Қушлар хавф остида

Ўзбекистоннинг табиати ва географик жойлашуви қушлар учун жуда қулай. Бироқ сўнгги ўн йилликларда иқлим ўзгариши, яшаш жойларининг яроқсиз ҳолга келиши ва ноқонуний ов қилиш каби жиддий таҳдидлар бор. Натижада қушлар популяцияси қисқариб, уларнинг ноёб турлари камайиб боряпти.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жами 460 дан ортиқ қуш тури рўйхатга олинган. Аммо таҳлиллар шуни кўрсатадики, хавфлар тобора ортмоқда. 2009 йилда Ўзбекистон Қизил китобига 48 турдаги қуш киритилган бўлса, 2019 йилга келиб, уларнинг сони 51 тага етди. Умуман, дунё бўйича қуш турларининг қарийб 12–13 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида. Сўнгги ўн йилликларда глобал қушлар популяцияси ўртача 20–25 фоизга қисқарган. Ботқоқликларнинг қуриши, ўрмонларнинг кесилиши ва чўл ҳудудларининг ўзлаштирилиши қушларни уясиз ҳамда озуқасиз қолдирмоқда.

Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув оқими ҳолатининг бузилиши йўрға тувалоқ, олақанот ва шунқор каби турларнинг камайишига сабаб бўлди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган неоникотиноид туридаги кимёвий моддалар қушларнинг заҳарланишига, репродуктив имкониятларининг пасайишига олиб келмоқда. Браконьерларнинг ноёб лочин ва шунқорларни ноқонуний савдо мақсадида овлаши орқали ҳам қушлар популяциясига жиддий зарар етказиляпти. Электр линияларининг кўпайиши ва юқори кучланишли симлар қушлар ҳаётига жиддий хавф соляпти. Ҳар йили минглаб йирик қушлар ток уриши оқибатида ҳалок бўлади, электр чироқлари эса қушларнинг табиий йўналиш олиши ва фаоллик вақтини ўзгартириб, уларнинг ҳаёт ритмига салбий таъсир кўрсатяпти. Сўнгги йилларда қушлар сонининг камайиши тезлашиб, урбанизация ва саноатнинг кенгайиши табиатга босимни кучайтирмоқда. Натижада илгари қишлоқларда кенг тарқалган оддий қалдирғочлар ва чумчуқлар ҳам йўқолиб боряпти. Бу муаммо кўплаб давлатларда кузатилгани каби мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Дунё бўйлаб ҳар йили ўртача 21000 дан ортиқ қушларнинг учоқлар билан тўқнашиши қайд этилади. Бу кунига тахминан 50-60 та ҳолат дегани. Деярли барча тўқнашувлар қушлар учун ўлим билан якунланади.

Ўзбекистон осмонида ҳам кўчиб юрувчи қушларнинг йирик йўли бўлмиш Марказий Осиё миграция йўли  жойлашган. Баҳор ва куз ойларида миллионлаб қушлар бизнинг осмонимиздан учиб ўтади, самолётлар қатнови кўпайганда шу миграция йўлларида авариялар содир бўлади. Бундай ҳалокатларнинг 90 фоиз қисми самолёт кўтарилаётган ёки қўнаётган вақтда 300-500 метр баландликда содир бўлади. Самолётлардан чиқадиган заҳарли газлар ва авиация ёнилғисининг қолдиқлари ҳавони ифлослантиради. Бу нафақат қушларнинг нафас олиш тизимига, балки улар озиқланадиган ҳашаротлар ва ўсимликларга ҳам зарарли таъсир кўрсатади. Аэропортларда парвоз олдидан махсус орнитологик хизматлардан, яъни аэропорт ҳудудидан қушларни ҳайдаш учун махсус овозлардан, ультратовушли қурилмалар ҳамда лазерли нурлардан фойдаланиш самолёт хавфсизлиги учун зарур, лекин қушларнинг табиий миграцияси ва яшаш занжирига катта хавфдир.

Агар қушлар бўлмаса, нима бўлади? Қушлар бутунлай йўқ бўлиб кетса, дунёда экологик мувозанат бузилади. Ҳашаротлар популяцияси назоратсиз кўпайиб кетади, экинлар ҳосилдорлиги кескин камаяди. Бу эса озиқ-овқат танқислигига ҳамда иқтисодий инқирозларга олиб келади. Озуқа занжири ҳам бузилади. Қушлар табиатнинг катта бир қисми ва экотизимнинг соғлом ишлаши учун зарур. Агар сув ҳавзалари, тўқайзорлар сақлаб қолинмаса ва браконьерликка қарши қатъий курашилмаса, келажак авлодлар қушларнинг сайрашини фақат аудиоёзувларда, ўзларини эса китоб саҳифаларида кўради.

Зуҳра ОДИЛОВА,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × five =