“Афсонаман” ёки исм — ярим тақдир

Ўн саккиз ёшни қаршилабманки, исмим нега Афсона деб қўйилгани ҳақида қизиқиб кўрмаган эканман. Албатта, ноодатий бўлганлиги сабабли ҳар гал ўзимни таништириш учун исмимни айтганимда, ажабланиб қайта сўрашлар кўп бўлган. Одамлар маъносига қизиқишар ва ким қўйганлигини сўрашарди.

Амалиёт ўташ учун “Hurriyat” газетасига келганимда, бўлим бошлиғи ҳам шу саволни берди: “Нега айнан Афсона?” Онамдан сўраганимда ҳам бу ҳақда аниқ гап айтмаганлар, маъносини ўзим қидириб кўрган эдим: “Афсона — афсонавий гўзаллик тимсоли ёки кўҳна афсоналардагидек сулув қиз” деган маънода экан. Эртак ва афсоналарда таърифланадиган қизлар ташқи кўриниши билан эмас, ибо-ҳаёси, иффати, хулқ-атворининг гўзаллиги билан ифодаланади. Онажоним ҳам, балки, ўша эртаклардагидек гўзал хулқ-атворли, андишали, ҳаёли, бўлишим учун шу исмни танлаган бўлсалар керак.

Онажоним жудаям яхши, ҳар бир ишни қилишдан аввал етти марта ўлчайдиган оқила аёл. Исмим ноодатий ва кўп учрамаслигини айтиб, шу сабабдан шу исмни танлаганини айтганлар. Мактабда она тили ва адабиёт ўқитувчимиз Муқаддас Абдужабборова: “Исм — ярим тақдир”, — деб айтганди. Бу шунчаки бир қатор сўз эмас, ҳикмат экан. Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида келтирилганидек: “Қуръони каримда “Ал-асмо-у танзилу мин-ас”, яъни “Исмлар осмондан тушади”. Ҳар бир инсон ўз исми, ўз тақдири билан бирга туғилади. Худдики Фарҳод ҳам буюк қисмат билан туғилганидек. Бу билан шунга амин бўлдимки, исм инсоннинг ярим тақдирини ифодалар экан. Ота-боболаримиз бежизга тўғри исм танлаш кераклигини уқтиришмаган. Исм инсоннинг руҳи ва фазилатларига таъсир қилади.

Албатта, исм тақдирни ўзгартирмайди ёки белгиламайди. Лекин инсон ўз исмидан илҳомланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бежизга баъзи саҳобаларининг исмини яхши маънолиси билан алмаштирмаганлар. Ота-оналар фарзанди қандай инсон бўлишини хоҳласа, унга шу маънодаги исмни қўйишади. Исм тақдирни белгилаб бермаса-да, лекин инсон ўз исмидан ким бўлиши кераклигини англайди.

Одамлар сизни ўз исмингиз билан чақирганида, шу номга мос бўлиб яшашга интиласиз. Демакки, исмни тўғри танлаш ҳам муҳим экан.

Афсона ОРОМОВА,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика ва ўзбек филологияси  факультети ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар йўналиши 2-босқич талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =