Амударё музлаганда…

Табиатнинг ҳар бир ҳодисаси ажабтовур ва сирларга тўла. Одамлар қадим замонлардаёқ бу сирлардан воқиф бўлишга, “табиат тили”ни тушунишга ҳаракат қилишган. Чунки яшаш учун курашда, албатта, табиат ҳодисалари билан ҳисоблашиш зарур саналади.

Айни баҳорда “илик узилди” бўлгани каби қишнинг қақшатқич чилласида “ўрдак қирғини”, “эшак ўлдирар” кунлар давом этади. “Ўрдак қирғини” деб аталган дамларда кундуз куни ҳаво илиб, кечаси бирдан қаттиқ совуқ туради. Бунда кўл ёки бошқа сув ҳавзаларида сузиб юрган ўрдак, қашқалдоқ, ғоз каби қушлар совуқдан қотиб, музга ёпишиб қолади.

Бола пайтларимиз қиш келди дегунча шўрини ювиш учун экин майдонлари — далаларга сув очиб қўйишарди. Қаттиқ совуқ кунлари маҳалла эркаклари оёғига елим этик кийганча далама-дала айланиб юришарди. Улар тўнгиб, музга ёпишиб қолган ўрдак, қашқалдоқ ва ғозларнинг ишқида тентиб юришганини биз яхши билардик. Бу кунлар бежиз “ўрдак қирғини” деб аталмаган, албатта…

“Эшак ўлдирар” совуқ кунлар ҳам “ўрдак қирғини”га уланиб келади. Бунда кундуз куни қуёш чарақлаб нур сочиб туради. Одамлар бугун қуёш яхши чиқибди, ҳаво илиққа ўхшайди, деб енгил кийинганча кўчага чиқишади-да, бироздан сўнг иссиқ кийимларини кийиш учун ортига қайтиб келишади. Табиатнинг бу каби “ўйини” жониворларни ҳам алдаб қўяди. Ҳайвонлар ичида содда ва овсари бўлмиш эшак исиниб олиш учун тумшуғини тепага — қуёшга қаратиб тураверади. Жонивор танасининг бошқа жойи совқотиб, музлаб қолганини ҳам сезмас экан. Оқибатда ярим кун шундай тургач, тап этиб ерга йиқилар экан. Шу сабаб ҳам қиш чилласидаги бундай дамларни “эшак ўлдирар кунлар” дейишган. Бундай кунларда бирор бир фойда кўраман деб бозор-ўчарда ёки бошқа бирор ишга андармон бўлиб юришдан қайтарилган. Ростми ёки йўқ, билмадим-у, қишнинг бундай ҳийлакор кунларида нафс йўлида юрган одам ўлиб қолса, жанозаси мақбул бўлмайди, дейишарди боболаримиз.

Ўрта асрларда яшаб ўтган қомусий олим Абу Наср ас-Саолибий ўзининг “Йатимат ад-даҳр” асарида қиш кунлари Жайҳун, яъни Амударё суви музлаши ва устидан юк ортилган фил ва туялар ўтиши ҳақида ажабланиб ёзади. Ҳақиқатан ҳам йил — ўн икки ой жазирама иссиқ бўладиган араб ўлкаси одамлари учун ҳайқириб оқаётган дарёнинг фил ва туяларни кўтарадиган даражада музлаши ҳайратланарли ҳодиса саналган. Бироқ эндиликда бугунги кунда Амударё музлашини кўрмай ўсаётган ўз фарзандларимиз ҳам бу ҳақда гапирганимизда ажабланиши, ишонмаслиги мумкин. Чунки кейинги чорак аср давомида пишқирган анҳор ва дарёлар суви музлайдиган даражада совуқ кузатилгани йўқ. Болалигимиз кечган ХХ асрнинг 70-80-йилларида Амударё суви музлагач, устидан йўловчи ва юк машиналари ўтиб-қайтгани ҳақида гапирсак, ёшлар афсона деб ўйлашлари мумкин. Ўша даврларда Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятини ўзаро боғловчи кўприк бўлмаганидан одамлар қишда дарё музлашини кутиб ўтирарди. Ўзанлар музлаган заҳоти катта-катта машиналар юк ташишга, одамлар қуда-андачилик, борди-келдиларни бошлаб юборишарди.

Дарҳақиқат, бу йилги қиш ҳам енгил келмади. Унинг аччиқ ва қаҳратон совуқлари ҳали-ҳануз давом этмоқда. Лекин бу совуқ дарёларни тўнглатар қаҳратоннинг олдида чикора. Гарчи шундай бўлса-да, шундай лаҳзаларда ота-боболаримизнинг “эшак ўлдирар совуқда нафсингни тий”, деган ўгитлари хаёлдан кетмайди. Иссиққина уйда тинчгина балиқ шўрвани симириб ўтирганга не етсин!

Эрпўлат БАХТ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 1 =