Китоб мўл. Тарғиботчилар-чи?
Ғарб телеканалларидан бирида намойиш этилаётган қизиқарли бир кўрсатувни томоша қилаётган эдим. Реклама бошланди. Ҳайратланишга тайёр туринг: дори-дармон ёки бирор маиший маҳсулот эмас, китоб рекламаси! Биз кўпинча ҳамма бузғунчиликлар шу ерда деб тушунадиган донишманд қитъада инсониятнинг буюк ихтироси бўлмиш китоб тарғиб қилинмоқда. Шу тарғибни кўриб, қанча-қанча китобхон ёшлар, кексалар дўконларга йўл олиши, навбатга туришини тасаввур қиласизми?
Айтишларича, Ҳамид Исмоил Бобораҳим Машраб ғазалларини француз тилига ўгириб, қўлёзма Парижда китоб ҳолида чоп этилганида шундай бўлган экан. Китобсеварлар янги нашрлар ҳақидаги эълонларни интиқлик билан кутиб туришаркан.
Бундан роса бир аср аввал бизда хонликлар батамом тугатилган, улар билан бирга… навоийхонлик, машрабхонлик, ҳофизхонлик, бедилхонлик, маснавийхонлик ҳам тўхтаган, дейиш мумкин. Бу тўхташ, таассуфки, яқин-яқингача давом этди. Унинг аянчли “шарофати” бугун “Нега аксарият болаларимиз, ёшлар китобхон эмас?” деган ўта оғриқли саволнинг юзага қалқиб чиқишида кўринади.
Бу саволга турлича жавоб бериш мумкин. Менимча, жавоблар қандай бўлишидан қатъи назар, савол тўғри қўйилганми ёки нотўғрими — буни аниқлаш ўрнига бошни мардона эгиб: “Биз тарбиялаган ёшлар нега китоб ўқишмайди-я?” — десак, ҳақиқатни тан олган бўламиз.
Ёшлигимда отам ўқиган китобларнинг деярли ҳаммасини варақлаб чиққанман. Қуш уясида кўрганини қилади дейдилар. Ўзи китобдан жуда узоқ, бирорта бадиий асарни ўқимаган ота-она фарзандини китоб ўқишга мажбурласа ҳам бундан бирор натижа чиқмайди.
Умрида қўлига китоб ушламаган, ушласа ҳам ичини очиб кўрмаган жиянимга Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асарини тутқаздим. Жумлалари қисқа, диалоглари кўп асар. Уч кундан кейин жияним (!) шу адибнинг бошқа китобини сўради. Токиода яшайдиган бир дўстим бу ердаги кафеларда хўрандалар буюртма таом келгунча китоб ҳақидаги буклетларни ўқишини айтиб қолди. У ўзига керакли ўнга яқин янги китоблар тўғрисидаги маълумотлар билан шу ерда танишибди. Шундай. Хорижий мамлакатларда китоб тарғиботи жуда яхши йўлга қўйилган. Мажбурлаш йўқ, қизиқтириш бор.
Бизда бу муаммонинг ечими борми? Албатта, бор. Ёшлар ўртасида ўтказилаётган китобхонлик танловлари яхши натижа бериши мумкин. Шундай бўлмоқда ҳам. Аммо биргина танлов билан иш битмайди. Нега?
Ота-оналар китоб ўқишда болаларига ўрнак эмас. Айрим оилаларда китоб столнинг оёғи остида мувозанатни сақлаш воситаси, холос. Ёшга қараб китоб тавсия қилувчи мутахассислар яхши ишлашмайди. Тўрт ёшли болага бирор эртак китобни олиб ўқиб беринг-чи, у тушунармикан? Эртаклар бола тилида ё-зил-ма-ган!!!
Неча йиллардан бери адабиёт дарсликларида Муқимийнинг “Саёҳатнома”си ўқитилади. Яйпанликлар енгилтак, бешариқликлар найрангбоз, оқерликлар меҳмонсуймас… Хаёлингизга келган фикрдан чўчиманг. Авваллари “Китобсеварлар жамияти” деган ташкилот бўларди. Уни қайта тиклаш керак, демоқчи эмасман. Аммо китоб тарғиботи билан жиддий шуғулланмасак, яна кўп нарсани йўқотган бўламиз. Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида чоп этилаётган китоблар ёшлар орасида кенг тарқалаётгани, ёш ижодкорлар уюшма аъзолигига қабул қилинаётгани эътиборга молик, албатта.
Ёшлигида бемаза қовоқ еб, қорни қаттиқ оғриб қолган бола умрининг охиригача қовоқли таом емайди. Шу каби бемаза китоб ўқиб қўйган бола ҳам…
Болалар учун ёзилган китобларга, уларни чоп этадиган нашриётларга, китоб рекламасига маълум имтиёз берайлик: бундай китоблар ҳамёнбоп бўлсин.
Куни кеча айнан бу борада ниҳоятда бир хайрли лойиҳа амалга оширилди. Пойтахтимизда илк бор шундай гўзал ташаббус, жуда савобли иш рўёбга чиқди. Турон банк, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Пахтакор” ва “Алишер Навоий” метро бекатлари оралиғида “Турон китоб бекати” очилди. Энди йўловчилар ўзлари истаган китобларни олиб ўқиб кетишлари мумкин. Фақат йўловчилар манзилига етгач, китобларни ўша метро бекатида қолдириб кетишлари керак. Токи китоблардан бошқа йўловчилар ҳам фойдалансин.
Бундай эзгу иш ташаббускорларига офарин!
Юсуф АБСОАТОВ
