Ёлғиз
Илҳом АҲРОР
Тўйхона олдида турган тўйчи кўп қатори мени даврага таклиф этди. Унинг ёнида турган киши менга эргашди. Биздан олдинги олти-етти ўринли столда нуроний қария негадир биргина ўзи ўтирарди. Мен унинг ёнига ўтмоқчи бўлиб, у томон юрдим. Буни чол сезди. Менга ярқ этиб қаради. Бу нигоҳдан унинг хушфеъл, ҳалим табиатли инсонлигини англадим, у менинг ўзига даврадош бўлишимни истаётгандек туюлди. Аммо ҳамроҳим овоз бериб, ёнимиздаги столда бўш турган икки ўринга ишора қилди. Мен чолнинг ёнига ўтиришни истаганим учун у томонга ишора қилдим. Бироқ даврадан икки-уч кишининг овози эшитилди: “Домла, келинг бу ёққа”, “Келсангиз-чи, сизга жой олиб қўйганмиз”.
Иккинчи овоз эгасининг гапи таъсир қилдими, кулимсираб ортимга қайтдим. Келиб, ҳамроҳимнинг ёнига жойлашдим. Дастурхонга қарайман. Йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Айниқса, ранг-баранг ичимликлар бирма-бир очилар, сармаст сўзлар кўпроқ ҳазил-мутойиба оғушида эди. Даврадагиларнинг бари тўйчининг синфдошлари экан. Шунинг учун бу даврага эътибор бошқалардан кўра ўзгачароқ эди.
Ҳар замон қария томонга хижолатли нигоҳ ташлаганимда, кўзларимиз тўқнашиб қолар, унинг кўзлари, агар ёнимга келиб ўтирганингда азалдан ҳаром қилинган заҳар-заққумдан ичмасдинг, деяётгандек бўларди. “Балки, унинг ёнига бориб ўтирмаганим ҳам яхши бўлгандир, — ўйлайман яна, — у қуда тарафдан бўлиб, бошқалар ўтирмаслиги — жойни банд қилиш учун атай қўйилган — узоқдан келаётган меҳмонлар кутилаётгандир”.
Хаёлим чолда бўлса ҳам даврадагилар суҳбатига қайтдим.
Бизнинг даврада ҳам ичмайдиганлар бор эди. Ёнимдаги ҳамроҳим кўп ичиб қўйганиданми, тўйчига яқин қариндошми, бошқа давраларга ҳам ўтиб турди. Шу-шу қайтиб келмади. Ўрнига ичмайдиган, мени яқиндан биладиган очиқ чеҳрали Тўлқинжон келиб ўтирди.
Беихтиёр атрофга назар солдим. Нафақат бизнинг даврамиздагилар, балки бутун тўйхонадагилар фақат ўзларининг завқу шавқларига ғарқ эдилар. Бир инсонни кўрмадимки, келиб қариянинг ёнида бир зум ўтирса, унга даврадош бўлса! Тўғри, баъзи тўйга кечроқ келган ёшлар ора-орада бўш жойлар борлигини билмай, тамомила холи чол ўтирган столга ўтиришар, дастурхонга ичимлик қўйилмаганлигини кўриб, тезда бошқа жой излашар, унинг ёнидан туриб кетардилар. Ҳар сафар бу ҳолат юз берганда чол истеҳзоли жилмайгандай туюларди менга.
Тангри аслиятини кўз-кўз қилмасдан, уни бошқаларга ҳис қилдирадиган бандаларига файзу баракотидан улуш беради, аммо қудратидан эмас. Ахир тонгни оттирадиган ҳам, қуёшни боттирадиган ҳам фақат Ўзи. Дунёнинг ҳар жой-ҳар жойида ақидани зулм воситасига айлантирган бандаларнинг бандаларга, кунингни қора қиламан, дея ўшқирадиганлари ҳақида ўйлаб, ёқа ушлайсан. Биз даврадошлар ўрни келганда ана шундай куфрона сўзларни айттирадиган “шайтон” сувини ичиб, кайфимизни чоғ қилаётганимизни билмасдик.
Мен энди қария томонга қарашга ботинолмай қолдим. Чунки у ҳам мени кузатиб тургандек эди. Энди менга тўй бошланишидаги дилгир қарашлари насиб этмайди, деб ўйлардим. Закийлар айтган-ку: “Шамолни чорлаган бўронда қолур”. Назаримда, тумтароқ сўзларни қалаштириб ташлаётган овози ёқимсиз давракаш, ҳавойи оҳанги ясама овозидан баланд хонанда ҳам фақатгина чолнинг таажжуб, афсус-надомат бўронида қолгандай эдилар.
Тўй ниҳоясига ета бошлаши билан барча ўрнидан қўзғала бошлади. Мен очиқ қарамасам-да, чолни зимдан кузатардим. Тўйчи икки қўли кўксида ҳолда чолга ташрифи учун миннатдорчилик билдирди чоғи, чол қандайдир тилаклар айтиб дуога қўл очди. Сўнг ўрнидан турди, ҳамма қатори ташқарига чиқа бошлади. “Демак, унинг даврасига ҳеч ким кутилмаётган экан-да! Тўй бошланишидан охиригача ёлғиз ўтирди-я!”
Чол ёнимиздан ўтиб кетгунча тик турган ҳолда ўзимни кимнидир кутаётгандек тескари томонга бурилдим: аслида, келин-куёв қаршисида ўйнаётган қудалар ва уларнинг қариндошлари, куёвжўраларга қараганча бир муддат ўзимни чалғитдим. Унинг биздан узоқлашганини кўргач, эшик томон йўналдим.
Мана, бу тўйнинг ўтганига ҳафталар ўтса ҳамки, чолнинг қиёфаси сира кўз ўнгимдан кетмасди. Қариянинг қарашлари, маъноли кўзлари ўзим қаердадир ўқиган ёки кимдандир эшитган ҳикмату ибратли ибораларни эслатиб, мени руҳан эзарди.
— Биламан-у, амал қилмайман, — шивирлардим гўё у мени эшитаётгандек. — Ахир айтишган-ку: амалимиз аслимиздир…
Ҳа, шундай. Кўпчилигимиз афсуски, шу ёлғон дунёнинг ҳою ҳаваслари билан овворамиз.
