Ҳазрат Навоийнинг ёш издошлари

Шу кунларда улуғ мутафаккир ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бу буюк зотнинг ижодий меросида шахс камолоти масаласи, комил инсон ғояси асосий ўринни эгаллайди. Биз бугун республикамизда олиб борилаётган янги-янги ислоҳотлар негизида ҳам ана шу ғоянинг узвий давомини кўрамиз. Айниқса, истеъдодли, иқтидорли ёшларга қаратилаётган эътибор фикримизнинг исботидир.

Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида ҳам талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш, замонавий талаблар асосида билим бериш борасида қатор ишлар қилинмоқда. Хусусан, университетнинг филология ва санъат факультетида бу борада тизимли ишлар ташкил қилинган. Ана шу ишлар натижасида талаба-ёшлар қатор муваффақиятларга эришиб келишмоқда. Жумладан, 2021 — 2022 ўқув йилида 6 нафар талаба давлат стипендияси совриндори бўлишди. 2022 — 2023 ўқув йилида эса 5 нафар талаба давлат стипендияси, 2 нафар талаба вилоят ҳокими стипендияси, 1 нафар талаба ректор стипендияси, яна 1 нафар талаба Ҳайдар Алиев номидаги бир марталик халқаро стипендия совриндори бўлдилар. 2024 — 2025 ўқув йилида 6 нафар талаба давлат стипендияси, 1 нафар талаба ректор стипендияси, яна 1 нафар талаба филолог олима Мунаввара Солаева номидаги стипендия совриндорига айланди. Бу ўқув йилида эса филология ва санъат факультети талабалари олдинги йиллардаги натижани янада яхшилашди. Бир йўла етти нафар талаба Алишер Навоий номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлишди. Бу эса Навоий туғилган кунига муносиб совға бўлди. Биз бу талабаларни ҳазрат Навоийнинг ёш издошлари дегимиз келди. Қуйида эса уларнинг фаолияти хусусида мухтасар сўз юритамиз:

Ботирова Анахон Дилмурод қизи “филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили” таълим йўналишида таҳсил олади. У фақат аъло баҳоларга ўқиб келмоқда. Анахон “Пиримқул Қодировнинг образ яратиш маҳорати” мавзусида илмий тадқиқот иши олиб бормоқда. Бугунги кунга қадар 30 га яқин илмий ва илмий-оммабоп мақолалар нашр эттирди. Илмий мақолалари ОАК томонидан эътироф этилган республика ва хорижий журналларда чоп этиб келинмоқда. Анахон бадиий ижод билан ҳам шуғулланади. Унинг ижод намуналари “Соҳир сўзларим” номи остида чоп қилинган. У маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этади. Университетимизда анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Шеърият шоҳсупаси” кўрик-танловининг 2025 йилги финал босқичида фаол иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади ва ректорат томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, инглиз ва турк тилларини пухта билади.

Раҳимова Ирода Исломбек қизи ҳам “филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили” таълим йўналишида таҳсил олиб келмоқда. У барча фанларни талаб даражасида ўзлаштириб келмоқда. “Ўзбек мумтоз адабиётида ҳарфий санъат турлари” мавзусида изланишлар олиб бормоқда. Шу кунгача 20 дан ортиқ илмий мақолалар чоп эттирган. У университетда, вилоят ва республика миқёсида ўтказиладиган кўплаб тадбирларда фаол иштирок этади. Жумладан, 2025 йилда 11 октябрь — Халқаро қизлар куни муносабати билан “Сенинг ташаббусинг — сенинг келажагинг учун” шиори остида ўтказилган форум доирасидаги “Энг яхши нотиқ талаба-қиз” номинацияси бўйича ташкил қилинган танловда фаол иштирок этиб, фахрли II ўрин соҳибаси бўлди. Бундан ташқари, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ҳар йили ўтказиладиган “Маърифат майдони” республика кўрик-танловида, олий таълим муассасалари талаба-ёшларининг тарихий тафаккурини оширишга қаратилган “Юртим қадриятлари” республика кўрик-танловида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. У “Ёш жадидлар” тадқиқот маркази томонидан ўтказилган “Илмий тадқиқот ва стартаплар форуми”да ўз мақоласи билан иштирок этди ҳамда махсус статуэтка ва диплом билан тақдирланди. Ирода чет тилларни ўрганишга қизиқиши натижасида инглиз тилини билиш даражаси бўйича “C1” даражали миллий сертификатни қўлга киритди. Бунга қўшимча равишда “Ibrat Academy” платформасининг инглиз ва турк тили фанидан махсус “C1” даражали сертификати соҳибаси бўлди.

Бахтиёрова Гулшода Жўрабек қизи ҳам факультетимизнинг иқтидорли ёшларидан. У ҳам барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириб, ўзининг илмга бўлган қизиқиши ҳамда жамоат ишларида фаоллигини намоён қилиб келмоқда. У ақл-заковатни чархлайдиган танловларга қизиқади. “Заковат” интеллектуал ўйинларида университет ва факультет жамоаси аъзоси сифатида иқтидорини намоён қилиб келмоқда. Шунингдек, университетимизда ташкил этилган “Навоийхон талаба” танловида доимий иштирок этиб, совриндорлар сафидан жой олиб келмоқда. 20 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолалари “Асқар Маҳкам ижоди бадиияти” мавзуси доирасида ёзилган. Талабамизнинг чет тилларга, айниқса, турк, инглиз, немис, итальян тилларига қизиқиши жуда баланд. У турк тилидан “C1” даражали халқаро сертификат соҳибасидир.

Ҳайитбоева Мухлиса Мухтор қизи “филология ва тилларини ўқитиш: ўзбек тили” таълим йўналишининг истеъдодли, ўткир зеҳнли, илмга чанқоқ талабаларидан биридир. У биринчи курсдан буён Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган 5 та муҳим ташаббусининг “Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш” ташаббуси доирасида ташкил этилган “Китобхон талаба” танловида фаол иштирок этиб келади. У тилшуносликка қизиқади. Тез айтиш ва топишмоқларнинг лингвистик хусусиятлари тўғрисидаги мақолалари халқаро журнал ва конференциялар материалларида эълон қилинмоқда. Факультетимизда ҳар йили ўтказиладиган “Илм ниҳоллари” илмий-амалий анжуманида доимий равишда фахрли ўринларни қўлга киритади. У иқтидорли шахматчи ҳамдир.

Тўраева Садоқат Қаҳрамон қизи келажаги порлоқ ёшлардан. У илмий ишларини муттасил давом эттирса, жуда яхши олима бўлиб етишади. Садоқат таниқли шоир Хуршид Даврон ижодининг бадиий хусусиятлари борасида изланишлар олиб бормоқда. Инглиз ва турк тилларини пухта билади. Шунингдек, ўқув марказида инглиз тилидан ёшларга сабоқ бериб келади. У университетимизда ташкил этилган иншолар танловларида бир неча бор ғолиб бўлган.

Абдушарифова Сарвиноз Собиржон қизи ҳам истеъдодли ёшларимиздан. У аъло баҳоларга ўқиши, маънавий-маърифий тадбирларда, жамоат ишларида фаоллиги, меҳнатсеварлиги, ўткир зеҳни, зукколиги ва намунали хулқи билан бошқалардан ажралиб туради. Сарвиноз Хоразм вилояти ҳокимининг 2023 йил 13 февралдаги қарорига мувофиқ 2023 — 2024 ўқув йилида вилоят ҳокими стипендияси соҳибаси ҳам бўлган. “Омон Матжон шеъриятининг ғоявий-бадиий хусусиятлари” мавзусида илмий изланишлар олиб бориб, йигирмадан ортиқ мақолалар нашр эттирган. Инглиз тилини пухта билади ва илмий иши доирасида шу тилда мақолалар ҳам ёзади.

Бу талабаларимиз ўқиш, изланишдан сира тўхтамасликлари лозим. Миллат, Ватан келажаги учун шундай илмли ёшлар керак. Ниятимиз — билимли, ақл-заковатли ёшлар сафи яна ҳам кенгаяверсин. Ҳазрат Навоийга муносиб издошлар етишиб чиқаверсин.

Дилшод ҒАЙИПОВ,

Урганч давлат университети

филология ва санъат факультети декани,

филология фанлари доктори, профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + nineteen =