АҚШда “Улуғ Амир ва Дoнна Мария” фильми премьераси бўлиб ўтди. Фильм Мадрид ва Лондонда ҳам намойиш этилади

АҚШдаги нуфузли Жорж Вашингтон университетида буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирнинг асосий воқеаси – “Улуғ Амир ва Дoнна Мария” бадиий фильмининг премьераси бўлди. Марказий Осиё тарихий меросини оммалаштириш ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган ушбу намойиш Америка жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди.

Учрашувда АҚШ Давлат департаменти вакиллари, тарихчи олимлар, сиёсатшунослар, Жорж Вашингтон университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда ватандошларимиздан иборат 150 нафардан ортиқ меҳмон иштирок этди.

Кино намойиши олдидан Амир Темурнинг тарихий роли ва унинг давридаги цивилизациявий ютуқларга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Мулоқот чоғида соҳибқирон мероси нафақат ҳарбий тарих, балки самарали давлат бошқаруви тизими, дипломатия ва илм-фан ривожига қўшилган улкан ҳисса экани таъкидланди. Жумладан, Марказий Осиё дастури директори, профессор Себастьен Пейруз Амир Темурнинг стратегик маҳорати, меъморчилик ва шаҳарсозлик анъаналарини шакллантиришдаги етакчилик ролига юқори баҳо берди.

XV асрнинг тарихий воқеалари ва замонавий сюжетини ўзида мужассам этган “Улуғ Амир ва Дoнна Мария” фильми томошабинларда катта таассурот қолдирди. Намойишдан сўнг иштирокчилар фан, таълим ва маданий дипломатия соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Вашингтонда ўтказилган ушбу тадбир Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш, Амир Темур меросини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги академик мулоқотни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этди.

* * *

Шунингдек, шу йилнинг 23 апрель куни Испания пойтахти Мадрид шаҳрида ҳам “Улуғ Амир ва Дoнна Мария” бадиий фильми намойиш қилинади.

Намойиш шаҳарнинг машҳур маданий-кўнгилочар марказларидан бири ҳисобланган “Palacio de Hielo” ҳудудида жойлашган замонавий кинотеатрда ўтказилади.

Тадбир мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонаси кўмагида  Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, ушбу хайрли ишга Испания ва Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришда муҳим ўрин тутувчи нуфузли муассаса “Casa Asia” яқиндан ёрдам беради.

Меҳмонларни оддий киноасар эмас, балки тарих, санъат ва халқаро ҳамкорликни уйғунлаштирган ҳақиқий маданий воқеа кутмоқда. Фильм буюк ҳукмдор сиймоси, унинг даври ва меросини очиб бериб, мутахассислар ҳамда кенг аудиторияда катта қизиқиш уйғотади.

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ўзбекфильм” киностудияси ҳамда Туркиянинг “Kanguru” кинокомпанияси ҳамкорлигида суратга олинган мазкур фильмда Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятининг шу пайтгача кўпчиликка номаълум бўлган ибратли жиҳатлари тўғрисида ҳикоя қилинади.

Таниқли адиб Хайриддин Султон сценарийси асосида, истеъдодли кинорежиссёр Ёлқин Тўйчиев томонидан суратга олинган “Улуғ Амир ва Донна Мария” бадиий фильми, аввало, мураккаб сюжет чизиғи, мавзунинг оригинал талқини, тарих ва бугунги кун воқеликларини уйғун ва муштарак ҳолда бадиий акс эттириши, драматик интригаларга бойлиги билан томошабинлар эътиборини тортади.

Ушбу премьера Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш йўлида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.

Дарвоқе, “Буюк Амир ва Донна Мария” фильми жорий йилнинг 27 апрель куни Лондоннинг энг нуфузли ва тарихий кино залларидан бири бўлган “Regent Street Cinema” кинотеатрида Британия жамоатчилигига ҳам тақдим этилади.

Ўзбек киноижодкорларининг яратаётган асарлари жаҳонаро бўй кўрсатаётгани, дунё томошабинларини ҳам мафтун қилаётгани жуда қувончлидир.

“Дунё” АА,

Вашингтон шаҳри,

Мадрид шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 − 1 =