Фозилмон кўли ва пистачақар балиқлар

Зомин ва Нурота тоғ тизмаларини Жиззах яқинидаги Илон ўтди дараси ажратиб туради. Бу жойни туб аҳоли Амир Темур дарвозаси ёки ғори деб ҳам атайди.

Ғор пастидан оқувчи Сангзор дарёси икки тоғ тизмасининг табиий чегараси ҳисобланади. Илон ўтди дарасидан кейин Нурота тоғ тизмалари Қўшработ туманига келиб иккига — Оқтов ва Қоратовга ажралади. Ўша тоғларнинг ҳар иккаласи тугайдиган (Нуротага қараб йўналган) жойидан яйловлар, Қизилқум саҳроси, Буюк Турон пасттекислиги бошланади.

Жиззах, Самарқанд ҳамда Навоий воҳалари харитасига қарасангиз, унда Нурота тоғ тизмаларининг бор бўй-бастини кўриш мумкин. Тўшига булутлар бош қўйган мағрур чўққилар, қояларни ёриб ўтган даралар, бир-бирига туташ қир-адирлар ястаниб ётибди.

Нурота тоғидаги Заргар чўққиси денгиз сатҳидан 2170 метр, Оқтов Лангар чўққиси эса 2005 метр баландликда жойлашган. Шу ерлик одамлар ишонадиган афсонага кўра, Ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом лангар ташлаган жой айнан шу чўққи эмиш.

Қизилқум чўллари билан чегарадош Нурота тоғ тизмасининг ҳайвонот ва ўсимликлар олами жуда хилма-хил. Кўтарилиш қийин бўлган қояларда, тоғ ёнбағирларидаги чангалзорларда қоплонлар яшайди. Ана шу биологик хилма-хилликни табиий ҳолда сақлаб қолиш, илмий асосда ўрганиш ва тадқиқ этиш мақсадида 1975 йилда Фориш тумани сарҳадларида давлат томонидан Нурота қўриқхонаси ташкил этилган. Аммо унинг Самарқанд, Навоий вилоятларидаги қисми бугун қаровсиз ҳолда. Бу ерда минглаб доривор гиёҳ, дов-дарахт, парранда-ю даррандаларнинг ноёб турлари учрайди.

Нурота заминидан етишиб чиққан Оқсоқолота, Нурота, Қарнабота, Оқтўнлиота, Қўчқорота, Арслонота, Кўктўнлиота ҳақида кўпчилик эшитган, албатта. Бу зотлар маънавий юксак, жисмонан бақувват, ақлан баркамол инсонлар бўлиб, тоғу тошлар, адирлар ва қирларда қўним топишган. Бу сўлим гўшаларда ноёб дарахтларни учратасиз. Ҳатто дунёнинг кўпгина жойларида мутлақо учрамайдиган сарв дарахти ҳам ана шу тоғларда ўсади. Авлиёсифат аждодларимизнинг мана шу ерда яшаб қолишига ана шу омиллар сабаб бўлгандир, балки. Агар бу жойларни пиёда кезсангиз, таърифлаб бўлмас гўзал манзаралар, олам-олам завқ ва таассуротларни туюшингиз аниқ.

Бугун одам нафас олишга қийналадиган улкан ва тиғиз шаҳарлар олдида Оқтов ва Қоратовлар том маънода жаннатдай кўриниши шубҳасиз. Зеро, шоир бир шеърида Оқтов ва Қоратовни мадҳ этганидек:

Оқ тоғларни изладим,

Қора тоғлар дуч келди.

Қора тоғлар қучоғини кездим, ёронлар,

Оқ тоғларга етгунча.

 

“Илон ўтди” дараси ёки Амир Темур дарвозаси

Жиззах заминидан кўҳна Буюк Ипак йўли ўтгани учун ҳам мазкур кент жаҳон тамаддунида жуда катта аҳамият касб этиб келган. Жиззах довонидан пастликдаги тоғнинг қоқ бели худди сариёғ каби кесилиб, кенг ва равон йўл солинган, Сангзор дарёси ҳам айнан шу ердан ўтган. Автомобиль ва поездлар қатнови мамлакат шимолини шарққа боғлаб туради.

Зомин ва Нурота тоғ тизмаларини мана шу фусункор ва мафтункор “Илон ўтди” дараси ажратиб туради. Даранинг кунчиқар томони Зомин, кунботарга қараган томони эса Нурота тоғ тизмаларининг бошланиш қисми ҳисобланади. Негадир маҳаллий аҳоли “Илон ўтди” дарасини “Амир Темур ғори”, “Темур дарвозаси” деган номлар билан ҳам аташади.

Шунинг учун эл орасидаги айрим гап-сўзларга қараганда, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳар гал зафар қучганидан кейин замин сайқали Самарқандга фақатгина ана шу “дарвоза” орқали кириб келган экан. У даврларда бу жой қаттиқ қўриқланган бўлиб, стратегик аҳамиятга эга манзил бўлган.

Сангзор дарёси тоғларнинг булутларга қадар етган баланд чўққиларидан тошларга урилиб, думалаб, пишқириб оқиб келади. Дарё иккита тоғ тизмасининг табиий чегараси ҳисобланар экан.

“Илон ўтди” дарасининг табиати, ҳавоси ажойиб. Бу қадим манзилга яқин гўшада умргузаронлик қилаётган тоғликларнинг ўзи яшаётган ҳудудлари, тоғ чўққилари-ю сойлари, даралари ҳақидаги бир-биридан қизиқарли ҳикоялари кишини сеҳрлаб қўяди, аллақандай туйғуларга чулғагандай бўлади.

Бир маҳал улкан бир қора қуш Темур дарвозасининг муз сумалакни эслатадиган қиррадор чўққисига келиб қўнди ва атрофни синчковлик билан кузатди. Қоядан сал наридаги кенгликда қўйлар суруви кўзга ташланади. Нима учундир ушбу ҳудуддан доимо шамол аримайди. Дара атрофида ёнғоқ, арча, наъматак каби дов-дарахтлар онда-сонда бўлса-да учрайди. Икки томон эса қорайиб кетган қоялар билан ўралган. Бу ўлмас қояларни оралаб, бир тошқин дарё оқади. Дарёнинг шундоққина ёнида бир бужур, қиррадор қоя ўсиб чиқиб, осмону фалакка санчилиб тургандай гўё. Мазкур қоялар Амир Темур бобомизнинг қанчадан-қанча зафарли юришларига, масрур, қувончли онларига гувоҳ бўлмаган, дейсиз. Шунинг учун ҳам мангуга занжирланган бу икки тоғ ажраладиган манзил тарихий тимсолга айланиб улгурган.

“Келинтош”

Қояга тирмашиб чиқишим учун хийлагина тер тўкишимга тўғри келди. “Пастликка қараманг, бошингиз айланади. Қиррадор шаклдаги қоянинг кемтик жойига оҳиста оёқ қўйинг. Ана шунда тепага кўтарилишингиз осонлашади…” Ёнимда пилдираб, худди катталардек дадил, мардона одимлаб келаётган муштдеккина болакайнинг амрига бўйсунишдан бошқа иложим қолмади… “Бу бошқа гап. Кейинги сафар қояга чиққудек бўлсангиз, бу нарсаларни билиб олганингиз яхши, керак бўлади. Мана, ҳаш-паш дегунча тик тоғда қандай одимлашни яхшигина ўзлаштириб олдингиз”.

Болакай рост сўзлаган экан. Ҳаял ўтмай тепада ҳозир бўлдим. Шундоққина ёнимда шамоллар қора булутлар карвонини худди подани олдига солиб кетаётган чўпондек ҳайдаб боряпти. Сал наридаги қояга маҳкам ўрнашиб олган улкан бургут чор-атрофни олазарак кузатади. Қузғунлар бир жойга тўпланиб олганича, бир-бирининг пинжига бош суқади. Улар бу машғулотга шунчалик берилиб кетганидан, бошқа ҳеч нарсага ҳуши йўқ эди. Рости, бу манзилдаги манзараларни таърифлаб беришнинг иложи йўқ.

Одам гавдасини ёдга соладиган, ибодатга берилган аёл, йиғлаётган болакай, сурув-сурув қўй-қўзиларни боқиб юрган чўпонни эслатадиган тошлар шунчалар серобки, беихтиёр уларнинг қай бирини томоша қилишни билмасдан эсанкираб қоласан киши. Устига-устак, нонтош, кенг, ёйиқ супа ҳамда бир қараганда товуқ тухумини эслатиб юборадиган тошларнинг савлат тўкиб туришини айтмайсизми? Синчиклаб қарасангиз, худди янги тушган суқсурдай, сулув келинчакка қуйиб қўйгандек жуда-жуда ўхшаб кетадиган тош эса сизга астойдил таъзим қилиб, эгилиб салом бераётгандек таассурот қолдиради.

1650 метр баландликдаги ноёб кўл

Нурота тоғ тизмаларидаги Оқтов ва Қоратов бетакрор ғаройиботларга бой. Бу тоғларда асрлар давомида бўрон, жала, шамолу жазирамалар билан олишиб яшаётган шундай гўзал ошёнлар борки, уларни кўриб, гўёки сеҳрли эртакка тушиб қолгандек бўласиз.

Тоғлар занжирининг энг баланд жойида қачонлардир табиат қудрати билан яралган Фозилмон кўли ҳақида ҳеч эшитганмисиз? Кўлнинг чор-атрофи тоғлар билан ўралган. Фозилмон тоғи деб аталувчи чўққи пастидаги кўлнинг шарқ томонидан айланиб ўтиб, кўлга қуйилувчи булоқ ёнига келдик. Суви муздек. Уни идишга олиб офтобда бироз илитгач, ича оласиз. Кўл четида сув анча тиниқ, ўртасига етиб кулранг тусга киради. Сатҳида шу пайтга қадар ҳеч ким аниқламаган ям-яшил ўтлар, тўда-тўда қамишлар ўсган. Кўлда сон-саноқсиз ёввойи ўрдак, оққуш ва ғозлар сузади. Уюр-уюр отлар сув ичиб бўлгач, навбат қўтоссимон буқаларга келади.

“Эшитишимизча, боя сизлар кўрган кўлдан сув ичган отлар шу кетишда Оқтовга бориб тунаркан”, дейди шу орада қўй боқиб юрган чўпон.

Аслида, ўша отлар ана шу поёнсиз яйловларнинг қўриқчиларидир. Улар тунни Оқтовда ўтказса, кундузи Синтоб яйловларига етиб боради. Сув ичиб, яна Оқтовга қайтади. Оқтов устида ҳам ана шундай яйловлар кўп. Яна ривоятлардан бирида келтирилишича, ўша отлар Ҳазрат Алининг Дулдул лақабли отидан тарқаган насл эмиш. Умуман, кўл ҳақидаги афсоналар ғоят қизиқ ва турли-туман.

Камина ҳам кўл бўйидаги текисликда ўйноқлаб, гижинглаб, кишнаб юрган арғумоқларни том маънодаги “кўл қўриқчилари” деган бўлардим. Негаки, тилсиз жониворлар бу жойларни бир зумга ҳам қаровсиз қолдирмас экан.

Дарвоқе, чексиз яйловлар ўртасида кўл мавжуд бўлгани — бу Кичик Фозилмон тоғи ҳисобланади. Катта Фозилмонни “Ҳаётбоши” ёки оддийгина қилиб, “Фозилмон” деб аташади. Бу юксак баландликдан Синтоб, Можрим, Ухум ва бошқа қишлоқлар тоғ ораларидан аниқ-тиниқ кўзга ташланади.

Бир пайтлар Бухоро амири Абдуллахон бу тоғларнинг жанубида — Оқчобсой, шарқида эса Боғдонсой сув омборларини қурдирган экан. Сой бўйидаги текисликда жойлашган экинзор, дарахтзор ва боғларни кўриб, дилингиз яйрайди. Бу гўшаларга ҳам кўпроқ хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар жалб этилса, айни муддао бўларди, назаримда.

Фозилмон кўли буюк рассом — табиатнинг биз инсонларга бетакрор туҳфасидир. Қолаверса, мазкур кўл ўз бағрида кўплаб афсонаю ривоятларни сақлаб келяпти. Бу гўзалликларни кўриб, уларни кезган инсоннинг она табиатга бўлган муносабати, қараши яхши томонга қараб ўзгариши аниқ.

 

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:

  • Фозилмон кўли денгиз сатҳидан 1650 метр баландликда жойлашган.
  • Кўлга битта чашма суви қуйилади. Унда чўмилиш тавсия этилмайди.
  • Сатҳида осмон аксини (айниқса, юлдузли осмон) жуда ноёб ҳолатда кузатиш мумкин.

 

Сармишсой петроглифлари

Нурота тоғ тизмалари тармоғига кирувчи Қоратов этакларидаги хушманзара, гўзал даралардан бири Сармишсойдир. Дарадаги қоятошларга ўйиб чизилган расмларни томоша қилиб юрганимда, маҳаллий мўйсафид билан гурунглашиб қолдим.

“Ўғлим, “Сармиш” сўзи қандай маънога эгалигини биласизми?” дея сўраб қолди. Сўнг отахоннинг ўзи тушунтира кетди: “Сармиш” — сўғдийча сўз бўлиб, “саримушк” — асл гул ҳиди анқувчи, ифорли макон, деган маънони англатади. Бу ерда чизилган расмларнинг ҳисоби ўн мингдан ошиқ бўлса керагов. Буни кўпчилик билмайди. Қаранг, чор-атроф гулу қизғалдоқлар, анвойи чечаклар билан безанган. Бахт куйчиси Ҳамид Олимжонга ҳам айнан мана шу манзара илҳом берган. Шундан кейин у ўзининг машҳур “Қорли тоғлар турар бошида, гул водийлар яшнар қошида” деган сатрларини қоғозга туширган”.

Отахон тўғри айтди. Қоятошларга ёзилган тарих, бетакрор рассомлик асарлари ва даранинг номи узукка қўйилган кўздек ярашиб тушган. Манзараларга маҳлиё бўлиб, узоқ туриб қолдим. Сўнг чол мени дара юқорисидаги қоя томон бошлади. Кўкда бургут “қий-қий” деганча парвоз этмоқда. Пастга қарасанг, бошинг айланади. Тоғ эчкилари тошдан-тошга сакрайди. Сой сувининг пишқириб оқиши эшитилади…

Қоятошдаги расмларга диққат билан тикиламан. Қояларга ёввойи буқа, сигир, қулон, от, туя, кийик, буғу, эчки, алқор, йўлбарс, қоплон, бўри, ит, илон ва яна бошқа кўплаб ҳайвонлар билан бирга, ўқ-ёй, найза, қилич ва хўжалик буюмлари ҳамда турли ҳандасавий шакллар жуда моҳирлик билан жойлаштирилган. Суратларнинг кўриниши ва ҳажми турлича, баъзилари 30-40 сантиметр, бир хиллари 70-80 сантиметр, бошқалари 1 метрдан зиёд. Бир қарашда қоятошлардаги сон-саноқсиз расмлар кишида тартибсиз, пала-партиш чизилгандай таассурот қолдиради. Лекин, сал туриб, бу таассуротнинг алдамчи экани аёнлашади. Тасвирларда даранинг қадимий табиати, ҳайвонот олами, инсониятнинг ибтидоий турмуш тарзи ва тараққиётнинг маълум босқичлари борича берилган. Уларни на орадан ўтган асрлар, на қор ва ёмғирлар ювиб кета олган.

Биз кўрган расмлар, петроглифлар — неолит, бронза даврларидан чизила бошлаган. Айниқса, келин олиб кетиш маросими манзараси жуда усталик билан тошга муҳрланган. Ажабланарлиси, бу тасвирни ҳар доим ҳам кўриб бўлмайди. У фақат қуёш чиққан куннинг маълум бир қисмидагина бир-икки сония кўринади-ю, кейин яна кўздан ғойиб бўлади. Бу ҳолни кузата туриб, табиатнинг ишига қойил қолмай иложингиз йўқ. Назаримда, табиат бу билан ўз нодир асарларини ёмон нигоҳлардан яширмоқчидай гўё.

Менга “Кампир кунжак”, “Искандар Зулқарнайн” даралари маъқул тушди. Масалан, бу жойларда тарихда миллий қаҳрамонимиз Спитамен Искандар Зулқарнайн билан тўқнаш келган.

Дарҳақиқат, бу заминдан топилган осори-атиқалар, ёдгорликлар, ов қуроллари, зиёратгоҳлар бизга узоқ мозийдан сўзлайди. Беихтиёр “Очиқ осмон остидаги ғаройиб тарихий ландшафт-музей — Сармишсой нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг бойлиги, қолаверса, ҳали ўқилмаган донишлар китоби”, дегинг келади.

* * *

Баъзида табиат ишига қойил қолмасдан илож йўқ. Негаки, унинг қудрати ва каромати туфайли бир-биридан қизиқ, ғаройиб воқеалар содир бўлиб туради. Бундан инсон боласи донг қотади.

Яқинда азиз авлиёлар, сирли мўъжизалар юрти Нуротада бўлдим. Бутун шаҳар қадимий Нурота тоғ тизмаларининг бир бўлаги бўлган Оқтов деб аталувчи тоғдан оқиб чиқувчи Нур булоғидан сув ичади. Ариқдаги сувда балиқлар галаси эмин-эркин, озод сузиб юрибди. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар мафтункор “Чашма” тарихий мажмуаси ёнидаги балиқлардан асло кўз узишмайди. Балиқлар ҳам буни фаҳмлагандек ғуж-ғуж бўлиб олганича, у ёқдан-бу ёққа сузгани-сузган. Айтишларича, улар узоқ йиллардан буён сувнинг софлиги, биллурдек тиниқлигини таъминлашнинг уддасидан чиқиб келаётган экан. Шунингдек, маҳаллий халқ орасида устига белги қўйилган бир балиқни Деҳибаландда, яъни Деҳибаланд-Нурота йўлидаги қияликнинг кўтарилиш қисмида жойлашган қишлоқ ва Нуротадаги булоқларда учратиш мумкин, деган гаплар юради. Бу гаплар авлоддан-авлодга ўтиб келяпти. Бундан чиқди, Деҳибаланддаги учта ва Нуротадаги мавжуд булоқларни боғлаб турадиган сирли ерости йўли мавжуд экан-да. Ҳар ҳолда, бу тахминлар ҳақиқатга анча яқин. Бу ердаги балиқларни овлаб бўлмайди. Улар ҳозирги кунда давлат муҳофазасига олинган.

Мажмуани томоша қилиб юрганимда, мўйлови сабза урган ёш бир йигитча эътиборимни тортди. У булоқ бўйида сал энкайиб турганича кафтидаги писталардан оз-оздан сув юзасига сочарди. Шу маҳал ғуж-ғуж балиқлар галаси сув юзасида пайдо бўлди-ю, пистани ҳаш-паш дегунча чақиб ташлашди. Сўнгра “Пистанинг пўчоғини бу ерда зинҳор қолдирма”, деган маънода юзага қалқиди. Шунда қизиқишим устун келиб, мен ҳам кафтимдаги писталарни сув бетига сочиб юбордим. Булоқ тиниқлашиб, бирдан пистачақар балиқлар галаси ҳозиру нозир бўлди. Сув тезоб оқувчан бўлганлиги сабабли писта пўчоқлари катта қувур орқали шаҳарга чиқиб кетар экан. Очиғи, буни кўрганларнинг бариси ҳайратдан донг қотиб қолди. Рости, писта чақиб ажойиб ва антиқа томоша кўрсатаётган балиқларга қойил қолмай сира иложингиз йўқ.

Улуғбек ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 5 =