Соғинчнинг илоҳий садоси
Шарқ мумтоз адабиётининг буюк сиймоларидан бири — Алишер Навоий ижоди инсон қалбининг энг нозик кечинмаларини, муҳаббат, соғинч ва маънавий изтиробларни ниҳоятда чуқур бадиий ифодалаши билан ажралиб туради. Унинг машҳур “Келмади” ғазали ҳам ана шундай асарлардан биридир.
Дастлаб қараганда, бу ғазал оддий ошиқнинг ёрига етолмай, кечаси билан интизор бўлиб кутган ҳолатини тасвирлаётгандек туюлади. Аммо сатрлар қатига чуқурроқ назар ташланганда, унда инсоний ишқдан ҳам юксакроқ — илоҳий соғинч ва руҳий интизорлик акс этгани сезилади.
Ғазалнинг илк мисралариёқ изтироб ва кутиш кайфиятини ёрқин ифодалайди:
Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимға кеча тонг отқунча уйқу келмади.
Бу сатрларда ошиқнинг тун бўйи бедор қолиб, ёрини кутгани тасвирланади. “Сарви гулрў” — яъни гўзал, назокатли ёр тимсоли шарқ шеъриятида кўп учрайди. Аммо Навоий тасвирида бу ёр оддий маъшуқа эмас, балки қалбни бутунлай забт этган муқаддас сиймо сифатида намоён бўлади. Ошиқнинг кўзига тонг отгунча уйқу келмайди — бу эса соғинчнинг ниҳоятда чуқур эканини англатади.
Кейинги байтларда кутиш изтироби янада кучаяди. Ошиқ йўлга чиқиб, лаҳза-лаҳза йўл қарайди, юраги изтироб билан тўлади:
Лаҳза-лаҳза чиқдим-у, чектим йўлида интизор,
Келди жон оғзимға-ю, ул шўхи бадхў келмади.
Бу ерда шоир кутишнинг руҳий оғирлигини жуда таъсирчан тасвирлайди. “Жон оғзимға келди” ибораси интизорликнинг энг юқори чўққисини ифодалайди. Гўё кутиш шу қадар узоқ ва оғирки, ошиқнинг сабри тугай дегандай.
Ғазалда яна бир кучли бадиий тасвир — кўз ёшларидир. Шоир ўз изтиробини шундай ифодалайди:
Кўзларингдин неча сув келгай деб ўлтурманг мени —
Ким бори қон эрди келган, бу кеча су(в) келмади.
Бу мисраларда кўз ёш оддий сув эмас, балки қон билан қиёсланади. Бу эса дарднинг нақадар чуқурлигини кўрсатади. Ошиқнинг қалби шунчалик жароҳатланганки, кўздан ёш эмас, гўё қон оқаётгандек тасвирланади.
Агар ғазал шу нуқтаи назардан ўқилса, ундаги ҳар бир мисра янада чуқур маъно касб этади. “Сарви гулрў”, “паривaш”, “маъшуқа” каби образлар оддий ёр тимсоли эмас, балки руҳий мукаммаллик ва илоҳий гўзаллик рамзи сифатида талқин қилинади. Ошиқнинг интизори эса оддий муҳаббат эмас, балки руҳнинг муқаддас висолга бўлган соғинчидир.
Ғазалнинг сўнгги байти ҳам ўзига хос фалсафий маъно билан якунланади:
Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглунг уйин,
Не учунким, бода келган уйга қайғу келмади.
Бу ерда “бода” сўзи тасаввуфий маънода руҳий мастлик, яъни илоҳий ишқдан келадиган қувончни англатади. Шоир гўё қалбни ана шу маънавий завқ билан таскин топишга ундайди. Чунки илоҳий муҳаббат билан тўлган қалбга ғам яқинлашолмайди.
“Келмади” ғазали — соғинч, кутиш ва муҳаббатнинг бадиий ифодаси бўлиш билан бирга, тасаввуфий маъно қатламларига эга бўлган чуқур асардир. Унда инсон қалбининг энг нозик туйғулари акс этади: интизорлик, висол умиди ва руҳий изтироб. Шу боис бу ғазал асрлар оша ҳам ўқувчилар қалбини ларзага солиб келмоқда.
Навоий асарларини ўқиш ва уларнинг маъносини англаш инсонни нафақат адабий завққа, балки маънавий камолотга ҳам етаклайди. Чунки Алишер Навоий ижоди инсон қалби, муҳаббат, сабр ва илоҳий ишқ ҳақида чуқур ўйлашга чорлайди. Шу сабаб Навоийни англаш, унинг асарларини теран тушуниш ҳар бир китобхон учун катта маънавий бойлик ва бебаҳо адабий мактаб ҳисобланади.
Райҳон ОБЛОҚУЛОВА,
Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети
журналистика ва ўзбек филологияси
факультети 1-босқич талабаси.
