Гулни гулдек кўтармоқ керак

Метро ўриндиғида ўтириб борарканман, рўпарамдаги дераза ойнасидаги аксим бир қарашдаёқ ғалати кўринди: икки елкам олдинга энгашган, бошим ёнга қийшайган, юзимда лоқайдликми ё чарчоқ… қўлимдаги гулдастани худди супургидек пастга осилтириб боряпман… Ҳолбуки, чиройлию яшноқ гуллардан тузилган бу гулдастани яқиндагина менга бир даврада ҳурмат билан совға қилишди, кўнгилни кўтарадиган чиройли тилаклар билдиришди. Яна ойнага қарадим: ғира-шира аксим бир қарашдаёқ ёқимсиз… аслим қандай кўринаётган экан?

Шошиб елкамни кўтардим, гўё ёпилиб ҳурпайиб турган қанотларимни очдим; бошимни тўғри, тик тутишга уриндим; хўрлагандай пастга осилтирганим гулларни ўзимга қаратдим, елкамга тенглаштириб баланд кўтардим, гуллар юзимга ҳарорат сочгандек бўлди. Яна қаршимга – деразага қарадим: тик қаддим, нимтабассумли юзим қандай яхши, қандай чиройли, ўзимга ёқиб кетган бу қиёфам бошқаларнинг ҳам кайфиятини кўтарса керак. Хаёлимда бир сатр тизилди:

Гулни гулдек эъзозлаб кўтар…

Ён-атрофимни кузатишга рағбатим, қизиқишим ҳам ортгандек. Ўриндиқларнинг нариги бўлагидаги қизча билан онаси диққатимни тортди. Оппоқ пахтадек қизалоқ, лекин сочлари таралмаган; тўрт ёшларда бўлса керак, ҳеч ким билан иши йўқ, оғзини очганча бармоқларини бир-бир тишларига теккизади. Ўриндиқни, ликиллатиб ўтирган оёғини ушлайди, бармоқларини яна оғзига солади… Онасига: “Болангизга қаранг, қўлини оғзига солмасин”, деб ишора қилгим келади, аммо аёл на қизчасига ва на атрофга қарайди, кўзлари номаълум нуқтага тикилган. Ҳолбуки, ёнгинасида боласи – жаннат чечаги, Аллоҳнинг аёл зотига бериши мумкин бўлган неъматларининг гултожи. Бу қизчага атрофидаги одамлар, шитоб бораётган метро поезди, бири бирига ўхшамайдиган бекатлар ва уларнинг номлари, одамларнинг муносабатлари жуда қизиқ, саволлари кўп… Буни ҳаммадан олдин ва ҳар дақиқа ҳис этиш, боласининг қизиқувчан дунёсига ҳар жиҳатдан қизиқувчан, ғамхўр устоз бўлиб юз тутиш аёлнинг энг улуғ мартабаси – оналикнинг бахти, истиқболи эмасми?

Шунга ўхшаш (деярли ҳар қадамда) учрайдиган ҳаётий манзаралар хаёлимда ўта бошлади: автобусда, хиёбонда, уйда, йўлда… ёнида кичкина боласи бўлган оналарнинг қарийб етмиш, саксон фоизи қўлидаги телефонга банд ёки маҳлиё. Баъзида онасининг қўли ёки этагидан тортқилаб, пинжига тиқилиб эркаланиб, ҳатто бақир-чақир билан онасини ўзига қаратмоқчи, нимадир демоқчи бўлган кичкинтойларга меҳринг товланади, уларни лоқайдлик ёки жаҳл билан силтаб ташлаётган аёлларни кўрганда, болага қўшилиб йиғлагинг келади. Ҳолбуки, онанинг ёнида ўз келажаги: ниҳолга монанд бу кичкина инсоннинг тўрт мучаси қанчалар соғлом бўлса, атрофидаги олам ҳақидаги тушунчаю билимлари қанчалар рост ва кенг бўлса, наботот, ҳайвонотга муҳаббату шафқати кун сайин улғайиб камол топса…  бугун дастлабки қадамларию сўзлари билан оиласида ўрни, қадри, вазифалари борлигини ҳис этиб борса, ота-она учун бундан ортиқ қувонч бормикин? Кичкинтой ҳаётда ўрни борлигини ҳис этиб турса, атрофидагиларни англаб тушунса, улар билан мулоқотга қобил, ҳушёру огоҳ бўлса бу – жамиятнинг  эртаси учун қўйилган дастлабки ишончли қадам.

Республикамиз аҳоли сонининг табиий ўсиши бўйича дунёда юқори ўринлардан бирида туради. Ёш боласи бўлмаган хонадонлар кам топилади.  Аллоҳ бандаларини жаннат гуллари билан сийлаган ва бандаларига бу неъматларни ўз мақомига муносиб асраш, парваришлаш, улғайтириш, камолга етказиш вазифасини топширган.

…Чувалашган ипларнинг бирини тортсанг, бошқаси илашиб чиққани каби, устознинг, олимнинг, шифокорнинг, ижодкорнинг… қўйинг-чи, тонгда кўча супураётган фаррошнинг ҳам фахрланиб бажаришга арзийдиган масъулиятлари бор. Кўз олдимга халқ тақдирига масъул каттаю кичик идораларда ўтирган масъуллар келди: уларга билдирилган, юклатилган масъулият, ишонч, биринчидан, Яратганнинг яхши йўлдаги синовли имконияти бўлса, иккинчидан, бу масъулият ва ишонч жамият аъзолари томонидан тақдим этилган рамзий гулдастага қиёс эмасми? Бу хайрли синов насиб этганидан шукроналик адоси халқни англаш, мушкулини осон, турмушини фаровон, муаммоларини ечишга ҳисса қўшишда кўринади. Таассуфки, оммавий ахборот воситаларида турли даражадаги амалдорларнинг порахўрлиги, қўполлиги, кибру ҳавоси, тамагирлиги, ахлоқий бузуқлиги, бемеҳр ва шафқатсизлиги ҳақидаги расмий хабарлар, видеолар кўпайса кўпайяпти, аммо камайгани йўқ. Бундай инсонлар мамлакат Президенти, халқ ишончу ҳурмат билан тақдим этган унвон, лавозим, эътибор шарафини, ҳурмат-эътибор қадрини ерга урганлардир. Бундай ношукурликларнинг табиий оқибати бўлган  маъмурий жазолар, қонуний ҳукмларни “кимлардир ўзлари ўзига муносиб кўрди” дейиш ғалатига ўхшайди-ю, аслида, тўғри.

Кўз олдимга беихтиёр Ўзбекистон байроғини маҳкам тутганича баланд кўтариб бораётган қадди тик, боши мағрур, қадамлари шаҳдам, юзларида иродаю ифтихор, қатъият мужассам ҳарбий ўғлонлар келди. Ватан тарихининг жанговар, мардона саҳифаларини шу ўғлонларнинг оталари, оға-инилари номлари ёритиб турибди. Улар Ватан мустақиллиги рамзи бўлган байроғимизни қалбда ҳам, қўлда ҳам доим тик кўтарадилар. Ҳа, байроқни… ҳаётда бизга насиб этган барча эзгуликлар, хайрли неъматларни ўз номи, мақомига мос эъзозламоқ керак.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − four =