Энг олий вазифа – ватан манфаати

Ўтган йилнинг сўнгги кунлари юртдошларимизга, барча каттаю кичикка жуда катта рағбат, эртанги кунга бўлган ишонч ҳиссини янада оширган тарихий воқеа – Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси бўлди, десак хато бўлмайди. Ушбу Мурожаатномани 2025 йилнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий манзарасини тўла-тўкис таҳлил этган муҳим ҳужжатгина эмас, балки мамлакатимизда яқин беш йил ичида рўёбга чиқариладиган устувор вазифалар дастури тақдимоти бўлди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев қанчалик оғир бўлмасин, юртимизда бошланган демократик ислоҳотлар кўзда тутилган натижаларни берганини алоҳида таъкидлади. Шу жумладан, 2025 йилни “мураккаб йил” деб таърифлагани бежиз эмас. Қачонки, бутун дунёда кечаётган алғов-далғовли даврда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, халқнинг яшаш тарзини юксалтириш, иқтисодий имкониятларни ошириш, умуман, жаҳонаро мамлакат нуфузини баландга кўтаришнинг ўзи мураккабдан мураккаброқдир.

“Эътибор беринг. Бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди”, – деди Президентимиз Мурожаатноманинг аввалида.

Давлатимиз раҳбари бундай юксак натижаларни халқимизнинг улкан ишларга қодир эканлигига яққол мисол сифатида алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, улуғ шоир айтганидек, “Халқ тўлқиндир, халқ кучдир!” Бунга шубҳа йўқ. Шу боисдан ҳам Президент куч бирликда, ҳамжиҳатликда эканлигини, “Бирлашган ўзар – бирлашмаган тўзар” нақлини эсга олди.

Энг муҳим ютуқларимиз ҳақида сўз юритилганда бугун Янги Ўзбекистонни дунё тан олаётганигина эмас, юртимизга ҳавас кўзи билан қараётгани ҳам бор гап. Айниқса, Ўзбекистон футболи учун ўтган 2025 йил тарихий йил бўлди. Миллий терма жамоамиз илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Шахмат бўйича Жаҳон кубоги мусобақаларида улкан ютуқлар қўлга киритилди. Ўтган йилги Ёшлар Параосиё ўйинларида спортчиларимиз жасорат намуналарини бутун оламга намойиш этди. Бундай улкан муваффақиятлар юртимизда спортга бўлган эътибор туфайли эмасми? Албатта шундай!

Тан олиш жоиз, Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда жуда катта ишлар, ўзгаришлар рўёбга чиқарилмоқда. Назаримизда, буларнинг бари бир нарсага бориб тақалади: бу хоҳ иқтисодий, хоҳ ҳуқуқий, хоҳ сиёсий бўлсин, очиқликнинг таъминланганида. Ўйлаб кўринг, бундан атиги 9-10 йил аввал бирор тадбиркор, у хоҳ йирик сармоядор бўлсин, хоҳ бизнесини эндигина бошлаган инсон – ҳозирги пайтдагидек эмин-эркин ишлай олармиди? Йўқ, албатта. Салгина бойиган инсонга ёки ҳатто қимматроқ улов минган кишига сабаб бўлса-бўлмаса: “Сен буни қаердан топдинг?!” – деб турилса, тадбиркорлик ривожланиши мумкинми? Одамлар сармоясини минг хил усул билан яширишга ҳаракат қилиши тайин-ку.

Бугун юртимиз тадбиркорлари дунё­га чиқмоқда. Ҳамма ҳам тасаввур қилолмайдиган ютуқларга эришмоқдалар. Чунки Президентимиз уларга қулай шароит, имтиёзлар бергани сабаб, бугун ана шундай натижаларга эришилмоқда.

“Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг биринчи талаби. Аммо миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир”.

Албатта, буни ҳаёт дейдилар. Кимдир, эҳтимол, нималардандир норозидир, кимдир қайсидир фикрларга қўшилмас. Лекин Ватан, эл-юрт манфаатига хизмат қилиш ва қонунга итоат этиш шарт бўлиши лозим. Шу маънода Юртбошимиз она диёримизда таълим, соғлиқни сақлаш, экологик муаммолар ечимини топиш, ишсизликни камайтириш, камбағалликни янада пасайтириш, ёшларни касб-ҳунарга жалб этиш, замонавий технологиялар, сунъий интеллект каби йўналишлардан самарали фойдаланиш, бу борада қўшимча рағбатлантириш чора-тадбирларни йўлга қўйиш ва бошқа кўпдан-кўп соҳалардаги муаммолар, уларнинг ечими юзасидан аниқ вазифаларни ўртага ташлади.

2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланишида ҳам жуда катта маъно ва мазмун, улуғ мақсадлар мужассам. Зеро, маҳаллаларимиз ривож топсагина жамиятимиз юксалади. “Шунинг учун ҳам жорий йилдан бошлаб маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўмни вилоятларнинг ўзига беряпмиз. Энг муҳими, бу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳолимиз учун қўшилган қиймат яратиши зарур. Шу боис бу пуллар умуман қайсидир туман учун эмас, балки маҳаллада иш ўринларини яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади”, – дейилди Мурожаатномада.

Бундай катта маблағлар маҳаллаларимизга кириб борар экан, жуда кўпдан-кўп бугуннинг муаммолари ўз ечимини топишига шубҳа йўқ.

Юртбошимиз катта шаҳарларимиздаги тирбандликларнинг олдини олиш, транспорт ҳаракатини интеллектуал светофорлар орқали бошқариш жорий этилиши, “яшил макон” лойиҳаси асосида ҳар бир ҳудудларда амалий ишларнинг рўёбга чиқарилиши, хусусан, ботаника ва дендрология боғлари, соя-салқин ҳудудларнинг кўпайтирилишига алоҳида эътибор қаратгани янада қувончлидир. “Пойтахт Тошкентнинг ҳар бир кўчасида ариқлар бўлиши, унда тоза ва мусаффо сувларнинг оқиши”ни тасаввур қилишнинг ўзи нақадар ёқимлидир.

Албатта, одамларнинг эртанги кунга ишончи, умиди адолатли жамият барпо этилишида, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг муқаддас деб билинишидадир. Тан олиш керак, бугун бу борада муаммолар йўқ эмас. Лекин 9 йил аввал мамлакатда прокуратура, ички ишлар идораси ёки судга иши тушган киши борки, осонликча ўзининг ҳақлигини исботлай олмаган. Шунинг учун ҳам судларга оширилган ишлар ҳамиша “айбдорлик” тамғаси билан якун топган. Ҳеч кимга оқлов ҳукми чиқарилмаслиги ёлғонмиди ё? Ўтган 9 йил давомида ҳуқуқ-тартибот соҳасида ҳам анчагина ижобий қадамлар ташлангани сир эмас. Минглаб юртдошларимиз суд залидан оқланиб чиқаётгани шундан. Аммо келгуси йилларда бу борада янада самарали ишлар рўёбга чиқарилиши зарур эканлиги ўта долзарбдир.

 “Биз одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этишни бошладик. Энди терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирамиз. Бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва инсон омили қисқартирилади”.

Ана шу асосда бугун жамиятда коррупцияга йўл қўйиш ислоҳотларимизга хиёнатдир, дейилди. Шунинг учун ҳам бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қилинди. “Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди, деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг!” Бундай қатъий талаб мамлакат раҳбари томонидан кўндаланг қўйилганининг ўзи жуда кўп нарсаларни англатади. Адолат ва ҳақиқатга ишонч ва умидни янада мустаҳкамлайди.

Президентимиз сунъий йўлдош орқали ўзбек ватандошимизнинг космосга парвоз қилишига доир амалий ишларнинг бошлангани, шу билан бирга янги самолётларимиз учун учувчилар, уларга техник хизмат кўрсатувчилар, аэропортлар учун сервис ва бошқарув соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Фуқаро авиацияси университетини ташкил этиш борасидаги муждаларни эълон қилганида барча юртдошларимиз қувончдан бир қалқиб тушгани, севинчини таърифлашнинг ўзи бўлмайди.

Умуман олганда, Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси 6 та устувор йўналишни ўз ичига олди. Уларнинг ҳар бири ҳақида узоқ мулоҳаза юритиш мумкин. Энг муҳими, бу йўналишлар Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва яқин келажагини белгилаб берувчи ёрқин дастур, нурли йўлланма бўлди, десак, хато бўлмас.

Абдирасул ПАРДАЕВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + 16 =