Ўзбекистон Марказий Осиёнинг халқаро инвестиция марказига айланиши учун барча имкониятларга эга

Хорижий иштирокчилар ва экспертлар мамлакатимизда бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида

Маълумки, пойтахтимизда Ўзбекистоннинг глобал сармоявий мулоқотнинг муҳим иштирокчиси сифатидаги мақомини мустаҳкамлаган кенг кўламли тадбир – IV Тошкент халқаро инвестиция форуми муваффақиятли тарзда бўлиб ўтди. Тадбирда 100 га яқин давлатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, йирик трансмиллий компаниялар раҳбарлари, нуфузли халқаро молия институтлари вакиллари, инвесторлар, шунингдек, бизнес вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев форумнинг ялпи мажлисида  сўзлаган нутқида “Биргаликда шундай инвестиция муҳитини яратайликки, у даромад келтириш билан бирга, инсон қадрини улуғлайдиган, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлайдиган ва жамият равнақига хизмат қиладиган мустаҳкам пойдеворга айлансин”, – дея таъкидлади.

Форум дастуридан глобал ва минтақавий иқтисодиёт, сармоявий ҳамкорлик, барқарор ривожланиш, рақамли трансформация ва “яшил” ўсишнинг энг долзарб муаммоларига бағишланган қатор панель сессиялари, давра суҳбатлари ва муҳокамалар ўрин олди. Муҳокама мавзулари замонавий иқтисодий кун тартибининг устувор йўналишларини ўзида акс эттирди ва бизнес амалиётчилари, таҳлилчилар ва экспертларда катта қизиқиш уйғотди.

Анжуман Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳиятини намойиш этиш учун асосий платформага айланди. Иштирокчилар эътиборига энергетика, инфратузилма, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва АКТ соҳаларида амалга оширилаётган янги лойиҳалар, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар тақдим этилди.

Иштирокчилар ҳам, халқаро экспертлар ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўзаро тажриба алмашиш ва стратегик ташаббусларни муҳокама қилиш учун самарали майдон сифатида Тошкент халқаро инвестиция форумининг аҳамияти ортиб бораётганини таъкидладилар.

Одиль Рено-Бассо, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти:

— Ислоҳотлар ва иқтисодиётни либераллаштириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон хусусий сармоя киритиш имкониятларини кенгайтиришни давом эттириши керак. Хусусийлаштириш ва меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш борасида сезиларли ютуқларга эришилган бўлса-да, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий сектор ўсишини рағбатлантириш учун ҳали кўп ишлар қилиниши лозим.

Ҳозиргача эришилган натижалар жуда қувонарли. Масалан, қайта тикланадиган энергетикага инвестициялар катта миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилди, иқтисодий фаолликни рағбатлантирди ва ижобий таъсир кўрсатди.

Сўнгги йилларда инвестициялар даражаси барқарор ўсиб бормоқда, Ўзбекистон ЕТТБ инвестициялари ҳажми бўйича етакчи 5 давлат қаторига киради. Ушбу ижобий тенденция келгуси йилларда ҳам давом этишини кутамиз.

Идракас Дадасовас, “Penki Kontinentai Group” халқаро корпорацияси бошқаруви раиси:

— Мен форумда биринчи марта иштирок этмаяпман ва ҳар сафар бу тадбир қай даражада аниқ ва профессионал ташкил этилганига яна бир бор амин бўляпман. Бу оддий форум эмас – бу пухта тайёргарлик асосида ўтказилаётган жиддий халқаро тадбирдир. Бутун дунёдан шунчалик банд ва таъсирли шахсларни бир жойга жамлашнинг ўзи Ўзбекистондаги инвестиция муҳити ва унга бўлган юқори ишончни кўрсатади.

Мен давлат тузилмаларида рақамли маълумотларни қайта ишлаш бўйича ечимлар қандай тезликда жорий этилаётганини кўряпман. Бу эса давлат даражасида чуқур стратегик иш олиб борилаётганини англатади. Президентнинг модернизация ва рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётгани Ўзбекистон узоқ муддатли ва пухта ўйланган ривожланиш стратегиясини шакллантираётганидан далолат беради.

Йованка Порше, “Global Neighbours” ташкилоти раиси ва асосчиси:

— Менимча, Ўзбекистон чинакам бой маданий меросга эга бўлиб, бу мерос чин дилдан қойил қолдирди. Шу билан бирга, мамлакат бизнес ривожи учун улкан салоҳиятни намоён қилмоқда. Бундай форумларнинг ўтказилиши жуда муҳим ташаббус бўлиб, алоҳида эътиборга лойиқдир. Мазкур шаклдаги тадбирлар одамларни бирлаштиради, янги алоқаларнинг пайдо бўлишига хизмат қилади ва дунёнинг ушбу минтақасида қандай ижобий ўзгаришлар рўй бераётганини бевосита кўриш имконини беради. Бу ҳақиқатан ҳам илҳомлантирувчи ва мен бу ерда  эканлигимдан мамнунман.

Менинг фикримча, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг халқаро инвестиция марказига айланиши учун барча имкониятларга эга. Бу роль нафақат мумкин, балки айни вақтда жуда ҳам долзарб ҳисобланади. Гарчи минтақавий интеграция аста-секинлик билан юз берса-да, у бу жараёнда муҳим роль ўйнаши мумкин. Бу нафақат Ўзбекистонга, балки бутун минтақага тегишли. Аммо айнан Ўзбекистон инвестициялар ва барқарор ривожланиш марказига айланиши учун зарур салоҳият ва геоиқтисодий устунликларга эга.

Инвестиция муҳити борасида шуни айтмоқчиманки, бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим ва мен фақат ижобий таассуротлар олдим.

Чжан Хэ, Хитойнинг “CGTN” глобал телевизион тармоғининг ижрочи продюсери:

— Ишончим комилки, IV Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистондаги сармоявий муҳитни янада яхшилаш, мамлакат иқтисодиётига глобал сармоя оқимини жалб этишда муҳим босқич бўлади.

Ўзбекистонда кейинги йилларда солиқ тизимини соддалаштириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, ташқи савдо режимини либераллаштириш каби йўналишларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар инвесторлар учун янада қулай шарт-шароит яратди. Бу жараён хорижий сармоядорлар ишончини барқарор давом эттириш ва мустаҳкамлашда ҳал қилувчи омил бўлмоқда.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни баҳолаш платформаси бўлмиш IV Тошкент халқаро инвестиция форуми янги ҳамкорлар, лойиҳалар ва стратегик йўналишларга салмоқли туртки бериши шубҳасиз.

Эмин Гарибли, Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети доценти:

— Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат Марказий Осиё учун асосий иқтисодий платформа, балки Европа ва Осиё ўртасидаги интеграция жараёнларини чуқурлаштиришнинг муҳим воситасига айланиб бормоқда.

Форум Тошкентнинг инвестицияларни жалб этишнинг минтақавий маркази мақомини мустаҳкамлайди ва мамлакатимизнинг Янги Ўзбекистон  стратегияси доирасидаги ислоҳотларни илгари суриш қатъиятини намойиш этади.

Форумга Европа давлатларининг юқори мартабали вакиллари, жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тошкентга ташриф буюрган Словакия Бош вазири Роберт Фицо ва Болгария Президенти Румен Радев иштирок этаётгани қўшимча аҳамият касб этмоқда.  Ушбу ташрифлар нафақат Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги стратегик интилишларини таъкидлабгина қолмай, балки хавфсизлик, рақамли ҳамкорлик ва транспорт инфратузилмаси каби соҳаларда ҳам аниқ келишувлар имзоланишига хизмат қилади.

“Дунё” АА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + nineteen =