Навбатлар муаммосига ечим борми?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда банк тизими фаолиятини юксалтириш, мижозларга қулай шарт-шароит яратиш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, рақамли иқтисодиётнинг жорий этилиши мижозларнинг ишини енгиллаштирди.

Бироқ айрим ҳолатларда, айниқса, чекка туманларда жойлашган банк филиалларида хизмат кўрсатиш сифати ва тезлигида муаммолар ҳалигача бартараф этилмаяпти.

Масалан, ойим нафақа ёшидалар. Шундай бўлса-да, тиниб-тинчимайдилар. Зеро, фақат нафақа билан рўзғор тебратиш осон эмас. Шунинг учун доимо ширин пишириқлар ­тайёрлаб сотадилар.

Бир куни кўпроқ буюртма бўлиб қолди. Маҳалладан имтиёзли кредит олиш учун тавсиянома беришди. Шуни олиш учун Сирдарё вилояти Ховос туманидаги “Халқ банки”га бордик. Тумонат одам тўпланган экан, анча туриб қолдик. Битта касса ишлаётган экан. Биз, йиғилганлар: “Бир киши улгурмаяпти, бундай иш жараёнида мижозлар эртанги кунга ҳам қолиб кетади”, дея иш бошқарувчига мурожаат қилсак, бошқа имконияти йўқлигини билдиришди. “Бўлмаса, ўзингиз чиқиб ишланг!” деди навбат кутиш жонига текканлардан бири. Бошқарувчи ҳам одам етишмаслигидан жаҳли чиқиб турган экан, шекилли, қўпол жавоб қайтарди.

Аҳолининг аксарияти ўзининг кундалик ёки муҳим молиявий ишларини бажариш учун эрталабдан ишидан ёки ўқишидан рухсат олиб, ёш она бўлса, болаларини ташлаб, банкка келади. Аммо айрим банк филиалларида кадрлар етишмаслиги, кассаларнинг етарли эмаслиги ёки техник носозликлар туфайли биргина ходим бир вақтнинг ўзида ўнлаб мижозларга хизмат кўрсатишга мажбур бўлади. Натижада узун навбатлар туфайли одамларнинг қимматли вақти исроф бўлади, ишлари битмасдан, эртанги кунини ҳам шу ишни ҳал қилиш учун йўқотмоқда.

Бундан ташқари, йўл ҳақи, вақт ва меҳнатнинг бекор сарфланиши иқтисодий жиҳатдан ҳам зарарли ҳисобланади ва бунга ҳамманинг ҳам имконияти йўқ.

Бизнингча, муаммо ҳудудларда банкларнинг тенг ривожланмаганлиги, мавжуд кадрлар сонининг аҳоли эҳтиёжига мутаносиб эмаслиги ёки эътиборсизлиги туфайлидир.

Банк кассалари сонини аҳолининг талабидан келиб чиқиб кўпайтириш, узрли сабабларга кўра ходим ишга келмаганида, ўрнини захира кадрлар билан тўлдириш, ишга масъулият ила ёндашиш ҳиссини кучайтириш, мижозларга яхши муомалада бўлиб, муаммоси ҳал қилинишини таъминлаш банк масъулларининг муҳим вазифаси бўлиши лозим.

Шу боис банк мутасаддилари жараёнга алоҳида эътибор бериб, муаммони бартараф этиш йўлларини излашлари керак. Ҳар бир мижоз банк хизматидан кўнгли тўлиб, хурсанд бўлиб чиқиб кетишини таъминлаш давр талаби эмасми?

Кредит олишга тавсия бераётган маҳалла ушбу ишларни онлайн тарзда битказишга ёрдам берса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки қишлоқ жойларда компьютер ва интернет ҳаммадаям йўқ. Маҳаллада эса бундай имконият мавжуд. Шу иш билан шуғулланадиган мутахассис ҳам бор. Ахир банк хизматлари сифатини янада ошириш аҳоли ишончини мустаҳкамлайдиган омиллардан биридир.

Маржона МУСТАФОЕВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон

тиллари университетининг

халқаро журналистика факультети

1-босқич талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three − 1 =