Уруш болалар келажагини ўғирлайди

“Hurriyat” газетасида журналист Гавҳар Дилмуродованинг “Болалар — жаннат райҳонларидир” (2025 йил 4 июнь, 22-сон) номли мақоласини ўқиб ҳайратландим. Унда қардош турк халқининг қанчалик болажон экани чиройли тасвирланган. Бу мақолани ўқир эканман, дунёнинг бир томонида болаларнинг кўзлари бахтдан порлаётган бўлса, яна бир юртда бу кўзлар қўрқувдан ёшга тўлган. Беғубор болалик гаштини суриб юрганлар қайда-ю, вайроналар ва бомбалар остида қолиб жон бераётган болалар қайда?!

Интернет тармоқларида тарқалган бир сурат эътиборимни тортди. Расмда болакай қўл-оёқлари кесиб ташланган бўлса-да, юзида илиқ табассум билан боқар эди. Энди унинг бахтли болалиги бўлмаса-да, тақдиридан розилиги кўзларидан акс этганди. Биласизми, ногирон боланинг юзидаги табассумни кўриб, менинг кўзларим ёшланди. Ҳозирги айрим болалар кичик эҳтиёжларини бажармаётгани учун ота-онасига хархаша қилаётган бир пайтда, бу болажон муштдек юрагига катта дардни кулиб сиғдира олибди. Энди ўйлаб кўринг, уруш, қирғин бўлаётган давлатларда бундай болалардан қанча? Ўн минглаб болалар бомбалар остида қолиб, ҳалок бўлмоқда ёки умрбод ногиронга айланиб қолмоқда. Уларнинг ўрнига ўзингизни, болаларингизни қўйиб кўринг-а, бардош бера олармикансиз?

Шу воқеаларни кузатар эканман, режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг “Сен етим эмассан” фильми ёдимга тушди. Яшаш қийин бўлган Иккинчи жаҳон уруши даврида Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар турли миллат болаларини ўз боласидек асраб боқишган, тарбия беришган. Бу орқали халқимиз нафақат болапарвар, балки бағрикенг ва меҳмондўст эканлигини кўришимиз мумкин.

Болалар тақдири ҳақида ўйлаб, уйга кириб бордим. Ҳовлида ўйнаб юрган иккита жиянимни бағримга босиб, ёноқларидан ўпдим! Юртимиз тинчлиги, болажонларимиз ўйнаб-кулиб, соғ-саломат ва бахтли яшаётганликлари учун шукроналик келтирдим.

Рухшона ҚЎШБОҚОВА,

Ўзбекистон Миллий

университети 2-босқич талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 18 =