Олакўз

Хўжайин йўғида уй ҳайвонлари ҳаддидан ошиб кетган Итни муҳокама қилишди.
— Ўтган-кетганга ҳуда-беҳуда вовиллайверади!
— Акиллашини-чи?!
— Товуқларни қувлаб, патини тўзғитиб ташлаяпти!
— Бунинг дастидан бечора дўмбоқ Жўжаларга кун йўқ!
— Очофат!
— Ўзи вазифаси қоровуллигу ўғри Мушукларга ошна бўлиб олганига ўлайми?!
— Ўғриларга шерикми, демак, ўзи ҳам – ўғри!
— Эҳ, хўжайин билмайди-да! Энг садоқатлигим шу, деб ўйлайди. Эсиз!
— Хўжайиннинг олдида думини ликиллатиб, ўзини вафодор қилиб кўрсатади-да!
— Уятсиз!..
Мана шу охирги сўз боядан буён ола кўзларини осмонга қадаб, беписанд ва бепарво эснаб ётган Итни жавоб қайтаришга мажбур қилди:
— Уятим бўлганида, ит бўлармидим?..
Носиржон ТОШМАТОВ