Устозлик саодати

Сирдарёлик тилшунос олим Жуманазар Абдуллаев ҳақида сўз

Ўтган йилнинг октябрь ойи ўрталари эди. Хизмат телефоним жиринглаб қолди.

— Ассалому алайкум, “Hurriyat” газетаси таҳририятими?

— Ҳа, таҳририят.

— Мен Гулистон давлат университети ёшлар етакчиси Ёрқинжон Ҳайитбоев бўламан.

— Э, сиз ҳақингизда эшитганман, китобхонлик танловида ғолиб бўлиб, Президент совғаси сифатида автомобиль олганингизда ҳавас қилганмиз.

— Эътибор учун раҳмат, устоз, — деди у самимий оҳангда. — Университетимиз жамоаси бу йил ҳам “Hurriyat” газетасига обуна бўлганмиз. Жуда ўқишли газета. Сизни бир илтимос билан безовта қилаётган эдим. Устозимиз Жуманазар Абдуллаев Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ёзган “Яша, ўзбек тилим, онажон тилим!” деган шеърини газетага чиқармоқчи экан.

— Майли, телефоним-телеграм рақамимизни ёзиб олинг,  шеърларини жўнатсинлар, танишайлик-чи.

Ўша кунлари Ўзбек тили байрами куни муносабати билан таҳририятга келган шеърлар кўпайиб кетиб, домланинг шеъридан фойдалана олмадик. Узримни айтиб қўяй деб Жуманазар Абдуллаевга қўнғироқ қилдим. Анча суҳбатлашдик, кенг фикрлайдиган, гап-сўзларидан самимият сезилиб турадиган маърифатли инсон экан. Қизиқиб, домланинг ёшини сўрадим. Олтмиш тўққизга кирибди. Ўзимга хос одатим бор, кўнглимга ёқиб тушган инсонлар ҳақида нимадир ёзишни истайман.

Бор-йўғи тафсилотимиз шу. Жуманазар ака Наврўз байрами билан табриклаб, телефон қилиб қолди. Эски қадрдонлар каби анча гурунглашдик. Ўтган йилги ниятим ёдимга тушди. Унга яқин кунларда фурсат топиб, Гулистонга боришимни айтдим.

Гулистонга анча йиллардан буён келмагандим. Замонавий иншоотлар, кенг ва равон йўллар. Шаҳар обод бўлиб, тамоман ўзгариб кетибди. Жуманазар ака билан Гулистон давлат университети маънавият ва маърифат марказида кўришдик. Домла бораётганимдан хабар топгач, ўзини яхши билган бир неча кишини у ерга таклиф қилиб қўйган экан.

— Кишининг ёши тенг бўлмаса ҳам дунёқарашлари мос келса, тезда дўстлашиб кетади, — дейди Абдулла ака Адилов. — Жуманазар укам Мамиржон билан дўст эди. Тез-тез уйимизга бориб турарди. Укаларимнинг болалик қувончларига гувоҳ бўлганман. У мендан олти ёш кичик бўлса-да, мактабда аълога ўқиганлиги сабабли ҳавас қилардим. Тақдир тақозоси билан қўшни ҳам бўлиб қолдик. Шахматга ишқибозлигимиз баланд. Тонготаргача шахмат ўйнаган кунларимиз бўлади. Жуманазар шахматда ютса, айримларга ўхшаб ҳовлиқиб кетмайди, рақибини камситмайди, “яхши ўйнадингиз, бу гал бўлмаса кейинги сафар ютасиз” дея кўнглини кўтаради. У билан адабиётдан, санъатдан гаплашиб зерикмайман, руҳим енгил тортиб, роҳат оламан. Отаси — раҳматли Худойберди тоғамиз донғи кетган боғбон бўлган. Катта боғи бор эди. Болаларни яхши кўрарди. Бизларга узум, олмаларининг энг сарасини берарди. Жуманазар ҳам отасига ўхшаб кўнглиям, қўлиям очиқ. Ростгўй, бор гапни айтади. Ёрдам керак бўлса, тайёр туради. Ота-оналаримиз бошқа бўлса-да, худди туғишган жигардек бир-биримизга яқин бўлиб кетганмиз. Хурсандчилик кунларда ҳам, ташвишли дамларда ҳам доимо биргамиз.

— Хотира умр йўлларидан қайта юриб, ўтмишни эслатади, Жуманазар менинг болалик дўстим, — деди Буолма опа Соатова. — Маҳаллада тўртта уй наридаги қўшнимиз бўлган. Ҳали мактабга бормасимиздан, тўрт-беш ёшимиздан бирга катта бўлганмиз. Ялангоёқ, тиззагача тупроқ кечиб, маҳаллада ўйнаб юрардик. Ариқда чўмилардик. Ҳечам эсимдан чиқмайди. Жума куни бўлишини кутардик. Маҳалламиздан Ҳожиакбар бобо деган оқсоқол аравасида мачитга борарди. Қайтаётганида биз болаларга ёнғоқ, парварда ва турли хил ширинликлар улашарди. Бир сафар менга парварда етмай қолганида Жуманазар ўзиникини берганди. У сахий бола бўлган. Ҳожиакбар бобо “мактабга борганда яхши ўқинглар” деб биз болаларга кўп марта тайинлаб, бизни дуо қиларди. Жуманазар билан бир синфда ўқидик, мактабни битиргач, университетда ҳам курсдош бўлдик. Биз битта-иккита фанни яхши билсак, у ҳамма фандан аъло баҳоларга ўқиган. Айниқса, математикадан зўр эди. Кўпчилигимиз ундан кўчириб олардик. Дўстлик ота-оналардан фарзандларга мерос қолади деган гап бор. Буни ҳаётимизда кўрдик. Чунки бизларнинг ота-оналаримиз ҳам жуда иноқ бўлишган. У ўн икки ёшида отасидан етим қолган. Онаси катта қилиб ўқитди. Бир умр меҳнатда катта бўлди.

— Буолма опамиз ҳам катта ютуқларга эришган, — дея Жуманазар ака суҳбатимизга қўшилди. — Қирқ йил битта мактабда ишлади, шундан йигирма саккиз йил ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлди. Президентимиз фармони билан 2009 йили “Дўстлик”, 2017 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Биз тенгдошлар доимо ундан фахрланиб юрамиз.

— Жуманазар умр бўйи илмга интилиб яшаётган олим, иродаси кучли, ўта интизомли, ҳалол, тўғрисўз ва қобил инсон, — дея Буолма опа суҳбатни давом эттиради. — Лўнда айтганда, унда бирор-бир ёмон хислат йўқ.

Филология фанлари номзоди, доцент Жуманазар Абдуллаевнинг илмий фаолияти ҳақидаги маълумотлар билан танишдик. У 1977 йили Ғафур Ғулом номидаги Сирдарё давлат педагогика институти (ҳозирги Гулистон давлат университети)нинг ўзбек филологияси факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаб, меҳнат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Мирзаобод туманидаги Деҳқонобод қишлоғидаги ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлади. Орадан уч йил ўтгач, институтдаги устози — таниқли филолог олим Қаршибой Самадовнинг таклифи билан олий таълим ўчоғининг ўзбек филологияси факультетига ишга келди. Олий даргоҳда ўзбек адабиёти кафедрасида лаборант бўлиб иш бошлади. “Ўзбек халқ топишмоқларининг лексик-семантик хусусиятлари” мавзусидаги фан номзодлиги диссертациясини ёқлагунича катта лаборант, тадқиқотчи, ўқитувчи, аспирант бўлиб фаолият кўрсатган. У халқ оғзаки ижоди асарларининг тил хусусиятларини ўрганиш йўлида илмий изланишлар олиб борди. Халқ тили билан айтганда, игна билан қудуқ қазиди.

Жуманазар Абдуллаев 2006-2011 йиллари Гулистон давлат университетининг ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири лавозимида самарали фаолият кўрсатди. Кейинги олти йилдан буён янги ташкил этилган “Ўзбек тилшунослиги” кафедрасида доцент лавозимида бакалавриат ва магистратура талабаларига “Ҳозирги ўзбек адабий тили”, “Систем тилшунослик”, “Ўзбек тили орфографияси ва пунктуацияси”, “Лингвопрагматика”, “Когнитив тилшунослик” каби замонавий ўзбек тилшунослиги ва умумий тилшунослик фанларидан дарс бериб келмоқда. Олим томонидан яратилган ўқув-услубий қўлланмалар илм-фан ва ўқув жараёнларида фойдаланиб келинаётгани аҳамиятлидир. У ёш олимларга филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ишига илмий раҳбарлик қилмоқда. Лингвистика (ўзбек тили) бўйича магистрликни ҳимоя қилаётган шогирдлари орасида ўз истеъдоди билан алоҳида ажралиб турган Нилуфар Охунжоновани суҳбатга чорладик.

— Биринчи босқич талабалигимдан бошлаб домладан тилшунослик сирларини ўрганиб келмоқдаман, — деди у. — Аслида, магистратурани Тошкентда давом эттириш ниятим бор эди. Шундай қомусий илмга эга бўлган устоз Жуманазар Абдуллаев туфайли илмий ишимни Гулистон давлат университетида қиляпман. Устоз ҳар қандай саволимизга тўлиқ жавоб бериб, бизларни ҳайрон қолдиради. Тартиб-интизомга қаттиқ қарайди, ҳақиқатни қўллаб-қувватлайди. Домланинг дунёқараши ҳам кенг, кўп асарлар ўқийди. Шеърларни таҳлил қилади. Энг муҳими, шогирдларининг имкониятларини яхши билади, гарчи раҳбар бўлмаса ҳам сўраб келган талабаларга беминнат ёрдам беради. “Жамият ва таълимдаги муаммолар ҳақида мақолалар ёзинглар”, дейди. Бағрикенг устозимизни отамдек кўраман.

Шогирдининг устози ҳақидаги бундай самимий дил сўзларини тинглаб, олим бўлса шундай бўлсин, дейиш мумкин.

Университетдан қайтар чоғи Жуманазар Абдуллаевнинг шогирдларидан бири Гулистон давлат университети ректорининг илмий ишлар бўйича проректори, филология фанлари доктори, профессор Фазлиддин Шарипов билан учрашдик.

— Жуманазар ака устозларимнинг сараси, — деди Фазлиддин Шарипов. — Домла ўқитувчилик касбини эъзозлаб, улуғлик мақомига эришган муаллимдир. Тилшунослик илмининг ­билимдони. Халқ меҳрини қозонишни ундан ўрганганман. Фанга юз йилларга татигулик хизмат қилиб қўйган устозимизнинг илмий таҳлилларга асосланган ўнлаб дарслик ва ўқув қўлланмалари мактаб, академик лицей ва олий ўқув юртларида ўқитилмоқда.

Ўша куни домланинг турмуш ўртоғи Саодат опа Абдуллаева билан ҳам учрашдик. У ҳам ўқитувчиликдан бахт топган аёллардан экан.

— Бир-биримиз билан университетда танишганмиз, — деди Саодат опа мийиғида кулиб. — Қўшганимиз билан қўша қариб, қирқ тўрт йилдан буён турмушнинг аччиқ-чучугини баҳам кўриб ҳаёт кечирмоқдамиз. Учта ўғлимиз келинларимиз билан аҳил оила бўлиб яшаётганидан бахтиёрмиз. Турмуш ўртоғим тўғрисўз. Кўнглимга қарайди. Фарзандларим камоли учун бор-будини аямади. Кўп вақтини илмга сарфлайди. Ўрганиб ҳам кетдик. Қуш уясида кўрганини қилар экан. Сурмахон қайнонам раҳматли хушчақчақ, дилкаш аёл эди. Мени Зулфия, ўғлини Ҳамид Олимжон дерди. Ўзи ўқимаган бўлса ҳам китобга, илмга муҳаббати кучли эди. Болаларини ёлғиз қўл билан боқса-да, илмни қадрлаб, ўқимишли қилган. Асли Фарғонанинг Қувасидан бўлган қайнонам ҳалима аёл бўлган. Ўғилларининг бахтидан шундай хурсанд бўларди. Ҳатто телевизорда ҳам бундай дилбар аёлни кўрмаганман. Уйга кирганни ҳечам қуруқ қайтармасди. Ўта пазанда, қўли баракали эди. Шеърлар ёзарди. Уришиш у ёқда турсин, бирор марта юзига тик боқмаганман. Агар кимдир уни ранжитса, “Ҳа, Худо раҳм айлаб кетсин-а”, деб қўярди. Ўзим ҳам келинларимга муомалада қайнонамга ўхшашга ҳаракат қиламан.

— Набираларингиздан қайнонангизга ўхшайдигани борми?

— Ўзим ҳам неварам Асалхоннинг қайнонамга ўхшашини айтмоқчи бўлиб турувдим, — деб ҳикоясини давом эттирди Саодат опа. — Юзлари ҳам, ранглари ҳам бир хил. Ўн яшар бўлса-да, ҳамма нарсага катталардек ақли етади, жуда қобилиятли. Оддий сабзавотлардан райҳон, жамбил қўшиб ширин овқатлар тайёрлайди.

Шундай оилага келин бўлиб тушганим учун, шундай ажойиб инсонга умр йўлдош бўлганим учун Аллоҳга шукур дейман.

Саодат опанинг дил сўзларини тинглаб, Жуманазар Абдуллаевнинг нақадар бахти кулган оила соҳиби эканлигига амин бўлдик…

— Аслида, ёшликда яхши ўқиш, яхши орзу-ниятлар қилиш керак экан, — деди қаҳрамонимиз Жуманазар ака. — Ўтмишда ҳам одамлар олимларга, уламоларга суяниб яшашган. Ҳаётда илм-фан, маърифат ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди. Муаллимларга, илмга меҳр қўйган сари зеҳнинг очилиб бораверади. Баҳодир ака Розиқов, Раъно опа Розиқова, Қаршибой Самадов сингари фидойи, жонкуяр устозларимизни кўп эслайман. Бизга ўз сабоқлари билан илм эшикларини очиб беришган устозларни унутиб бўлмайди.

Суҳбатлашиб ўтирганимизда, Жуманазар ака тўрт ёшли Ширина исмли набираси ҳақида айтиб қолди. Эрталаб Ширина бобосига: “Мен ҳам сиздай устоз бўламан”, деб мана бу ёдлаган шеърини айтиб берибди:

 

Стулчада ўтирсам,

бобом келиб қолдилар,

Қўлларига сув қуйсам,

“балли, қизим” дедилар.

Қуёш чиқиб тана куйса,

соя бўлган бизларга,

Бўрон бўлиб, қумлар учса,

қоя бўлган бизларга.

Ўзи бемор, ўзи дармон,

табиб бўлган бизларга,

Суянчиғим тоғим менинг,

бобожоним, бобожон!

 

Тўғриси, умрини илмга бахш этган, камтарлик билан камол топган, инсоний фазилатлари-ю яхшиликлари билан эл назарига тушган одамларга рўбарў келиб, улар ҳақида ёзаётганимда журналистлик касбимдан фахрланиб кетаман.

Шундай, устозлик саодатига эришган мўътабар инсонлардан бири Жуманазар акани олимларнинг обидига қиёслагим келди.

Муҳаммад КЕНЖА,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 2 =