Исмимни ўйласам…
Ҳар доим ўйлардим — нега исмим бундай? Нима сабабдан ўзимга ўхшаш исм учратмайман деб. Ҳаттоки исмимни ўзимга бегонадек ҳис этардим. Лекин ҳеч ҳам исмимнинг маъно-моҳиятига, нега айнан шу исмни менга қўйишганига қизиқиб кўрмаган эканман.
“Hurriyat” газетасига амалиёт ўташ учун борганимда, амалиёт устозим исмим ҳақида гўзал таърифлар айтмагунларича. Ростдан ҳам, ота-она ўз фарзандига исм бериш жараёнида уларнинг ҳаёт йўлини ҳам юрагидан ҳис этган ҳолда исм беришар экан.
Бу исмни менга онам берганлар. “Нега айнан шундай исм бергансиз?” десам, “нурли қиз бўлгин” дегандим, деб жавоб берар эдилар.
Ўйлаб кўринг, исмимда бир сокинлик бордек гўё. Баъзида бу менга жуда кўп билинади. “Биби” — ўзбек аёлларига хос ҳурмат, поклик ва нафосат тимсоли бўлса, “нур” эса ички ёруғлик, меҳр-муҳаббат эди. Онам бу исмни менга бежизга бермаган экан-да. Балки ўша пайтдаёқ қалбимдаги нурни пайқагандирлар? Ҳа, мен ўзим энди билаётган нарсаларни онам ўша вақтдаёқ юракдан ҳис қилган бўлсалар керак. Буларни энди тушуниб етаяпман.
Қуръони каримда айтилган “Нур” сураси 35-оятда: “Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир”. Бу калимани ўқиганимда юрагимга қандайдир ишонч ва осойишталик кирди. Аллоҳнинг нури бор жойда адашиш йўқдир.
Бунга яққол мисол қилиб Амир Темурнинг рафиқаси — Сароймулкхоним, яъни Бибихонимни олсак бўлади. Самарқанднинг кўҳна қисмида, Амир Темур жоме масжидининг кунчиқар томонида меъморий обида қад ростлаб турибди. Бу обида гумбази остида Соҳибқирон бобомизнинг суюкли хотини, у билан иссиқ-совуқ кунларни бирга баҳам кўрган, зукко, тадбиркор, оқила Сароймулкхоним – Бибихоним абадий уйқуда ётибди. Бибихонимнинг гўзаллиги, ақл-фаросати, нозик диди, меҳрибон қалби ҳақида халқ орасидаги афсоналарни эшитганимда энтикиб кетаман. Қани эди, мен ҳам Бибихонимга ўхшасам!
Англаб етдимки, исмимда тарих бор, аёллик шаъни бор экан, исмимга мос бўлишга ҳаракат қиламан.
Бибинур ЭШОНҚУЛОВА,
ЎзМУ талабаси.