Бадиий публицистикада Янги Ўзбекистон нафаси
Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Публицистика кенгашининг йил якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Босма нашрларда эълон қилинган публицистик мақолалар таҳлили каминага юклатилган эди. Баҳоли қудрат шарҳлашга уриндим.
Ўтган асрнинг 70-йиллари. Мактабда ўқирдик. Мактаб кутубхонасида Ғафур Ғуломнинг “Танланган асарлари”ни ўқий бошладим. Қайсидир томида публицистик мақолалари берилган эди. Ғафур Ғулом мақолалари орқали бу жанр ҳақида тасаввурга эга бўлганман. Публицистика — ҳаётимизнинг долзарб масалаларига бағишланган асар. У ҳозирда жамиятни ташвишга солаётган долзарб масалаларни акс эттиради, ўткир ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, ахлоқий ва бошқа муаммоларни кўтариб чиқади ҳамда таҳлил қилади, муаллифнинг позициясини ифодалаб, кўриб чиқилаётган воқеаларга субъектив қарашларни намоён қилади, ўқувчига таъсирини кучайтириш учун бадиий ифода воситаларидан фойдаланилади, фактлар, реал воқеалар ва статистик маълумотларга асосланади. Бир сўз билан айтганда, муайян ҳаракатларни рағбатлантириб, жамоатчилик фикрини шакллантиришга хизмат қилади.
2025 йилда мамлакатимиз газеталарида ёритилган бадиий-публицистик мақолаларга назар ташлар эканмиз, тўғрисини айтиш керак, фельетон ва памфлетга деярли кўзимиз тушмади. Қолган барча жанрлар мавжуд. Ҳаётимизда, жамиятимизда юз бераётган улкан воқеликлар, улуғвор бунёдкорлик ишлари республика газеталарида ҳозиржавоблик билан ёритиб борилмоқда. Бадиий публицистиканинг мазмун-моҳияти юртимизда юз бераётган тарихий воқеликлар билан янада бойиб бораётгани ҳақиқатдир. Республикамиз газеталарида 2025 йилда кўплаб сермазмун, мушоҳадаларга бой бадиий-публицистик мақолалар ёритилгани бу борадаги ўзига хос ютуғимиз бўлди.
Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Аламим бор…” деб номланган мақоласининг “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи” ва “Ишонч” газеталарида босилганини алоҳида таъкидлаш керак. Мазкур мақола йилнинг энг яхши публицистик мақоласи сифатида тан олинди. Шунингдек, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи” газеталарида босилган мақолалари ва “Ишонч” газетасида берилган “Парламентлараро Иттифоқнинг 150- юбилей ассамблеяси Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларнинг умумбашарий эътирофи ифодасидир” деб номланган суҳбатини ҳам эътироф этиб ўтишни лозим кўрдим.
ОАВда босилган мақолаларнинг муаллифлар рўйхатига эътибор берсангиз, миллатимизнинг етакчи зиёлилари бу борада намуна кўрсатаётганига гувоҳ бўламиз. Академиклар Акмал Саидов, Азамат Зиё, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, давлат ва жамоат арбоблари Рустам Холмуродов, Абдусаид Кўчимов, Қаҳрамон Қуронбоев, Содиқжон Турдиев, ёзувчи-шоирлар ва адабиётшунос олимлар Хуршид Дўстмуҳаммад, Хайриддин Султон, Аҳмаджон Мелибоев, Ўткир Раҳмат, Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир, Нурбой Жаббор, Ҳамидулла Болтабоев, Маматқул Ҳазратқулов, Фармон Тошев, Султонмурод Олим, Баҳодир Каримов, Муҳаммаджон Қуронов, Қозоқбой Йўлдошев, Ҳалим Саид, Эшқобил Шукур, Салим Дониёров, Ҳусан Эрматов, Абдурасул Жумақулов, Норқобил Жалилов, Ислом Ҳамро, Ғайратжон Шералиев, фаол ижодкор аёллардан Шарифа Салимова, Шаҳодат Исахонова, Зулфия Мўминова, Мунаввара Усмонова, Муҳтарама Улуғова (бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин) каби ижодкорларни кўпчиликка ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. Бугунги мураккаб замонда ватанпарварликни, миллатпарварликни ана шу меҳридарё инсонлардан ўрганса арзийди.
Бадиий асар каби ижтимоий ҳаётда воқелик бўладиган публицистика мақолалар таҳлил этилганида “Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон”, “Жадид”, “Hurriyat”, “Ишонч”, “XXI аср”, “Миллий тикланиш”, “Ўзбекистон овози”, “Адолат”, “Оила ва табиат”, “Маҳалла”, “Нуроний”, “Зарафшон”, “Фарғона ҳақиқати” ва бошқа газеталарнинг ижодий жамоалари фаол меҳнат қилганликлари аён бўлди.
Мамлакатимизнинг етакчи нашрларидан бири — “Халқ сўзи” газетасининг 14 октябрь сонида босилган устоз Ўткир Раҳматнинг “Уйғониш фаслининг фарзандлари” деб номланган мақоласида таъкидланганидек, ҳозирги кунда халқаро экспертлар томонидан Янги Ўзбекистонга “Уйғонаётган арслон” дея таъриф берилаётгани бежиз эмас. Юртимиз ўзининг беқиёс куч-қудратини намоён этиб, жаҳонда ўз сўзи, ўз овозига эга бўлиб бормоқда. “Халқ сўзи” газетасининг 2025 йил 3 апрель сонида “Гўшт арзон бўлади, аммо…” деб номланган мақолада таъкидланишича, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг кузатишларидан маълум бўлишича, жаҳонда гўшт нархининг ошиши глобал миқёсда кузатилмоқда. Юртимизда ҳам кейинги пайтда гўшт нархининг қимматлаб бораётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти. Гўшт баҳоси атрофидаги муаммолар ва таклифлар ҳақида сўз юритилар экан: “Бундан асло соҳа ривожига масъул идоралар ишламаяпти, вазиятни ўнглашга киришмаяпти, деган хулоса чиқмаслиги керак. Аксинча, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тизимида ўзгаришлар катта. Депутатлару жойлардаги амалдорлар ҳам аҳолининг моли кўпайсин, моддий аҳволи ўнглансин, дея жонсарак”, деб ёзади журналист Абдунаби АЛИҚУЛОВ.
“Халқ сўзи” газетасининг 23 сентябрь сонида “Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси” деб номланган мақолада “Енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?” деган савол ўртага ташланади. “Демак, биз бир гуруҳ киночиларнинг чўнтагини деб, аёл образининг камситилишига, ҳақоратланишига томошабин бўлиб турибмиз. Натижада эркакларда аёл зотига нисбатан беписандлик, ҳатто нафрат ҳиссини уйғотадиган сериаллар кўпайиб кетди”, деб ёзади Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Зулфия Мўминова.
Республикамизнинг етакчи нашрларидан яна бири ҳисобланмиш “Янги Ўзбекистон” газетаси саҳифаларида ҳам 2025 йил мобайнида ижтимоий-сиёсий ҳаётимизни ёрқин акс эттирувчи бадиий-публицистик мақолаларга кенг ўрин берилгани эътиборга моликдир. Газетанинг 2025 йил 2 апрелдаги 67-сонида “Кўзларимнинг оллида даврон қизил, сориғ, яшил” деб номланган мақола берилган. Юртимизда Наврўз ва Рамазон ҳайити шукуҳи кезиб юрган бир паллада давлатимиз раҳбари 31 март куни амалий ташриф билан Тожикистонга борди. Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг мустақил ривожланиш тарихида илк бор уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзоланди. Ўша куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров уч мамлакат давлат чегаралари туташган ҳудудда Дўстлик стеласини тантанали равишда очдилар. Дўстлик стеласи бир-бирига тиргак бўлган уч қояга ўхшайди. Уларни боғлаб турган белбоғ — дўст-биродарлик, аҳил қўшничилик риштасига қиёс қилингандай гўё. Яқин қўшнилар, қариндошлар орасидаги ришта ниҳоятда нозик ва айни дамда жуда мустаҳкам бўлади”, дейди мақола муаллифи Боборавшан Ғозиддинов.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2025 йил 21 майдаги 102-сонида “Супурилган излар ёхуд шаҳар қалбини тозалаётганлар” деб номланган мақолада таъкидланганидек, Фаррошлар — шаҳарнинг нафаси. Олаётган нафасимиз қанчалик зарур ва керакли бўлса, шаҳар учун фаррошлар ҳам шунчалик муҳим! Уларсиз бирор шаҳар ҳаётини тасаввур этиб бўлмайди. Шаҳарнинг ҳар бир тоза кўчаси, боғи, хиёбони ва жамоат жойи уларнинг бир қарашда кўзга кўринмасдек, лекин машаққатли меҳнати эвазига сақланмоқда.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 20 июндаги 125-сонида шоир Шуҳрат Орифнинг “Шоир бўлиб Ўзбекистонда туғилиш керак” деб номланган мақоласи босилган. Адабиётга эътибор янги Ўзбекистон маънавий тараққиётининг асоси, десак, асло хато бўлмайди. Кейинги йилларда юртимизда адабий муҳитни ривожлантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, ижодкор қадр-қимматини улуғлаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар моҳиятини англаган ҳамда кечаги кун билан қиёсий таҳлил қилган ҳар бир инсон шундай хулосага келиши шубҳасиз. Муболағасиз айтиш мумкинки, бу ислоҳотлар тасодифий, йўл-йўлакай чора-тадбирлар ҳосиласи эмас. Бу саъй-ҳаракатлар тизимли, давомий ва барқарор характерга эга. Миллатни зиёли қилиш йўлидаги кенг кўламли интилишларни таҳлил қилсангиз, адабиётга эътиборнинг асосида Давлатимиз раҳбари, маънавиятнинг бош ҳомийси Шавкат Мирзиёев шахсияти ва унинг ижод аҳлига бўлган самимий меҳр-муҳаббати мужассам эканини теран англайсиз.
“Тонг юлдузи” газетасида босилган “Бeҳбудий ва жадидлар: ўзбeк миллатининг маърифий уйғониши” деб номланган мақолада таъкидланишича, жадидлар ҳаракати бош етакчиларидан бири бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий нафақат Туркистон жадидчилигининг асосчиларидан, балки маърифатпарвар адиб, ношир ва педагог сифатида ҳам халқимизнинг маънавий ривожига улкан ҳисса қўшган. Беҳбудий ҳаёти ва ижодини ўрганиш ёш авлодни тарбиялашда, миллий қадриятларимизни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. “Тонг юлдузи” газетасининг 17 февралдаги “Қодирий қайтмаган уй” деб номланган мақолада ўқиймиз: “1926 йилда ушбу дарвоза олдига ҳеч ким яқинлашмасди. Чунки бу хонадонда истиқомат қилаётган инсон “халқ душмани” дея қамалган эди. Бу ўзбек замонавий адабиётининг отаси, миллат фахри Абдулла Қодирийнинг уйи… Бугун биз ёзувчи яшаб ижод қилган, фарзандлари улғайган Шайхонтоҳур тумани, Самарқанд дарвоза кўчасидаги хонадонда бўлиб, қайсидир маънода тарих билан юзлашамиз”.
“Маърифат” газетаси саҳифаларида номига яраша, асосан, маърифатга оид салмоқли публицистик мақолалар ёритилаётгани ўқувчида қизиқиш уйғотади. Газетада берилган “Сунъий интеллект ва таълим: ўқитувчилар энди нима қилади?” деб номланган мақолада таъкидланишича, таълим соҳасида СИ (сунъий интеллект) технологияларининг қўлланиши янги имкониятлар билан бирга долзарб муаммоларни ҳам юзага келтирмоқда. Таълим жараёни, анъанавий шаклдан фарқли равишда, технологиялар ёрдамида янада самарали, шахсга йўналтирилган ва инновацион тус оляпти. Сунъий интеллект, хусусан, билим олиш ва ўргатиш усулларини тубдан ўзгартириш қобилиятига эгалигини намоён қилмоқда. Бугунги кунда СИ технологиялари ўқув жараёнига чуқур кириб бормоқда. Аммо сунъий интеллект технологиялари таълимда фақат фойда келтиради, дейиш нотўғри бўлади. Уларнинг тез ривожланиши қатор мураккаб саволларни ҳам келтириб чиқармоқда. Ўқитувчининг анъанавий роли қандай ўзгаради? Сунъий интеллект уларнинг ўрнини тўлиқ эгаллайдими ёки қўллаб-қувватловчи восита сифатида қоладими? Таълим жараёнида инсон омилининг ўрни қандай сақланади? Бу каби саволлар бугунги таълим тизимининг долзарб муаммоларини ифодалайди. Шу билан бирга, таълимнинг ривожи учун СИ технологияларидан оқилона фойдаланиш катта аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Худойберди Комиловнинг “Кичик адабиётнинг катта ташвишлари” деб номланган мақоласида болалар адабиётининг бурунги ва бугунги ҳолати таҳлил қилинган.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни кенг ёритиб боришда “Ишонч” газетасининг ўрни алоҳида эканлигини айтиб ўтиш керак. Газета жамоаси ҳар йили энг сара публицистик мақолаларни тўплаб, салмоқли китоб ҳолида нашр этиб бораётганини барча таҳририятларга намуна сифатида кўрсатишни истардик. “Саккизинчи китоб” деб номланган салмоқли тўпламнинг ҳажми иккита китобга тенг! Бу — газета мухлислари учун ҳам ўзига хос туҳфадир. Қудратилла Рафиқовнинг “Тарих синовларидан ўтган ҳақиқат ўзбек ва қирғизни ҳеч ким ва ҳеч қандай куч бир-биридан айира олмайди” деб номланган мақоласи нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни Қирғизистонда ҳам анча шов-шувларга сабаб бўлди. Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан Ҳусан Эрматовнинг “Янги ўзбек дипломатияси феномени” деб номланган суҳбатини алоҳида келтириб ўтиш лозим. Бунақа очиқ суҳбат сўнгги 35 йилда илк бор берилди, десак янглишмаган бўламиз. “Минтақа мақомига эга давлатларнинг ривожи, тараққиёти атрофидаги давлатлар тақдирини белгилайди. Ўзбекистон ҳам худди шундай давлатга айланиб бормоқда. Бу халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Демакки, сўнгги йилларда яна бир муҳим бурилиш рўй бермоқда. Ўзбекистон нафақат минтақавий, балки умумбашарий муаммоларни ҳал қилиш борасида ҳам фаол ҳаракат олиб бормоқда”, дейди Содиқ Сафоев.
Жаҳонгир Наҳановнинг “Ишонч доктринаси” деб номланган мақоласида Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати ҳақида сўз юритилади. Мақолада “Бузилган сукунат”, “Янги Ўзбекистон — янги ташқи сиёсий мантиқ”, “Президент геосиёсат субъекти сифатида”, “Марказий Осиё: парокандаликдан якдиллик сари”, “Афғонистон: кескинлик эмас, дипломатия”, “Блокларсиз кўп йўналишли сиёсат”, “Глобал институтлар билан ҳамкорлик” номли тагсарлавҳаларнинг ўзиёқ гап нима ҳақида бораётганидан далолат беради. Худди шу муаллифнинг “Ғоялар майдонидаги бўшлиқ!” деб номланган мақоласида долзарб масала кўтариб чиқилган. Унинг таъкидлашича, мафкурасизлик шароитида ёшлар ташқи таъсирга ўта сезгир бўлиб қолади. Индивидуализм, эркинлик, муваффақият каби ғарб либерал қадриятлари аксарият ёшлар учун янги мафкурага айланади.
Дармон Иброҳимовнинг “Пластикка айланаётган одам: бу ҳақиқатми ёки яна бир ваҳима?” деб номланган мақоласида эса пластик маҳсулотларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири ҳақида сўз юритилади. Ғуломжон Мираҳмедовнинг “Инсоният икки йўл қаршисида турибди” деб номланган сунъий идрок билан суҳбати ўта долзарблиги билан ажралиб туради. Салим Абдураҳмоновнинг “Сериаллар қаршисидаги саволлар”, Феруза Раҳимованинг “Ўйинчоқлар ортидаги “ўйин”лар…”, Зебо Намозованинг “Ярақлаган ҳар нарса олтин бўлавермайди”, Гулруҳбегим Одашбоеванинг “Бизга болаларни экран қаршисига “михлайдиган” миллий анимациялар керак”, Муҳаббат Тўрабоеванинг “Яқин йилларда ўзбек тилида нота дафтари кўрмаганман”, Жамшид Эргашевнинг “Чиқинди полигонлари”, Эъзоза Умурзоқованинг “Ўзбек “Инстаграм” сегменти —гуручсиз курмак”, Машҳура Жўрақулованинг “Қаршимизда “Z” авлод: жамият уларни қабул қилишга тайёрми?” каби мақолалари, бир қатор ташкилот ва вазирликларга очиқ хат ва бу хатларга жавоблар кишини қувонтиради.
Республика нашрлари орасида эркин фикрли “Hurriyat” газетасида 2025 йил мобайнида анча сермазмун, таҳлилий, салмоқли публицистик мақолалар ёритилгани эътиборга моликдир.
“Hurriyat”да Муҳиддин Мағзумовнинг “Газета ортиқча дахмазами?!” деб номланган мақолани ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. “Ўйланиб, лол қолади киши — дунёда бажарилиши энг қийин бўлган машғулот илмий, бадиий адабиётлар, кундалик, ҳафталик газета, журналлар мутолаасимикан?! Бу оламдаги энг осон — хамирдан қил суғургандек силлиқ ва равон юмуш эса бу — катта-катта маблағни совуриш ҳисобига дабдабали тўй қилишмикан?! Ушбу ҳар иккисининг биринчиси инсонни дунё ва охиратда хор қилиб, юзларини қорайтириб ва залолат-у таназзулга олиб борармикан?! Иккинчиси эса кўзланган бахт манзилига элтиб, нажот кемаси янглиғ муқаррар ҳалокатдан қутқариб, бандаларни Роббул оламин ҳузуридаги мартаба-мақомини юқориларга кўтарармикан?! Ушбу кинояли саволларга барча соғлом фикрлилар ҳеч иккиланмай “нажот — ўқишда, илмда, билимда” деган жавобни айтиши аниқ. Аслида ҳам шундай-да! Хўш, у ҳолда нега жамиятда — оилаларда, қўни-қўшниларда, маҳаллаларда ва хеш-у ақраболар даврасида китобхонлик, газетхонлик ва илм таҳсили устувор аҳамиятга эга эмас?” деган савол мақолада ўртага ташланади.
Ёки яна ушбу мустақил нашрда эълон қилинган тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназарнинг “Наслингизни хатарга қўйманг! Ёхуд ҳаммасига памперс сабабчими?” деб номланган мақоласида таъкидланганидек, ҳақиқий инсон фарзандлару неваралари истиқболи ҳақида ўйлаши билан бир қаторда, Ватани ва она халқининг бугуни ва келажаги тўғрисида ҳам тафаккур юритади. “Хулоса шуки, агар келажак авлод соғлом ва баркамол ўсишини, насллар давомийлиги барқарор бўлишини истасак, памперсдан бутунлай воз кечилмоғи зарур”, дейилади мақолада.
Сиёсий партиялар нашрлари асосан ўз партиялари фаолиятини ёритишга ҳаракат қилмоқда. Улар орасида салмоқли ўринга эга бўлаётган “XXI аср” газетаси саҳифаларида бугуннинг энг долзарб мавзулари ҳам кенг ёритилаётгани эътиборга моликдир. Газетанинг 2025 йил 23 январдаги 3-сонида босилган “Олмалиқнинг олтин одамлари” деб номланган мақола муаллифи Норқобил Жалил Олмалиқ шаҳри ва унга туташ ҳудудларни эгаллаган улкан комбинатга уюштирилган саёҳатида кўрган-кечирганлари ҳақида ёзади. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати — мис-молибден, полиметалл ва олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда етакчи саналиб, мис маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 30 та йирик корхона сафига киради. Бу ерда мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини белгилаб берадиган жуда катта кўламдаги ислоҳотлар, замонавий технологиялар асосида модернизация ишлари давом этаётир. Демак, XXI аср қаҳрамонлари орамизда, Олмалиқда, Навоий ё Шўртанда, Мўйноқ ё Қўқонда, Наманган ё Сурхонда — Ўзбекистоннинг тўрт бурчагида эканини, улар ўз қўллари билан эртанги кунимиз учун мустаҳкам пойдевор қўяётганини англамоқ фурсати етди. Янги Ўзбекистонимиз тарихида олтин давр бошланяпти!” дейилади мақолада.
“XXI asr” газетасининг 29 май, 21-сонида Рўзимбой Ҳасаннинг “Гўшт арзон бўлади, қачонки…” деб номланган мақоласида таъкидланишича, “Ижтимоий тармоқларда тоғолди ёки дашт ҳудудлар ҳисобланмиш Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва табиий яйловларга эга Бухоро ва Навоий вилоятларида сўнгги йилларда чорва бош сони камайиб кетаётгани, бунга табиий яйловлар шошма-шошарлик билан фермер хўжаликлари ёки кластерга айлантирилиб, атрофи ўраб олингани, аҳолининг чорва моллари ўтлаши учун майдонлар қисқариб кетгани ҳақида ёзишмоқда. Халқимизда “Қўлда боқилган чорва ўз хунини ейди”, деган ғалати ибора бежиз айтилмаган. Барибир чорва моллари ҳеч бўлмаганда баҳор, ёз ва куз бошларида табиий ва сунъий яйловларда боқилмас экан, энг оғир муаммо ҳисобланган гўшт нархи пасаймайди. Ўйлаб кўринг, бугун қайси биримиз зараримизга ишлаётган чорвачилик билан шуғулланамиз?! Минг йиллик удум — ҳар бир қишлоқ ё овулнинг чорвасини яйловларга ҳайдайдиган, буни рўзғорини боқиш учун касбга айлантирган чўпон-чўлиқлик касод бўлиб, улар ҳам тирикчилик учун хорижга кетганини биламиз. Айниқса, тоғолди, дашт ҳудудларида асрлардан бери сақланиб келаётган чорва молларини тўплаб боқиш, яъни подачилар тартибини эски ўзанга қайтариш вақти келмадими? Албатта, тайинли одамни топиш ҳам осонмас.
Сўнгги пайтларда “Jadid” газетаси ҳам жамиятимизда ўзига хос “ҳаёт кўзгуси”га айланмоқда. Газета саҳифаларида ёритилаётган долзарб ва ғоят муҳим мавзулар ўқувчиларни маънан бойитишга хизмат қилади. 21 ноябрь сонида Аҳмаджон Мелибоевнинг “Сўз — олов” деган мақоласи берилган. Муаллифнинг таъкидлашича, “Китоб деб аталмиш беқиёс хазина инсониятнинг буюк ихтироларидан бири сифатида эътироф этилган. Унинг қудратини рамзий маънода қуёш тафтига қиёслаш мумкин. Шунда ҳам, инсон қалбини ёритиш фақат китобнинг қўлидан келади, холос. Шундай китоблар борки, улар сени оҳанрабодай ўзига тортади, умринг йўлларида беминнат ҳамроҳингга айланади, қайта-қайта ўқийсан, ўқиганинг сари ақл-шууринг тўлишиб боради ва бу жараён ҳеч қачон ниҳоясига етмайди”.
“Оила ва табиат” ижтимоий-сиёсий газетаси саҳифаларида оила билан боғлиқ мавзулар ҳамда она табиатни асраб-авайлашга оид сермазмун публицистик мақолалар ёритилаётгани эътиборга моликдир. Сиёсий партиялар нашрлари орасида яна бир салмоқли ўринга эга бўлган “Адолат” газетаси саҳифаларида ҳам долзарб мавзулар кенг ёритилмоқда. “Ўзбекистон овози” газетаси саҳифаларида ҳам 2025 йили қатор долзарб мавзудаги публицистик мақолалар ёритилган. “Миллий тикланиш” газетасида бадиий публицистика билан бир қаторда таҳлилий мақолаларга ўрин берилади.
“Ҳуқуқ” газетасининг 2025 йил 16 январь сонида босилган 2005 йилнинг 12-13 май кунлари Андижон вилоятида бўлиб ўтган фожиага бағишланган “Бир фожиадаги икки қисмат” деб номланган мақола муаллифи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, прокуратура фахрийси Мирзоҳид Обидов дўстлари Ғанижон Абдураҳимов ва Муродбек Иброҳимовнинг икки хил қисмати ҳақида ҳикоя қилади.
Хуллас, айтиш мумкинки, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, одамлар турмушидаги ижобий ўзгаришлар 2025 йилда чоп этилган газеталаримизда баҳоли қудрат кенг ёритиб борилди. Қатор бадиий-публицистик мақолаларда замондошларимиз сурати ва сийрати, тафаккуридаги эврилишлар ёрқин акс эттирилгани ижод аҳлининг заҳматли меҳнатлари самарасидир.
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар ва
Журналистлар уюшмалари аъзоси.
