Қайроқтош

Одатда, эртаклар “… мурод-мақсадига етибди”, деган жумла билан тугайди. Бундай ижобий мазмундаги хулосалар билан тугайдиган бадиий асарлар ҳам кўп. Уларнинг ҳам адабиётда ўз ўрни, салмоғи, аҳамияти бор, албатта. Ўқувчини завқлантиради, илҳомлантиради, борингки, яхшиликка етаклайди. Бу мазмундаги асарларга ҳурматимизни сақлаган ҳолда жавобсиз саволларга бой, ёзувчи ўртага ташлаган жумбоқ билан бир муддат яшашга мажбур қиладиган асарларнинг қиймати баландроқ кўринади.
Яқинда мана шундай зўр бир ҳикоя ўқидим. У “Бир кишилик авиаҳалокат” деб номланади.
Ҳикоя ардоқли ёзувчи Хайриддин Султон қаламига мансуб. Адибнинг яқиндагина чоп этилган “Осмони фалакларда” китобидан ўрин олган уч ҳикоянинг сўнггиси. Бу ҳикоя ҳам аввалги икки асар каби учувчилар — “само лочинлари” ҳаётидан олинган. Фожиали якун топган, ўткир сюжетли бу асарни замонавий ва изтиробли муҳаббат қиссаси, деб баҳолаганлар юз карра ҳақ. Бунга қўшимча қилиб айнан шу асарни қайроқтош ҳикоя, деб атаган бўлардим.
Нима учун? Бу саволга жавоб беришдан аввал ҳикоя мазмунини қисқача баён қилайлик.
Тошкентдан унча олис бўлмаган Искандар қишлоғилик Искандар Исроилов ва инглиз тили репетитори Садаф Муродовна ҳикоянинг бош қаҳрамонлари. Ҳикояда улар ўртасидаги муҳаббат можароси қаламга олинган. Воқеалар экипаж командири Искандар Исроилов “Тошкент-Астана” йўналиши бўйлаб амалга оширган парвози давомида бирма-бир эсланади. Ҳикоя композицияси нисбатан содда. Аммо, моҳият бир қадар мураккаб.
Искандар Садафни ўн икки йил аввал – авиация лицейининг учинчи босқичига ўтиб, инглиз тилидан репетитор излаб юрганида Интернетдаги эълон орқали топади. Қалин, қуюқ сочлари калта қилиб кесилган, тимқора, фаттон кўзлари кишига кулиб боқса-да, тили заҳаргина бу қамарсиймо асли водийлик, жаҳон тиллари дорилфунунини битирган, қариқизликка ишончли номзод ёшида эди, деб ёзади муаллиф.
Искандар ўзидан етти ёш катта бўлган ана шу ўқитувчиси Садафни севиб қолади. Шу тариқа Рига ва Тошкент ўртасида уч ярим йил давом этган пинҳоний ва эртаси мавҳум “интернет-роман” бошланади.
Искандар турли сабабларга кўра, маҳбубасига дил розини изҳор қилолмайди. Садаф ҳам тақдирга тан бериб, ўзидан ўн етти ёш катта, хотини ўлган, Россияда юрган меҳнат муҳожирига турмушга чиқади. Йигит ҳамқишлоғи, бир томондан қариндоши Яхшигулга уйланади. Бир қарашда ҳаммаси рисолада битилганидек. Гоҳо Садаф эсига тушиб, юраги орзиқиб кетишини ҳисобга олмаса, дунёда Искандардан бахтли одам йўқдек эди.
Аммо бир сафар Ўшдан Тошкентга учаётган йўловчилар орасида унинг собиқ муаллимаси ҳам бор эди. Электрон сигарет чекишини айтмаса, Садаф деярли ўзгармаган эди. Шу тариқа, бахтга қарши, улар яна учрашиб қоладилар…
Ҳикоя шундай давом этади:
Ҳар қалай, Искандарнинг қалбида зиғирдек бўлса-да, инсоф сақланиб қолган экан, Садаф, яхшими-ёмонми, бир бечора мусофирнинг хасми эканини ўйлаб, виждони қийналарди. Аммо Садаф бир оғиз гап билан унинг кўзини мошдек очиб қўйди.
— Раҳминг келяптими? – деб сўради маҳбубининг қўнғироқ сочларини силаб ётаркан.
— Ҳа, – деб чин дилдан иқрор бўлди Искандар.
— Агар у сенинг ўрнингда бўлганида, сенга раҳм қилармиди?
— Билмадим.
— Хотин керак бўлса, уч йилда лоақал бир марта келмасмиди? Нима, ўйлайсанки… Кўнглингни тўқ қилавер, ҳойнаҳой, биронта Машаними, Дашаними топиб олгандир.
Садаф чиндан ҳам Искандарни яхши кўради. Йўқса, аэропортнинг тиббий кўригига ишонмасдан, унинг қон босимию ҳароратини ҳар гал ўзи қайта-қайта ўлчармиди? Кителининг кўкрак чўнтагини турли дори-дармонлар билан тўлдиришни канда қилмасди. Бунга жавобан Искандар:
“Қўрқма, бизни осмон эмас, ер ўлдиради”, – деб файласуфлик қиларди.
— Мен ортиқ бундай яшолмайман, – дейди бир сафар Искандар. — Бу ўғринча ҳаёт жонимга тегди.
Искандар Садафни эридан ажратиб, ўзи ҳам хотинидан ажрашиб, унга уйланишни режа қилади. Аёл кўнмайди.
— Кел, насия қайғуни ўйламайлик. Фақат шу кун, фақат шу лаҳза ҳақиқат, қолган ҳаммаси ёлғон, – дейди Садаф учрашувларнинг бирида.
Искандар маъшуқасига “Астанага бориб келай, ҳаммасини узил-кесил ҳал қиламиз”, дейди.
Бироқ Астанага бориб, омон қайтиш унга насиб этмайди. Сафарга бир кун қолганида жондан севган маҳбубасини тасодифан хиёнат устида қўлга тушириб, Искандар бутунлай карахт бўлиб қолади…
Бу – Искандар ўн икки йилдан бери биладиган, оташин бир муҳаббат билан севиб-суйган, кўйида уни телба қилиб қўйган, қалбининг ҳукмдори, ҳаётининг маъносига айланган Садаф эмас, йўқ, батамом бошқа – нотаниш, етти ёт бегона бир аёл эди, деб ёзади муаллиф. Ва яна давом этади:
— Мана, Садафнинг аҳволини кўрдинг! – деб шивирлади у. — Хўш, кўнглинг жойига тушдими?
Дарс тугади. Бу охирги дарс эди.
Йигирма тўққизга қадам қўяётган азамат кема сардори, тоғни урса толқон қиладиган забардаст бу йигитнинг шу тобдаги дарду туғёнини, аҳволи руҳиясини дунёда ёлғиз бир одам тушунар, мажруҳ кўнглига малҳам бўла олар эди. Минг афсуски, бу инсон энди йўқ – ўтган кеча тириклайин йўқ бўлган эди. Ҳар қанча соғлом, жисмонан бақувват бўлмасин, йигитнинг юраги бу машъум хиёнатни кўтара олмайди. Искандарни муҳаббат ўлдирди.
“Самолёт ғилдираклари қарсиллаб бетон йўлкага” теккан маҳалда олий тоифали учувчининг пульт устида жони узилади.
“Uzbekistan airways” компаниясининг Тошкент – Астана йўналиши бўйича 1386-рейс билан парвоз қилаётган “Airbus-320” самолёти авиаҳалокатга учрагани, ҳалокат натижасида бир киши қурбон бўлганини бир юзу етмиш саккизта йўловчидан биронтаси сезмади..
Ҳикоя шундай тугайди.
“Осмони фалакларда” китоби тақдимотида сўз олган филология фанлари доктори Султонмурод ОЛИМ мазкур ҳикоя ҳақида фикр билдириб, жуда ўринли хулоса қилади:
“Гўзал Садафнинг бахтиқаро тақдири кишини ўйга толдиради. Уни уч йил сўрамаган, ҳатто ўз ўғлини кўришга бир маротаба ҳам келмаган эрига хиёнатини беихтиёр тушунгандек бўласиз. Лекин уни еру кўкка ишонмай севган, хотини, фарзанди, обрў-нуфузи қолиб, бутун борлиғини унга бағишлаган Искандарга хиёнати нимаси?
Ўша шармандали вазиятда аёл Искандарга қараб: “Бошқа иложим йўқ эди, тушуняпсанми, йўқ эди!” – деб бўзлайди. Асарда бунинг сабаби очилмаган. Бу ёғи китобхоннинг ўзига қўйиб берилган. Аммо ўқувчи Садафнинг бу гапидан ўзича нималарнидир ўйлайди, тахмин қилади, хулоса чиқаради. Уни тушунгандек бўлади ҳам. Садафнинг бу хатти-ҳаракатини Искандарни ўзидан бездириб, бутунлай узоқлатишга, шу тариқа унинг оиласини пароканда, кичкина Садафни эса тирик етим бўлиб қолишдан асрашга қаратилган ожизона – аёлона бир уриниш деб тушуниш мумкин…”
Ҳикояни ўқиб, яна бошқачароқ якун чиқаришга асослар ҳам йўқ эмас. Унаштирилган йигитининг қамалиб кетиши, электрон сигарет чекиши, СМС ёзишмалардаги чаласаводлик, Даша ва Машалар ва ниҳоят “Фақат шу кун, фақат шу лаҳза ҳақиқат, қолган ҳаммаси ёлғон”, тарзидаги фалсафаси Садафни ҳаётдан, муҳаббатдан ўч олишга ундамадимикин?
Шу ўринда машҳур рус шоири Михаил Лермонтовнинг қуйидаги сатрлари эсга тушади:
Беорларча алдайман мен ҳам,
Энди сира севмаслик учун.
Менга вафо қилмагач, санам,
Хотинларга ҳурматим нечун?
Зеро, Садафда хориж кайфияти ва дунёқараши устунлигини англаб олиш қийин эмас.
“Бир кишилик авиаҳалокат” – бу сиру синоатга тўла, гўзал ва нафис ҳикоя. Нима бўлганида ҳам, ўқувчи Садафни қораламайди. У ёрқин образ сифатида китобхон кўз ўнгида гавдаланаверади, ўқувчининг меҳрини қозонаверади. Йўқса, кечагина гўшангага кирган ёш бир журналист йигит “Бир кишилик авиаҳалокат” ҳикоясидан сира узилиб кетолмаяпман, деб ёзармиди ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Асардаги воқеаларнинг бу қадар чигаллашуви, эҳтимол, мавжуд муҳит таъсиридандир. Ҳикоя тез ва равон ўқилади. Лекин у билан тез ва равон хайрлашиб бўлмайди. Кетма-кет саволлар пайдо бўлаверади. Бу саволларга ҳар ким ўз тафаккур тарзидан, дунёқарашидан келиб чиқиб жавоб излайди. Минг ўқувчи — минг хил савол, яна шунча ечим…
Ҳақиқатан ҳам, ҳикоя инсонни ўйлашга, тафаккур қилишга ундайди. Қайроқтош мисоли идрокни чархлайверади. Ёзувчининг маҳорати ва жасорати айнан мана шунда.
Ушбу мулоҳазаларга сўнгги нуқтани қўйиш олдидан беихтиёр буюк Абдулла Қаҳҳорнинг қуйидаги сўзлари ёдга тушди: “Жаноб Толстойнинг асарлари бамисоли қазига ўхшайди, чайнаган сари мазаси чиқаверади…”
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ