“Тарозий тошбақаси” ва метаморфозалар

Метаморфозалар адабиётда, одатда, тушунарсиз, сирли ва мистик нарсаларни тасвирлаш учун ишлатилади. Қадимги асотирлар, мифлар, эртаклар ва халқ достонлари метаморфозалар билан тўла. У ерда одамлар вафот этади, қайта туғилади, улар даҳшатли махлуқлар ва ҳайвонларга эврилади, сўнг яна одамларга айланади. “Метаморфоза” сўзи истилоҳ сифатида юнонча — “ўзгариш” маъносини ифодалайдиган илмий тушунча бўлиб, у индивидуал ривожланиш жараёни (онтогенез)да тана тузилишининг чуқур ўзгаришга юз тутишини англатади.
Метаморфозалар ўсимликларда, ҳайвонларда, умуман, табиатда учрайдиган илмий жараён бўлиб, бу бир шаклдан иккинчи шаклга ўтишни ифодалайди. Инчунин, метаморфоза жараёни туфайли қурт капалакка айланади, сувдан ташқарида яшаёлмайдиган қурбақа увулдириқлари каттариб, қуруқликка чиқади ва бошқа ҳаётга мослашади ва ҳоказо. Энди метаморфоза жараёнининг адабиётда, хусусан, адабий асарларда, улардаги образ ва эпизодларда бўй кўрсатишининг ҳам ўзига хос катта тарихи ва йўли бор. Одамзод дунёқараши шаклланишининг илк босқичида воқеликни мифологик талқин қилиш ва бу жараёнда метаморфозалардан унумли фойдаланишга бўлган интилишлар силсиласи мифология сифатида фалсафанинг, мифологик образлар сифатида эса адабиётнинг эътиборини тортди. Қаҳрамонлик достонлари ва бестиарий жанридаги адабий асарлар метаморфозик образлар билан тўлиб тошди. Кейинчалик адабиётнинг реализмга юз тутиши ва гуманизмга катта эътибор қаратиши натижасида мифологик образларга бўлган тарихий қизиқиш бирмунча сўнгандек таассурот қолдирди. Шунга қарамай, вақти-вақти билан бундай асарлар у ёки бу миллий адабиётларга турли давр ва маконда яшаган ёзувчилар ижодида бўй кўрсатиб турди. Бу ўринда Франц Кафканинг “Эврилиш”, Булгаковнинг “Итюрак”, шунингдек, Лотин Америкасидаги кўплаб метаморфозик романлар ва бошқа шунга ўхшаш миллий адабиётларда юз кўрсатган кўплаб жиҳатлар метаморфозанинг адабий истиқболи нечоғлиқ қийматга эга эканлигини кўрсатди.
Замонавий ўзбек адабиётида метаморфоза инъикос этган илк роман Темур Пўлатовнинг “Тарозий тошбақаси” (1985) романи билан очилади. Романда тошбақанинг инсонга эврилиши ўрта аср мистицизми билан уйғунлаштирилган ҳолда тасвирланади. Роман, ёзувчининг таъкидлашича, тахминан 1974 йилда ёзилган. “Тарозий тошбақаси” романи тарихи бўйича ёзувчи билан суҳбатлашганимда, Темур Пўлатов менга бу ҳақда қуйидагиларни айтганди:
“…Романни 1974 йилда 35 ёшимда жуда тез ёзиб тугатганман. Биринчи маротаба “Звезда Востока” журналига олиб бордим. Бош муҳаррири Александр Удалов кўрди-да: “Темур, бу асарнинг даври эмас, бунга цензура рухсат бермайди”, — деди. У менинг илк қиссам “Йўл четидан юрма” қиссасини журналда босганди аввал. Лекин бу сафар йўл бермади. Шундан сўнг қўлёзмани нашр қилиш учун Ғафур Ғулом нашриётига олиб бордим. Нашриётдагилар роман ҳақида фикр бериш учун адабиётшунос Лазиз Қаюмовга ўқишга берган. Бир куни борсам, нашриёт раҳбарининг олдига киритишди:
— Нимани ёздингиз? – деди ўша вақтдаги нашриёт каттаси ола қараб. — Қанақа тошбақа?! Олиб кетинг, босмаймиз.
Лазиз Қаюмовнинг тақризини ўқиб берди. У роман социалистик реализмга мутлақо ётлигини ёзганди.
— Хўп, – дедим-да, қўлёзма папкасини олиб ҳузуридан чиқдим. Уйга олиб келиб столга ташладим. Шу кўйи ўн бир йил шу ерда ётди. Бу орада “Бухоро хонадони кечмиши” трилогиясини ёздим. Уни ҳам бўлаклаб чиқаришга тўғри келди. Бутун ҳолда босишга цензура тўсқинлик қилди. Киносценаристлар курсида бирга ўқиган курсдошим, рус адабиётида алоҳида ҳодиса деб тан олинган ёзувчи Андрей Битов Тошкентга келганида меникида яшади. У ҳам қўлёзмани ўқиб чиқаркан:
— Темур, зўр ёзгансан, лекин буни Тошкентда ҳам, Москвада ҳам ҳозир босиши қийин, – деди.
Шу пайтлар Андрей Битовнинг китоблари Совет Иттифоқидан ташқарида босилаётганди. У айтди:
— Менинг танишларим бор, истасанг, чет элга юборамиз, – деди. — Улар босади.
— Ахир мен романда коммунистларни ёмонламаган бўлсам, уларга ўрта асрда Бухорода бўлган сюжет контексти қанчалик қизиқ бўлиши мумкин?..
— Бунақа асар йўқ бизда. Уларга иттифоқда социалистик реализм қолипларига мос келмайдиган роман қизиқ, ишон, – деди.
— Йўқ, Андрей, – дедим. — Агар босишса, шу ерда бостираман. Вақти-соати келса, четга ҳам чиқар.
Романни ўқиган “Дружба народов” журнали бош муҳаррири, ёзувчи Сергей Баруздин: “Темур, “Бўлак манзилгоҳлар” чиққанидан кейин сенга бўлган танқидлардан хулоса чиқармабсан-да”, деди. Бу вақтда “Тарозий тошбақаси” Москвада китоб бўлиб чиққанди. Қизиғи, шундан сўнг, бошқа тилларга таржима бўла бошлади. Бир йилнинг ўзида роман олтита тилда таржима бўлиб нашр этилди. Жумладан, немис, поляк, фин, чех, венгер тилларида китоб бўлиб чиқди. Бир куни газетага борганимда, “Литературная газета”нинг халқлар адабиёти масалалари бўлими муҳаррири, бошқирд адиби Ахиёр Ҳакимни кўриб қолдим. Ҳазиллашиб:
— Мана, роман чет элларда таржима бўляпти, газетада бирор мақтовли мақола бермайсизми? – дедим.
Ахиёр Ҳаким мени четга тортаркан:
— Темур, биласанми, сен “Тарозий тошбақаси”да социалистик реализмни йўқ қилгансан, – деди. — Бу романга тегмаганимиз маъқул. Агар газетада битта мақтовли мақола ёзилса, кейин қарши жавоб берадиганлар топилади. Бу нарса сенинг фойдангга бўлмайди. Шунинг учун “Тарозий тошбақаси”га тегмаймиз. У шундай тургани яхши. Раҳбарлар карикатура деб ўйлашлари мумкин. Тушундингми нима демоқчилигимни?
— Ҳа, албатта, – дедим.
“Тарозий тошбақаси”нинг 1985 йилги рус нашридан сўнг, Тошкентда, ниҳоят, “Ёш гвардия” нашриёти уни ўзбек тилида босди. Аммо бу учун Москвадаги нашр уларга қувват бўлган, йўқса, Ўзбекистондаги ноширлар мафкуранинг қовоғига қараб иш тутарди.
“Тарозий тошбақаси” романининг қисқача тарихи шундай…”
Ёзувчи романнинг китоб бўлиб босилиши тарихини шундай ҳикоя қилади, аммо биз учун мазкур романдаги метаморфозаларнинг ўзига хослиги ва уни тушунишга бўлган ҳаракатимиз бундан-да қизиқроқ, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Шубҳасиз, “Тарозий тошбақаси” романи ғаройиб сюжети билан китобхонларда ўзгача ҳайрат уйғотади. Фрейд назариясига кўра, биз ҳаётда такрорлаётган воқеликнинг ўтмишга алоқадорлиги, унга боғлиқ муайян сабаби бўлади. Бу нарса ёзувчига ҳам, инчунин, у яратган асарга ҳам бирдек тегишли. Шу маънода “Тарозий тошбақаси” сюжети қандай туғилган? Буни фрейдизм нуқтаи назаридан қандай тушуниш мумкин?.. Бу ҳақда ёзувчидан сўраганимда, шундай жавоб олганман:
“Тошбақа ва Тарозий образларини шахсий биографиям билан қандай алоқаси борлиги ҳақида ҳеч ўйламаган эканман. Дарвоқе, болалигимда уйимизга яқин жойда эски қабристон бўларди, бозорга унинг ёнидан ўтган йўлакдан қатнардик. 200-300 йиллик қабристон эканини менга ойим айтганди. Бир куни шу йўлдан ўзим ўтаётиб, тошбақага дуч келганман. Тошбақани кўтариб уйга олиб келдим. Ўшанда олти ёшдан энди ўтган пайтларим. Тошбақани боқиб олишга уйдагиларни кўндирдим. Юқори болохонали уйда уни жойлаштирдим. Шу тошбақани ўйнаб юрардим. Унга ўт берардим, бўш вақтларимни шунга сарфлардим, хуллас. Бир куни болохонага чиқсам, тошбақа йўқ. Излайман, қидираман, ҳеч жойдан тополмайман. “Тошбақам қани?” деб пастга йиғлаб тушдим. Пастдаги уйдан бир вақт отам чақириб қолди: “Мана, тошбақанг бу ёқда экан”, деб. Хурсанд бўлиб уйга югурдим. Уйда отам ва сартарош киришим билан мени тутиб каравотга ётқизишди ва ҳеч кутилмаганда суннат қилишди. Йиғидан овутиш учун кейин менга тошбақани беришди. Кейин билсам, отам тошбақани яшириб қўйган экан пастда. Отам мен билан шафқатсиз ҳазиллар ўйнаб, мени алдаб қўйди, улар мени зўравонлик билан ётоққа ётқизишди, қўлларим ва оёқларимни маҳкам ушлаб, қаттиқ оғриқ ва шармандали яланғоч ётганимда, Сўфиён маҳалласи болалари менга қарашди ва одат бўйича тангаларни менинг авратим устига ташладилар, буларнинг барчаси охир-оқибат онг остига қўйилди, у ердан кичкина тошбақа мифологик тошбақага айланиб, қўрқинчли кўриниш билан онг остидан ижод воқелигига айланди. Тошбақанинг устидаги косаси тарозига ўхшайди. Тарозий образининг юзага келиши, балки, шу омил билан боғлиқдир. Балки ўша Тарозий менинг ўзимдир. Суннатни бола тушунмайди-ку, у учун жисмоний жароҳат руҳий жароҳатга айланади. Демак, бу нарса менга таъсир қилган экан. Суннатдан катарсис бўлган бу воқелик кўп вақт онг остида дард бўлиб ётган, кейин фантазияга айланиб, тошбақа образи юзага чиқди”.
Ёзувчи билан бу суҳбат Темур Пўлатов асарларида метаморфоза жараёнини фрейдча психологик тушунтириш деб қаралиши, бизнингча, мақсадга мувофиқ саналади. Албатта, бу ёзувчининг “Тарозий тошбақаси” номли модернистик романи билан бевосита боғлиқ, аммо ёзувчи ижодида метаморфоза жараёни фақатгина шу роман билангина чекланмаган. Бу ўринда ёзувчи ижодидаги яна бир қизиқ асар — 1987 йилда Тошкентда Темур Пўлатовнинг рус тилида чоп этилган икки жилдлик танланган асарлари қаторида чоп этилган “Денгиз кўчманчилари” қиссасига ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ саналади. Қиссани ўзбек тилига таржима қилиш жараёнида мен унда “Тарозий тошбақаси” романида бўй кўрсатган метаморфозик топилмалар “Денгиз кўчманчилари” қиссасида ҳам давом эттирилганлигининг гувоҳи бўлдим. Қисса қаҳрамони Айя-Ойя (ёзувчининг шахсий ташаббуси билан қаҳрамон номи ўзбекча таржимада Кўккўз шаклида ўзгартирилди) — Кўккўз оқим билан ўзи билмаган ҳолда кенг денгизга чиқиб кетиб қолади. У денгизда яхтада, баржада, қайиқда кўрган, мулоқот қилган турли одамлар унинг дунёсига тўғри келмайдиган, қандайдир бошқа, бегона кишилар эканлиги бу ғалати сафар давомида англашилади. Кўккўз ўзига дельфинларнинг кўпроқ яқинлигини илғайди, у денгизда сузаркан, аста-секинлик билан метаморфоза содир бўлиб, унда жабра, қанотлар ва думлар пайдо бўлади, танасида эса балиқ тангалари ўса бошлайди. Ёзувчи буни қиссада шундай тасвирлайди: “Денгизда ўттиз тўққиз кеча-ю кундуз ёмғир ёғди, Кўккўз Муқаддас Китобда айтилган қирқинчи кунни ҳам кутишга қарор қилди. Ёмғирнинг овози уни ғазаблантирарди, у ўйлаш учун сукунат топиш илинжида яширинадиган жой изларди. Денгизга тасодифан шўнғиб, у сув остида шундай сукун ҳукм сурган гўша борлигини пайқади, у шу ерда қолишни истарди. Кўккўз сув остида бироз сузаркан, сукунатга қулоқ тутиб, чайқалиб кетди, аммо кейин бўғилиб яхтага қараб шошди. Аммо шу кундан бошлаб у вақтининг муайян соатларини денгизда ўтказа бошлади: у балиқ ва медузалар ичра сузарди, фақат овқатланиш ва ухлаш учунгина яхтага қайтарди. Унинг заиф ўпкаси аста-секинлик билан сув ости ҳаётига кўника бошлади, гарчи Кўккўз тез-тез касал бўлиб тушкунликка тушган бўлса-да, ўзида нимадир ўзгараётганлигини сеза бошлади. Бир куни юзига қараганида бурнининг тепасида — қоқ пешонасида танга катталигидаги туйнукни эслатадиган ўсимта пайдо бўлганлигини кўрди, қизиғи, у сувга тушганида бу туйнук унга нафас олиб, нафас чиқариш воситаси бўлганлигини кўриб, у ҳайратга тушди. Бу эврилиш Кўккўзни умуман хафа қилгани йўқ, билъакс, энди дельфинлар билан сувда пойга қилиб, унинг ичига кириб чучкуртирадиган сувни ҳавога отиши мумкин эди. У шу кўйи ўзини сувда тутаркан, аввалига дельфинлар унга олазарак қараб, чўчқанинг хириллашини эслатувчи ғалати товушлар чиқариб атрофида бегонадек сузишди, аммо кейин Кўккўзнинг осудалиги ва уларга зиёни тегмаслигини ҳис қилишиб, уни ўзларининг сафларига қабул қилишди”. Кўккўзда бу метаморфозик ўзгаришлар содир бўлгандан сўнг, у Донишманд Оранг-Утан оролига боради, сал қолса, у ерда уни императорликдан келган инспектор деб ўйлаган сузувчи қамоқхона бошлиғининг тузоғига тушиб, қамоқхона маҳбусларидан бирига айланишига сал қолади. Қисса сўнгида уни тузоққа туширмоқчи бўлган қамоқхона бошлиғининг ўзи тузоққа тушади, унинг хизматкори горилла ҳам бошлиқни у ердан қутқазолмай, тақдир тузоғига у ҳам илинади. Кўккўз эса асар сўнгида дельфинларга қўшилиб денгизга сузиб кетади. Буни ёзувчи шундай тасвирлайди: “Кўккўз-чи?! У буларнинг барчасини ўз кўзи билан кўраркан, генерал Денгизхон ўғлига ёрдам бериш ўта қийин юмуш эканлигини тушунди. Уни оломон орасидан топиш ва камарлардан халос қилиш учун ким ҳам бу тақдир қафасига ўзини ташларди? Яна унинг хизматкори билан бирга халос қилиш лозим, чунки улар бир қафасга қамалган. Йўқ, бу жуда қалтис ва муаммоли, қолаверса, оқим уни энди қўйиб юбориши даргумон. Кўккўз сўнгги бор дельфиндек хириллаб — улардан ажралиб туришнинг иложи йўқ эди — океан тубига ғойиб бўлди, у сувнинг тўлқинлари узра сузиб кетди, шунда ҳамма нарса туйқус зулматга чўмди, ҳамма нарса чуқурроқ ғайритабиий ҳаётга сингиб кетди…
Дельфинлар Кўккўз абадий ғойиб бўлган жойни синчковлик билан айланиб чиқишди, кейин уни тезроқ унутишлари учун очиқ денгизга сузиб кетишди. Ўша сузиб кетаётган дельфинлардан бирининг кўзи кўк эди…”
Ёзувчининг метаморфозик тадрижи “Тарозий тошбақаси” романида тошбақанинг одамга эврилишида акс этган бўлса, “Денгиз кўчманчилари” қиссасида Кўккўзнинг дельфинга эврилишида намоён бўлади.
“Тарозий тошбақаси” ҳақида олмон матбуотида мақола ёзган адабиётшунос Самуэл Бахли Темур Пўлатов романини Кафканинг “Эврилиш”и билан солиштиришга жазм қилади. У ўз мақоласида шундай ёзади: “Темур Пўлатов Кафка дунёсига кирганми-йўқми, бир нарса дейиш қийин. Албатта, ўзбек ёзувчиси изидан Кафканинг қадамларини пайқаш мумкин, бироқ биз буни қанчалик хоҳлашимиздан қатъи назар, бу тўғридан-тўғри кетма-кетлик эмаслиги аён. Пўлатов фикрлашнинг мутлақо бошқа тизимини бизга тақдим этади. Шу маънода у Кафкадан тубдан фарқ қилади. Кафкада инсон ҳашаротга айланиб қолади, Пўлатовда тошбақа инсонга айланади”. Ёзувчининг “Денгиз кўчманчилари” қиссаси шу маънода “Тарозий тошбақаси” романидан кўра Кафка анъаналарига яқинроқ, бу ўринда Кўккўзнинг дельфинга эврилиши, Кафканинг ҳашаротга эврилган қаҳрамони билан умумий бирлик касб этади.
Шу ўринда бир савол туғилади. Темур Пўлатов нега бунақа асарлар ёзди?.. Бу ўринда социалистик реализм адабиётида 1960 йиллардаёқ цензураланган давр шароитида шартли метафорик наср пайдо бўлганлигини рус адабиётшунослари таъкидлаб келишади. Бу метафорик наср ўзига фантастик реализм анъаналарини мерос қилиб олди. Чунки ўша даврда нафақат ёзувчилар, балки шоирлар ва драматурглар ҳам ижтимоий шароит ва сиёсий тузумдан норозилигини очиқ ифода эта олмасдилар. Метафорик насрнинг чўққиси 1980 йилларнинг ўрталарига келиб ўзининг том маънодаги юқори нуқтасига эришди. А.Орловнинг “Дорихона эгаси”, В.Крупиннинг “Ҳаёт суви”, Ф.Искандарнинг “Қуёнлар ва бўғма илонлар” каби асарлари шу даврнинг мевалари эди. Ўзининг энг яхши ижодий ишларини ёзаётган Темур Пўлатов каби ёзувчилар шу даврнинг метафорик насридан узилиб қолиши мумкин эмас эди. “Тарозий тошбақаси” романи ва “Денгиз кўчманчилари” қиссаси ана шу давр метафорик насри ҳавосидан сув ичган, бу борадаги жаҳон адабиёти анъаналарининг метаморфозасини синтез қилган новаторона асарлар сифатида адабиёт тарихида ёзилиб қолди…
Шерзод Комил ХАЛИЛ