Тилимиз — дилимиз қўнғироғи
21 октябрь. Бу қутлуғ сана халқимизнинг тил байрами. Ҳар бир ўзбекистонлик учун фахр ва ифтихор куни. Чунки тил — фақат алоқа воситаси эмас, балки миллатнинг юраги, маданияти ва ўзлигини белгилаб берувчи асосий неъматдир. Аммо бугун тилимиз ҳолатига назар ташласак, айрим оғриқли ҳақиқатлар ҳам яққол кўзга ташланади.
Ёзма нутқда, реклама ва ижтимоий тармоқларда имловий хатолар, талаффуздаги бузилишлар тобора кўпаймоқда. Баъзи мактаб ва ташкилот пештоқларида “умумий таълим” деб ёзилган баннерлар учрайди. Аслида, бу “умумий ўрта таълим” бўлиши керак. Шунингдек, реклама баннерларида ҳарфлар алмашиб кетиши ёки тушиб қолиши одатий ҳолга айланмоқда: Масалан, “микрафон” ўрнига “микрофон”, “кам-пютер” ўрнига “компьютер”, “интерву” ўрнига “интервью” деб ёзиш тўғри бўлади. Шунингдек, “муаммо”ни “муоммо”, “ривожланиш”ни “риважланиш”, “ҳисоб-китоб”ни “хисоб китоб” шаклида ёзиш адабий тил қоидалари бузилаётганлигини кўрсатади. Машҳур адибнинг расми остида бошқа бир ёзувчининг исми-шарифи ёзиб қўйилганлигига нима дейсиз? Айрим жойларда давлатимиз номи “Узбекистон” ёки “Узбекстан” деб ёзилганлигидан эса ташвишланмай бўлмайди. Буларни оддий хатолар деёлмаймиз. Бу она тилимизга бўлган ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас. Миллати ва Ватанини севган, тил тўғрисидаги қонун ижросига ўзини масъул деб билган инсон ўз тилини қадрлайди, унинг софлиги учун курашади.
Маълумки, ҳар бир ҳарф, ҳар бир белги тилда муҳим ўрин тутади. Масалан, тутуқ белгиси (’) — “Эъзоз”, “даъво”, “таъсир”, “масъулият” каби сўзларда ёзилмаса, сўзнинг маъноси ва талаффузи бузилади. Афсуски, кўпчилик бу белгини ортиқча деб билади ёки умуман ишлатмайди. Бу эса ёзма маданиятимизни заифлаштиради.
Тилимиздаги яна бир жиддий муаммо — давлатимиз номининг нотўғри талаффуз қилиниши. Халқаро миқёсда “Узбекистан” кенг ишлатилади, ҳатто айрим расмий ҳужжатларда ҳам учрайди. Бу ҳам тилимизга бўлган лоқайдликдан далолат. “Ўзбекистон” сўзидаги “Ў” товуши ўзбек тилининг ўзига хос ғурури. Уни “У” ёки “О” билан алмаштириш сўзнинг миллий жарангдорлигига путур етказади. “Ўзбекистон” деб айтилганда ўзгача бир ғурур ва фахрни ҳис этамиз. “Узбекистан” эса эриш, ҳатто бегонадек эшитилади. Масалан, Туркия яқинда халқаро миқёсда “Туркей” ўрнига “Туркийе” номини расмийлаштирди. Буни улар “Бизнинг номимиз — бизнинг ғуруримиз” дея эътироф этдилар.
Дунё хариталарида, халқаро саҳифаларда, спорт либосларида “Ўзбекистон” деб ёзсак, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Тилимизнинг ҳар бир товуши, ҳар бир белгиси замирида миллат тарихи, руҳи, маданияти мужассамлигини унутмаслигимиз керак.
Бугун турли манбаларда “Бухара”, “Самарканд”, “Ташкент”, “Фергана” каби ёзувларни тез-тез учратамиз. Бу “Бухоро”, “Самарқанд”, “Тошкент”, “Фарғона” сўзларининг бузилган шакли. Агар “Тошкент”ни “Tашкент” деб ёзсак, у миллий талаффузини йўқотади. Бизнингча, машҳур шаҳарларимизни дунёга ўзбекона талаффузда танитганимиз маъқул. Демак, тилни асраш — фақат сўзларни эмас, жой номларини ҳам асл ҳолида сақлашни тақозо этади. Айни пайтда кўчалардаги рекламалар ва ижтимоий тармоқларда ўзбекча сўзлар ўрнига “Beauty Shop”, “Style House”, “Market” сингари хорижий ёзувлар кўпайиб бораётгани ҳам аянчлидир. Ёшлар орасида эса аралаш тил — яъни “карочи”, “так што”, “чем” каби сўзлар оммалашиб бораётганлиги бизни адабий тилдан узоқлашишдан бошқа нарсага хизмат қилмайди.
Тил — миллатнинг юраги. Уни асраш, ҳар бир сўзини тўғри ифода этиш, имлога қатъий риоя қилиш ҳар бир ўзбекистонликнинг фуқаролик бурчи бўлмоғи керак.
Нигорахон НУРИЛЛАЕВА,
Ўзбекистон Миллий университети
Журналистика ва ўзбек филологияси
факультети талабаси.
