Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш йўллари

Хонадонларда ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи омиллар жуда кўп. Жумладан, эҳтиётсиз сигарета чекиш, носоз электр ва газ мосламаларидан фойдаланиш, болаларнинг назоратсиз қолиб, гугурт ўйнашлари каби ҳолатлар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, учқун текканда ёниб кетадиган айрим буюм ва нарсалар борки, уларни печкалар ёнида сақлаш асло мумкин эмас. Булар сирасига лак, бўёқлар, мебеллар, синтетик кийимлар киради. Кўп қўлланиладиган кимёвий моддалар, каучук ва пластмассадан ясалган турли буюмлар тез ёнишдан ташқари, кўплаб зарарли моддаларни ҳам ажратиб чиқаришини эътиборга олсак, уларнинг хавфи янада ошади.

Ёнғин келиб чиқишига учта асосий омил сабаб бўлади: ҳаво, учқун, ёнувчи модда.

Агар шу учта омилдан бири бўлмаса, ёнғин содир бўлмайди.

Юз бераётган ёнғинларнинг катта майдонга тарқалиб кетишига хусусий уйлар қурилишида тегишли меъёрларга амал қилинмаслик ҳолатлари ҳам сабаб бўлмоқда.

Амалдаги тартиб-қоидага кўра, икки қўшни хонадон оралиғи томни кесиб ўтувчи 60 сантиметр баландликдаги ва қалинлиги 12  сантиметрдан кам бўлмаган ёнғинга қарши деворлар билан ажратилиши, уй томига ва ёғоч панжараларга оловга бардошлиликни оширувчи суюқликлар билан ишлов берилиши, хоналарда иситиш печлари қоидага мувофиқ ўрнатилиши лозим.

Шу сабабли ҳар ким уйида хавфсизликни таъминлашни ният қилар экан, бу борада ёнғин хавфсизлигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслиги лозим эканини эслатиб ўтишни жоиз, деб биламиз.

С.САИДАКБАРОВ,

Тошкент шаҳридаги 1-бўлинма

кичик инспектори,

кичик сержант.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 10 =