Терговчининг ҳар лаҳзаси саргузашт

ёхуд ҳақиқатнинг кўзларига тик боқиб…

Терговчининг иш жараёнидаги ҳар бир қарори ортида ўзининг ҳаёт-мамоти билан бирга оиласининг осойишталиги, тизимдаги иш мароми, қўйинг-чи, бутун бир жамиятнинг адолатга ишончи ва ишончсизлик эҳтимоли туради. Шу боис бу соҳа фақат билим ва тажрибани эмас, чуқур мулоҳаза, холислик, фидойилик, юксак виждон ва алоҳида қобилиятни талаб қилади.

Наманган вилояти Мингбулоқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи, капитан Раҳматулло Абдураҳмонов фаолияти билан танишув жараёнида шуларни англадим. Ва яна тушуниб етдимки, айнан шу касб ўз эгасини танлар экан.

2013-2014 йилларда Раҳматулло ҳарбий хизматда бўлиб, ўзини ИИВ Академиясида таҳсил олишга тайёрлаганди. Эл-юрт осойишталиги учун бутун борлиғини сафарбар этиш, ҳамиша ҳушёр ва жисмонан шай туриш унга одат бўлди. Ҳарбийлар ва ички ишлар ходимларининг мураккаб фаолият йўли ҳақида ўқиганларини ҳаёт билан солиштирди.

2018 йилда лейтенант унвони билан иш бошлаган йигитнинг нигоҳларида бир мақсад бор эди: “Ҳақиқат, адолат йўлида хизмат қилиш”.

Уйчидаги суриштирув жараёнлари, Учқўрғондаги жиноятларни очиш билан боғлиқ мураккаб вазиятлар ва вилоят бошқармасининг қатъий талаблари Раҳматуллонинг иродасини тоблади. Касбга садоқат, адолатга ишонч, ҳақиқатга ихлос билан тик қараш ва юртга муҳаббат уни ҳар қадамда ривожлантирди.

Мана, эндиликда Мингбулоқ тумани Ички ишлар бўлимининг тергов бўлинмасига раҳбарлик қилаётган Р.Абдураҳмонов фақат топшириқ бажарувчи эмас, қонун билан кафолатланган ҳуқуқ ва бурчлари доирасида ўз билим ва тажрибасига суянган ҳолда мустақил иш юритмоқда.

У ҳар бир мурожаатни диққат-­эътибор билан эшитиб, ҳар қандай мазмундаги масалани шахсий дардидай қабул қилади.

Терговчи сифатида жиноят ишини фақат ўрганмайди, чуқур таҳлил қилади, сидқидилдан туйғулари билан ҳис қилади, воқеа ичида яшайди, инсонга хос мураккабликларни назардан қочирмаган ҳолда юрагидан ўтказади.

Ёдида, оддий чорва ўғрилиги кўринишидаги иш. Гумонланувчи қўлга олинган, айбига тўлиқ иқрор, ҳужжатлар ҳам бадастир.

Аммо капитан Раҳматулло Абдураҳмонов кўнглидаги шубҳа аримаяпти. Аввалига ўз-ўзини таҳлил қилди. Ҳар ҳолда, бу ички сезги тарзидаги шунчаки бадгумонлик эмасми?

Қайта терговга киришди.

Терговчи бу сафар ўғрилик ҳаракатининг ҳар бир вазиятини қадам-бақадам назардан ўтказиш билан росмана яшаб ўтди. Телефон сўзлашувларини ўрганиб, ҳар бир алоқа мазмунини синчковлик билан текширди. Шу тариқа таҳлил орқали бўлиб ўтган жиноятда “учинчи шахс” — Х.З.нинг иштироки аниқланди.

Агар иш фақат тўпланган ҳужжатларга таяниб якунланганида, асосий айбдор озодликда бўлар ва яна жиноят урчиши мумкин эди. Раҳматуллонинг билими ва профессионаллик тажрибаси туфайли жиноят ёрқин очилди.

— Терговда ишга ҳеч қачон бир тарафлама ёндашиб бўлмайди, – деди у. — Шахслар, деталлар назардан қочирилмаслиги керак. Агар терговчи холислик тарозисини тўғри ушламаса, тамом. Бу нохолислик янада катта ва фожиали жиноятларга сабаб бўлиши мумкин.

Бугун Раҳматулло Абдураҳмонов бошчилигидаги чекка бир тумандаги ИИБ тергов бўлинмаси ходимлари учун “фуқаро мурожаати” кундалик вазифаларни бажаришгина эмас, ҳеч бир инсон ҳуқуқининг поймол бўлмаслигини таъминлаш. Халқ вакилларининг адолатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш ва шу тариқа ҳаётидан розилигини кафолатлаш.

Агар терговчининг виждони тоза бўлса, унинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир иши ҳақиқат ва адолатнинг энг тўғри йўлини белгилайди. Бу фикр Раҳматулло Абдураҳмоновнинг амалий фаолиятига ҳам тўла мос келади.

Қаҳрамонимизнинг бизга ортиқ вақт ажратолмаслигининг сабабларини қисқа мулоқот жараёнидаёқ тушунгандек бўлдик. У ҳамкасблари билан қандайдир режа бўйича “кўз суҳбатини” ҳам ўтказгандек бўлди.

Балки, яна бир мудҳиш жиноятнинг илдизини очиш ва қонун тарозисига солиш жараёнига киришаётгандир. Ҳар ҳолда, унинг олдидан кўнглим тўлиб чиқдим. Эл-юрт осойишталиги йўлидаги жонбозлик, ҳушёрлик ва яна терговчиларга хос фидойиликни ўзимда ҳам ҳис қилаётган эдим.

Мингбулоқ туман ИИБдан қайтарканман, тегишли тартибдаги мурожаат билан қаҳрамонимнинг маълумотномасига кўз ташладим. Эътиборимни тортган ва ёдимда қолганлари шу: Наманган вилояти Мингбулоқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи капитан Абдураҳмонов Раҳматулло Абдуллажон ўғли оилада тўрт қиздан кейинги ёлғиз ўғил. Оилали, икки нафар фарзанди бор. Хизмат фаолияти давомида 11 маротаба рағбатлантирилган…

Навбатдаги тергов ишини якунлагач, Раҳматулло Абдураҳмонов билан яна кўришишни, у билан ишлаётган аҳил жамоанинг муваффақиятлари ҳақида кенгроқ ва батафсилроқ ёзишни ният қилдим.

Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × four =