“Ma’rifat”сиз ўқитувчилар

ёки даврий нашрларга анъанавий обунани ким қандай қарши олмоқда?

Ҳар йили сентябрда галдаги йил учун обуна бошланганида бу ғалат мавсумни бехижолат ўтказиш йўсинлари кўриб чиқилади. Умуман, газета ёки журнал ўқишга даъват этишнинг ўзи қанчалик тўғри?

Ҳақ гап, муддатли тўлов (бўлиб бериш) орқали кредитга музлаткич олиш бизни маиший жиҳатдан юксалтиради. Аммо маънавий жиҳатдан қачон равнақда бўламиз? Китоб ўқимасак, “ойнаи жаҳон”ни кўрмасак, радиони тингламасак, журналларни варақламасак, бу иштиёқ ўлгур қачон пайдо бўлади кўнглимизда?

Шу ўринда бир-икки мулоҳаза. У ёки бу ишхона раҳбари пешқадам ходимни мукофотлаётиб, қимматбаҳо нарсалар ўрнига бирор даврий нашрга обуна қилиб, унинг квитанциясини совға қилса, ёмон бўладими? Беморнинг олдига мева-чева кўтариб боргандан кўра (буни оила аъзолари жойига қўйишади) зерикмай ўтиринг, деб бир даста газета-журналлардан элтиб берсангиз, хурсанд бўлмайдими?

Мен бир кишини биламан. Ҳар йили бир ойлик маошини деярли юз фоиз ўзига зарур деб билган нашрларга обунага сарфлайди. Бугунги долғали даврда ҳам обуна масаласига катта эътибор билан қараб келаётган эҳтиромга муносиб бу зот — “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони соҳиби, Гулистон давлат университети профессори Равшанбек ҳожи Маҳмудовдир. Умуман, Маҳмудовлар оиласида фалсафа докторларининг кўплиги у ёки бу нашрларни доимий мутолаа қилаётганликларидан бўлса керак, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Яқин ўтмишда савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак, деган шиоримиз бўлгувчи эди. Бизнингча, газетани ҳам ҳар ким, ҳар куни ўқиши керак. Кун бўйи автобусда ҳам, бекатда ҳам, хиёбону ҳатто йўлда пиёда кетаётганда ҳам телефонидан кўз узмайдиган, кўпроқ вақтини беҳуда маълумот ва ахборотларга сарфлаётган ҳамюртларимиз мундоқ ўтириб, газета ҳам ўқисалар, асакалари кетадими?!

“Мажбурий обуна” деган ғалат мавсумни касбий нашрларга ҳар қандай ҳолатда ўтказиш керак. Ҳамкасблар ўртасида яратилган янги тажрибалар билан, газета бўлмаса, ким таништиради? Киши ўз соҳасидаги энг сўнгги таҳлилий ҳолатларни қаердан билиб олади? Ихчамлик ва тезкорликни хуш кўрадиган ижтимоий тармоқларда таҳлилий мақолаларга ўрин ажратиладими ўзи?

Бир сўз билан айтганда, газета ёки журнал ўқимаслик авомликка  етаклайди. Айниқса, касбий нашрларни (хусусан, педагогик) таълим соҳаси вакиллари кўзга суртиб ўқишлари, улардан беминнат фойдаланишлари керак.

Шу йилнинг 16 сентябрь куни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан Гулистон шаҳридаги 2-мактабда “Босма ОАВ: кеча, бугун ва эртага” мавзусида муаллимлар ва муҳаррирлар ўртасида бевосита мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирни вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳилола Назарбекова очар экан, пойтахтдан келган меҳмонларни қутлади.

Мамлакатимизнинг бир гуруҳ педагогик нашрлари бош муҳаррирлари бевосита иштирок этган мазкур учрашувда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов залдагиларга меҳмонларни таништирар экан, болалар ва ёшлар таълим-тарбиясида, уларни маънавий юксалтиришда вақтли матбуотнинг, хусусан, газета ва журналларнинг ўрни беқиёслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Машваратни “Ма’rifat” — “Учитель Узбекистана” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Нишонов анчайин куюнчаклик билан давом эттирди. Айтилдики, 2024 йилда сирдарёлик таълим ходимлари бир дона ҳам “Ма’rifat” газетасига обуна бўлмаганлар.

“Gulxan” журнали бош муҳаррири Заҳро Ҳасанова, “Tong yulduzi” газетаси бош муҳаррири Феруза Адилова, “G‘uncha” журнали бош муҳаррири Дилфуза Шомаликоваларнинг ҳам болалар нашрларига бўлган ҳолатдан, бемалол айтиш мумкинки, ҳасратларидан чанг кўтарилди. Сардоба туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси Озода Гулмуродова, Боёвут туманидаги ихтисослашган мактаб ўқитувчиси Сай­ёра Эрназаровалар эса соҳада ўзларини ташвишлантираётган ва ечимини кутаётган қатор мавзулар ҳақида сўз юритдилар. Сўзимиз аввалида айтилган гап-сўзларнинг ҳам каттагина қисми мазкур учрашувнинг мазмун-мундарижасини белгилаб берди.

Ҳа-да, ёш авлодни юртсеварлар қилиб тарбиялаш, мурғак кўнгилларни, умуман, миллат болаларини маънавий жиҳатдан, тенглар ичида тенг қилиб камолга етказиш ҳақида бугун гапирмасак, қачон гапирамиз?

Муҳаррирларнинг газетхонлар билан юзма-юз мулоқоти янги-янги ғояларнинг пайдо бўлишига олиб келди, дейиш мумкин. Рост-да, ўқув-тарбия жараёнини яхши йўлга қўйиш учун қандай компонентлар бўлиши керак? Яхши ўқитувчи, яхши дарслик, одобли ўқувчининг ўзи бу ғоят муҳим жараённи кўнгилдагидек ташкил этиш имконини берадими?

Ўқитувчи ўз малакасини ошириб бормаса, пешқадам ҳамкасб тажрибаси ўзлаштирилмаса, ташаббуслар фаол қўллаб-қувватланмаса, муаллим яхши ўқитувчи бўла оладими?

Анъанавий усуллар қайси жиҳатлари билан афзал? Устоз шогирдини қай даражада жазолаши мақсадга мувофиқ? Орамизда афсонавий муаллим, раҳматли Оқилхон Шарафиддиновга ўхшаб яхши ўқийдиган 1-синф ўқувчисини рағбат учун елкасига ўтқизиб мактабга олиб борадиган муаллимлар борми?

Оталар ўз фарзанди ахлоқ-одобидан, мактабдаги юриш-туришидан хабар олишга вақт топяптими? Маҳалла нозири битирувчи синфларда қанча ўқувчи борлигини биладими?

Хусусий мактаб давлат таълим муассасаси билан қанчалик рақобатда? Мактабингиз пешқадамлар рейтингида нечанчи ўринда эканлигини биласизми?

Бевосита мулоқотда бу каби савол-жавоблар, фикр ва мулоҳазалар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида кўп гапирилди. Бироқ обуна мавсуми жараёни муаллим ва ўқувчи тимсолида ҳеч нарса эмаслиги ҳам билиниб турди. Шу куни ёш авлод таълим-тарбиясида газета ва журналларнинг ҳам ўрни беқиёс эканлигини англаб етганлар ҳам оз эмаслиги кишини қувонтиради, албатта.

Ўқитувчилар, мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, кутубхоначилар, юқори синф ўқувчилари томонидан таклиф этилган ва муҳаррирлар томонидан қарши олинган мулоҳазалар, журналистлар томонидан берилган саволлар кўлами кенглиги педагогик нашрларга бўлган муносабатлар анчайин жиддий масала эканлигини намоён этди. Кундек равшан бўлдики, педагогик нашрларимизда “Газеталар шарҳи”, “Марҳамат, мутолаа қилинг”, “Сўраган эдингиз”, “Китоб жавонингизга”, “Танишинг, жажжи ижодкорлар”, “Ўқинг, билимингизни оширинг”, “Ёстиғим остидаги китоб”, “Илғор тажриба — ҳамманинг мулки” сингари рукнлар остида тезкор ва долзарб хабар ва ахборотлар эълон қилиб борилиши медиа майдони ва замонида ишга куюнчаклик билан ёндашилаётганини кўрсатади, дейишди шу куни анжуман иштирокчилари.

Шу куни пойтахтдан ташриф буюрган муҳаррирлар бевосита мулоқот чоғида фаоллик кўрсатган ўқитувчи ва ўқувчиларга эсдалик совғаларини топширдилар.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов бевосита мулоқот ишига якун ясар экан, тадбир ташкилотчилари, хусусан, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва 2-мактаб жамоасига миннатдорлик билдирди.

Бир сўз билан айтганда, таълим соҳасига оид бир неча нашрлар муҳаррирларининг Гулистонда газетхонлар билан бўлган мазкур бевосита учрашуви ўқитувчи ва ўқувчиларда, шунингдек, ёш қалбларда у ёки бу педагогик нашрларга салгина бўлса-да, муҳаббат пайдо қилди, деб айтсак бўлади. Амалда қандай натижа бўлишини эса вақт кўрсатади.

* * *

Шу куни пойтахтлик меҳмонлар Сирдарё вилоят телерадиоканалининг янги биносини ҳам кўздан кечирдилар. Телеканал раҳбари Зафар Дарханов брифингларни ёзиб олиш ва тўғридан-тўғри эфирга узатиш хоналари билан таништирди. Замонавий бинода қатор қулайликларга эга бўлган телерадиоканал ижодий жамоаси суткасига 18 соат кўрсатув ва 16 соат радиоэшиттиришларни эфирга узатмоқда.

— Бугун “Диёр янгиликлари” дастуримизда илк бор сунъий интеллект ёрдамида яратилган “сухандон”лардан фойдаландик. Келгусида ушбу йўналишни янада такомиллаштириш устида изланишлар олиб борилмоқда, — деди телерадиоканал директори Зафар Дарханов.

Меҳмонлар замонавий монтаж ва овоз ёзиш хоналари, шунингдек, маънавият хонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Телерадиоканал ҳовлисида барпо этилган боғ кўздан кечирилди. Бу ерда самимий мулоқот бўлиб ўтди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Сирдарё вилоят телерадиоканали билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказишда ҳамкорлик қилишга ҳам келишиб олинди.

Бойжигит АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Сирдарё вилояти бўлими раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + 20 =