“Айтгим келар яшил-яшил сўз…”
mockups-design.com
Ҳақиқий шоирнинг рутбаси қандай бўлади? Бундай мартабанинг мезонлари қанақа? Бу борада жаҳон адабиётшунослигида аниқ, қатъий белгиланган мезонлар, алоҳида муҳрланган қонунлар йўқ. Шундай бўлса-да, ҳамма тан оладиган бир қоида бор: ҳар қандай ижод кибру ҳаводан холи, самимий ва нафис бўлиши керак. Таниқли шоир Ғайрат Мажид ижодида самимий фазони, дилкаш коинотни кўрамиз.
Ғайрат Мажид сўз юкини, унинг маъно салмоғини теран тушунади, шоирнинг нозиктаъб шеъриятида ҳар бир сўзнинг ўз вазифаси бор. Унинг ижодий кўлами мавзу жиҳатидан жуда ранг-баранг, шоир ижодида ижтимоий лирика ҳам, сентиментал ва дидактик-прагматик шеърият намуналари ҳам мавжуд. Шоирнинг 2025 йилда иккита тўплами чоп қилинди: шеърлар ва достонлардан иборат “Оппоқ табассум” китоби ҳамда “Ишқ айёми” шеърий тўплами. Ҳар икки тўплам чиройли ва ўзига хос дизайнда чоп этилган. Ушбу мақолада “Оппоқ табассум” китоби мутолааси ҳақида сўз юритсак. Ушбу тўпламдан шоирнинг 142 та шеъри жой олган. Шундан иккитаси достон бўлиб, “Хўжа илмкони” ва “Адабиёт боғи” деб аталади. Даставвал китоб номи эътиборимизни тортди: “Оппоқ табассум”. Қизиқ, табассум ҳам оқ бўладими? Табассумда нафақат ранг, балки иссиқлик ва совуқлик, ҳарорат ва оташ, оҳанрабо ва дилтортарлик, балки шоир кўнглининг навозишлари ҳам акс этади. Оппоқ табассум бу қуруқ сифатлаш эмас, поэтик образ. У орқали шоир кайфиятини, шоир хаёлини банд қилган руҳий ҳолатни англасак бўлади. Шоир бу билан қалб тозалиги, руҳ мунавварлигига ишорат этмоқчи бўлган, назаримизда. Бизнинг асримизга келиб шеъриятда ранглар поэтикаси билан боғлиқ тушунчалар кўп қўлланила бошланди. Лирик қаҳрамон кайфияти ва руҳиятига қараб поэтик образлар рамзий юк, кўламдорлик касб этмоқда. Адабиётшунос олим Улуғбек Ҳамдам айтганидек, образнинг кучи, жозибаси яна шундаки, у шоир ифодаламоқчи бўлган фикр, ҳис-туйғу ва кечинмани маъно жиҳатидан товлантириб беради. Яъни ўз кайфиятини, айниқса, рамзий образ орқали акс эттирган шоир шу нарсага эришадики, энди уни ҳар ўқувчи ўзига таниш манзараларда тушунади. У яратган образлар мухлислар қалбида янгидан инкишоф этилади. Олим бир ўринда уқтирадики, ҳар бир давр образга муайян ғоявий, бадиий, эстетик ва маънавий юк юклайди.
Айниқса, ижтимоий лирикадаги бадиий қаҳрамон образининг эстетик вазифаси ҳамиша даврга қараб ўзгариб туради. Улуғбек Ҳамдам айтганидек, “чунки образ муаллиф ва ташқи дунё ўртасидаги ўзига хос алоқа воситасидир. Образ объектив борлиқ ва шоир — субъект ўртасида барпо этилган энг ишончли кўприк. Ҳассос ўқувчи бу кўприк орқали бир вақтнинг ўзида ҳам шоирнинг бадиий эстетик оламига, ҳам у яшаган даврнинг ғоявий-маънавий сарҳадларига саёҳат қилиши мумкин”.
Шоир Ғайрат Мажид ижодида жуда баланд кайфият, оптимизм, пафос борки, шоир ижодий хаёли шу боис доим оқ рангларга чулғаниб, товланиб туради. Шоир оқ ва яшил рангларни ўзгача ҳиссиёт билан қадрлайди. С.Ўтанова тадқиқотларида айтилишича, инсоният тарихида рангларнинг турли рамзий маъноси бўлиб, улар маълум жамият гуруҳларининг этник, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ҳаётидаги у ёки бу ҳақиқатларни акс эттирган. Одамлар рангни энди фарқлай бошлаганларида дастлаб оқ, қизил ва қора рангни ўзаро ажратишган. Улар оламни тушунишдаги мифологик тасаввурларида (масалан, қизил ранг орқали олов, қуёш ёки қон, ҳаёт жўшқинлигини тушунганлар), урф-одатларда (қора ва кўк ранглар мотам белгиси), давлат ва жамиятнинг сиёсий ҳаётида, ҳатто туш кўрганда (масалан, яшил ранг бахт ва омад рамзи ) ҳам маъно-моҳиятни бевосита ранг билан боғлашган. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга қарата: “Ўзларингга оқ кийимни маъқул кўринглар, яъни оқ кийинглар, чунки у кийимларнинг покроғи ва яхшироғидир”, дедилар”. “Авесто”да Анахитанинг айнан тўртта оқ тусдаги от қўшилган аравада юриши ҳам оқ рангдаги улуғворлик, кучлилик сифатларига урғу берилганлигидан далолатдир. Яна бир ўринда С.Ўтанова таъкидлайдики, “Оқ ранг кун ёруғлигининг мифологик эквиваленти бўлиб, ҳар доим эзгулик мазмуни касб этган, шунингдек, бу ранг ҳаётбахш омиллар — сут ва буғдойни, чанқоқликни босувчи, танани покиза қилувчи — сувни, булутлар, ҳалоллик, ёруғлик кабиларни ўзида ифода этган. Шу боис энг қадимги даврларданоқ оқ ранг билан эзгулик, кўпайиш ва илоҳийлик каби хусусиятлар боғланади”. Олтойликларда оқ ранг тўғрилик, гўзаллик, улуғворлик маънолари билан бирга, улуғ тангрининг яратувчилик ва яхшилик кучларини йиғувчилик сифатларини ҳам билдирган бўлса , Жанубий Сибирдаги туркий халқларда эса оқ ранг эпик ва тарихий ном сифатида ҳам учрайди: Оқ Қоон, Оқ Мўлат ва бошқалар. Н.Б.Бахилинанинг эътироф этишича, қадимги руслар учун оқ ранг фариштанинг мартабаси, саодатли қиёфасини тамсил этган.
Демак, оқ ранг қалби тоза кишилар билан боғлиқ улуғворлик, кучлилик маъноларига яна бир ишора этилиши билан боғлиқдир. Одатда, ҳиссиёт ва кечинмаларнинг, кайфиятнинг ранги бўлмайди ва бу рамзий ном бўлиб, шоирнинг дунёга муносабатини, унинг ҳаётий аъмолини ифодалайди. “Оппоқ табассум” — шоирнинг ҳолатлар китобидир, ижтимоий лириканинг тараннумидир. Шоир ижодида ёруғ, очиқ ранглар устувор. Оппоқ табассум поклик, оҳорлилик жилваси, дунёларга яхшилик соғинган поэтик қаҳрамоннинг дунёга нуқтаи назаридир. Яшил ранг ҳам шоир учун муҳим эстетик-фалсафий маънони англатади:
Ойнинг чеҳрасидан ўпаман аста,
Менинг дунёларим ям-яшил ҳислар.
(“Ойнинг чеҳрасидан”, 205-бет)
Аслида, яшил рангни барча гўзаллик аҳли бирдек қадрлайди. Шоир Эшқобил Шукурда “Яшил қушлар”, Рашод Нури Гунтекинда “Яшил кеча” ташбеҳлари бор. Ҳалима Аҳмад ҳам бир ўринда шундай дейди:
Эй, зулматни
нурга айлантирувчи,
Иймон кенглигида сургувчи хаёл
Сочиб ташланганман сенинг пойингда
Яшил кундан қолган гардман, эҳтимол…
Шу шеър давомида шоира:
Кўзимни очаман,
яшил боқар тонг… —
мисраси орқали мунаввар тонгни гавдалантиради. Шеър сўнгида эса:
…Ҳаёт томирида оқаман яна,
Ўзимга сиғмайди ўзимдаги дил.
Жонимга нафасинг теккан чоғида,
Раббим, нигоҳларинг нақадар яшил, —
мисраларини битар экан, фикрнинг қуюқлиги, айтилмоқчи бўлган сўзнинг шиддати қалбингизга ўктам руҳ беради: “Раббим, нигоҳларинг нақадар яшил”. Шоиранинг “Яшил кун”, “яшил тонг”, “яшил нигоҳ” поэтик образларидаги нафислик, кайфиятнинг тиниқ ифодасини кўриб ўй ва тахайюлга бериласиз. Ғайрат Мажид шеърларидаги самимият ва ўктамлик ҳам ана шу мисралардан қолишмайди. Шоир ўз ҳисларини ҳам, сўзларни ҳам яшил рангда кўради:
Қартайган дунёга,
Кекса дунёга
Айтгим келаверар яшил-яшил сўз.
Маним гул кўнглимга,
Баҳор кўнглимга
Нимадир демоқчи бўлаяпти куз…
Бу ерда “Айтгим келаверар яшил-яшил сўз…” сатрига диққат қилинг. “Яшил-яшил” жумласи, энг аввало, бадиий такрир намунаси сифатида келяпти. Одатда “яшил” сифати ўсимлик ёки баҳорга нисбатан ишлатилади, бироқ бу ерда у “сўз”га нисбатан қўлланиб, сўзнинг янгилиги, жонлилиги ва умидбахшлигини ифодаламоқда. Сўзга ранг бериш орқали кучли кўчим ҳосил қилинган. У бу ерда истиора сифатида ҳам қўлланиляпти. У сўзнинг нафақат рангини, балки унинг ички мазмунидаги софлик ва яшнаш маъноларини кучайтириб кўрсатади. Шоир бу дунёга “яшил-яшил сўз”ларини изҳор қилмоқчи. Табиийки, яшиллик яшаш ва яшариш, тириклик, навқиронлик белгиси. Аммо куз йўриғи бўлак. У шоирнинг бадиий кечинмаларини “сариқ”қа — айрилиқ рангига бўямоқчи. Бадиий қаҳрамон, аслида, куз фаслини ҳам ўзгача яхши кўрар эди. Ногаҳон куз фаслида отасидан айрилди. Унинг дунёлари остин-устун бўлди, айрилиқдан кўнгли маҳзун бўлди. “Сабоқларга ташна бола мисоли Қаршингда турибман, эй муаллим куз”, дейди поэтик қаҳрамон. “Муаллим куз” — янгича поэтик ифода. Шоирнинг чиройли ташбеҳи. Демак, куз фасли инсонларга ёшлик, тириклик оний эканлигини, ҳаётнинг, яқинларимизнинг қадрига етишимиз кераклигини уқтириб келаётган муаллим. Ундан етарли сабоқ ола туриб ҳам, барибир куздан яшиллик умид қиламиз. Чунки умид қилиш инсоннинг фитратида бор. Умид қилиш — иймон қувватидан нишона. Фақатгина шайтон бу дунёдан умид қилмай, ноумид бўлар экан, тушкунликка тушар экан. Одам боласи эса орзу-умиднинг ошуфтаси:
Сенга ишонаман, эртага менга
Яшил қўлларингни узатасан, куз.
“Яшил қўллар” — бу ҳам поэтик ифода. Унда эртанинг мунавварлиги, умиди ва орзулари бор. Шоирнинг ушбу шеъри бақувват поэтик таъсир кучига ва ибратли сюжет чизиғига эга.
Шоирнинг “Адиблар хиёбони” (293-301-бетлар) достони ижтимоий-маърифий асар бўлиб, муҳташам хиёбонда ҳайкаллари бор барча адиб ва шоирлар сиймоси ва ижодий мероси сўз ўйини, истиора ва жонлантиришлар орқали қаламга олинади. Ҳар бир инсон энг аввало ўз даврининг фарзанди. У яшар экан, ўзи истиқомат қилаётган заминдаги шарт-шароит, жами шодлигу қувончлар унинг ҳамроҳидир. Эндиликда кимлардир Ватан ҳақидаги шеъриятни маддоҳликка йўядилар. Аслида, ҳар биримиз шу замин ва шу тупроқ учун, тириклигимиз учун ҳар дақиқада шукрона қилишимиз лозим. Ижтимоий ҳаёт, социум ҳар бир инсоннинг ҳаёт графикаси, умр чизиғида акс этган борлиқ. Шу маънода шоирнинг бу тўплами кўнгил фазосини кенгайтирган китоб бўлибди, дейиш мумкин. Юрак доим яхшилик соғиниб яшайди, эртани соғиниб кутади, эзгу ният қилади, шоирнинг ушбу китоби оппоқ табассумнинг, яхши ниятларнинг нафосатли тажассуми бўлибди:
Дил доим тип-тиниқ, бол булоқ бўлсин,
Қор каби совуқмас, қордай оқ бўлсин.
Соф, комил иймонда жонинг соғ бўлсин,
Ўзин ёр, пирларни мададкор этсин.
(“Оқ ният” шеъридан, 229-бет)
Шоирнинг поэтик қаҳрамони ҳамиша ошиқ ва хокисор нигоҳ билан оламга назар ташлар экан, ўзида ажиб бир журъат топиб, уйғоқликка даъват этади. Чунки:
Ҳақдан менинг руҳимга
Чўғ тушган, зиё тушган.
Юрагимнинг боғига
Булбулигўё тушган.
…Ёр номини ёд айлаб,
Пайғомини ёд айлаб,
Мудом уйғоқ этгувчи,
Сўз тушган, садо тушган…
(“Ҳақдан менинг руҳимга”,
235-236-бетлар)
Тўпламга кирган “Янги Ўзбекистон алёри”, “Ватан байроғи”, “Азиздирсан, эй инсон”, “Она тилим”, “Авлодлар қўшиғи”, “Навоийдан топдим”, “Наврўз ўлани”, “Жадид боболарим”, “Уйғон”, “Она Туркистон” шеърлари ана шу уйғоқ қалб ва ижтимоий фаол инсоннинг бадиий образларидир.
Ғайрат Мажид шеъриятида миллий руҳ ва миллий тафаккурнинг бадиий ифодаси қуйма иборалар, оҳорли сифатлашлар ва ташбеҳларда ҳам акс этади.
Учиб кетди оламга Оқсаройдан
оқ хатлар,
Оқ хатлар эмас улар, соғинч фироқ,
ҳасратлар.
Руҳи жонимға туташ,
мулки сўнгсиз сарҳадлар,
Ҳазрат Соҳибқироннинг тоза ниҳоли –
Бобур.
(“Ватан хаёли”, 71-72-бетлар)
Бу ерда шоир Бобурни Соҳибқирон бобосининг тоза ниҳолига менгзайди. Ниҳолнинг келажаги, эртаси бор, у ларзон мевалар бериши тайин. “Тоза ниҳол” образи ўзбек руҳиятини, ўзбек характерини ифодалагани билан шеърни бадиият юксаклигига олиб чиққан. Муҳими, шоир шеърларида рамзлар, тимсоллар тили билан миллатнинг эрк ва озодликка интилиш туйғуси ўзининг ёрқин бадиий ифодасини топган. Шоир ўз ижоди орқали Янги Ўзбекистоннинг бадиий солномасини қаламга оладики, юртимизда рўй бераётган шукуҳли ўзгаришлар, халқимиз руҳиятидаги баландлик ва хуш рангларни очиб беришга интилади. Бу билан ижтимоий лирикадаги ҳаётчанлик, фаоллик хислатларини бойитади:
Неки бунёд бўлди, бордир меъмори,
Янги иморатлар — бу янги баёт.
Кўксимда кўнглимнинг шонли изҳори —
Бетимсол шаҳарлар бўлмоқда бунёд.
Бу янги ҳаётдан ишоратдир, дўст,
Нурли келажакдан башоратдир дўст!
(“Янги Ўзбекистон алёри”, 19-20-бетлар)
Шоир ижоди учун пафос устувор фазилат десак бўлади. Беихтиёр бу умуминсоний ҳислар китобхон қалбига ҳам кўчади.
Шоирнинг ижодида сафарнома шеърлар кўп. Ушбу китобда шоирнинг 22 та сафарнома шеъри жой олган. Қизиғи шундаки, шоир касби тақозоси билан сафарларда кўп бўлади, бинобарин, унинг ижодида дам Қора денгизнинг шовуллашлари, дам Нева дарёсининг “тўлғаниб оқишлари” дам Истанбул ёхуд Боку, Ганжа каби шаҳарларнинг ажиб таассуротлари, ҳазрат Навоийнинг “хоки мусаллоси” қошидаги теран ўй-қарашлари ва шунга оид поэтик образлар кўп учрайди. Ҳар бир сафарнома шеърлардаги образли ифодалар қаҳрамонлар, ҳолатлар ва воқеаларни ўқувчи кўз олдида гавдалантириб, уларнинг руҳий кечинмаларини ўз бошидан кечиргандек таассурот уйғотади. Улардаги ҳар қандай тимсол, рамз лирик қаҳрамон билан маънавий-руҳий яқинлик, бир бутунликни ҳосил қилишини кўрамиз. Ҳар бир шоирнинг ижоди ўзи яшаб турган она тупроқ, ўзи туғилиб ўсган манзил, уни вояга етказган эл-улуси мадҳи, кўрган-кечирганларининг поэтик таърифи ва кўнгил оламининг муқоясасига айлана олса, умуминсоний тафаккур хазинасига оз бўлса-да, ҳисса қўша олса, демак, унинг туйғулари беиз кетмабди, кўнгил битиклари ўз эгасини топибди, десак бўлади.
Баъзида шоирнинг поэтик қаҳрамони “бойчечакка”, “сингилчасининг сочидаги жамалакка”, “бир кунгина яшайдиган капалакка” ҳам “дўнишни” истайди. Чунки баъзида унинг ҳис-туйғулари беғубор, армонсиз гўшаларни ҳам орзу қилади:
Оҳ, беғубор дунёлар қайда?
Мингта армон кўксимни ёрар.
Умрида бир баҳорни кўрган
Бойчечакка айлангим келар.
(“Булбуллакка айлангим келар”, 206-бет)
Абдулла Орипов Эшқобил Шукур ижоди ҳақида гапириб: “…Ҳар қандай ясамаликдан, ҳар қандай фикрбозликдан, ҳар қандай сохта оҳанглардан холи бўлган бу шеъриятда дилкашликни, самимиятни, меҳрни, куйинчакликни, теранликни, гўзалликни учратасиз”, деган эди. Бизнингча, ушбу иқтибосни Ғайрат Мажид шеърияти ҳақида ҳам айтиш мумкин.
Эҳ қандайин бола эдим-а,
Бош шу бўлса, сўнгим не бўлар.
Синглим, тўлқин сочларингда гул
Жамалакка айлангим келар.
Бу дунёга нелар тўлмади,
Ҳеч тўлмаган дил қачон тўлар?
Бутун умри бир кундузга тенг
Капалакка айлангим келар.
(“Булбуллакка айлангим келар”, 206-бет)
Шоир Ғайрат Мажиднинг ижодидаги ана шу самимият, беғуборлик кўнгилни ҳам мунаввар қилади, унга қувват ва таскин беради. Чунки бадиий ижоддан мақсад ҳам, аслида, шу.
Гуландом ТОҒАЕВА,
филология фанлари номзоди,
Чирчиқ давлат педагогика
университетининг доценти.
