Ҳабибулло ака.
Барибир, сокин жойда ижодкорга меҳри бор инсонлар билан давра қилишнинг гашти бўлакча. Шаҳарнинг чанг ва шовқин-суронидан безиган дилларга Норин ва Қорадарё томонлардан эсаётган шабада чексиз ором беради.
Ҳабибулло ака Наманган давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия ва спорт факультетини битирибоқ, туғилиб ўсган Жийдакапа қишлоғидаги қурилиш техникумида иш бошлайди. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида шу ўқув даргоҳида салкам қирқ йил дарс беради. Ўқувчиларда ўсмирлик чоғларидаёқ спортга муҳаббатни уйғотиш, уларнинг вужудига соғломлик, қаддига қомат, билагига қувват берадиган фандан дарс бериш ҳам катта аҳамиятли иш экан. Айниқса, йигитларнинг ҳақиқий эркак бўлиб шаклланишида спортнинг роли катта. Ҳабибулло ака ҳам ўзининг ёшлик ғайратини, куч-қувватини, билим-зеҳнини сарф этиб “Ҳайдаров домла” деган номга эришган саодатли инсонлардан бири.
Беихтиёр хаёлим узоқларга кетди. Ўша йиллари муаллимлик касбига содиқ қолиш ҳаммага ҳам насиб этмади. Кўп ўқитувчилар касб заҳматларига, маошлар камлигига сабр-қаноат қилолмади. Аввалига эркак ўқитувчилар, ортларидан аёл муаллималар тирикчилик илинжида ўзларини бир бозордан минг бозорга уришди. Гулдек касбини ташлашга мажбур бўлишди. Тарбият ва маърифатнинг машаққатли кўчалари уларга торлик қилди. Бозор деб аталмиш талатўп ичида ўзлигидан, баъзан ғурур-оридан айрилишга рози бўлишди. Ёпирилиб келган Ғарб маданияти тўфонида ўқитувчи кимлигини, адаб нималигини англамай улғаяётган болаларнинг тарбиясизлиги, ота-оналарнинг “болапарвар”лиги ўқитувчилар асабларини қақшатди, руҳиятларини синдирди. “Бор-э” дейишди, қўл силтаб, бошқа тирикчиликнинг бошини тутишди. Ризқ излаб неча юзлаб, минглаб муаллимлар руссия томонларга, чет элларга кетиб қолишди.
Бугун ўқитувчилар замони келди. Шавкат Мирзиёев ўқитувчилик касбининг қадр-қимматини, нуфузини, ойлик маошларини кескин оширди. Қанча вақтлар кўча супуришга ҳам, турли дала юмушлари — пахта йиғим-терими-ю, ғўзани чопиқ, ягана қилиш бўладими ёхуд бошқа ишми, барига ўқитувчилар балогардон бўлди. Улардан мактаб, дарс, илм сўралмай қолган эди. Тайёр мардикор вазифасини ўқитувчилар бажаришга мажбур бўлишди.
Хайрият, давр ўзгарди. Бугун ўқитувчи — чинакам устоз. Касбини мукаммал эгаллаган илғор муаллимлар бугунга келиб анча юқори ойлик маош оладиган бўлишди.
— Ўйланиб қолдингиз, чойингизни янгилаб берай, совиб қолгандир, — деб Рўзимуҳаммад пиёлага қўл узатди…
* * *
Ҳабибулло акадан ота-онаси ҳақида гапириб беришини сўрадим.
— Дадам раҳматли Ҳайдарали Шариповнинг асли касби ҳосилот бўлган. Пахтачилик бригадасига, жамоа хўжалигига раҳбарлик қилган. Эсимни таниганимда, чорвачилик фермасига мудир эди. Кам гапирар, кўп ишлар эди. Қушлар тинса тинарди, отам тинмасди. Ҳаром луқма емагин, ҳаром бойлик одамгарчиликдан чиқаради, кибр отига миндиради, одамни одамийликдан айириб, тамом қилади, дердилар. Ҳамиша уч нарсадан узоқ юриш керак деб ўгит берган: “Наша чекмагин, банги бўласан, банги дегани банди дегани, бузуқилар йўлидан юрмагин ва ароқ ичмагин”, дер эдилар…
Дадамнинг гапларига амал қилиб кам бўлмадим. Фарзанду набираларимга ҳам уларнинг насиҳатларини айтаман. Ибратли ҳикояларидан гапириб бераман.
Хайринисо онам раҳматли жуда зукко, меҳрибон она бўлганлар. Покиза, саранжом-саришта уй тутарди. Ўн бир фарзандни оқ ювиб, оқ тараган оқила аёл эди. Халқ оғзаки ижодини яхши кўрарди. “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонларини ёддан биларди. Кечалари достон тинглаб, онамнинг қўйнида ухлаб қолардик. Юзлаб мақолларни биларди. Сўзлаганида мақол қўшиб, таъсирли қилиб гапирарди.
* * *
— Жиян тоғасига тортар экан, — деди Ҳабибулло ака суҳбатни давом эттириб. — Тоғаларим чавандоз бўлишган. Ўғилларим ҳам от миниб, улоқ чопиб катта бўлишди. Энди набираларим от чоптиришмоқда.
— Учрашувимиздан аввал ўғлингиз Ойбекдан сиз ҳақингизда сўраганимда, дадам сўзининг устида турадиган, қатъиятли, фарзанд тарбиясига жудаям эътиборли, маърифатли инсон дея таъриф берди.
— Бу фазилатлар менга ота-онамиздан мерос. Яна бир ҳаётда кўрганим бор. Институтни битириб, олий маълумот олгач, Германияда ҳарбийда хизмат қилганман. Ўшанда немислардан кўп нарсаларни ўрганганман. Гарнизонимиз Шарқий Берлиннинг Шонвалд (маъноси гўзал ўрмон) қишлоғида жойлашганди. Ҳамма ишни ўз вақтида қиладиган қатъиятли кишиларга “немис бўлиб кет-эй!” деган таъриф бежизга айтилмаган экан.
Германиядаги бир йиллик зобитлик ҳарбий хизматим даврида ўғил фарзандим туғилганлиги хабари борди. Хат ёзиб, исмини Улуғбек қўйишларини билдирдим. Техникумда Улуғбек ва Ойбек деган ака-укалар билан бирга ўқиганмиз. Улар бир-бири билан жуда иноқ, тартибли ва яхши ўқишарди. Ҳамма уларга ҳавас қиларди. Ёшлигимда иккита ўғил кўрсам, исмларини Улуғбек, Ойбек қўйишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Аллоҳ иккита ўғил берди, ниятим ушалди. Ўшалардек иноқ бўлиб вояга етишди. Аммо Улуғбегимизнинг умри қисқа экан. Йигирма тўққиз ёшида — айни кучга тўлиб, гуллаган чоғида оламдан ўтиб қолди. Фарзанд доғини фарзандидан айрилганлар билади. Уч норасида қўлимизда қолди. Отаси йўқлигини билдирмаслик учун бошқалардан кам қилмай ўқитдик, уйли-жойли қилдик, уларнинг бахту камолини кўриб юрибмиз. Аллоҳ раҳмат қилсин, келинимиз — Улуғбекнинг турмуш ўртоғи ҳам тўрт йил аввал оламдан ўтди.
Набираларимиз, айниқса, Жаҳонгир кўнгли тоза йигит бўлиб улғайди. Институтни битириб, илмий тажриба даргоҳида ишламоқда.
Ота-онасининг дуоларини олган, кўнгли очиқ, зиёли инсонлар билан дардлашсам, худди яхши китоб ўқигандай маънавий ором оламан. Ҳабибулло ҳожи билан бир гаплашган киши, яна кўришсам дер экан.
— Нуроний-мўйсафид бўлиб ҳаёт кечиришингизда аҳли аёлингизнинг хизмати катта бўлса керак?
— Дилором опангиз билан қирқ беш йил бирга яшаган эдик. Худо раҳмат қилсин, қўли енгил доя-ҳамшира бўлган. Туманимиздаги юзлаб оналар ўз чақалоқларини соғ-саломат қўлига олишида аёлимнинг хизматлари сингган. Ўзи ҳам, сўзи ҳам гўзал аёл эди, — деди Ҳабибулло ака.
Ҳабибулло аканинг қўл телефони тез-тез жиринглаб қолди. Унинг айтишича, интернатда бирга ўқиган синфдошлари Чортоқда йиғилишибди, шунга таклиф қилишаётган экан.
— Керакли маълумотларни олдим-ку, яна бирор савол туғилса, қўнғироқ қиларман, дўстларингиз кутиб қолишмасин, — деб Ҳабибулло ака билан хайрлашдим.
Ундан содиқ дўстлари ҳақида сўрагандим, у чортоқлик қадрдони Обиджон Тошбоевнинг телефон рақамини берди.
Обиджон ака билан боғландим.
“Яшанг, яхши, эзгу ишга қўл урибсиз. Дўстим китобни, адабиётни яхши кўрадиган қалби гўзал, доно инсон. Ўтган йили Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманганга келганида, Ҳабибулло Ҳайдаров билан ҳам учрашган эди. Расмини кўрдингизми? Агар ўқиган бўлсангиз, Парда Турсуннинг “Ўқитувчи” романи бор. Ҳамюрт ёзувчимиз худди Ҳабибулло Ҳайдаров ҳақида ёзганга ўхшайди”.
Бундай беғубор таърифдан хурсанд бўлмасдан илож йўқ. Чиндан ҳам Ҳабибулло Ҳайдаровга берилган энг муносиб баҳо…
У миллатимизнинг фидойи кишиси. Ҳақиқий зиёли, камтарин ва самимий. Устоз, муаллим. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ёзганидек:
Шоирга дедилар:
– Сиз бахтли инсон,
Халқингиз ардоқлар,
ҳамма танийди.
Шоир жавоб қилди:
– Менда бир армон:
Муаллим десалар мени, қанийди!
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.