Ҳар бир журналист эътиборда

Мамлакатимизда жамиятнинг кўзгуси саналган журналистика соҳасини тубдан такомиллаштиришга, соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ҳамкасбларимиздан замонга ҳамоҳанг равишда уйғоқ қалб, теран тафаккур билан ишлашини тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими томонидан ўтган 2021-2025 йиллар давомида уюшма аъзолари ва журналистларни қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда вилоятимиздаги мавжуд 34 та газета-журнал, 3 та телевидение ва радио ҳамда 4 та интернет сайти фаолият юритмоқда. Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (ҳозирги Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди) томонидан эълон қилинган республика ва унинг ҳудудий грант танловларида ўтган 5 йилда “Халқ йўли”, “Тиббиёт ва ҳаёт”, “Жануб қуёши”, “Сурхон овози”, “Давр мезони”, “Олтин воҳа” каби газеталар, “Муаллим” журнали, “Диёр-24uz” интернет сайти тақдим этган ижтимоий лойиҳалари асосида 30 млн сўмдан 60 млн сўмгача бўлган миқдордаги грант маблағларини ютиб, ўз олдига қўйган тарғибот-ташвиқот вазифаларини муваффақиятли уддалашди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳам ўтган сарҳисоб даврида “ОАВларда миллатлараро бағрикенглик ва дўстликни, тинчлик ва барқарорликни кенг тарғиб этиш”  мавзусидаги “Миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшлар онгига сингдиришга, этник маданий анъаналарни асраб-авайлашга, халқ ижодиётини қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш” йўналишида “Сурхондарё — қадриятлар бешиги” лойиҳаси билан ғолиб бўлди. Лойиҳа доирасида “Сурхондарё — қадриятлар бешиги” номли китоб чоп этилиб, вилоятимиздаги ахборот-ресурс марказларига тарқатилди. Бундан ташқари, Термиз шаҳридаги “Мурч бобо” жоме масжиди масъуллари билан биргаликда хайрия тадбири ташкил қилиниб, лойиҳа доирасида 10 нафар имконияти чекланган ва кам таъминланган оила вакилларига ёрдам маблағлари берилди. Шунингдек, грант лойиҳаси асосида вилоят ОАВларида фаолият юритаётган фотожурналистлар ва ҳаваскор сураткашлар ўртасида ташкил этилган танлов ғолибларига махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, Уюшманинг ҳудудий бўлими Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловида “Медиамакон ва шахс” номли лойиҳаси билан ғолиб бўлди. Грант асосида Уюшма томонидан журналистлар учун “Медиамакон ва шахс” танлови ўтказилиб, ушбу номдаги қўлланма чоп этилди. Вилоятда журналистика жанрлари ва интернет журналистикаси, медиасаводхонликни ўзида умумлаштирган ушбу қўлланма вилоятимиздаги бир неча мактаблардаги кутубхоналарга тарқатилди.

Уюшма томонидан журналистлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида вилоятимиз журналистлари учун Қашқадарё вилоятига ижодий сафар уюштирилди. Ўз навбатида бир гуруҳ қашқадарёлик ҳамкасбларимиз Сурхондарёга ташриф буюрди.

Уюшма қошидаги Фахрийлар кенгаши аъзолари билан биргаликда турли байрамлар муносабати билан кекса ва нуроний ҳамкасбларимиз ҳолидан изчил хабар олиб турилди. Фахрийларимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олимжон Усанов, Жуманазар Аноров, Абдулла Холмирзаев, Назип Сулаймонов, Мавжуда Насруллаева, Тўра Қобилов ва Турсунмурод Қўшоқовлар хонадонида бўлишди ва дилтортар суҳбатлар ўтказилди.

Кекса журналистлар ва соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг юбилей саналари ўтказилди. Устоз журналистлар Назип Сулаймонов ва Нарзулла Сўфиевнинг 80, Норқувват Тўраевнинг 70, Хуррам Райимовнинг 75, “Сурхон тонги” газетаси мухбири Холмуҳаммад Тоғаймуродовнинг 50 ёш юбилейи нишонланди. “Денов овози” газетаси ташкил этилганининг 10 йиллик юбилейи қизғин ўтказилди.

Публицист ва ижодкор-журналистлар китоблари тақдимоти ташкил этилди.

Ҳукуматимиз томонидан барча соҳа вакиллари қатори ҳамкасбларимизнинг камтарона меҳнатлари ҳам муносиб баҳоланмоқда. Президентимиз Фармонига биноан ўтган беш йил мобайнида воҳамиздан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари Чори Алимов ва Дилфуза Жўраевалар “Дўстлик” ордени, Холмўмин Маматрайимов ва Усмонали Норматовлар “Шуҳрат” медаллари билан тақдирланишди. Ўткир сўзи ва қалами билан нафақат вилоятимизда, балки республикамизда ўз ўрнига эга журналистлар Чори Алимов, Илҳом Раҳматов, Сафар Омонқуловлар халқаро “Олтин қалам” Миллий мукофоти, Абдуманнон Саидмаликов, Эркин Маҳмадалиевлар “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиби ва совриндорлари бўлишди. Шунингдек, Сурхондарё телерадиокомпанияси қошидаги “Янги аср” радиоси жамоаси ҳам “Олтин қалам” Миллий мукофоти ғолиби бўлишди. “Атиргул” танловида вилоятда фаолият олиб бораётган журналист Феруза Раҳмонқулова “Ҳарбий-ватанпарварлик мавзуси энг яхши ёритилган материаллари учун” номинациясида ғолиб деб топилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Уюшмага келиб тушаётган мурожаатларни ижобий ҳал этиш борасида ҳам самарали ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Биргина 2022 йилда Уюшманинг ҳудудий бўлими тавсияси асосида Т.Қобилов, И.Шомиров, С.Норқобилов, М.Жабборов, М.Тўраев каби ўндан ортиқ матбуот ва ОАВ вакилларига арзонлаштирилган нархларда, имтиёзли кредит асосида Термиз шаҳридаги “Гулистон” маҳалласида бунёд этилган кўп қаватли уйлардан янги хонадонлар берилди.

Уюшма аъзолари сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2020 йилда уюшма аъзолари сони 69 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда аъзоларимиз сони 100 нафарга яқинлашди.

Устоз журналистларга муносиб шогирдлар тайёрлаш мақсадида Уюшма қошида “Ёш журналистлар” тўгараги ташкил қилинган бўлиб, мазкур тўгаракда юзлаб талабалар, уюшмаган ёшлар, журналистикага қизиқувчи ёшлар билим ва тажрибаларини оширишди. Эътиборлиси, иштирокчилар орасидан ҳозирда оммавий ахборот воситаларида самарали фаолият олиб бораётган кўплаб мутахассис кадрлар етишиб чиқди.

Ёш журналистлар ва соҳада фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам ўз билим ва тажрибаларини янада ошириш мақсадида чет давлатларида малака ошириб қайтишмоқда. Уюшманинг вилоят бўлими мутахассиси Мастура Ҳамроева Европанинг Латвия давлатига ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ва Балтика журналистик тадқиқот маркази лойиҳаси доирасида медиатурда иштирок этди. Унда Рига шаҳридаги “STOCKHOLM” бизнес мактабида малака ошириб, хорижий интернет нашрлари, телевидение ва радиоси тажрибаларини ўрганиб қайтди.

Қувончлиси, узоқ йиллик орзуларимиз ижобати ўлароқ 2024 йилда Термиз давлат университетида журналистика йўналиши очилди. Бу эса ҳудудда ОАВ соҳасида билимли кадрлар кўпайишида ўзига хос пойдевор вазифасини ўтайди.

Асосийси, соҳамизни замонга хос ва мос тарзда ривожлантириш ҳамда тизим ходимларини қўллаб-қувватлашни ўз олдимизга устувор мақсад қилиб белгилаб олганмиз.

Чори ЖУМАҚУЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси

Сурхондарё

вилояти бўлими раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × two =